Каримов режимига қарши курашган шаҳидларни Аллоҳ ўз жаннатига дохил қилсин

Ўзбекистон Ислом Каримовнинг мустабид сиёсий тузуми даврида халқ Қурбон Ҳайитини навбатдаги марта байрам қилмоқда.

Ҳокимият тепасига келгач, бошдан-бош ўз бошқарувини зулм асосида ташкил қилишни режалаштирган бу шахс халқ фарзандлари муқаррар қурбон қилинажагини билгани, бу жиноятларни одамлар нигоҳи ва тафаккуридан узоқлаштириш учун 2001 йили “XIX аср 60-йилларидан бошлаб 1991 йил, Мустақиллик кунига қадар ўзбек халқига нисбатан олиб борилган қатағонлар қурбонлари хотирасини абадийлаштириш” “мақсадида” мемориал (ёдгорлик) ташкил этиш фармонига имзо чекди ва мемориални 2002 йил 31 август куни очиб берди.

Ислом Каримов даврида, мемориал очилгунга қадар, яъни 1991 йилдан 2002 йил 31 августигача Ўзбекистонда минглаб бегуноҳ одамлар ўлдирилди, ўн минглаби эса қамоқларга ташланди. Аслида Чор Россияси ва коммунистик тузумнинг ўзбек халқига нисбатан ўтказган қатағонларини қоралаш илгари унинг хаёлига ҳам келган эмас, чунки шу қатағонларда маълум муддат унинг ўзи ҳам қатнашган эди.

Нега у 2001 йилга келиб ўтмиш қатағонларини эслаб қолди? Тошкентда содир этилган 1999 йил портлашлари бир томондан ўзи учун “самарали” бўлган бўлса, яъни портлашларни ўзи уюштириши ва уни мусулмонларга ҳамда “Эрк” партияси раҳбариятига ағдариши маълум маънода унинг ҳокимиятини “мустаҳкамлаган” бўлса, иккинчи томондан, мамлакатда бу воқеаларнинг асл моҳиятини тушунадиган одамлар кам эмас эди.

Ўша пайтларда мен одамлардан: “Бу мемориал ҳали Каримов қурбонлари учун дея аталади” деб айтганларини эшитганман.  Моҳият оммага ўтиб кетмаслик учун у ҳар қандай мустабид раҳбар қиладиган, яъни ўз жиноятларини бошқаларга ёки ўтмишга ағдариш ишини қилди.

И.Каримов тузумининг барча қурбонларини санаб чиқишнинг иложи йўқ – улар, ҳатто ўлдирилганлар, ҳаддан ортиқ кўп. Ўлдирилганлар орасида Бўка, Паркент, Наманган, Қўқон, Денов, Тошкентдаги Талабалар шаҳарчаси ва Андижонда шаҳид бўлганлар бор. Улар орасида 1999 йил февралида Тошкентда, 2000 йил Сурхандарёнинг Сариосиё ва Узун туманларида, 2004 йил март ва июль ойларида Тошкент шаҳри ва Бухоро вилоятида, қамоқхоналар, армия казармалари, тергов изоляторлари ва милиция участкаларида ўлдирилганлар оз эмас. И.Каримов тузуми жаллодлари қўлидан энг кўп қурбон бўлганлар сўзсиз ёш мусулмон йигитлардир. Бу йигитлар қалбининг беғуборлиги билан бетакрор эдилар.

Қурбон Ҳайити арафасида биз И.Каримов тузуми томонидан ўлдирилган ҳар бир инсонни Аллоҳ раҳмат қилсин, уларни Ўз жаннатига доҳил қилсин, деб дуо қиламиз.

Мен ушбу мақолада ўзим яхши билганларим ва узоқдан таниганларим, яъни “Бирлик” халқ ҳаракати, “Эрк” демократик партияси, Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти (ЎИҲЖ) ҳамда бошқа ташкилот ва соҳаларнинг И.Каримов тузуми томонидан ўлдирилган вакилларини эсламоқчиман. Мўътабар Отабобоева, Жўрахон Азимов, Шавриқ Рўзимуродов, Эмин Усмон, Фуад Рустамхўжаев, Турсинбой Ўтамуратовлар мустабид тузум томонидан бевосита ёки билвосита ўлдирилдилар

Мўътабар Отабобоева 30 йилдан ортиқ стажга эга жиззахлик адвокат эди. Унда кўпчилик ҳозирги замон адвокатларда кузатилмайдиган хислат – қатъийлик, адолат учун астойдил курашиш ва ўз манфаатини ҳеч қачон олдинги ўринга қўймаслик хислати бор эди. Шунинг учун режимга елиб-югуриб хизмат қиладиган прокурорлар, судьялар, милиция ва ҳокимият мулозимлари орасида унга очиқдан-очиқ душман назари билан қарайдиганлар беҳисоб эди. Эрининг автоҳалокатда ўлганлигини билган одамлар унинг уюштирилганини гапиришади.

1996 йилда ҳукумат суд орқали безбетларча Мўътабарнинг уйини тортиб олди, у қизи ва икки невараси билан кўчада қолди. Мўътабар маҳалла бошлиқларининг рухсати билан маҳалласидаги харобага айланган, ҳеч ким яшамайдиган, эгасиз бир коттежга кириб яшай бошлади. Уйни ўзлари таъмирлашди. Бироқ ҳукумат одамлари қаланғи-қасанғи бир одамга “Бу уй менга тегишли, менга олиб беринглар” қабилида ариза ёздириб, суднинг қарорини чиқартириб, қишнинг совуқ кунида, кечаси, ёмғир ёғиб турган пайтда кўчага ҳайдашди. Ҳайдашга милиция ходимлари, суд раиси ва ижрочилари 6 енгил машинада келишган ҳамда негадир ўт ўчириш машинасида ўт ўчирувчиларини ҳам олиб келишган. Шундай қилиб, разил мулозимлар Мўътабарнинг тинкасини қуритишди ва у 2001 йил 23 декабрида вафот этди.

