Толиб Ёқубов: Оббо, Ўзбекистон одил суди-ей!..

Буюк рус шоири Александр Сергеевич Пушкин ўзининг “Евгений Онегин” поэмасини ёзиб тугатгач, уни яна қайтадан ўқиб чиқибди. Поэма унга шунчалик ёқибдики, у қўли билан сонига шапати тортиб: “Оббо, Пушкин-ей! Оббо, қанжиқнинг боласи-ей!” [Ай да, Пушкин! Ай да, сукин сын!] деб юборган экан.

А.С.Пушкиннинг бу машҳур хитоби қилган иши ёки ёзган асари ўзига бениҳоя ёққан одамнинг тўлқинланиб, ўзига берган баҳоси ўлароқ тарихда сақланиб қолган. Мазкур хитобни кўпчилик бошқа бир одамнинг бениҳоя мараз иши ёки асарига ўзининг берган “юксак”, бироқ ўта салбий баҳоси сифатида ишлатишади.

Муҳтарам ўқувчи диққати ва ҳукмига ҳавола этилаётган ушбу мақоламда “одил суд” деяётганимда мен нафақат суд системасини, балки прокуратура, милиция, МХХ ва жиноий, фуқаровий, хўжалик ҳамда маъмурий қонунбузарлик ишларини қўзғатиш ҳуқуқи берилган бошқа органларни ҳам назарда тутаётирман.

Мен ҳозирги Ўзбекистондаги одил судни тўғридан-тўғри 1989 йилда ҳокимиятга келган ҳукмдорларнинг “боласи” деб, яъни айнан шулар мавжуд одил судни дунёга келтиришган, деб ҳисоблайман.

Ҳозирги ҳукумат Ислом Каримов ҳокимият тепасига келган 1989 йилдан кейин ҳам, то 1995 йилнинг 1 апрелигача собиқ СССРнинг кодекслари бўйича одил судни амалга оширган. СССР одил суди эса тоталитар давлатнинг одил суди бўлиб, у миллионлаб одамларнинг бошини еган.

Совет кодексларида мазкур сиёсий тузумларга мухолиф кайфиятда бўлган ҳар қандай инсонга “аксилинқилобчи” [контрреволюционный] шахс деб қаралган, ҳар қандай мухолиф фикр инкор қилинган, яъни давлат Конституцияси ва қонунлари, шу жумладан, кодекслар репрессия (қатағон) руҳида ёзилган ва амалга киритилган.

90-йилларнинг бошида янги ҳукумат мамлакатнинг янги юридик ҳужжатларини, жумладан, турли кодексларни ярата бошлади. Махсус комиссия тузилиб, у адлия вазири Муҳаммадбобур Маликов раҳбарлигида иш бошлади.

Ўзбекистон кодекслари қандай яратилган?

Шу комиссия аъзоси, адвокат, Тошкент шаҳридаги адвокатуралар бирининг мудири Сергей Егошинни мен яхши танир эдим. Мустақил Ўзбекистоннинг одил суд соҳасидаги янги юридик ҳужжатларини яратишда, унинг айтишича, асос қилиб Россия Федерацияси кодекслари ва бошқа ҳужжатлари олинган ва дастлаб рус тилида тайёрланиб, кейин ўзбек тилига таржима қилинган.

Ўзбекистоннинг турли кодекслари [Жиноят кодекси (ЖК), Жиноят-процессуал кодекси (ЖПК), Жиноят-ижроия кодекси (ЖИК) ва б.] 1994 йил сентябрида қабул қилинган ва 1995 йил 1 апрелида кучга кирган. С.Егошиннинг айтишича, президент комиссия аъзоларини шоширган, натижада ўзбек тилига қилинган таржимада кўп хатоларга йўл қўйилган. Шулардан бирига мен қисқача тўхталаман.

ЖКнинг 1994 йилда нашрдан чиққан вариантида 141-моддаси (Фуқароларнинг тенг ҳуқуқлилигини бузиш)нинг 1-қисми ушбу кўринишда эди: “Жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ёки ижтимоий МАВҚЕИДАН ҚАТЪИЙ НАЗАР, фуқароларнинг ҳуқуқларини бевосита ёки билвосита бузиш ёки чеклаш ёхуд фуқароларга бевосита ёки билвосита афзалликлар бериш”. [кейин жазо келтирилади].

