Қирғизистонлик 35 ёшли Нозим Мамадалиевнинг ўлимига сабабчи бўлган шахслар ва омиллар очилмай қолди. Мунира ҳақидаги аввалги мақоламизда ваъда қилганимиздек, бу гал Нозим Мамадалиевнинг оғир қисматидан ҳикоя қилар эканмиз, архив материаллари ва бу фожеани бевосита кузатган шахслардаги маълумотларга таянган ҳолда, имкон қадар мавзуга ойдинлик киритишга ҳаракат қиламиз.
Фарғонада қийноқдан ўлган қирғизистонлик Нозим Мамадалиев ҳақидаги ҳикоя
Қирғизистонлик ҳуқуқ фаоли, қирғиз жамиятидаги ўзбек диаспораси вакиласи, айни пайтда узоқ йиллик қамоқ жазосини ўтаётган Мунира Мамадалиева марҳум укаси Нозим Мамадалиевнинг ҳақ-ҳуқуқлари учун курашиб, адолат қарор топтириш ва бунинг ортидан Ўзбекистонда қийноқлар систематик тус олганини яна бир бор оммага очиқлаш орзусига етмади.
Қирғизистоннинг Жалолобод вилояти Бозорқўрғон тумани Бозорқўрғон қишлоғида яшаган Нозим Мамадалиев 2009 йилнинг 13 апрель куни бир муддат Ўзбекистон ҳудудида яшаганлиги тўғрисида маълумотнома олиб келиш учун Фарғона шаҳар адреслар бюросига борган.
Ўша куни у Фарғона шаҳар ички ишлар бўлимининг жиноят қидирув хизмати ходимлари томонидан ҳибсга олинган.
29 апрель куни оғир аҳволда касалхонага ётқизилган Нозим Мамадалиев орадан бир кун ўтиб касалхонада жон берди.
Марҳумнинг яқинларига кўра, у қийноқлар қурбони бўлган.
Бироқ Ўзбекистоннинг Фарғона шаҳар ҳуқуқ-тартибот идора расмийлари бу даъволарни кескин рад этиб, Нозим Мамадалиев касаллиги боис оламдан ўтганини айтади.
Ҳужжатлар нима дейди?
Нозим Мамадалиев мавзусига қайтар эканмиз, қирғизистонлик ҳуқуқ фаоли Азиза Абдурасулова архивида сақланаётган айрим ҳужжатларни варақлашга мажбурмиз.
“Укам Нозимнинг Фарғонада ҳибсга олинганини эшитганимдан кейин 14 апрель куни у ерга бордим, ўша куни шаҳар прокуратураси терговчиси Музаффар Мирзаматов билан учрашдим. Терговчи укам Нозим Мамадалиев “давлатнинг 31 миллион сўмлик мулкини ўғирлаганлик”да гумонланиб ҳибсга олинганини айтди. Кейин у биз бу зарарни қоплашимиз лозимлигини, акс ҳолда укам 5 йил муддатга қамалиши мумкинлигини айтди”, деб ёзган Бозорқўрғон туман прокуратурасига тушунтириш хатида Мунира Мамадалиева.
Айни пайтда Фарғона шаҳар прокуратураси терговчиси Мирзаматов Нозим Мамадалиев давлат чегараларини ноқонуний бузганликда ҳам айбланиб, 2007 йилдан буён қидирувда бўлганини айтган.
Бироқ терговчи Мирзаматов Нозим Мамадалиев бу жиноятларни содир этганлигига оид бирорта асосли далил келтира олмаган.
