Турсинбой Утамуратов ўлими юзасидан Таъзиянома

АҚШнинг Бойси шаҳрида яшаётган Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Халқаро Жамиятининг (ЎИҲХЖ) Қорақалпоғистон Республикаси бўлими раиси, “Эрк” партиясининг 20 йиллик аъзоси, 56 ёшли Турсинбой Утамуратов 30 сентябрь куни тўсатдан вафот этди.

Турсинбой Утамуратовнинг ўлими ЎИҲХЖнинг Қашқадарё вилояти бўлимининг раиси, Ўзбекистон парламентининг собиқ депутати Шовруқ Рўзимуродовнинг ўлимидан кейин энг оғир йўқотишдир. Бу нафақат ЎИҲХЖ, балки ўзбек халқи учун ҳам оғир йўқотишдир. Бу икки инсон ўз ҳаётларининг энг онгли қисмини Ўзбекистонда шаклланган мустабид сиёсий тузумга қарши изчил курашга сарфладилар ва шу муқаддас йўлда Аллоҳ ҳузурига йўналдилар.

Шовруқ Рўзимуродов 2001 йилнинг 7 июлида Ўзбекистон ички ишлар вазирлиги ертўласида Зокир Алматов жаллодлари томонидан қийнаб ўлдирилди, Турсинбой Утамуратов эса ватандан узоқ АҚШда сиёсий қувғинликда вафот этди.

Ўзбекистон халқи, айниқса унинг қалби беғубор қисми бўлган мусулмон йигит-қизлари билан қамоқ тилида гаплашаётган ҳукумат бу икки мард инсон билан ҳам фақат қамоқ тилида гаплашиб келди: манфур ҳукумат Шовруқ Рўзимуродовни уч марта, Турсинбой Утамуратовни беш марта қамоққа тиқди, бироқ бўйин эгдира олмади. Шовруқ ҳам, Турсинбой ҳам бошларини мағрур кўтарган ҳолда бу фоний дунёни тарк этдилар.

Олий маълумотли, агрономия илми ва амалиётини мукаммал билган Турсинбой Утамуратов халқ табобатини ҳам чуқур эгаллаган инсон эди. Одам психологияси, тана анатомияси ва физиологиясини ҳайратланарли даражада билган Турсинбой Утамуратов юзлаб инсонларни беминнат ва беманфаат даволаганини кўпчилик билади.

Бироқ Шовруқ ва Турсинбой заковатининг асосий жиҳати шундан иборат эдики, ҳар иккаласи ҳам зўравонликка асосланган сиёсий тузумлар, адолат ва зулм ўртасидаги кураш моҳиятини чуқур тушунишар эди. Фақат тушунишарди эмас, улар қамоқхоналар ичида ҳам ўзларини аямай, зулм ва адолатсизликка қарши курашдилар.

Турсинбой Утамуратов ЎИҲЖга 2001 йил ёзида, Шовруқ ўлимидан бироз олдин келди ва аъзо бўлди. Тез орада у ташкилотнинг Қорақалпоғистон Республикаси бўлимини тузди.

Байроқдор жангчи ўқ тегиб йиқилаётган пайтда, унга энг яқин турган жангчи байроқ ерга тушмасданоқ уни яна баланд кўтаргани каби ўша йили, образли қилиб айтганда, ҳукумат ўлдирган Шовруқнинг қўлидан Турсинбой гўёки байроқни олди ва уни баланд кўтарди.

Турсинбой бир ука ва бир синглиси билан отадан ёш қолган. Фарзандга меҳри чексиз бўлган оналар орасида Турсинбойнинг ҳозирда 83 ёшли онаси энг юқори чўққини эгаллаган она бўлсалар керак. Қозоқбой ота вафотларидан кейин ўта содда ва ўта пок виждонли бу инсон олдига колхоз раиси келиб: “Сизга боқувчиси ўлган оила сифатида ҳукумат пенсия тайинлади, шуни бориб олиб туринг” деганда, она: “Пенсия деганингиз нима?” деб сўраганлар. “Пул” деб жавоб берган раис. Она жавобан: “Йўқ, мен болаларимга ҳалол луқма едираман, ўзимнинг меҳнатим билан боқаман” деб, ҳеч қачон пенсия олмаганлар.

Келажак авлодлар адолат ва эркинлик учун курашда жонларини аямаган Шовруқ Рўзимуродов ва Турсинбой Утамуратовларни халқ қаҳрамонлари даражасига кўтаражакларига мен ишонаман.

Ҳозирги кунда “Ўзбекистон қаҳрамони” бўлиб турган сохта “қаҳрамонлар”нинг барчасини тарих торозисининг бир палласига, Шовруқ ёки Турсинбойни унинг иккинчи палласига қўйилса, жон фидо этган дўстларимиз босиб кетиши сўзсиздир.

Бевақт вафот этган сафдошимиз Турсинбой Утамуратовнинг оналари, укаси Ўрозбой, синглиси Робия, аёли ва болаларига ташкилотимиз аъзолари номидан ҳамдардлик изҳор этаман.

Илоҳо, Турсинбойни Ўзининг Жаннатига дохил этсин. Омин.

Толиб Ёқубов,

ЎИҲХЖ фахрий президенти

2012 йилнинг 1 октябри

www.Jarayon.com

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.