Шу модданинг (Нарушение равноправия граждан) ана шу қисми русча варианти эса ушбу кўринишга эга эди: “Прямое или косвенное нарушение или ограничение прав, или установление прямых или косвенных преимуществ граждан В ЗАВИСИМОСТИ от их пола, расы, национальности, языка, религии, социального происхождения, убеждений, личного или общественного положения”.

Кўриниб турибдики, икки тилдаги вариантлар диспозициялари бир-бирига 180 градус зид (қарама-қарши)! 1997 йили менга хоразмлик аъзоларимиз иккита ҳукм олиб келишди. Мазкур ҳукмларда уч одамга битта 141-модда билан айб қўйилиб, қамоқ жазоси берилган экан. Уларни ўқиётиб, мен тасодифан шу модданинг ўзбекча ва русча вариантларини ўқидим ва зиддиятни кўриб ҳайратландим, қайта-қайта ўқидим: бир модда икки тилда бир-бирига тамоман қарама-қарши маънода ифода этилган!

Шу модда билан ҳукумат одамларни қамаётган экан! Бу вариантларнинг қайси бири тўғри, иккинчиси нотўғри бўлишидан қатъий назар, қамалган одамлар дарҳол озодликка чиқарилиши керак. Мен Бош прокурорга мурожаат қилиб, учта хоразмликни дарҳол озодликка чиқаришни талаб қилдим. Жавоб бўлмади, маҳбуслар озод қилинмади.

Мен икки марта инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси вакили (Омбудсмани) Сайёра Рашидова қабулига бордим, қабул қилмади. Шу масалада мен “Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари миллий маркази”нинг директори, ҳуқуқшунослик фанлари доктори Акмал Саидовга учрашдим. А.Саидов ўз кабинетида, менинг олдимда шкафдан ЖКни олди ва 141-модданинг икки тилдаги вариантларини ўқиб чиқди ва у ҳам ҳайратга тушди. Хуллас, ЖК 2001 йил 18 октябрида қайта нашр қилинди. Кейинги нашрда 141-модданинг 1-қисмининг диспозицияси тузатилди ва у ушбу кўринишда баён этилди:

“Жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ёки ижтимоий МАВҚЕИГА ҚАРАБ, фуқароларнинг ҳуқуқларини бевосита ёки билвосита бузиш ёки чеклаш ёхуд фуқароларга бевосита ёки билвосита афзалликлар бериш”. [Олдингиси билан солиштириб кўринг]. Бироқ 1995 йил 1 апрелдан 2001 йил 18 октябрга қадар Ўзбекистон одил суди қанча инсонни 141-модда билан қамаб улгурди – бизга маълум эмас.

Ўзбекистон кодексларининг ҳозирги аҳволи қандай?

Инсон тақдири инсон ҳуқуқларини давлат томонидан бузилиши билан чамбарчас боғлиқдир. Бу эса қонунларнинг, хусусан, кодексларнинг сифати ва софлиги ҳамда давлат мулозимларининг ўз ишига муносабати ва масъулияти билан ўлчанади. ЖКдаги 141-моддани тузатиб, ҳукумат кодексларни мукаммал кўринишга келтирдими? Асло! Ҳали ҳам барча кодексларда ва, ҳатто, Конституцияда хатолар, инсон ҳуқуқларини поймол қиладиган жиҳатлар тиқилиб ётибди. Улар орасида репрессив, одил судни одиллик ва адолатдан узоқлаштирувчи, одил судни фақат жазолаш маҳкамасига айлантирувчи моддалар етарлича. Вақти келганда мен ЖКнинг 151, 159, 216 (ва б.), ЖПКнинг 49-(ва б.) моддалари ҳақида ўз фикримни билдираман. Ушбу мақоладан эса менинг мақсадим 2006 ва 2007 йилларда ўтган икки суд ҳукми мисолида ҳозирги замон ўзбек одил суди “қанжиқнинг боласи” эканлигини намойиш этишдир.

