Дилором Исҳоқова: Аъзам Турғуновнинг шикоятлари ўз манзилига етмаяпти!

Тўрт йилдан буён Ўзбекистон қамоқхоналарида жазо муддатини ўтаётган ҳуқуқ фаоли Аъзам Турғунов ўз ҳуқуқ ва эркинликлари топталаётганидан шикоят қилмоқда. 

Бу ҳақда “Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти раҳбари Мўътабар Тожибоевага Турғуновнинг ҳимояси учун у қамоққа олинган кунидан буён тинимсиз кураш олиб бораётган унинг сафдоши, таниқли ҳуқуқ фаоли, мухолифат намояндаси Дилором Исҳоқова маълум қилди.

Сиёсий маҳкумлар озодлиги учун Мўътабар Тожибоева томонидан ташкиллаштирилган Париждаги норозилик акциясида

Ҳуқуқ ҳимоячиси ҳеч қандай жиноят содир этмагани ҳолда ўзининг қамоқхонада ноқонуний тарзда ушлаб турилгани, ўз иши назоратга олиниши ва қайта кўриб чиқилишини талаб қилиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили – Омбудсманга, Республика Бош прокуратурасига, Республика Олий судига йўллаётган шикоят аризалари муассасадан чиқарилмаётганидан норози бўлмоқда.

“Унинг шикоят аризалари муассасадан чиқарилмаётганининг сабабларидан бири Аъзам Турғунов ҳукуматнинг қора рўйхатида турганлигидадир. Бундай қора рўйхат қамоқхоналарда ҳам мавжуд бўлиб, унга асосан сиёсий ва диний эътиқоди учун қамалган маҳкумлар киритилади. Қора рўйхатдаги маҳкумларнинг ҳар қандай ёзишмалари (ҳатто оила аъзолари билан ёзишмалари ҳам) ва шикоятномалари нафақат қамоқхона маъмурлари, балки махсус хизматларнинг қамоқхонага бириктирилган вакиллари томонидан ҳам ўрганиб чиқилади”, – дейди Мўътабар Тожибоева.

“Ўтюраклар клуби” раҳбари фикрича, шикоятномалари эътиборсиз қолдирилаётган Аъзам Турғунов Ўзбекистонда қонунчиликка риоя этилишини, инсон ҳуқуқлари таъминланишини ўз зиммасига олган масъул мулозимлар учун иҳоталанган бир маҳкум, холос.

Тожибоеванинг сўзларига кўра, улар Аъзам Турғуновнинг шикоятларига жавоб беришни ҳам ўзларига эп кўришмаяпти.

“БМТнинг Ўзбекистонга бағишланган йиғилишида мамлакатда инсон ҳуқуқлари масалаларига жиддий ёндошилаётгани ҳақида оғиз кўпиртирадиган расмий Тошкент вакиллари қийноқ ва адолатсиз судловлар қурбонларига, таъқиб остида фаолият юритаётган ва қамоққа ташланган ҳуқуқ ҳимоячиларига тегишли индивидуал шикоятлар бўйича БМТнинг ишчи гуруҳлари томонидан ўзбек расмийларига берилган тавсия-топшириқларни бажариш ўрнига БМТ билан ҳамкорлик қилганлиги учунгина ҳуқуқлари олдингидан-да баттар топталаётган инсонлар тақдири ҳақида лом-мим дейишмайди”, – дейди Мўътабар Тожибоева.

Аъзам Турғуновнинг ишини ўрганиб чиқиб, “ҳуқуқ фаолининг судланиши ва қамалиши халқаро ҳуқуқ меъёрларига мутлақо зид бўлган” дея қарорга келган БМТнинг асоссиз ҳибсга олишлар бўйича ишчи гуруҳи (The United Nations Working Group on Arbitrary Detention) бу борадаги биринчи сўровини Ўзбекистон ҳукуматига 2011 йилнинг 3 февралида жўнатганди.

