Тожик талабаларига халқаро ташкилотларнинг таълимий тадбирларида қатнашиш таъқиқланди
Бу ҳақдаги қарорни Тожикистон Таълим вазирининг биринчи ўринбосари Фарҳод Раҳимов имзолади.
Вазирликнинг маҳаллий ахборот воситаларида ёйинланган янги қарорида “халқаро ташкилотларнинг студентлар иштирокида ўтказаётган турли хилдаги таълимий конфренция, семинар ва йиғинлари Тожикистон Республикаси қонунларига хилоф” экани таъкидланади.
Шуни назарга олган ҳолда, Таълим вазирлиги республика барча Олий ўқув юртлари масъулларига талабаларнинг шу хилдаги тадбирлардаги иштирокини қаттиқ назорат қилишни топширди.
Маълум бўлишича, вазирликнинг тугаб бораётган ҳафтада қабул қилган сўнгги қарори республика олийгоҳларига етказилган ва 17 октябрдан эътиборан бу ҳужжат кучга кирган.
Ўз навбатида, бу ташаббус Тожикистонда фаолият қилиб турган ва ўқув дастурларига оид лойиҳалари билан тожик ёшлари орасида эътибор қозонган халқаро ва нодавлат ташкилотлари норозилигига сабаб бўлмоқда.
“Бу қонунчилигимизга зид бўлган ва фуқаролик жамиятининг аҳоли саводхонлигига оид дастурлари учун тўғаноқ бўладиган хато бир қарордир. Зеро, мамлакатдаги жамоатчилик ташкилотларининг барча таълимий тадбирлари, лойиҳалари айнан халқаро ташкилотлар ажратаётган молиявий ва техник ёрдамлар эвазига амалга оширилмоқда”, -дейди «Жараён»га нодавлат ташкилотларидан бирининг исми ошкор этилмаслигини сўраган вакили.
Мустақил таҳлилчилар мулоҳазасича, Тожикистон Таълим вазирлиги ҳар гал ўзининг ғайриоддий қарорлари билан аҳоли, хусусан, ёшлар таълим тарбиясини савол остига қўйиб келган.
Эслатсак, Тожикистон мактабларида Таълим вазирлигининг қарорига мувофиқ 2011 ва 2012 ўқув йилида “Ислом маърифати” дарслари олиб ташланганди. Ўтган йили январ ойида қабул қилинган қарорни вазирлик расмийлари “бу фан замонавий жамият талабларига мос келмаслиги” билан изоҳлаган эдилар.
Fikr bildirish