Алимент талаб қилган аёлни милиция калтаклади
Тошкент шаҳар Юнусобод туманида яшовчи Ленара Шабанова 3 май куни туман Ички ишлар бўлим ходимлари томонидан калтакланди. Бу борада “Жараён”га жабрланган аёлнинг ўзи гапириб берди.
– Улар Юнусобод туманининг Фирдавсий кўчасидаги 68-уйда яшовчи Миркомил Одилов ва унинг онаси Галия Ҳайдаровна чақирган оперлар эди. Ўша куни мен Мирзо Улуғбек фуқаровий ишлар суди судьяси Азиз Бўриевнинг топшириғи билан ана шу хонадон бошлиғи, собиқ турмуш ўртоғим Миролим Одилов номига судга чақирув қоғозини олиб борган эдим. Уйда ҳеч ким йўқлигини билдим ва қайтиб кетаётиб Миролимнинг ўғли Миркомилга дуч келдим. У сочларимдан, тутиб роса дўппослади ва ерга йиқитиб судради. Унга онаси Галия қўшилди, бошларимга муштлашди. Ерга йиқилиб, ҳолсиз бўлиб ётганимда оперлар келиб, иккитаси ўрнимдан турғазди, қўлимга кишан солиб, машинага тиқди.
Эримнинг яқинларидан калтак еганим етмаганидек, милиционерлардан бири юзимга тарсаки тушира бошлади. Юзимни кишанли қўлларим билан тўсдим. Отделга етиб борганимизда улар менга туҳмат қилиб, “милиция ходимининг погонини юлиб, бурнини қонатди” деб, протокол тузишди, – деди Юнусобод туман Ички ишлар бўлим вақтинча сақлаш ҳибсхонасида бир кеча-кундуз тутиб турилган ва сўнг қўйиб юборилган Ленара Шабанова.
Унинг айтишича, аёлга Юнусобод туман Ички ишлар бўлим ходимлари суд-медэкспертиза учун йўлланма олишига ҳам тўсқинлик қилганлар.
– Уч кун судмедэкспертиза учун направление беришмади. Улар ўша мени урган милиция ходими устидан шикоят қилмоқчи, деб ўйлаган бўлса керак. Аризамни ўқиб кўришгандан кейин “фақат Миркомил Одилов ва унинг онаси Галия устидан шикоят экан” деб, кейин направление берди. Медэкспертлар миям чайқалгани ва касалхонага ётишим кераклигини айтдилар. Ёш гўдагим борлиги учун касалхонада ётиб даволаниш имконим йўқ, – деди Ленара Шабанова.
Айни пайтда Ленара Шабанова Юнусобод туман Ички ишлар бўлим бошлиғи Азизов уни қаматиб юбориш билан қўрқитаётганини ҳам маълум қилди.
– Иш ҳозир милиция бошлиғи Азизовнинг қўлида. У менга нисбатан “безорилик” моддаси билан очилган иш яқин кунларда Юнусобод туман жиноий ишлар бўйича судига оширилишини айтди. Азизов милиция ходимини уриб, бурнини қонатганим ва формасини ҳақорат қилганим учун 3 йилгача қамалишим ва боламни эса болалар уйига топшириш билан таҳдид қилаяпти. Лекин менга қўйилган бу айбларнинг ҳаммаси туҳмат. Улар эрим Миродилнинг ҳамтовоқлари, – дер экан 27 ёшли тошкентлик Ленара Шабанова туман Ички ишлар бўлими паспортини олиб қўйганини қўшимча қилди.
Ленара бир ярим яшар қизчаси учун унинг отаси Миролим Одиловдан алимент ундириш мақсадида ўтган йилнинг ноябр ойида Мирзо Улуғбек туман фуқаровий судига ариза ёзган.
– Ўшанда Миролим отам билан гаплашиб, мен аризамни қайтариб олсам, ўз ихтиёри билан бизга моддий ёрдам беришини айтганди. Отам унинг гапларига ишониб, мени даъвомдан кечишга кўндирди. Лекин у ҳеч қанақа ёрдам бермади. Отам Миролимнинг ишхонасига борса, “мен сизларни танимайман, бу ерга бошқа келиб ўтирма”, деб отамни ҳайдабди, – дер экан ёлғиз она Ленара Шабанова собиқ турмуш ўртоғининг тагида машинаси, данғиллама уйи ва доимий иш жойи бўла туриб, фарзандига алимент тўлашдан қочаётганини қўшимча қилди.
Ленара адвокат бўлиб ишлайдиган Одиловни яхши таниган судьялар ҳам унга ён босиб иш кўраётгани ва аёлнинг ҳуқуқларини оёқости қилаётганидан шикоят қилди.
– Ўтган йилнинг 29 ноябрида Мирзо Улуғбек туман судига такроран ариза ёздим. Аризам кўриб чиқилди ва қонунга мувофиқ қарор чиқарилди. Лекин қарор суд ижрочилари томонидан амалда бажарилмади. Суд ижрочилари Миролим Одиловни ҳеч қаердан тополмаётганини баҳона қилиб, ишни чўзиб юраверди. Шундан кейин Юнусобод туман милициясида Одиловга нисбатан жиноий иш очилди. У: “Мен адвокатман, қонунни яхши биламан, туман милицияси менга жиноий иш очишга ҳақсиз.
Бу фақат Тошкент шаҳар прокуратураси ваколатидаги иш”, деб жанжал қилиб, Тошкент шаҳар фуқаровий судида Юнусобод туман судининг қарорини бекор қилдирди. 1 апрел куни бўлиб ўтган суд мажлисида Миролим Одилов қатнашмади. Суд ҳакамлари Шаҳноза Аҳатова, Маҳмуда Абдулваҳобова ва Фируза Жалолова менинг даъволаримни эътиборсиз қолдирди. Аксинча, улар менинг устимда кулиб, “балки қизча Миродил акадан эмасдир, яхшироқ эслаб кўрарсиз”, деб ҳатто ҳақорат ҳам қилдилар, – деди судма-суд югуриб, сарсон бўлган Ленара Шабанова.
Ўзбекистон қонунларида алимент тўлашдан бўйин товлаган шахс жиноий жавобгарликка тортилиши кўзда тутилган.
2012 йил – “Мустаҳкам оила йили”да Ўзбекистоннинг қатор туман ва шаҳарларида алимент ундириш масаласида тарғибот тадбирлар ўтказилган эди.
Хўш, жабрланувчилар ҳуқуқларини ҳимоялаш вазифаси бўлган адвокат Миролим Одилов қонунда белгиланган масъулиятдан, ўз фарзандига алимент тўлашдан нима учун бош товламоқда?
Шу ва бошқа саволларимизга жавоб олиш мақсадида Миролим Одилов, шунингдек, Ленара Шабанова даъво аризаси билан танишиб чиққан Юнусобод ва Мирзо Улуғбек туман судьялари билан боғланишга оид барча уринишларимиз зое кетди.
Гулнора РАВШАН
Fikr bildirish