“Нозим илк бор 2008 йилнинг тахминан октябрь ойида Фарғона шаҳар ички ишлар бўлим ходимлари томонидан ҳибсга олиниб, фарғоналик Саид Акташинский исмли шахс билан юзма-юз қилинган. Ўша суҳбатда Акташинский Нозим Мамадалиев ҳақиқатан унинг қўлида оддий ишчи бўлиб ишлагани, асосан эски биноларни бузиш билан шуғуллангани, аммо ўзига ишониб топширилган мулкни ўзлаштирмаганини, яъни жиноятга қўл урмаганини расман тасдиқлаган. Акташинский жиноят ўзи томонидан содир этилганини тан олиб, 31 миллион сўмлик зарарни қоплашини айтгач, Нозим Мамадалиев айбсиз деб топилиб, қўйиб юборилган. Бу маълумотлар ҳақиқат бўлса, у ҳолда, Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари Нозим Мамадалиев ҳуқуқи хусусида – бир жиноят учун бир кишини икки марта жазоланмаслик принципни қўпол равишда бузди”, деб ёзади ўз тадқиқотида ўзбекистонлик ва қирғизистонлик ҳуқуқ фаоллари ишчи гуруҳи марҳум Мамадалиевнинг Россияда яшаётган собиқ аёли Анастасиядаги маълумотларга таянган ҳолда.
Нозим Мамадалиевнинг опасига айтган сўнгги сўзлари
Ўша ташвишли кунларда Жалолобод ва Фарғона шаҳарлари орасида тинимсиз қатнаган Мунира Мамадалиева 29 апрель куни укаси оғир аҳволда касалхонага ётқизилганидан хабар топиб, ортга, яъни Фарғонага қайтганини ва жуда дахшатли воқеа гувоҳи бўлганини ёзади.
“Палатага кирдим, аввалига укам Нозимни танимадим. У роса қийналгани шундоқ сезилиб турарди. Оғиз-бурнидан тинмай қон оқарди. Унга укол қилиш учун кирган ҳамширага ёрдам бермоқчи бўлиб укамни ёнбошлатдим ва роса қўрқиб кетдим. Унинг орқа томони ва белининг соғ жойи йўқ эди”, дея ўз кўзи билан кўрганларини ёзган Мунира Мамадалиева.
Ўлимидан уч-тўрт соат аввал опасига бўлган воқеани қисқа гапириб берган Нозим Мамадалиев фарғоналик терговчилар ундан иқрорлик кўрсатмаси олиш учун икки кун зах хонада сақлаб, қийнаганларини гапириб берган. Нозим Мамадалиев, шунингдек, опаси Мунирага Қирғизистонга тирик қайтарилмаслигини, “чунки ўзбекистонлик ҳуқуқ-тартибот ходимлари ҳамма нарса ошкор бўлишидан чўчиётганлари”ни айтган.
“Соат 14-00 да врач укамнинг венасидан қон олиш баҳонасида мени палатадан мажбуран чиқариб юборди ва унга укол қилиб ўлдирди”, дея кўрсатма берган Мунира Мамадалиева.
Экспертлар хулосаси
Фарғона вилоят суд-тиббий экспертизасининг 2009 йилнинг 1 май куни берган хулосасида Нозим Мамадалиев жигар циррози туфайли вафот этгани ёзилган.
Бироқ марҳумнинг яқинлари Нозим Мамадалиев ҳеч қачон жигар оғриғидан нолимаганини айтадилар.
2009 йилнинг 2 май куни Нозим Мамадалиевнинг жасадини сиртдан текширган Бозорқўрғон туман суд-тиббий экспертизаси унга нисбатан қийноқ қўлланилганини тасдиқлаган.
2009 йилнинг 29 октябрида Бозорқўрғон туман прокуратураси Мунира Мамадалиеванинг аризаси асосида жасадни ёриб кўриш ва Нозим Мамадалиев ўлими сабабларини ўрганишга қарор қилган.
“Нозим Мамадалиев жасад қолдиқлари роса бир йилу тўрт ойдан кейин скрития (ёриб кўрилди, демоқчи – “Жараён”) қилинди. Ўзингиз биласиз, бу муддатгача жасаддан деярли ҳеч нарса қолмайди. Шу сабабдан скрития ҳеч қандай натижа бермади. Яъни Нозим Мамадалиев касаллик туфайли ўлганми ёки бошқа нарсаданми – буни аниқлашнинг имкони бўлмади. Лекин шуни қайд этиш лозимки, экспертлар жасаднинг орқа тешигидан шиша синиқларини топди. Бу Нозим Мамадалиевнинг ваҳшийларча қийноққа солинганини исботловчи далил бўлиши мумкин”, дейди “Қилим шами” ташкилоти раҳбари, қирғизистонлик ҳуқуқ фаоли Азиза Абдурасулова.
