Қирғизистонда Ҳажолди эмловидан бир аёл нобуд бўлди
Ҳаж сафари олдидан эмланган ўшлик 66 ёшли Ҳабибахон Пирдавсханова беш кун иситма билан ётганидан кейин ҳаётдан кўз юмди. Аянинг турмуш ўртоғи Султонхон Пирдавсханов эса ҳалигача касалхонада даволанмоқда.
Ўш шаҳри яқинидаги Жийдалик маҳалласида истиқомат қилган марҳумнинг фарзандлари сўзларига кўра, бу йил Ҳажга отланган эр-хотин Пирдавсхановлар 22 сентябрь куни Қорасув туман марказий масжидига эмловдан ўтиш учун борган. Эмловдан олдин Ҳабибахон ая ҳамширага қон босими борлигини айтган, бироқ ҳамшира аяга аллергиядан бошқа ҳолатларда эмлаш мумкинлигини маълум қилган, айни пайтда у сафарга отланганларга қайси касалликка қарши эмланганлари ҳақида қоғоз бермаган.
Уйга қайтганларидан кейин эр-хотин ўзларини ёмон ҳис қила бошлаганлар. Уларни кўргани келган шифокорлар қарияларнинг қайси касалликка қарши эмланганини билолмай бошлари қотган, сўнгра иситмага қарши дори бериб кетганлар.
Беш кун иситмалаб ётган Ҳабибахон ая 27 сентябрь куни жон таслим қилган, Султонхон ака эса ўша куни Ўш вилоят клиник касалхонасининг юқумли касалликлар бўлимига ётқизилган.
Воқеадан хабар топган қирғизистонлик ҳуқуқ ҳимоячилари Азиза Абдурасулова ва Иззатилло Раҳматуллаев марҳумнинг яқинларидан кўнгил сўраш учун борган, кейин касалхонадаги Султонхон акани зиёрат қилганлар. Улардан ҳодиса тафсилотларини эшитган ҳуқуқ фаоллари Ўш вилоят прокурори Айбек Самаков ҳузурига бориб, унга воқеани баён қилганлар. Вилоят прокурори мазкур ҳодиса бўйича текширув бошлашга ваъда берган.
Ҳабибахон аянинг яқинлари сафар олдидан эмланган бошқа қариндош ва танишлари бир-икки кун иситмалаганидан кейин соғайиб кетганларини ҳам маълум қилдилар. Ҳажолди эмловидан жабрланганлар орасида қорасувлик, новқатлик ва ўзганликлар ҳам борлиги ҳақида тасдиқланмаган маълумотлар бўлишига қарамасдан, марҳум Ҳабибахон ая билан боғлиқ ҳодиса эмловдан киши нобуд бўлишига оид қайд қилинган ягона ҳолатдир. Лекин, ўшлик ҳуқуқ ҳимоячилари фикрича, шу бир ҳолатнинг ўзи ҳам мазкур ҳодиса юзасидан текширув бошлаш учун кифоядир.
Маълумотларга кўра, Ҳажга отланган қирғизистонликлар мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги ва Мусулмонлар диний бошқармаси ўртасидаги келишувга мувофиқ эмланаётган эди. Бироқ улар қайси касалликка қарши эмланган, Ҳажга отланган кишиларга берилган дорининг таркибида қандай моддалар бўлган – бу ҳақда ҳозирча маълумот олишнинг имкони бўлмади, чунки Қирғизистон муфтиёти эмлов учун масъул деб кўрсатган шахс кун бўйи телефонини кўтармади.
Айни пайтда эр-хотин Пирдавсхановларга сафарда раҳбарлик қилиши лозим бўлган қорасувлик ҳожибоши Суюн ҳожи шу кунда Саудия Арабистонига кетгани учун у кишидан ҳам бу хусусда изоҳ олишнинг имкони бўлмади.
Fikr bildirish