Улуғбек Ҳайдаров: TeliaSonera Ўзбекистонни тарк этса, ўрнини дарҳол бошқа компания эгаллайди
Жорий йилнинг сентябрь ойи ўрталарида Интернет орқали Швециянинг SVT телеканали журналистлари суратга олган ҳужжатли фильм намойиш этилди.
Унда Ўзбекистондаги Ucell уяли алоқа компаниясини сотиб олиш учун Швециянинг TeliaSonera уяли алоқа компанияси президент Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримовага 2,2 миллиард швед крони миқдорида пора бергани айтилган.
Ушбу фильм кенг жамоатчиликка ошкор бўлгач, Швециянинг энг йирик телекоммуникация компанияси бўлмиш TeliaSonera раҳбарияти матбуот анжумани ўтказиб, унда ширкатнинг Ўзбекистондаги бизнесига оид саволларга ойдинлик киритишга ҳаракат қилди.
Матбуот анжуманида сўзга чиққан Ларс Ниберг ўзи раҳбарлик қилаётган компаниянинг Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари бузилишига алоқадорлиги исботланган тақдирда, TeliaSonera бу мамлакатни тарк этиши мумкинлигини таъкидлади.
Шундан келиб чиққан ҳолда, “Жараён” ўзбекистонлик мухолифатчи, ҳуқуқ фаоллари ва журналистларга ўз саволлари билан мурожаат қилди. Бу гал “Жараён” саволларига айни пайтда Канадада яшаётган мустақил журналист Улуғбек Ҳайдаров жавоб беради.
Жараён: TeliaSonera раҳбари Ларс Нибергнинг жамоатчилик олдида сўзлаган сўзларини қанчалик даражада тўғри, деб биласиз? Ушбу компания раҳбарияти чиндан ҳам Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазияти борасида қайғураяптими?
Улуғбек Ҳайдаров: Мен, хорижий ташкилотларнинг бу каби баёнотларига жиддий қарамайман.
Диктаторлик режимининг асосий ҳимоячиси, ўнлаб мухолифатчиларни қийноқлар билан жонини олган ўзбек махфий хизматлари билан алоқаси борлиги аниқланган бир ташкилот раҳбари Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари ҳақида қайғуриши мумкинми? Албатта йўқ. “Биз қайси давлатда ишласак, ўша давлат қонун ва қоидаларига бўйсунамиз” деган TeliaSonera раҳбари Ўзбекистон конституциясида шахсий маълумотларнинг конфеденциал эканлиги ҳақида алоҳида моддалар мавжудлигини билмайдими? Ларс Ниберг бу гапи билан “Фойда олиш йўлида ҳатто шайтон билан ҳам шартнома тузамиз” деяётганга ўхшайди. Шунинг учун бу каби раҳбарларнинг: “Биз инсон ҳақ-ҳуқуқлари ҳақида қайғурамиз” дейиши жуда ҳам кулгили.
Бугунги кунда TeliaSonera Молдавия, Тожикистон, Қозоғистон, Озарбайжон каби диктаторлар эгалик қилаётган давлатларда фаолият кўрсатаяпти.
TeliaSonera санаб ўтилган мамлакатларнинг махсус хизматлари билан ҳамкорлик қилади. У талабларга биноан ҳукуматга ёқмаган ва диктатор ҳақида муқобил фикрлар айтилган сайтларни тўсади, фуқароларнинг суҳбатларини ҳамда уларнинг ҳаракатланишлари ҳақидаги маълумотларни “керакли жой”га узатиб туради.
Умуман, TeliaSonera ўзи фаолият юритаётган ҳудудлардаги диктаторларнинг талабларини сўзсиз бажариб, ўша давлат фуқароларининг маълумот олиш ҳуқуқларининг бузаётганларга шерик бўлаяпти.