Мен олдинги “ЎИҲЖни ким қандай топиб келган?” номли мақоламда ташкилотимизнинг Сирдарё вилояти бўлими раиси, менинг куёвим Аъзам Фармонов ва шу вилоятдаги Мирзаобод тумани бўлими раиси Алишер Караматовнинг қамалиши ҳақида қисқа тўхталган эдим. Ушбу мақоламда шу икки ҳуқуқбонга нисбатан ўқилган суд ҳукми ва ж/и.нинг баъзи ҳужжатларига ҳам муҳтарам ўқувчининг диққатини қаратмоқчиман.

Масала равшан тушунилиши учун мен аввал баъзи тушунчаларга ойдинлик киритиб ўтишим керак.

1)     “Ушлаб туриш” (русча: задержание) қандай процессуал ҳаракат?

2)    “Нақд ушлаш” нима? 

3)    Жиноят [мас., товламачилик билан пул олиш] содир этилаётган жойда нақд ушланган одам [мас., товламачи] жабрланувчи [товламачига пул берган одам] билан хайрлашиб жиноят жойидан кетиши мумкинми?

Эслатма: Рус тилида “задержание” сўзи икки маънолидир: (а) гумонланувчи шахсни бирор жойда ушлаш; (б) гумонланувчи ушлангач, уни бирор жойда [мас., милиция участкасида] ушлаб туриш. Бироқ ўзбек тилида бу икки ҳолни битта сўз билан ифодалашнинг имкони йўқ.

“Ушлаб туриш”нинг биринчи асосий қисми жиноят содир қилишда гумонланаётган шахсни ушлашдир. Жиноят содир бўлаётганини кўриб турган (ҳатто тасодифан) ҳар қандай инсон ҳам ушлашни амалга ошириши мумкин. Шахснинг жиноят содир қилиши мумкинлиги илгарироқ маълум бўлса, гумонланувчини ушлаш амалиётини ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари ҳам амалга оширишлари мумкин.

Бизнинг 1-саволимизга керакли жавоблар ЎзР ЖПКнинг 220- ва 221-моддаларида батафсил келтирилган. 220-моддада ушлаб туриш [ҳамда ушлаш]нинг мақсади, 221-моддада эса ушлаб туриш [ҳамда ушлаш] учун асослар келтирилган.

Мен ўқувчилар диққатига шу икки моддадаги асосий жиҳатларни келтираман:

220-модда, 1-қисм: Ушлаб туриш [ҳамда ушлаш] жиноят водир этишда гумон қилинаётган шахсни унинг жиноий фаолият билан шуғулланишига барҳам бериш, ҚОЧИБ кетишининг, далилларни яшириш ёки йўқ қилиб юборишнинг олдини олиш мақсадида қисқа муддатга озодликдан маҳрум қилишдир;

221-модда: Жиноят содир этиши гумон қилинган шахс қуйидаги асослар мавжуд бўлганда ушлаб турилиши [ҳамда ушланиши] мумкин:

1-банд: шахс жиноят УСТИДА…қўлга тушса;

4-банд: шахсни жиноят содир этишда гумон қилиш учун асос бўладиган маълумотлар мавжуд бўлиб, у ҚОЧМОҚЧИ бўлса…

Жиноят содир қилишда гумонланувчи шахсни УШЛАШ ва УШЛАБ ТУРИШГА аниқлик киритдик, энди НАҚД УШЛАШ [русчаси: ЗАДЕРЖАНИЕ С ПОЛИЧНЫМ] тушунчасига аниқлик киритамиз. НАҚД УШЛАШ – жиноят содир қилишда гумонланувчи шахсни жиноят содир қилинаётган ПАЙТДА, жиноят содир этилаётган ЖОЙДА ушлашдир. Мен атайлаб “жиноят содир этилаётган ПАЙТ” ва “жиноят содир этилаётган ЖОЙ”га урғу бермоқдаман, чунки бу икки жиҳат НАҚД УШЛАШнинг асосий шартларидир.

