“Араб баҳори”нинг Ўзбекистон ёшларига таъсири

Яқин Шарқ араб дунёсида 2011 йилнинг эрта баҳорида бошланган воқеалар ва унинг асносида кўп йиллардан буён ҳокимият тепасида бўлган авторитар тузумларнинг ағдарилиши Ўзбекистон жамиятига, айниқса, ёшларга таъсири сезиларли бўлди, дейишимиз мумкин.

Чунки воқеа-ҳодисаларнинг ривожланиш тенденцияси мазкур мустабид бошқарув системалари ва унинг тепасида турган “олий ҳокимият эгалари” нинг бир-бирига таққослашга, қиёсий таҳлил қилишга, ҳамда шу аснода хулосалар чиқаришга беихтиёр ундарди.

Араб дунёсида содир бўлган мазкур воқеа-ҳодисаларнинг марказида турган ва уларни ҳаракатлантирувчи кучи бу – ёшлар, айнан ўқимишли ёшлар эди. Улар кўчага чиқа туриб, энг аввало, ўзларини ўзгартиришга ҳаракат қилишди. Яъни бундан кейин жим юрмасликка, ҳуқуқларини талаб қилишга ҳамда жамиятда адолат қарор топиши йўлида намойишга чиқишди.

“Араб баҳори” дея номланган мазкур демократик халқ ҳаракатларининг у ёки бу шаклдаги акс-садолари ўз минтақаси доирасидан анча йироқларда ҳам овоз берди. Мазкур ҳодисалар, жумладан, Ўзбекистон ёшлари ижтимоий онгида битта ажойиб тушунчанинг пайдо бўлишига туртки берди, яъни агар мамлакатда эволюцион тараққиёт бўлмаса, ундай ҳолатда, революцион ўзгаришлар ясаш лозим.

“Араб баҳори” воқеалари Ўзбекистон ёшларида катта қизиқиш ва симпатияни уйғотди, дейишимиз мумкин. Ўша кунларда Ўзбекистон расмий оммавий ахборот воситаларида, хусусан, телевидениеда Яқин Шарқ мамлакатларидаги инқилобий ҳолатлар умуман ёритилмади ва ҳаттоки, “Ахборот” дастурларидаги одатдагидай халқаро янгиликларга бағишланган кичкина рубрикаларда ҳам мазкур жараёнлар ҳақида ҳеч нима дейилмади.

Мазкур янгиликларни кўпроқ интернет тармоқлари билан доимий равишда ишлайдиган ва хорижий телевидениеларини кузатиш имкониятига эга ҳамда чет элларда истиқомат қилувчи Ўзбекистон ёшларининг фаол қатлами таҳлил қилиб борди. Қуйида биз тузган қиёсий жадвал қайсидир маънода ёшларнинг тафаккурида ўз-ўзидан шаклланди ва беихтиёр таққослаш, солиштириш омилларини пайдо қилди.

“Араб баҳори” давлатлари ва Ўзбекистон сиёсий бошқарувининг қиёсий таҳлили

 

Давлатлар

Тунис

Миср

Яман

Ливия

Ўзбекистон

“Олий ҳокимият эгаси”

Зин ал-Абидин Бин Али

Ҳусни Муборак

Али Абдулла Солиҳ

Муаммар Қаддафий

Ислом Каримов

Бошқарувдаги даври

23 йил

30 йил

32 йил

42 йил

23 йил ва давом этмоқда

Мамлакатдаги ижтимоийсиёсий аҳвол

– Бин Али бошқаруви даврида мамлакатда тўлиқ қонунсизлик ҳукм сурган, у хоҳлаганча конституция ва қонунларни ўзгартирган ҳамда 5 марта қайта сайланган.

– Мамлакат қамоқхоналарида минглаб сиёсий маҳбуслар сақланган.

– Давлат органлари орасида коррупция ҳолатлари авж олган.

– Миср аҳолисининг кўпчилик қисми ўртачадан паст ва қашшоқ ҳолатда ҳаёт кечириб келган.

– Фуқароларнинг сиёсий ҳуқуқлари ва фуқаролик эркинликлари бўғилган.

– Мамлакатда ижтимоий табақаланиш ҳамда қашшоқлик халқнинг тинкасини қуритган.

– Қабилавий бўлинишлар ва улар ўртасида низолар авж олган.

