Тожикистон қамоқхонасидан яна бир маҳбуснинг жасади чиқди

Икки йил аввал безориликда айбланиб қамоққа солинган 27 ёшли Ҳамза Икромов, яқинларининг иддаосича, қамоқхонада қийноқ қурбони бўлган.

Марҳумнинг жанозасидан бир неча соат олдин бир гуруҳ тожикистонлик журналистларга интервью берган Амир Икромов жасадда қийноқ излари борлигини гапириб берди.

“Акам пойтахтдаги биринчи қамоқхона бошлиғи Рустам Тоштемиров ва унинг қўли тагида ишлаган Маҳмуд Исмоилов ҳамда Шерафган исмли шахслар томонидан мунтазам сабабсиз калтаклангани натижасида жон таслим қилди. Жасаднинг пешонаси, кўкрагида қора доғлар бор, баданининг айрим қисми дазмол билан куйдирилган”, – дейди Амир Икромов.

Тожикистон Адлия вазирлигининг қамоқхоналарни назорат қилиш Бош бошқармасининг ўзини таништирмаган масъулларидан бири ҳақиқатдан Ҳамза Икромов Душанбе шаҳридаги 1- қамоқхонада сақлангани тасдиқлади. Аммо расмий маҳбусга нисбатан қийноқлар қўлланилганига оид иддаолар асоссизлигини уқтирди.

Душанбе шаҳрига туташиб кетган Ҳисор туманининг Хирманак қишлоғида туғилиб ўсган Ҳамза Икромовнинг жасади 21- сентябр куни жума намозидан сўнг тупроққа қўйилди.

Amnesty International – Халқаро амнистия инсон ҳуқуқлари ташкилоти ўзининг жорий йил эълон қилган ҳисоботида Тожикистон қамоқхоналарида маҳбусларга нисбатан қийноқ, калтаклаш ва бошқа кўринишдаги ноинсоний муносабат систематик ҳолда қўлланилаётганини баён қилганди.

Қароргоҳи Лондонда жойлашган бу нуфузли ташкилот тадқиқотчилари Тожикистон қамоқларида қўлланиладиган қийноқларда электр токи, қайноқ сув, бўғиш, калтаклаш, сигарет билан куйдириш, жинсий зўрлаш ва жинсий зўрлаш билан таҳдид қилиш усуллари ишга солинишини баён қилганди.

Тожикистон Бош прокуратураси масъуллари кечган йил мамлакат вақтинча сақлаш қамоқхоналари ва жазони ўташ муассасаларида маҳбусларга нисбатан қийноқ қўллаш билан боғлиқ фақат бешта ҳолат қайдга олинганини маълум қилди. Бироқ, инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ҳисобига кўра, бу кўрсатгич бир неча баравар кўпроқ бўлиши мумкин.

“Аммо афсуски бир томондан қийноқларга оид шикоятлар реал ўрганилмайди, бошқа томондан эса кўпчилик юрак ютиб бу борада тегишли идораларга шикоят қилмайди”, – дейди тожикистонлик ҳуқуқшунос Абдуқаюм Юсупов.

 

www.Jarayon.com

 

 

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.