Масалан, Аҳмад исмли шахс товламачилик йўли билан Самаддан 1000 доллар олмоқчи бўлаётган бўлса, у ҳолда шу пулни товламачи Аҳмад жабрланувчи Самаддан олаётган, яъни пул қўлдан қўлга берилаётган пайтда Аҳмаднинг ушланиши НАҚД УШЛАНИШ бўлади. Аҳмад Самаддан пул олаётганини КЎРИБ ТУРГАН [бировдан эшитган эмас!] оддий фуқаро ГУВОҲ ҳисобланади.

Аҳмад товламачилик билан Самаддан пул олмоқчи бўлаётгани илгарироқ маълум бўлса, Аҳмадни ушлашни ҳуқуқ-тартибот органи ходимларининг тезкор гуруҳи амалга ошириши мумкин [пойлаш, орқадан тушиш, яъни пистирмада туриш йўли билан]. Ушланган одамнинг хатти-ҳаракатига қараб [қочмоқчи бўлса, қаршилик кўрсатса, жиноят изини йўқ қилишга уринса ва б.], унинг қўлига кишан (наручник) урилиши мумкин. Репрессив мамлакатларда, айниқса Ўзбекистонда ушланган одамнинг қўлига дарҳол кишан уриш одатдаги ҳол.

 

№ 1-110/2006 ж/и.да Аъзам Фармонов ва Алишер Караматовнинг ушланиши ҳақида нима дейилган?

Ушбу ж/и бу икки ҳуқуқбоннинг фермерлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш фаолияти билан чамбарчас боғлиқ. Жиззах вилоятининг Даштобод туманида фермерларга солярка тарқатадиган ёқилғи қуйиш шаҳобчаси (ЁҚШ) бўлиб, унда содир бўлаётган қинғир ишлар фермерларнинг тинкасини қуритган. Икки фермер ёрдам беришни сўраб, ЎИҲЖнинг Сирдарё вилоят бўлимига ариза беришади. Улар ЁҚШнинг экспедитори Ўктам Маматқулов устидан шикоят қилишади.

Аъзам Фармонов нотариат орқали бу икки фермернинг расмий вакили мақомини олади ва ўзи (ишончли вакил сифатида) ҳамда икки фермер номидан Ў.Маматқуловнинг бевосита раҳбари Жиззах вилоят нефть базаси директори М.Саримсоқов номига шикоят тайёрлайди ва уни топширади (13 апрель 2006 й.). Директор дарҳол комиссия тузади ва у 17 апрелда текширув ўтказади. 26 апрелда директордан Аъзам Фармонов уйига жавоб келади. Лўнда қилиб айтганда: ЁҚШда ҳеч қандай қонунбузарлик бўлмаган! 28 апрель куни Ў.Маматқулов Жиззах вилояти ИИБ бошлиғи номига “Аъзам Фармонов товламачилик қилиб, мендан 600.000 сўм талаб қилаяпти” мазмунида ариза топширган. 29 апрель куни эрталаб соат 7:30 атрофида ҳуқуқбонлар Гулистон шаҳрида ушланади.

Жиноят ишини Жиззах вилоят прокуратурасининг катта терговчиси Қаҳҳор Маллаев қўзғатади ва ўзининг 2006 йил 29 апрель куни чиқарган қарорида, хусусан, шундай ёзади: “29.04.2006 куни, А.Формонов узининг жиноий шериги А.Караматов билан бир гурух булиб, Сирдарё вилояти Гулистон шахрида У.Маматкуловдан Узбекистон Республикаси купюрасида 200.000 сум ва 250 АКШ долларини У.Маматкуловнинг харакатлари юзасидан фермер хужалик рахбарлари ёзган аризасини «Интернет» тармоги оркали ошкор килмаслик эвазига товламачилик йули билан олаётган вактида тадбир иштирокчилари томонидан ушланиб, уларнинг жинояти фош этилган”.