– Давлат аппаратида порахўрлик, коррупция ва қонунсизлик юзага келган.

Мамлакатда барча сиёсий партия ва мухолифат гуруҳлар фаолияти таъқиқланган. Мухолифатчиларнинг кўпчилик қисми йўқ қилинган.[1][1]

– Шахс ҳуқуқ ва озодлиги қўпол равишда бузилган.

– Фуқаролар нинг виждон эркинлиги ва сиёсий ҳуқуқлари қўпол равишда бузилмоқда.

– Ижтимоий ҳаётда нотенглик тобора кучайиб бормоқда.

– Марказий ва маҳаллий давлат органларида коррупция, порахўрлик ва ўзлаштириш ҳолатлари авж олган.

– Мамлакат қамоқхоналарида юзлаб диний ва сиёсий маҳбуслар қолиб келмоқда.

Оилавий кланлашган системанинг шаклланиши

Президентнинг хотини Лейла Трабелси ва унинг ўн нафар оға-иниси мамлакатнинг барча молиявий-иқтисодий ва сиёсий соҳаларини монополиялаштир

ган эди.

Президентнинг кичик ўғли Гамал Муборак мамлакатда деярли иккинчи шахс эди. У ҳокимият партиясининг раиси ва мамлакатнинг энг йирик бизнесменларидан бири ҳисобланарди.

Президентнинг ўғли Аҳмад Республика гвардиясининг қўмондони ҳисобланарди. Укаси Али Муҳсин шимолий ҳарбий округ қўмондони, кичик укаси Муҳаммад эса мамлакат ҳарбий-ҳаво кучлари қўмондони лавозимида. Жияни Тариқ Муҳаммад Президент гвардиясини бошқарарди.

Қаддафийнинг уч нафар ўғли давлат армияси қўмондонлари ва икки нафар ўғли мамлакат нефт компаниялари раҳбарлари эди. Унинг оиласи бутун Шимолий Африканинг энг бой оилаларидан ҳисобланарди.

Президентнинг катта қизи Гулнора Каримова мамлакат молия-иқтисод тизимининг монополистларидан бири ва йирик бизнес эгаси ҳисобланади. Шунинг билан бирга, Гулнора ва Лола Каримовалар расмий давлат мансабларига ҳам эга. «Bilan» халқаро иқтисодий журналига кўра, уларнинг ҳар бирининг бойлиги 1 млрд. доллардан ошади.

Хотимаси

2011 йил 14 январда бошланган халқнинг нозорилик чиқишлари ва босими остида мамлакатдан қочиб кетади. 2012 йил 13 июнда Тунис ҳарбий трибунали томонидан, халқ намойиши чоғида ўнлаб одамларнинг ўлдирилишида айбланиб, умрбод қамоқ жазосига хукм қилади.

2011 йил 11 февралдаги халқнинг оммавий намойишларидан кейин ҳокимиятдан четлаштирилади ва 2012 йил 2 июнда умрбод қамоқ билан жазоланади.

2011 йилнинг январь-сентябрь ойларида мамлакатнинг турли шаҳарларида бўлиб ўтган халқ ғалаёнларидан сўнг 23 ноябрда ҳокимиятни топширишга мажбур бўлади. Мамлакатдан қочиб кетади.

2011 йилда мамлакат аҳолисининг кенг қамровли норозилик чиқишлари бошланади. Ҳукумат бунга нисбатан қурол кучини қўллайди. НАТО бошчилигидаги халқаро кучларнинг ёрдами ва фуқароларнинг қаршилиги билан тузум ағдарилади. 2011 йил октябрда М.Қаддафий ўлдирилади.

И.Каримов ҳозирча ҳокимият тепасида, лекин мазкур ҳолатлар Ўзбекистонда ҳам такрорланиши ҳақиқатдан йироқ эмас.

 Ўзбекистон жамиятидаги, айниқса ёшлар орасидаги мазкур ҳолатдан ҳокимият амалдорлари ҳам хабардор ҳамда вазиятни яхши англар эди. Вазиятни жиловда ушлаб туриш учун бир қанча чора-тадбирлар кўрилди.

