Жиззахлик фуқаролар маҳаллий амалдорлар хатти-ҳаракатидан шикоят қилмоқда

Куни кеча “Жараён” сайти мухлисларидан бири “Ўтюраклар” Халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти раҳбари Мўътабар Тожибоевага мактуб йўллаб, Ўзбекистон президенти Ислом Каримов номига ёзган очиқ хатини сайтимизда чоп этишни илтимос қилган.

 Жиззахлик муштарий мактуби таҳрирсиз эълон қилинмоқда.

                                                                                  Ўзбекистон Республикаси Президенти

                                   Ислом Абдуғаниевич Каримовга

                                   Жиззах вилояти, Пахтакор тумани,

                                   Мингчинор  к/ф, Ойбек кўчаси, 25-уй,

                                   2-хонадонда яшовчи фуқаро

                                   Қурбанов Аширмамат Синдаровичдан

А Р И З А

Ҳозирги кунда Жиззах вилояти ИИБ тергов гуруҳи терговчиси томонидан ўғлим Қурбонов Беҳзод Аширмаматович ва унинг дўстлари Мирзаёров Жасур Уралович ҳамда Мирзаёров Ойбек Босимовичларга оид жиноят иши деб нотўғри таъриф бериб тергов қилинмоқда.

Юқорида кўрсатилган шахсларга нисбатан олиб борилаётган тергов жараёнида терговчи бир томонлама тергов ҳаракатларини олиб бориб, содир этилган ҳолат юзасидан жабрланувчига тегишли қисмини ҳаракатдан олиб, ҳолат юзасидан тўлиқ суриштирув тергов ишларини олиб бормаяпти.

Ваҳоланки, содир этилган ҳолат юзасидан ўзини гўёки жабрланувчи қилиб кўрсатган Жиззах вилоят Монополияга қарши бошқарма бошлиғи лавозимида ишловчи Маматқулов Илҳом Абдураҳмоновични асосий айбдор ҳисоблаймиз. Яъни жорий йилнинг 7 июль куни соат тахминан 15-30 ларда Жиззах тумани Ровот қишлоғи ҳудудида  Мирзаёров Жасур Уролович бошқарувида бўлган ўзига тегишли «Нексия» русумли автоуловда Мирзаёров Ойбек Босимович ва Қурбонов Беҳзод Аширмаматовичлар биргаликда Ровот тоғидан дам олиб қайтаётганда  Ровот қишлоғига етиб келган вақтида автойўлдан қўйлар подаси чиқиб қолади ва улар қўйларни ўтказиб юбориш учун автоуловни тўхтатади.

Шунда Қурбонов Б.А. қўйларни ҳайдаб юбориш учун автоулов орқа эшигини очади, шу вақтда орқа тарафдан ишда ўзини жабрланувчи деб кўрсатаётган Маматқулов И.А. ўзининг бошқарувида бўлган Жиззах вилоят Монополияга қарши бошқармасига қарашли «Нексия» русумли оқ рангли 13 GV 070 давлат рақамли автоулов билан катта тезликда тормоз бериб келиб, Мирзаёров Ж.У. нинг автоуловининг орқа ўнг эшигига келиб уради.

Шундан сўнг иккала томон ҳам ҳолат юзасидан ким айбдорлигини аниқлаш учун баҳслашиб кетади. Ваҳоланки, ушбу ҳолат содир этилган вақтда раҳбар лавозимида ишловчи Маматқулов И.А. мансабдор – ҳокимият вакили бўла туриб, наҳотки автоавария ҳодисаси  билан шуғулланадиган ички ишлар идоралари ходимларига мурожаат қилмасдан, ўз мансабидан фойдаланиб, «Мен катта мансабда ишлайман, сен ўзингнинг машинангни ўзинг қилиб оласан, керак бўлса йуқ қилиб юбораман, агар менинг айтганимни қилмасаларинг, машинангдан ҳам ажралиб қоласанлар,  мен бутун Жиззах вилоятининг ҳар қандай жойида ўз сўзимни ўтказа оламан» – деб, (ҳозирги давргача бизни тутқунликда ушлаб, айтганидай ўз сўзини босимини ўтказиб келмоқда.) бизларга дўқ пўписа қилиб, ўзини Жиззах вилоят Монополияга қарши бошқармаси бошлиғиман деб таништирди.

Шундан сўнг зўравон амалдор муомалага тушунмасдан, воқеа жойидан қочиб кетмоқчи бўлганида Мирзаёров Ж. нинг амакиси Мирзаёров Ойбек, Маматқулов И.А.ни ҳодиса айбдори деб билиб, унинг автоуловидан техник ҳужжатларини олиб қўяди. Ушбу ҳолатдан сўнг фуқаро Маматқулов И.А. Мирзаёров Ойбекни – «онангни палон қилай, ҳужжатларни жойига қўй» – деб сўкиниб, ҳакорат қилади.

