Ҳуқуқ ҳимоячиси Ўктам Пардаевни милиция ушлаб кетди
Якшанба куни эрталаб Жиззахда Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятининг вилоят бўлими раиси Ўктам Пардаев маҳаллий милиционерлар томонидан тутиб кетилган.
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти вакилларининг маълум қилишларича, 30 сентябрь куни Пардаев Жиззах шаҳар ички ишлар бўлимининг 7 кишидан иборат махсус гуруҳи томонидан қўлга олиниб, номаълум тарафга олиб кетилган.
Воқеа гувоҳлари икки машинада келган милиционерлар ҳуқуқ фаолининг қўлини қайириб, олиб кетишганини айтганлар.
Ҳуқуқ ҳимоячиси ўзининг олиб кетилаётгани ҳақида сўнгги лаҳзада укаси Ўткирга телефон орқали хабар қилишга улгуриб қолган.
“Орадан 10 соат вақт ўтганига қарамай, акамнинг қаердалиги, нима учун тутиб кетилганини айтишмаяпти. Шаҳар, вилоят ИИБнинг барча ҳибсхоналари, вақтинчалик тергов изоляторларига бориб келдик, ҳеч қаерда йўқ. Унинг соғлиғи, аҳволидан хавотирдамиз”, дея иқтибос келтиради Ўткир Пардаев сўзларидан “Эзгулик” жамияти.
34 ёшли Ўктам Пардаев 2006 йилдан буён Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятининг Жиззах вилояти бўлимига раҳбарлик қилиб келади.
2006 йилнинг 29 июнида жиноят ишлари бўйича Жиззах шаҳар суди ҳукмига мувофиқ, у мамлакат Жиноят кодексининг 105-моддасида (Тан жароҳати етказиш) айбланиб, 4 йилга озодликдан маҳрум қилинган ва 2007 йилнинг 11 январида Амнистия акти билан озод қилинганди.
Ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоллари сўзларига кўра, маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идоралари Ўктам Пардаевнинг ҳибсга олиниши юзасидан ҳеч қандай изоҳ бермаяпти.
Fikr bildirish