Улардан бири бу 2011 йил март ойидан бошлаб ёшлар масалалари бўйича президентнинг давлат маслаҳатчиси лавозими ташкил этилди ва унга Минҳожиддин Мирзо тайинланди.[1][2] Унинг асосий вазифаси республика ёшларининг ижтимоий-сиёсий кайфиятини ва қарашларини мониторинг қилиб бориш, ёшлар ташкилотлари фаолиятини назорат қилиш ва тегишли кўрсатмалар бериш, ёшларнинг амалдаги ҳукуматга мойиллигини ошириш ва шунга ўхшаш бир қанча функциялар юкланадиган бўлди.

Бундан ташқари, “мамлакатда ёшларга берилаётган кенг имкониятларни тушунтириш” ва “президентимиз бошчилигида олиб борилаётган олижаноб сиёсатни ёшлар орасида тарғиб қилиш” мақсадида республика бўйлаб сон-саноқсиз тадбирлар, йиғилишлар, давра суҳбати ва семинарлар ўтказиш авж олди.

Расмий маълумотларга кўра, фақатгина тўртта сиёсий партия ёшлар қанотлари ва “Камолот” томонидан 2011 йилда 50 мингдан ортиқ тадбир ўтказилган. Бу мажлисларда асосан “шонли тарихимиз ва буюк келажагимиз; Ўзбекистоннинг жадал суръатлар билан ривожланиб бораётгани, ўзга давлатлар эса буни кўролмаётгани; миллий истиқлол ғоясининг кенг тарғиб қилиниши; ёшларни ёт ғоялар ва оммовий маданият таъсиридан ҳимоя қилиш; президентимизнинг турли мажлисларда қилган маърузаларини тўлақонли ва кенг кўламда ёшларга тушинтириш ва уларнинг онгига сингдириш ва ҳ.” хақида сўз юритилади.

Ҳукуматга алоқадор мутахассислардан олган маълумотларимизга кўра, шу пайтларда ҳукумат кабинетларида битта ташаббус қизғин муҳокама қилинарди – бу Ўзбекистонда Ёшлар ишлари вазирлигини ташкил қилиш масаласи эди. Бу борада хорижий давлатлар қонунчилик базалари таҳлил қилинди.

“Камолот” ЁИҲ раҳбарияти ва бошқа бир қанча ҳукумат вакиллари Озарбайжонга расмий ташриф билан боришиб, уларнинг Ёшлар ишлари вазирлиги фаолияти ўрганилди ва бу борада махсус материал тайёрланди. Мазкур масала ҳозирча очиқ қолмоқда. Агарда вазият шу тенденцияда кетадиган бўлса, кейинги 2-3 йилга ёшлар масаласи билан шуғилланувчи олий назорат органиЁшлар ишлари вазирлиги ташкил қилиниши муқаррардир.

“Араб баҳори”нинг яна бир таъсири мамлакат Олий ўқув юртларида ижтимоий-сиёсий интеллектуал ёшларни тайёрлашга йўналтирилган Сиёсатшунослик таълим йўналишининг тугатилиши бўлди.

Маълумки, тарихий тараққиёт жараёнида фаннинг ижтимоий-гуманитар йўналишларини чуқур ўзлаштирган, маълум бир ижтимоий-сиёсий воқеа-ҳодисалар юзасидан ўзининг аниқ позициясига эга шахслар (ёшлар) жамиятда ўзгаришлар ясашга ва ислоҳотлар тарафдори бўлиб чиқишга қодир бўлишади. 2011 йилнинг июнь ойида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан қабул қилинган Олий таълим муассасаларида Сиёсатшунослик таълим йўналишини ёпиш тўғрисидаги қарори – ёшларнинг сиёсий саводсизликка етакловчи, жамият ижтимоий тафаккурининг сиёсийсизлаштиришга (деполитизация) қаратилган ва мамлакат сиёсий фанини бир неча ўн йиллар ортга ирғитиб юбориш учун қилинган қадам бўлди, дейишимиз мумкин.

Ўзбекистон ёшларида сиёсий фаоллик бўладими?

