Туркман чегарачиси ўзбекистонлик қари аёлни калтаклади
Шу йилнинг 20 декабрь куни «Дашоғуз» назорат-ўтказиш пунктида ўзбекистонлик аёлнинг калтакланиши туркман-ўзбек чегарасининг ҳар икки томонида ҳам эътиборсиз қолдирилди.
Гувоҳларнинг айтишича, одамлар оломони дафидан юзага келмиш қий-чувда туркман аскари 65-70 ёшдаги аёлга кучини кўрсатган – тўсатдан унинг олдига яқинлашиб, кўкраги ва елкасига икки мушт туширган. Аёл ўша тобда ағдарилган. Унинг эри ва қизи ожизона нафрат билан «қаҳрамон»нинг ортидан қараб қолган. Уларнинг ҳамроҳи бўлган аёл эса: «Ҳеч қачон бормайман Туркманистонга, ҳеч қачон!» деб тўхтовсиз шивирларди.
Бу ерда ўзбекистонлик чегарачилар «яхши»ю туркманистонлик чегарачилар ёмон, демоқчи эмасмиз. Ҳар иккала томоннинг погонли одамлари юзсизликда бир-биридан қолишмайди. Аммо ўзбек аскарининг қари аёлга қўл кўтариши етти ухлаб, тушга кирмаган ