“Гольяноволик қуллар” иши: гувоҳларга босим кўрсатилмоқда
Москванинг Преображенск туман прокуратураси “Гольяноводаги қуллик” иши бўйича жиноий иш қўзғатиш ҳақидаги қарорни бекор қилди. Ҳуқуқ фаоллари “қулдорлар” ҳуқуқ-тартибот идораларида таниш-билишларга эга эканини таъкидламоқдалар.
Прокуратура “гольяноволик қуллар” ишини ортга сураяпти
2012 йилнинг 21 ноябрь куни Москва шаҳар прокуратураси расмий сайтида Москва шаҳрининг Шарқий маъмурий округи прокуратураси Новосибирск кўчасидаги “Озиқ-овқатлар” дўконидан яқинда озод қилинган меҳнат муҳожирлари иши юзасидан жиноий иш қўзғатишни бекор қилиш бўйича Преображенск туманлараро прокуратураси қарорини қонуний деб топгани ҳақида маълумот эълон қилинди.
«Аёллар ҳар куни жамоат жойида – дўконнинг савдо залида бўлганлар ва орасида полиция ходимлари ҳам бўлган харидорлар билан мулоқот қилганлар. Улардан бири 2012 йил бошида Россия Федерацияси фуқаролигини олган ва озиқ-овқат дўкони жойлашган уйда қайддан ўтган. Шундай қилиб, мазкур шахслар ўзларига нисбатан содир этилаётган жиноятлар ҳақида чекланмаган миқдордаги одамларга маълум қилиш имкониятига эга бўлганлар ҳамда ўз ихтиёри билан ҳаракатланган», – дейилади Москва шаҳар прокуратураси хабарида.
«Фуқаровий кўмак» ташкилоти раиси Светлана Ганнушкина Новосибирск кўчасида яшовчи қулдор эр-хотин Жансулу Истанбекова ва Сакен Муздибаев маҳаллий куч ишлатар идораларида қўлловга эга бўлган ва ҳозир ҳам эга, дея тахмин қилади.
«Мени бу ҳодисада оғир жиноятни кўрмаётган ички ишлар органлари ва прокуратура хатти-ҳаракати мутлақо танг қолдирмоқда. Улар буларнинг ҳаммасини миграцион қонунчиликнинг бузилиши ўлароқ тақдим қилишга уринмоқдалар. Улар жабрланувчиларни мамлакатдан бадарға қилиш ва афтидан, иш берувчиларга фақат жарима (агар буни пора деб аталмаса) тўлатиш билан чекланмоқчилар», – деди у ҳуқуқ-тартибот идоралари хатти-ҳаракатларидан норози эканини изҳор қиларкан.
Иш 4 ноябрь куни Москва шаҳар тергов қўмитаси Бош тергов бошқармаси Шарқий маъмурий округи бўйича тергов бошқармасининг Преображенск туманлараро тергов бўлими томонидан Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 127-моддаси 2-бандида кўзда тутилган жиноят (икки ёки ундан ортиқ шахсга нисбатан ноқонуний равишда инсонни эркидан маҳрум қилганлик) юзасидан номаълум шахсларга нисбатан қўзғатилган. 6 ноябрь куни Москва шаҳар Преображенск туманлараро прокуратураси жиноий иш қўзғатиш ҳақидаги қарорни ноқонуний ва асоссиз деб топиб, уни бекор қилган.
2012 йилнинг 19 ноябрь куни озод этилган муҳожирлар атрофидаги вазият тўғрисида Россия Федерацияси Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши ҳамда полициянинг Фуқаролар хавфсизлиги муаммоси ва суд-ҳуқуқ-тартибот идоралари тизими билан ҳамкорлик бўйича бўлими комиссияси томонидан ташкил этилган Жамоатчилик палатасидаги мажлисида ҳам гапирилди.
Мажлисда Россия Федерал миграция хизматининг Москва шаҳар бошқармаси бошлиғи Ольга Кириллова мазкур иш бўйича текширувлар тугагунига қадар жабрланувчи шахсларнинг Россия ҳудудида юришига ўз ташкилоти томонидан ҳеч қанақа тўсқинлик қилинмаслигини айтди. Бундан ташқари, у одамлар дўкондан озод қилинишидан икки ҳафта аввал – 17 октябрь куни режа бўйича текширув ўтказилганини, текширув доирасида дўконда уч нафар Россия фуқароси ва уч нафар Қозоғистон фуқароси сўралганини ҳамда ўшанда қонунбузарликлар аниқланмаганини маълум қилди. Кириллова Федерал миграция хизматининг Москва бошқармаси бундай хулосага қандай ҳужжатлар асосида келингани ва текширувни ким ўтказгани текширилиши ҳам қўшимча қилди.