Маълумки, жамиятда ижтимоий ўзгаришларни талаб қилиб чиқиш, ҳукуматнинг пассив хатти-ҳаракатларига нисбатан ўз норозилигини очиқ билдириш ва сиёсий позициясини изҳор этиш, энг аввало, ёшлардан фаолликни талаб қилади. Ёшлар қачон ўз ҳуқуқларини фаол тарзда ҳимоя қилишга киришади, қачонки уларнинг аҳволи яхши бўлатуриб кейинчалик ёмонлашган ва камситилган бўлса. Яъни бир сўз билан мажозий маънода айтишимиз мумкинки, халқ тўқ бўлатуриб кейинчалик оч қолса, ўз норозилигини албатта билдиради. Доимо оч ҳолда (ҳуқуқсиз) яшаб келган халқ норозилик билдириб чиқишни ҳам ўйламайди, чунки у бундан ортиғини кўрмаган, билмайди.

Шу ўринда, Ўзбекистон учун энг яқин ва таниш бўлган давлатлар – Россия ва Қозоғистонда қайсидир кўринишда бўлса-да, юқоридаги мантиқ асосида фуқаролар ўз позициясини, сиёсий фаоллигини намойиш этмоқда. Охирги йиллардаги иқтисодий инқироз, унинг олдини олиш бўйича ҳукумат томонидан самарали чоралар кўрилмагани ҳамда давлат органлари ичида коррупциянинг авж олиши мазкур мамлакатлар аҳолисининг (аксарият кўпчилиги ёшлар эканлиги диққатга сазовор) ҳақли норозилигига олиб келди.

Тўғри, бу ҳолатларга амалдаги ҳукумат турли чоралар билан жавоб қайтармоқда (масалан, Россияда намойишларни тартибга солиш ва санкциясиз акцияларни чеклаш тўғрисидаги қонуннинг қабул қилиниши, намойишларнинг қаттиқ шаклда бостирилиши ҳамда иштирокчиларга жарима ва қисқа муддатли қамоқ жазоларининг қўлланилиши; ноҳукумат ташкилотларини назоратга олишга йўналтирилган янги қонун лойиҳасининг тайёрланиши ва б.).

Лекин, шу билан бирга таъкидлашимиз лозимки, бу мамлакатлар фуқаролари барибир қайси шаклда бўлишидан қатъий назар, ҳаракат қилишмоқда. Ҳамма норозилик акциялари ва намойишлари ўз натижасини бермаслиги мумкин, мухолифат вакиллари ўз кўзлаган мақсадларига етмасликлари мумкин, лекин ҳукумат бундан буёғига халқ билан ҳисоблашишга ва фуқаролик жамияти олдида ҳисоб бериш ҳиссининг ошишига олиб келиши аниқ.

Ўзбекистон фуқароларида, айниқса ёшларда фаоллик қўшни Қозоғистон ва Россияникидан паст даражада, дейишимиз қийин. Охирги пайтда кузатадиган бўлсак, айниқса меҳнат муҳожири сифатида бир неча йиллардан буён чет элларда юриб, бир муддатга қайтиб келган ёшларнинг кайфиятида норозилик омиллари кўзга ташланмоқда.

Тўғри, бу ҳозирча локал даражада ва аниқ манзилли йўналишга эга эмас. Лекин мазкур танқидий фикрлаш ва муносабат билдиришнинг ўзи ҳам бугунги кун учун катта омилдир. Меҳнат миграциясида юрган ёшлар, энг аввало, иқтисодий жиҳатдан Ўзбекистон ҳукуматидан мустақил, улар мамлакатдаги бир хилликка асосланган маънавий ва сиёсий вакуумдан йироқда ўз дунёқарашини шакллантирмоқда. Бир муддатга ўз юртларига келганда эса ўз-ўзидан бу ердаги ижтимоий-иқтисодий ҳолатни таққослашга киришадилар.

Уларнинг фикрларини ўрганганимизда, асосан коммунал соҳалар – газ, электр энергияси, ичимлик суви муаммолари, бундан ташқари, турли давлат ташкилотларига иши тушиб борганларида бюрократик тўсиқлар билан тўқнашганини эътироф этишади. Масалан, меҳнат миграциясида юрган кўпчилик ёшлар уйга қайтгандан сўнг ўз паспортларининг муддати тугаши ва янгисини олиш мақсадида туман ИИБ паспорт столларига мурожаат қилишади. Республиканинг барча туманларидаги паспорт столларидаги навбат кутишлар шу даражадаки, улар бир неча ўнлаб метрга чўзилиб кетади. Қисқаси, янги паспортни ўз вақтида олиш учун ёки каттароқ жойда таниш бўлиши, ёки 100 минг сўм миқдорида пора бериш зарур.

