Гулшан Қораева жиноий таъқибга дучор бўлди
Қашқадарёлик ҳуқуқ фаоли Гулшан Қораева Ўзбекистон Жиноят кодексининг икки моддаси бўйича айбланмоқда.
Ўзбекистондаги воқеаларни ёритувчи қатор оммавий ахборот воситалари 27 сентябр куни Қарши шаҳрида ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари жамиятининг Қашқадарё вилоят бўлими раҳбари Гулшан Қораева қўлга олингани ҳақида хабар тарқатди. У мамлакат Жиноят кодексининг 139- ва 140-моддалари (“Туҳмат” ва “Таҳқирлаш”) бўйича айбланаяпти.
Гулшан Қораеванинг айтишича, пайшанба куни эрталаб милиция ходимлари ҳеч бир изоҳсиз уни уйидан олиб кетганлар. Унга қарши жиноий иш очган милиция бўлимида Қораевага у ҳамшаҳарлари бўлмиш она-бола Ойдин Ортиқова ва Барно Адабоевага туҳмат қилгани ва уларни таҳқирлаганини маълум қилганлар.
Бироқ қашқадарёлик ҳуқуқ фаоли бу аёлларни ҳеч қачон ҳақорат қилмаганини айтмоқда. Унинг сўзларига кўра, бу аёллар туфайли ўтган йили унинг укаси Санжар қўлга олиниб, унга нисбатан жиноий иш очилган. Гулшан Қораеванинг айтишича, эндиликда ҳуқуқ-тартибот идоралари бу аёллардан унга қарши фойдаланмоқда.
Милиция бўлимида икки соат сўроқ қилинган ҳуқуқ фаоли ҳеч қаерга кетмаслик ҳақида тилхат ёзиб берганидан кейин қўйиб юборилган.
Эслатиб ўтамиз, ҳуқуқ ҳимоячиси Гулшан Қораева анчадан буён маҳаллий расмийлар босимига учраб келади. Ҳуқуқ фаоли ҳужумга учраган, унга таҳдид қилинган, обдон қўрқитилган. Шу йил баҳорида унинг уйи деворига ҳақоратли сўзлар ёзиб кетилганди.
Хьюман Райтс Вотч халқаро ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилоти аввалроқ Қораева билан боғлиқ вазият юзасидан хавотир изҳор қилиб, Ўзбекистон расмийларини ҳуқуқ фаолининг хавфсизлигини таъминлашга чақирганди.
Кузатувчилар Гулшан Қораева билан содир бўлган сўнгги воқеани унинг ҳуқуқ ҳимоячилик фаолияти ҳамда уни Ўзбекистондаги диктаторлик режимига қарши жим туришга мажбурлаш уриниши билан боғламоқдалар.
Fikr bildirish