Тергов ишлари Сирдарё вилоят ИИБ Тергов бўлимининг катта терговчиси подполковник Бозорбой Қодировга топширилади. Унинг “Жиноят ишида айбланувчи тарикасида иштирок  этишга жалб килиш хакида”ги қароридан парча келтираман: “2006 йил  29 апрел куни тахминан соат 7:30 ларда Жиззах вилоят ИИБ ва прокуратура ходимлари томонидан утказилган тезкор тадбир давомида Формонов Аъзамжон ва Караматов Алишерлар Катта Узбек Трактининг Гулистон –Тошкент йўналиши буйича Гулистон шахар Тошкент кучасида жойлашган вилоят касалхонаси тўғрисидаги автобекатда Маматкулов У дан товламачилик йули билан 250 АКШ доллари ва 200000 сум пулни олаётганида НАҚД ушланган”.[“нақд” сўзини мен катталаштирдим – Т.Ё.].

Ж/и.нинг бу асосий ҳужжатларидан кўринадики, икки ҳуқуқбон Ў.Маматқуловдан пул олишаётганда НАҚД ушланишган. Суд ҳукмига мурожаат қилайлик. Парча: 2006 йил 29 апрель куни ларда Жиззах вилояти ИИБ ва прокуратура ходимлари томонидан утказилган тезкор тадбир давомида судланувчилар Формонов А. ва Караматов А.лар Катта Узбек Трактининг Гулистон-Тошкент йуналиши буйича Гулистон шахар Тошкент кучасида жойлашган вилоят касалхонаси тугрисидаги автобекатда Маматкулов У.дан товламачилик йули билан 250 АКШ доллари ва 200.000 сум пулни олаётганида накд ушланган”. Кўриниб турибдики, суд ҳам шуни тасдиқлаяпти!

Ҳукмдан парча келтиришни давом эттираман: “…, суд мухокамасида суралган жабрланувчи Маматкулов У.нинг Формонов А. Сиз тугрисингиздаги маълумотларни Интернетга чикариб юбораман деб куркитиб, 28 апрель куни учрашганида 600000 сум талаб килиб, 29 апрель куни 250 АКШ доллари ва 200000 сум пулларни берганида улар пулларни олиб ҚОЧГАНЛИКЛАРИ хакидаги курсатмаси…”[“қочганликлари” сўзини мен катталаштирдим – Т.Ё.].

Биринчи зиддият: Қ.Маллаев, Б.Қодиров ва суд ҳуқуқбонлар Ў.Маматқуловдан ПУЛ ОЛИШАЁТГАН ПАЙТДА Жиззах вилоят ИИБ ва прокуратура ходимларидан тезкор гуруҳ томонидан НАҚД [яъни, пул қўлдан қўлга берилаётган пайтда]  ушланган, деб ёзаётган бир пайтда Ў.Маматқулов судда “… улар пулларни олиб қочишди” дея кўрсатма бермоқда! Товламачиларни ушлаш учун юборилган гуруҳнинг ТЕЗКОРлиги қаёққа кетди, у ҳолда?! Улар ишни битиргунча қараб туришганми?

Тергов ҳужжатлари ва суд ҳукмида Алишер Караматов жиноят содир этилган жойдан камида 200 м. наридаги нонвойхонада ушлангани айтилади, Аъзам Фармонов қаерда ушлангани ҳақида тергов материалларида ҳам, суд ҳукмида ҳам бирорта сўз йўқ. Мен ҳар икки ҳуқуқбоннинг ҳимоячиси сифатида ж/и.нинг суд иш юритувидан бошлаб иштирок этганман ва улар билан 2006 йил 7 июнь куни Ховос шаҳридаги УЯ 64/ТИ-13 қамоқхонасида учрашганман. Шу учрашувда Азам Фармонов менга уни 29 апрель куни эрталаб соат 7:30 ларда шаҳарда таксида кетаётган пайтда ушлашганини айтиб берди. Алишер Караматов эса қўшни нонвойхонага нонга чиққанида эрталаб ушлашганини тасдиқлади.