Ёшларни ҳақли норозилигига сабаб бўлаётган яна битта омил бу шу йилнинг март ойида республиканинг айрим вилоятларида, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг буйруғига кўра меҳнат миграциясига кетаётган шахслардан бир йил олдинга барча коммунал тўловларни тўлаш мажбурияти қўйилганидир.

Мазкур барча тўловларни 1 йил олдинга тўланганлиги ҳақидаги маълумотнома (справка) бўлмаса, уларга темир йўл ва самолёт чипталарини сотмаслик тўғрисида барча турдаги кассаларга кўрсатма бўлган. Шу ўринда Россия Федерацияси ва Қозоғистонга чиқиш учун чипта сотиб олиш кассаларида коррупция ва порахўрлик авж олиб кетганлигини ҳам таъкидлашимиз лозим.

Кузатишлар натижасида аён бўлдики, меҳнат мигрантларининг 70-75 фоизи асосан РФ ва ҚРга чиқиш учун темир йўл хизматидан фойдаланади. Бу асосан темир йўл чипталарининг авиацияга қараганда нисбатан арзонлиги билан асосланади. Давлат кассаларидан чипта сотиб олишнинг умуман иложи йўқ ҳолатга тушиб қолган бир пайтда оддий фуқаролар вокзал маъмуриятига ёки бир қанча воситачиларга алоҳида пора бериш эвазига тегишли йўналишга чипталар сотиб олишмоқда.

Бу ҳолатлар инсонда норозилик кайфиятини туғдиради. Меҳнат миграциясида бўладиган ёшлар билан суҳбатлашганимизда уларнинг аксарияти олдинлари ҳеч бўлмаганда йилда бир марта Ўзбекистонга келиб туришларини, энди бу ҳолатлардан кейин 2-3 йилда бир марта келаётганларини айтдилар. Вазият шу даражага етаяптики, ёшларнинг кўпчилиги Россия фуқаролигини олишни ва у ерда доимий яшаб қолишни исташмоқда.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, мазкур ҳолатлар ҳеч қанақа “ватанга ҳурматсизлик/хиёнат” эмас, балки Ўзбекистондаги амалдаги ҳокимиятга нисбатан норозилик билдиришнинг бир шакли, деб қаралмоқда.

Мулоҳазамизча, ўзбек ёшларининг фаоллиги Яқин Шарқ мамлакатлари ёки Россия ёшлари фаоллигидан паст эмас, ҳаттоки бизда ҳукуматга нисбатан норозилик билдиришга ёки қарши чиқишга асослар бошқаларга қараганда кўпроқ ҳам. Лекин муаммо шундаки, бугунги Ўзбекистон ёшларини бирлаштирадиган, фикр-мулоҳаза, хоҳиш-иродаларини умумлаштирган ҳолда сиёсий платформа шаклида илгари сурадиган ташкилот (уюшма) мавжуд эмас. Ёшлар жамиятида сиёсий етакчилар ҳам йўқ.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш мумкинки, бугунги ахборот ва глобаллашув даврида дунёнинг маълум бир жойида овоз чиқарган прогрессив ғоя ва ҳаракатлар бошқа бир минтақага ёйилиши фактори кучайиб бормоқда. Турли нодемократик ҳукуматлар ва раҳбарлар бундай ташаббуслар кириб келишига қарши ҳар қанча сунъий тўсиқлар қўйсалар-да, мазкур жараённи олдини олиб бўлмайди. Чунки муаммо ташқаридан келадиган ғояда эмас, балки мамлакат ичкарисидаги ижтимоий-сиёсий таназзулда.

Мустақил тадқиқотчи

[1][1]Маълумотларга кўра, 1969-1994 йилларда М.Қаддафий тузумига мухолифатда бўлган жами 343 нафар шахс ўлдирилган. http://www.genon.ru/GetAnswer.aspx?qid=ab1cc460-48bf-4094-b160-457c12dfff05

[1][2] Минҳожиддин Ҳожиматов – шоир, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари. Шу кунгача Республика маънавият тарғиботи маркази раҳбари бўлиб ишлаган. Шу нарса ажабланарлики, мамлакатда ёшлар масаласи билан шуғулланувчи энг катта лавозим – давлат маслаҳатчиси лавозимига ёши 50 дан ошган шахс тайинланган.

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.