Тўғри, ҳар қандай тараққий этган мамлакатнинг махсус хизматлари ва полицияси террорчилар, ўғрилар, қотиллар ва гиёҳванд моддалар билан шуғулланувчиларнинг фаолиятини назорат қилиш учун уларнинг телефон сўзлашувларини эшитиб боради. АҚШ, Европа ва Осиёнинг йирик давлатларида ҳам бу нарса бор. Бироқ уларда бундай амалиётлар прокурорнинг рухсати билан амалга оширилади.
TeliaSoneraнинг Ўрта Осиё ҳамда Белоруссиянинг қўллари қонга ботган махсус хизматлари билан алоқаларини фош этган журналистлар фикрича эса, швед уяли алоқа компанияси ўз мижозларининг суҳбатлари ва бошқа конфеденциал маълумотларини ҳукуматнинг биринчи талаби билан керакли ҳуқуқий амалиётсиз узатиб турган. Махсус хизматлар учун TeliaSoneraнинг тўлқинлари ичидан ўзларини қизиқтирган ҳар қандай шахснинг суҳбатларини онлайн режимда эшитиш муаммо туғдирмаган.
“Чья бы корова мычала, а твоя молчала”, дейди руслар. TeliaSonera раҳбарининг баёнотини эшитиб, “Бор эканда, йўқ экан” фильмидаги бир эпизод ёдимга тушди. Унда ҳукуматни эгаллаган ҳарбийлар янги маориф вазирини: “душман ҳудудидаги қанча-қанча китобхона ва мактабларга ўт қўйган баҳодир бир инсон”, деб мақташади…
Жараён: Ларс Ниберг журналистик суриштирувга асосланган айбловларнинг қанчалик асосли экани юзасидан ўз текширувини ўтказиши ва бунинг натижалари йилнинг охирига қадар маълум қилинишини билдирди. Сизнингча, бу текширув қанчалик адолатли ўтказилади?
Улуғбек Ҳайдаров: Менинг фикримча, Ларс Нибергнинг текшируви адолат мезонларидан узоқда бўлади. Чунки унинг компанияси адолатсизлик ва диктатура ҳукмрон бўлган давлатларнинг махсус хизматлари билан ош-қатиқ бўлган. Текширувнинг натижаси ҳам шунга қараб маълум бўлади. Бундайин глобал жиноий ҳаракатларга аралашганлар ҳар қандай вазият учун олдиндан чора кўришиб, ҳар қандай саволларга жавобларини тахт қилиб қўйган бўлишади.
Мен Ларс Ниберг ва унинг компанияси сувдан қуруқ чиқади, демоқчимасман. Лекин, менимча, можаро ортидан Ларс Ниберг исътефо бериб, TeliaSonera Ўзбекистонни тарк этса, уларнинг ўрнини дарҳол бошқа компания эгаллайди ва улар ҳам махсус хизматлар чизиб берган форматда ишни давом эттиришади.
Жараён: Ўзбекистонда фаолият юритаётган мобил алоқа операторларининг махсус хизматлар билан ҳамкор қилмай ишлашлари учун шароит ва имконият борми?
Улуғбек Ҳайдаров: Ўзбекистонда диктаторлик тузуми бор экан, у ердаги ҳар бир алоқа компанияси режимнинг махсус хизматлари билан ҳамкорлик қилишга мажбур. Акс ҳолда, улар мамлакатдан қувилади. Бироқ демократия ва эркинлик мавжуд бўлган тузумда телефон ва Интернет тармоғида эмин-эркин гаплашаверамиз, деган фикр ҳам унчалик тўғри эмас.
Менимча, дунёдаги ҳамма алоқа компаниялари махсус хизматлар билан ҳамкорлик қилади. Масалан, 2001 йил 11 сентябр воқеаларидан бир оз ўтиб, АҚШга қилган сафарим чоғида Америка махсус хизматларининг вакиллари бизга террор амалиётидан сўнг мамлакатдаги телефон хизмати кўрсатувчи ҳамма компаниялар тўла назорат остида эканлигини, бироқ бу амалиёт биронта ҳам америкаликнинг ҳақ-ҳуқуқини поймол этмаслигини айтишган эди.