Иккинчи сўров эса ўтган йилнинг 12 сентябрида жўнатилган. Бироқ ўзбек расмийлари БМТ ишчи гуруҳининг Аъзам Турғунов иши бўйича 54 банддан иборат хулосасида акс этмиш қонунбузарликларни бартараф этиш у ёқда турсин, ҳуқуқ фаолининг ҳукумат идораларига ёзган шикоятларини ҳам эътиборсиз қолдирмоқда.

“Ўтюраклар клуби” раҳбарининг айтишича, Ўзбекистондаги Жазони ижро этиш муассасаларида қонунчиликка риоя этилиши устидан назорат қилувчи махсус прокуратура ҳам фаолият кўрсатади. Мазкур прокуратура вакиллари қамоқхоналарга тез-тез бориб, маҳкумлар билан учрашиб, улар билан суҳбатлар ўтказишлари, қандай муаммолари борлиги ҳақида сўраб-суриштиришлари зарур. Маҳкумлар билан бу каби суҳбатларни уюштириш Омбудсман вакилларининг ҳам бевосита вазифаси бўлиб ҳисобланади.

“Лекин Омбудсман вакиллари қамоқхоналарга ташриф буюриб, маҳкумлар билан суҳбатлар уюштирганларига қамоқда бўлган пайтимда умуман гувоҳ бўлмаганман. Ўзимнинг Сайёра Рашидова номига аёллар қамоқхонасига келиб, мен билан учрашиб, қамоқхонада менга нисбатан қўлланилаётган қийноқларга чек қўйишда кўмак беришини сўраб ёзган юздан ортиқ шикоят аризамни бирортасига жавоб ололмаганман, аксинча, менга нисбатан қийноқлар кучайтирилган, холос”, – дейди ҳуқуқ фаоли.

Мўътабар Тожибоеванинг айтишича, Ўзбекистонда маҳкумларнинг ҳуқуқларини таъминлаш бўйича Жиноят-ижроия кодексига маҳкумларнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил билан ёзишмалари цензурадан ўтказилмаслиги тўғрисидаги модда киритилган бўлишига қарамасдан, қамоқхона маъмурлари жазо муассасаларидаги шикоятлар ташланадиган почта қутисини очиб, маҳкумлар томонидан ёзилган ҳар бир шикоятни цензурадан ўтказадилар.

Агар бирор маҳкум тегишли ташкилотларга қамоқхонада ўз ҳуқуқлари бузилаётгани ёки бошқа муаммолар ҳақида шикоят хати ёзган бўлса, уни жазо изоляторига қамашлари ва унга нисбатан босимни кучайтиришлари аниқ.

“Мен ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилотлар Ўзбекистон Омбудсмани ва Жазони ижро этиш муассасаларида қонунчиликка риоя этилишини назорат қилувчи махсус прокурордан Аъзам Турғунов билан учрашишни, унинг шикоят аризалари цензура қилинаётгани ва қамоқхонанинг ўзида йўқотилаётганига оид масалани ўрганиб, бу қилмишларни содир этаётган қамоқхона масъулларига қонуний чора кўриш масаласини ҳал қилишда кўмак беришини талаб қилиб чиқишлари лозим, деб ҳисоблайман”, дейди Мўътабар Тожибоева.

“Мазлум” инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари ва мухолифатчи Аъзам Турғунов 2008 йил июлида қорақалпоғистонлик бир фуқародан катта миқдорда пора талаб қилганликда гумонланиб, ҳибсга олинган эди.

У ўша йилнинг 23 октябрида Амударё туман суди қарори билан 10 йилга озодликдан маҳрум қилинган. 11 декабрда эса Қорақалпоғистон Олий суди биринчи инстанция судининг Турғуновга нисбатан чиқарилган қарорини ўзгаришсиз қолдирган.

Аъзам Турғунов жазо муддатини Қаршидаги УЯ 64/49 сонли жазони ижро этиш муассасасида ўтамоқда.

Унинг ҳамкасблари ва маслакдошлари ҳуқуқ фаолига нисбатан чиқарилган ҳукмни сиёсий буюртма ўлароқ баҳолаб келадилар.

 

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.