Тожикистон: судьяга кислота сочган қария саккиз йилга кесилди
Шу йилнинг ёзида Исфара шаҳар суди судьяси Абдуҳамид Давроновнинг юзига кислота сепиб юборган 80 ёшли Зайнулобиддин Жўраев Тожикистон Жиноят кодексининг “судьяга нисбатан зўравонлик” ва “оғир жисмоний зарар етказганлик”да айбдор деб топилди.
Саккиз йилга озодликдан маҳрум қилинган Жўраевнинг адвокати Файзинисо Воҳидова сўзларига кўра, унинг мижози суд ҳукмидан рози, зеро у бу жиноятга олдиндан ҳозирлик кўрган экан.
“Мен тўққиз йил адолатли суд учун курашдим, аммо мақсадимга эришолмадим. Шу сабабли судьянинг афтига кислота сепишга қарор қилдим. Биламан, бу жароҳатнинг дарди оғир, аммо судьялар ўзларининг адолатсиз ҳукмлари халққа қанчалик мусибат келтираётганини билиб қўйишсин”, деган Зайнулобиддин Жўраев 6 октябр куни Шаҳристон туман судида якунига етган маҳкама жараёнида.
Адвокат хонимнинг “Жараён”га маълум қилишича, Жўраев 2003 йилдан буён Сўғд вилоятининг Исфара шаҳар судида ўзига тегишли мулк ва ерга эга чиқиш учун курашиб келган. Айтилишича, тўққиз йил аввал Жўраев фойдасига ҳал бўлган иш жорий йил бекор қилинган. Отахоннинг шаҳар судига қайта-қайта мурожаатлари инобатга олинмаган ва иш муқобил тараф фойдасига ҳал бўлган.
“Шундан сўнг ҳимоямдаги Зайнулобиддин Жўраев судья Давроновнинг иш кабинетига кириб борган ва унинг юзига кислота сепиб юборган. Натижада судьянинг юзи ва чап кўзи, баданининг айрим қисмлари куйган. Албатта, мен бундай хатти-ҳаракатни кескин қоралайман, лекин айтиш жоизки, халқнинг сабр косаси тўлган. Ҳимоямдаги Жўраев ҳам “бугун мамлакатда адолат учун курашишнинг ягона йўли шу”, деган хулосага келган бўлиши мумкин. Менимча, бу даҳшатли ҳодиса суд тизимининг бошқа вакилларига ибрат бўлиши лозим, зеро аҳолининг ҳуқуқий саводи ўтган йигирма йил ичида анча ошган. Аксарият жабрланувчилар ана шундай йўллар билан ўз ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоялашга уринади”, деди адвокат Файзинисо Воҳидова.
Адолатсиз ҳукм чиқарган судьянинг юзига кислота сепиш билан боғлиқ ҳодиса Тожикистонда илк маротаба қайдга олинмоқда.
Адвокат Воҳидова ўз мижози Жўраевга нисбатан Шаҳристон туман суди белгилаган жазони енгиллаштириши учун қўлидан келган барча ишни амалга оширишини қўшимча қилди.
Fikr bildirish