“Бирлик” халқ ҳаракатининг Андижон вилояти бўлимининг раиси Жўрахон Азимовни ҳукумат диний экстремизмда айблаб, “Жаслиқ” қамоқхонасига қамади. Жўрахон бу қамоқхонада даҳшатли қийноқлар туфайли ўлим топди. Унинг жасади юкланган машинани икки машинада милиция ходимлари “Жаслиқ”дан уйигача кузатиб келишган. Жасадини кўрган одамлар Жўрахоннинг танасида соғ жой қолмаганини гапириб беришди.

Шавриқ Рўзимуродовни мен жуда яқиндан билар эдим, унинг уйида кўп марта бўлганман. У каратэ бўйича юқори даражали рейтингга эга эди. Унинг реакциясини кўрган одамлар ҳайратга тушар эди. Гарчи у ташқаридан важоҳатли кўринса-да, асли жуда самимий йигит эди, ўзига хос самимий кулиши бор эди. У сўкинган, айниқса онани сўккан одамни жазоламасдан қўймас эди. 2001 йили И.Каримов Зокир Алматовни махсус топшириқ билан вазиятни ўрганиш учун Қашқадарёга юборади. З.Алматов қайтгач, И.Каримовга сафар натижаларини гапириб беради ва Шавриқни тилга олади.

Шу суҳбат Шавриқнинг тақдирини ҳал қилади. Уни июнь ойининг ўн бешида қамоққа олишади. Ҳукумат доираларида ишлаган бир одамнинг гапига қараганда, уни жуда катта лавозимли шахс олдига қўлига кишан солинган ҳолда олиб киришади. У шахснинг биринчи айтган гапи “онангни…”дан бошланган.  Шу онда Шавриқ унга шерларча ташланган. Унинг оёғи қўлидан яхши ишлар эди. Бироқ кўпсонли қўриқчилар унинг олдини тўсишган ва ўша жойда уриб ўлдиришган.

Турсинбой Ўтамуратов ЎИҲЖ аъзолари орасида энг зуккоси, энг қўрқмаси ва энг чидамлиси эди, деб мен ҳеч иккиланмасдан айтишим мумкин. Олий маълумотли агроном ўзининг билими ва ишчанлиги билан раҳбарлар эътиборига тушгач, у 90- йиллар бошида Амударё тумани ҳокимиятида ишлай бошлади. У мавжуд ҳокимиятнинг очкўзлиги, ноинсофлиги ва найрангларини ўша кезларда билди. Фермерларга ер тарқатиш комиссиясининг раиси сифатида туман прокурори Г.Бобожонова тумандаги энг яхши ерларни ўзи ва қариндош-уруғи билан ўзлаштираётганига кескин исён қилди, очиқ гапирди.

Тез орада прокурор унинг устидан жиноий иш қўзғатиб, Турсинбойни 3,5 йилга озодликдан маҳрум қилди. 2001 йилда у Тошкентга келиб, ЎИҲЖга аъзо бўлди ва унинг Қорақалпоғистон Республикаси бўлимини тузди. Мавжуд ҳукумат уни 4 марта қамади, бешинчи марта жиноий иш қўзғатилганда, у ватанни тарк этди. Унинг 1996 йилдан кейинги ҳаёти тинимсиз курашларда кечди. Чамаси, бу курашлар унинг ҳаётий кучларини сўндирди ва у узоқ АҚШда оламдан ўтди ва шу тупроққа қўйилди.

Мақоланинг сўнгида мен И.Каримовнинг 2002 йил 31 августда қатағон қилинган одамлар хотирасига қурилган мемориални очишда сўзлаган нутқидан бир парча келтирмоқчиман.

Мана у: “Ўлдирилган одамлар хотираси муқаддасдир. Ҳозирги ёруғ кунларни орзу қилган, олижаноб мақсадлар йўлида ўзларининг ҳаётларини ҳам қурбон қилган қатағонлар қурбонлари хотирасини улуғлаш бизнинг ўй-хаёлларимизни юксак қилади, қалбимизни поклайди. Мамлакат фуқаролари, айниқса ёш авлодни адолат ва мустақиллик тантанаси учун курашган қаҳрамон ота-боболаримиз хотирасини ҳурмат қилиш руҳида тарбиялаш зарурдир”.

Қанчалик ёлғон ва разил гаплар! У ўзининг тузуми ўлдирган одамларни тилга олмайди. Уларни у ва малайлари “террористлар” деб атаган ва атаб келишмоқда. Худди рус босқинчилари-большевиклар миллий озодлик курашини олиб борган одамларни “босмачилар” деб атагандек.

Худди аҳолини илм ва маърифат йўлига бошлаган жадидчиларга “пантуркчилар” дея ҳақоратомуз маъно бергандек. Бироқ ҳамма ўтган-кетганга, ким ҳақиқатан халқ манфаати, истиқболи ва эркинлиги йўлида қурбон бўлганга ҳам, ким ўз салтанатини сақлаб қолиш йўлида мисли кўрилмаган разилликларга қўл урганларга ҳам тарих ўз баҳосини беражак.

Толиб Ёқубов

ЎИҲХЖ фахрий президенти

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.