Нозим Мамадалиев фожеасини яқиндан ўрганган қирғизистонлик ҳуқуқ фаоли, айни пайтда умрбод қамоқ жазосини ўтаётган Азимжон Асқаров марҳумнинг яқинлари илтимосига биноан 2009 йил баҳорида Ўзбекистон президенти Ислом Каримов номига мурожаатнома йўллаган ва мазкур жиноятда қўли бор шахслар жавобгарликка тортилишини талаб қилган.
Орадан тўрт йил ўтди, аммо Нозим Мамадалиевнинг ўлими билан боғлиқ кўпгина маълумотлар ҳамон сирлигича қолмоқда.
Фарғона шаҳар ички ишлар бўлим масъуллари мазкур фожеа юзасидан Мамадалиевлар оиласидан расман узр сўрамади, марҳумнинг яқинларига товон ҳам тўланмади.
Қийноқ мавжуд, аммо уни исботлаш қийин иш
Ўзбекистон қамоқхоналарида маҳбусларнинг қийноқлар оқибатида ўлиши ҳоллари кўп марта қайд этилган.
Бир неча йилдан буён диний ва сиёсий мотивлар билан қамалаётган ўзбекистонликлар тақдирига оид маълумотларни йиғиш, ўрганиш ва тарқатиш билан шуғулланиб келаётган Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромовнинг билдиришича, бу мамлакат қамоқхонларидан бир йилда камида 200 маҳбус жасади чиқади.
Икромов ўз ташкилоти ҳисоботларида асосан қийноқдан ўлгани даъво қилинаётган маҳбуслар яқинлари билан ўтказилган суҳбатлар, ёзма аризаларига асосланишини айтди.
“Қийноқдан ўлган маҳбус учун жуда камдан-кам ҳолатларда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари жавобгарликка тортилган. Чунки прокурор ҳам, судья ҳам асосан суд-тиббий экспертизаси хулосасига таянади. Марҳумнинг яқинлари олган суратлар ёки қийноқ қўлланганига оид айтганлари умуман эътиборга олинмайди. Шу сабабли маҳбусга қийноқ қўллаган, унинг умрига зомин бўлган милиция ходими ёки терговчиларнинг жиноятини ошкор этиш жуда қийин”, деди Суръат Икромов.
2003 йилда Ўзбекистонда қийноқларга қарши кураш бўйича миллий дастур қабул қилинган, аммо мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари бу борада амалда ҳеч иш қилинмаётганини айтмоқдалар.
Ҳюман Райтс Вотч, Amnesty International каби инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи бир қатор халқаро ташкилотлар Ўзбекистон ҳукуматидан мамлакат қамоқхоналаридаги вазият бўйича қатъий текширув ўтказишни талаб қилиб келаётир.
2003 йилда Ўзбекистон қамоқхоналаридаги вазиятни текширган БМТнинг Қийноқлар бўйича маърузачиси Тео ван Бовен бу мамлакат қамоқхоналарида қийноқлар систематик тус олганини очиқлаб, “Жаслиқ” қамоқхонаси ёпиб ташланишини тавсия қилган эди.
Ўзбекистон ҳукумати Халқаро Қизил Хоч ташкилотига қамоқхоналарни мониторинг қилишга рухсат берган, аммо БМТнинг Қийноқлар бўйича маърузачисини мамлакатга киришга изн бермай келади.
Ўтган йили март ойида Берлинда Ўзбекистон мавзусига оид ўтказилган бир тадбирда сўзлаган БМТнинг собиқ вакили Тео ван Бовен “Ўзбекистонда қийноқлар кенг ва систематик тус олгани учун президент Ислом Каримов маҳкамага тортилиши керак ва унга нисбатан дело тайёрланган”лигини таъкидлаган эди.
Гулнора РАВШАН
Fikr bildirish