“Голос” ассоциациясига академик Сахаров мукофоти берилади
Норвегия Хельсинки қўмитаси Россиядаги сайлов мониторинги билан шуғулланадиган “Голос” ноҳукумат ташкилотини “демократик қадриятлар ташвиқоти” учун академик Сахаров номидаги мукофотга лойиқ топди.
Шу йилнинг 23 октябрь куни Ослода Россиянинг “Голос” ассоциациясига академик Андрей Сахаров номидаги мукофотни топшириш маросими бўлиб ўтади.
“Мукофот ташкилотнинг Россияда эркин ва адолатли сайловлар ўтказиш орқали демократик қадриятларни олға суриш йўлидаги улкан хизматлари учун берилади”, дея билдирди Норвегия Хельсинки қўмитасининг бош котиби Бьорн Энгесланд.
“Голос” ассоциацияси Россиянинг барча ҳудудларида сайлов мониторингини олиб бораётган ҳамда мамлакатнинг 48 та минтақасида ўз бўлимларига эга бўлган ягона мустақил ташкилот бўлиб ҳисобланади.
“Голос”нинг Россияда фаолият олиб бораётганига ўн йилдан ошди. Бироқ ташкилот 2011 йил декабрида ўтказилган Дума сайловлари ва шу йилнинг март ойида ўтказилган президентлик сайловларидан кейин машҳур бўлиб кетди.
Ўша пайтда “Голос”нинг сайлов кампанияси чоғида ва овоз бериш кунида содир этилган оммавий қонунбузарликлар тўғрисидаги маълумотлари кўпчиликнинг диққат марказида бўлган.
“Шундан сўнг ассоциация мухолифлари томонидан қатор провокациялар уюштирилди, улар ташкилотни ғарб ҳукуматлари ва махсус хизматлари билан ҳамкорликда айблай бошладилар”, дейилади Норвегия Хельсинки қўмитаси баёнотида.
“Голос” бир неча минг рубллик жаримага тортилган.
“Шу кунда ассоциация мажбуран ёпилиш арафасида турибди, Россиянинг ноҳукумат ташкилотлари тўғрисидаги янги қонунлари билан жорий этилган қасдли чекловлар эътиборга олинадиган бўлса, ташкилотнинг келажаги мавҳум бўлиб қолмоқда”, дейилади Норвегия Хельсинки қўмитаси баёнотида.
“Голос” Норвегия Хельсинки қўмитасининг Россиядаги ҳамкорларидан бири бўлиб ҳисобланади.
Андрей Сахаров номидаги мукофот Норвегия Хельсинки қўмитаси томонидан 1980 йили таъсис этилган. У ўз қарашлари учун қамоққа ташланган ёки таъқиб қилинаётган кишиларни қўллашга қаратилгандир.
Аввалроқ бу мукофот Сергей Ковалев, Евгений Жовтис, Светлана Ганнушкина ва Алеся Беляцкая каби ҳуқуқ ҳимоячилари ҳамда Чехословакиянинг “Хартия-77” гуруҳига топширилганди.
Fikr bildirish