Хулоса: аслида, (1) ҳуқуқбонлар ва Ў.Маматқулов орасида ҳеч қандай пул олди-бердиси бўлмаган; (2) тергов материаллари ва суд ҳукмида айтилаётган НАҚД УШЛАШ иддаоси ёлғон; (3) прокуратура ва милициянинг тезкор икки гуруҳи эрталабдан икки ҳуқуқбонни ушлаш учун шаҳарнинг турли жойларида ҳаракат қилишган, бир гуруҳи эса Аъзам Фармоновнинг уйини тинтув қилишга борган (соат 10 да), Алишер Караматовнинг уйи тинтув қилинмаган.

Энди энг қизиғи ҳақида. Аъзам Фармоновнинг уйида биринчи тинтув эрталаб соат 10 да бўлган. Тинтувчилар унинг паспортини олиб кетиш билан чегараланганлар. Бу орада хабар топиб мен ташкилотимизнинг икки раҳбари Маматқул Мухторов ва Бахтиёр Ҳамраев билан Тошкентдан Гулистонга етиб келдик (соат 13 да). Чамаси, провокацияни уюштирувчилар Аъзам Фармоновнинг уйидаги компьютери ва бошқа оргтехникасини олишга буйруқ беришган ва шу сабабли 25-30 кишидан иборат бир гуруҳ соат 14 да тинтув қилишга иккинчи бор келишди.

Бироқ уларнинг қўлида тинтув қилиш учун ҳеч қандай ҳужжат йўқ эди, биз уларни киритмадик. Тинтувчилар соат 16 да тинтувга учинчи марта сохта ҳужжат билан келишди, табиий, биз уларни ичкарига киритмадик. Тинтувчилар ҳужум бошлашди, улар деразаларни синдириб, ичкарига кира бошлашди ва тўс-тўполон аралаш оргтехникани олиб чиқиб кетишди.

Тергов ҳужжатлари ва суд ҳукмида жиноят содир этилган жойда гўё Ў.Маматқулов Аъзам Фармоновга 2 та юзталик ва 1 та элликталик АҚШ доллари ва 200.000 ўзбек сўми берган, ҳуқуқбон долларларни кийимининг кўкрак чўнтагига солиб қўйди, деб ёзилган. Суд ҳукмида Ш.Худоёров ва А.Рузиевлар гувоҳ сифатида уларни ИИБга таклиф қилишгани, у ерда бир компьютер винчестери очилгани ва ундан қоғозга ўралган 2 та юзталик ва 1 та элликталик АҚШ доллари чиққанлигини кўрганлари ҳақида кўрсатмалари келтирилади. Табиий савол туғилади: Аъзам Фармонов эрталаб соат 7:30 да нақд ушланган бўлса, унинг компьютерини соат 16 да олиб кетишган бўлса, қандай қилиб унинг кўкрак чўнтагида бўлган долларлар компьютер ичига тушиб қолган? Ажойиб ва ғаройиб ҳол!

Хулоса: Бу факт олдинги хулосамизни тўлиқ тасдиқлайди: аввал ҳуқуқбонлар ушланган, бошқа ҳаракатлар шундан кейин катта хатоларга йўл қўйилган ҳолда, йўл-йўлакай амалга оширила бошланган!

Нега Жиззах ва Сирдарё вилоятлари одил суди бундай жиддий хатоларга йўл қўйишган? Жавоб: уларнинг савияси шу! Бундан ортиқ эмас! Улар одамларни шу қадар осон қамашга ўрганиб қолганларки, қоғозни нималар биландир қораласа бўлди, ҳеч ким тушунмайди, ҳеч ким ўқимайди, деган фикр уларда муқим ўрнашиб қолган.

Масалан, икки катта терговчи ва суд раиси ҳужжатларда ва ҳукмда битта “гувоҳ” терминини ишлатишган. Ваҳоланки, юқорида айтилган Ш.Худоёров ва А.Рузиевлар гувоҳ эмас, балки холислардир. Гувоҳ, яна такрорлайман, жиноятни ўз кўзи билан кўриб турган шахсдир, холис эса жиноят содир этилгандан олдин ёки кейин баъзи процессуал ҳаракатларни бажаришда иштирок этадиган шахс. Масалан, Ш.Худоёров ва А.Рузиевлар холислардир – улар жиноятни кўришмаган, бироқ у содир бўлгандан кейин компьютерни текширишга жалб қилинган шахслардир. “Гувоҳ” билан “холис”нинг фарқига бормаган судья ва катта терговчилар ҳақида нима дейиш мумкин?