Ҳужжатларни қайтариб ололмаган Маматқулов И.А. дўқ-пўписани кучайтириш мақсадида ўзига тегишли автоуловидан пичоқ (жангари совуқ қурол) олиб, Мирзаёров Ойбекка ташланди, унинг кўйлаги енгини кесиб юборади. Унинг важоҳатини кўрган Мирзаёров Ойбек жон ҳолатда ҳимояланиб, унинг иккала қўлини ушлаб олиб, ҳимояланиш мақсадида боши билан Маматқуловнинг юз қисмига қаттиқ зарба беради. Маматқулов И.А. зарба таъсиридан ўзини ўнглаб олгунча Қурбонов Б.А., Маматқулов И.А.нинг қўлидаги пичоқни олиб қўйиб, пичоқни унинг автоулови остига отиб юборди ва уларни ажратиб  қўйди.

Ушбу  ҳолатлар юзасидан Сиздан илтимосим – мансабдор шахс Жиззах вилоят Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Маматқулов И.А. маст ҳолатда воқеа жойидан қочиб кетганлиги, ўзини ушбу ҳолатлар сабабчиси бўла туриб, жавобгарликдан қочиш мақсадида «жабланувчи» бўлиб олганлиги кўриниб турибди.

Лекин тергов жараёнида мастлик ҳолатларини текшириш мобайнида бизни экспертизадан ўтказиб, лекин мансабдор Маматқуловни  мастлик ҳолати бўйича экспертизадан ўтказмаган ҳолда ҳамда бизнинг ва унинг транспорт воситаларини ҳам экспертизадан ўтказиш юзасидан қилган оғзаки талабларимиз инобатга олинмади.

Ҳозирги даврда ҳам ушбу ҳолатлар юзасидан ҳеч қанақа иш олиб борилаетгани йўқ, бизни тергов қилаётган терговчи Ҳалилов Шавкат дўқ-пўписа қилиб, ҳозир тергов жараёнларини бузиб келмоқда. Мирзаёров Ойбекнинг кесилган кўйлагини терговдан қайтариб бериши ва яна тахминан бир ойлардан сўнг қайтариб олиши, қайтариб олинган кўйлакни экспертиза ходимлари билан биргаликда ҳамда Маматқулов И. билан тил бириктиргани ва маҳаллийчиликка йўл қўйиб, экспертиза хулосасини “тўмтоқ жисм билан кесилган” дея эътироф этилиши ҳамда ушбу жараёнга гувоҳлик қилаётган Равот қишлоғида яшовчи аёлнинг берган кўрсатмаларини ҳам терговчи Ҳалилов Ш. эътиборга олмай, ишни ёпиш мақсадида ҳозирги давргача сунъий равишда тутқинликда ушлаб тургани кўриниб турибди.

Шунингдек, Маматқулов И.нинг жароҳати бўйича суд-медэкспертиза ҳолатига эътибор берсангиз, ушбу ҳолатда медэкспертиза ҳолати икки хил чиққанлиги, 104-модда билан айбланаётганимиз ҳозирда 105-моддага айланишини инобатга олишингизни илтимос қилардик.

 Юқоридагиларни инобатга олиб қуйидагиларни:

– вилоят медэкспертиза ходимини ушбу ҳолатларда маҳаллийчиликка йўл қўйиб, нотўғри хулоса бергани учун хизмат текшируви ўтказиб, унга нисбатан қонуний чора кўришингизни ва суд медэкспертизани Республика миқиёсида комиссия гуруҳи иштирокида ўтказишингизни тезкорлик билан таъминлашингизни илтимос қиламан,

– ҳозирда ишни олиб бораётган терговчи ва ушбу иш бўйича тегишли бўлган ИИБ терговчиси Ҳалилов Ш. ҳамда прокуратура ходимларига нисбатан бизнинг берган аризаларимиз инобатга олинмай, бизни шу йилнинг 7 июль кунидан ҳозирга давргача тутқинликда сақлаб турган ҳамда Маматқулов билан тил бириктириб маҳаллийчилик ҳолатларига йўл қўйганлиги учун хизмат текшируви тайинлаб, етказилган зарарларни қоплаган ҳолда, уларга нисбатан қонуний чора кўришингизни илтимос қиламиз.

– Маматқулов И.А. бизга зўравонлик қилганлиги, пичоқ билан ҳамла қилиб, кишилар ҳаётига хавф туғдириб, зарар этказмоқчи бўлганлиги ва раҳбарлик фаолиятидан фойдаланиб туҳмат қилиб, маҳаллийчиликка йўл қўйиб, босим ўтказаётганлиги бўйича ҳамда моддий ва маънавий зарарларни ундиришда Республика миқёсида юқоридагиларни инобатга олган ҳолда қонуний чора кўришингизни, агарда фарзандларим ноқонуний хатти-ҳаракатлари бўлса қонун олдида жавоб беришига тайёрман. Фақат Сиздан ҳаққонийлик, қонун йўлида ҳал қилиб беришингизни илтимос қилиб қоламан.

                                            Ҳурмат билан,

                                            Фуқаро      Қурбанов А.

 

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.