Учрашув чоғида жабрланганларни озод қилишда иштирок этган журналистлар ва адвокатларнинг тергов қўмитаси билан ҳамкорлик қилиши ҳақида ҳам келишувга эришилди.
«Тергов Москвадаги дўконда одамлар ноқонуний равишда ушлаб турилгани билан боғлиқ нохуш ҳодисани текширишда Россия Федерацияси бош прокурорига қадар чиқишга тайёр», дея маълум қилди Россия Федерацияси Тергов қўмитасининг Москва бўйича бош тергов бошқармаси раҳбарининг ўринбосари Алексей Зязев душанба куни.
Бу орада…
Озод қилинган қизлардан бирининг онаси Тожинор Ашированинг «Жараён»га маълум қилишича, у ва унинг яқинларига Истамбековлар оиласи томонидан қаттиқ босим ўтказиш давом этмоқда.
Тожинор опанинг сўзларига кўра, Жансулу Истамбекова Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идораларидан ўз танишлари ёрдамида собиқ жорияларга таҳдид қилмоқда ва уларни қўрқитмоқда.
Ҳозирда озод қилинган одамларнинг кўпи Москвада ҳуқуқ ҳимоячилари ва фаоллар ҳимоясида бўлиб турибди.
Фаоллар Жансулунинг опаси Шўлпан Истамбекова ўз дўконларида одамларни қул сифатида тутгани учун 2002 йилда судланганини, бироқ қамоқхонада бир йил ўтирганидан кейин уни Путин ўз шахсий фармони билан авф этганини аниқлаганлар. Шўлпан қамоқдан чиққан пайтда опа-сингил Истамбековалар бешта озиқ-овқат дўкони ва текинга ишлайдиган ўнлаб одамга эга эдилар. Қозоғистонлик адвокатлар сўзларига кўра, Қозоғистонда Жансулу Истамбекова устидан ўттизга яқин ариза берилган, бироқ унга нисбатан бирор марта ҳам жиноий иш қўзғатилган эмас.
“Гольяноволик қуллар” иши бўйича кўтарилган шов-шув ҳамда “Озиқ-овқатлар” дўконида ишлаган собиқ жорияларнинг ҳаммаси ўзбекистонлик фуқаролар бўлганига қарамасдан, Ўзбекистон элчихонаси ёки консулхонасининг бирор вакили ўз фуқароларига ҳеч қанақа қўллов кўрсатмаган ёки ҳеч бўлмаганда, уларнинг тақдирига қизиқиш билдирмаган. Мазкур ишдаги асосий фигуралардан бири бўлган Боқиянинг онаси Тумор Қосимова Ўзбекистон милициясига ёрдам сўраб қилган мурожаатига: “Манзилини аниқлаб, ўзларинг озод қилаверинглар”, деган конкрет жавобни олган.
Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 30 октябрь куни бир гуруҳ фаоллар, ҳуқуқ ҳимоячилари ва журналистлар Москванинг Новосибирск кўчасидаги «Озиқ-овқатлар» дўконига келиб, ўн бир кишини озод қилгандилар. Бир аёл қўрқиб кетиб, бу ердан кетишни истамаган, ҳозир унинг қаерда экани номаълум. «Озиқ-овқатлар» дўконида содир бўлаётган воқеалар ҳақида фаоллар у ерда бир неча йилдан буён ушлаб турилган қизлардан бирининг онасидан – чирчиқлик Тожинор Ашировадан эшитганлар.
Ичида тўққиз аёл бўлган тожикистонлик, ўзбекистонлик ва қозоғистонлик фуқаролар моҳиятан «Озиқ-овқатлар» дўкони хўжайинларининг қуллари бўлганлар. Ўтган олти йил мобайнида улар бажарган ишлари учун бир тийин ҳам ҳақ олмаганлар, уларга мунтазам равишда зўрлик ишлатилган, таҳдидлар қилинган, қочишга уриниш бўйича ҳар қанақа ҳаракат калтаклашлар билан ниҳояланган.
Журналистлар томонидан «Гольяноволик қуллар иши» деб ном берилган бу шов-шувли ишнинг асосий фигуралари бўлмиш ўзбекистонлик Боқия Қосимова ва Лайло Ашировалар роппа-роса ўн йил асоратда бўлганлар.
Fikr bildirish