Мазкур ж/и.дан мақсад фақат битта бўлган: инсонларнинг ҳуқуқларини беғараз, беминнат ҳимоя қилаётган ҳуқуқбонларнинг овозини ўчириш, уларнинг фаолиятини тўхтатиш! 

2007 йил 18 декабрида жиноий ишлар (ж/и) бўйича Тошкент шаҳар суди судьяси А.Қодиров ўзининг ҳукмини ўқиб эшиттирди. Бу – совет давридан бери энг йирик матлубот (савдо-жамғарма кооператив) жамиятининг собиқ раиси Маринбой Бекчоновнинг ж/и юзасидан чиқарилган ҳукм бўлиб, Бош прокуратура М.Бекчоновга Ўзбекистон Республикаси (ЎзР) Жиноят Кодекс (ЖК)нинг

    205-моддаси 2-қисмининг “а” ва “б” бандлари (Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш);

    207-моддасининг 1-қисми (Мансабга совуққонлик билан қараш);

   175-моддаси 2-қисмининг “б” банди (ЎзР нинг манфаатларига хилоф равишда битимлар тузиш);

   170-моддаси 2-қисмининг “б” ва “в” бандлари (Алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан мулкий зарар етказиш);

    209-моддасининг 1-қисми (Мансаб сохтакорлиги);

 232-моддаси (Суд қарорини бажармаслик)да кўзда тутилган жиноятларни содир этганликда айб эълон қилган, тергов органлари эса уни 4.760.000.000 (тўрт миллиард етти юз олтмиш миллион) сўм [тўрт миллион АҚШ долларига яқин]ни ўзлаштиришда айблашган.

М.Бекчоновга нисбатан ж/и.ни Тошкент шаҳар Юнусобод тумани прокуратураси, ЎзР ички ишлар вазирлиги Тергов Бошқармаси ва Бош прокуратура қўзғашган бўлса-да, у бирор марта ҳам терговга келмаган, уни ҳибс этиш уёқда турсин, ҳатто бирор марта қисқа муддатли ушлаб турилган ҳам эмас. Унга бир марта қидирув эълон қилинган бўлса-да, бироқ у ўша пайтда ўзининг Тошкентдаги қаср-уйида бемалол яшаб турган.

Судья А.Қодиров ҳукмни ўқиб берди: “… М.Бекчоновни 14 йилга озодликдан маҳрум этилсин, бироқ ЎзР Сенатининг амнистиясини қўллаб қамоқ муддати 8 йилгача камайтирилсин”. Бироқ жумбоқ пайдо бўлди: бир нарсага суд залида ўтирганларнинг боши қотди – судья ҳукмни кимга ўқиб берди? Чунки ж/и.нинг асосий фигуранти Маринбой Бекчонов суд залида йўқ эди! У қочиб кетган экан! Тўғрироғи, унга қочишга йўл очиб беришган экан.

Беҳад бой, Ўзбекистонда ҳозирги замон авторитетлардан бири, оддий одамлар ва давлатнинг пулини ямлаб ютган, бу пулларни бир ўзи эмас, балки юксак лавозимли одамлар билан баҳам кўрган Маринбой Бекчоновга нисбатан мазкур ҳукмни чиқариш осон эмас.

Судья А.Қодиров томонидан чиқарилган бу ноёб ҳукм сўзсиз унинг ўзига жудаям ёққан, бироқ у бундан илҳомланиб тиззасига шапатилаб бирор нарса айтдими-йўқми, биз билмаймиз. Аммо биз икки ҳукмни таққослаган ҳолда: “Оббо, Ўзбекистон одил суди-ей! Оббо, қанжиқнинг боласи-ей!” дея хитоб қилишимиз мумкин.

Толиб Ёқубов,

ЎИҲХЖ фахрий президенти

11 ноябрь, 2012 йил.

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.