Халқаро Амнистия Тожикистон президенти эътиборини қийноқ қурбонлари тақдирига қаратди
Халқаро Амнистия ташкилоти Тожикистон президенти Имомали Раҳмонни мамлакат ҳибсхона ва қамоқхоналарида тез-тез қайдга олинаётган қийноқларга барҳам беришга чақирди.
5 октябрь, яъни Имомали Раҳмоннинг олтмиш йиллик юбилейи давлатнинг кўпгина идораларида кенг нишонланаётган кунда баёнот билан чиққан Халқаро Амнистия ташкилоти экспертлари тожик президентини Республика ҳибсхона ва қамоқхоналарида маҳкумларга нисбатан қўлланилаётган қийноқлар ва бошқа ғайриинсоний муносабатларга қарши зарур чора-тадбирлар кўришга чақирди.
“Қийноқ қурбонларининг кўпи 30 ёшга ҳам тўлмаган. Уларнинг баъзилари қийноқлар остида жон берганлар ва айнан адолатсиз ҳукм ортидан шу кўйга тушганлар. Қийноқ қурбонларининг яқинлари шу кунгача бу ҳодиса гуноҳкорлари топилиб, жазога тортилишини кутиб ўтирибди”, дейилади жорий ҳафта поёнида ёйинланган баёнотда.
Баёнот муаллифлари жиноятда гумонланиб, ҳибсга олинган ўнлаб киши Тожикистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан қийноққа солгани борасида асосли далилларга эгалигини таъкидлаганлар.
Айни пайтда Халқаро Амнистия инсон ҳуқуқлари ташкилоти Тожикистон Жиноят кодексига “қийноқ” моддасининг қўшимча қилиниши ва бунинг ортидан 17 ёшли ўсмирни калтаклаган милиционер етти йилга қамалганини олқишлаган.
Шунинг баробарида халқаро нуфузли ташкилот экспертлари тожикистонлик Сафарали Санговнинг ўлимига сабаб бўлган милиция ходимларига нисбатан қўлланилган “бемаврид авф” юзасидан ташвиш билдирганлар.
Душанбелик 37 ёшли Сафарали Сангов, маълумотларга кўра, ўтган йил март ойида пойтахтнинг Сино туман ички ишлар бўлими ходимлари томонидан калтаклаб ўлдирилган.
Халқаро Амнистия президент Имомали Раҳмонни мамлакат ҳибсхона ва қамоқхоналарида терговчилар томонидан жисмоний ва руҳий қийноққа солинган Ўринбой Усмонов, Илҳом Исмонов, Асад Шукуруллоев, Аҳмад Саъдиев, Баҳромиддин Шодиев, Хуршед Бобокалонов, Фарҳод Дадабоев ва Масолеҳ Солиев сингари ўнлаб фуқаро тақдирига бефарқ бўлмасликка чақирган.
Халқаро Амнистия ташкилотининг янги баёноти тожик жамиятида республика қамоқхоналарининг биридан жасади чиққан 27 ёшли Ҳамза Икромовнинг тақдири атрофида баҳслар қизиётган бир пайтда ёйинланди.
Эслатсак, сентябрь ойи ўрталарида Душанбе шаҳридаги 1-қамоқхонада маҳкум Ҳамза Икромов нобуд бўлган эди. Яқинлари унинг қийноқлардан жон берганини иддао қилган. Бироқ Тожикистон Адлия вазирлиги масъуллари “маҳкум ўзини осиб қўйган” деган расмий хулоса берганди. Айни кезда марҳумнинг яқинлари унинг баданидаги қийноқ излари акс этган фотосуратларни жамоатчиликка ошкор қилишда давом этаётирлар.
Fikr bildirish