Америкалик мустақил тадқиқотчилар билан учрашганимда эса, улар АҚШ махсус хизматлари 11 сентябрдан ҳам олдин телефон суҳбатларни доимий эшитиб боришлари ҳақида гапириб берганди. “11 сентябр махсус хизматларнинг ноқонуний фаолиятини қонунийлаштирди, холос”, деган эди нью йорклик бир ҳамкасбимиз.
Жараён:Ўзбекистондаги яқинларингизга қўнғироқ қилган пайтингизда улар сиз билан исталган мавзуда бехавотир сўзлаша оладиларми?
Улуғбек Ҳайдаров: Йўқ. Яқинларим билан суҳбат давомида доим қанақадир бир хавотир туяман. Улар ҳам ҳамма нарсани очиқ-ойдин гапиришмай қўйган. Бундан 4-5 йил аввал ҳам бунчалик эмас эди. Линиядаги ҳар бир бегона шовқин ёки овоз ўз-ўзидан пайдо бўлмайди. Уйдагилар билан иложи борича оддий мавзуларда гаплашишга ҳаракат қиламан. Чунки аввалроқ бир-икки марта мени жуда ҳам қўрқитган воқеалар рўй берди. Шундан сўнг анча хушёр бўлиб қолдик.
Жараён: Гулнора ва Лола Каримоваларнинг таъмагирлиги, улар иштирокидаги рейдерлик ҳужумлари тўғрисида кўп гапирилади ва ёзилади. Бу қанчалик асосли, деб ўйлайсиз?
Улуғбек Ҳайдаров: Бир мисол келтирсам: Жиззахда, 1998-2000 йиллари бир танишимиз бўларди. Бадавлат хонадоннинг ёлғиз фарзанди бўлган бу йигитнинг тадбиркорликда омади келди. У россиялик ишбилармонлар билан ҳамкорлик қилиб, у ердан ёғоч тахта ва бошқа хўжалик моллари келтирувчи каттагина фирманинг эгасига айланди. Фирманинг довруғи таради. Ҳаттоки вилоят ҳокими Шавкат Мирзияев ҳам, вилоят прокурори Алишер Муҳидинов ҳам бу йигит билан қўшқўллаб кўришар, ҳар ҳил йиғин ва тадбирларда доим уни ёнларига олиб ўтиришарди.
2001 йилда вилоятга Гулнора Каримова ташриф буюрди. Жилли Гулли мавзесидаги ҳокимнинг дабдабали қароргоҳига қўнган президентнинг қизи учун кечки пайт эстрада юлдузлари иштирокида кеча уюштирилди. Телевидение ходимлари сафида ўша ерда бўлиб, Гулноранинг ёнида у билан чақчақлашиб ўтирган бояги тадбиркор танишимизни кўргандим. Вилоят раҳбарлари ҳам бир чеккада кўллари кўксида, уларни кузатиб туришарди.
Мана шу воқеадан сўнг орадан ярим йил ўтгач, ўша тадбиркор йигит “синди”. Уни қамадилар ва узоқ муддатга ҳукм қилдилар. Унинг бутун бизнеси эса аввалдан “Гулноранинг одами” сифатида танилган вилоят ҳокимининг ўринбосарларидан бири, асли тошкентлик Қудратилла Рафиқов қўлига ўтди. Аслида бу одамнинг ҳеч қанақа бизнесмен эмаслигини ва унинг қўлидаги бизнес Гулнора Каримовага қарашли эканлигини бугун ҳамма билади.
Афсуски, рейдерлик, таъмагирлик каби бундай иллатлар диктатор Каримов хонадони аъзолари эмас, балки Марказий Осиёдаги барча диктаторлар оила аъзоларига ҳам тегишли. Тожикистон, Қозоғистон президентларининг қизлари бугун минтақадаги медиа ва бошқа соҳаларга эгалик даъвосини қилишяпти. Ҳар қандай фойда келтирадиган бизнес доимо уларнинг диққат-эътиборида.
Бу бугун барча биладиган ҳақиқат. Аччиқ ҳақиқат.
Fikr bildirish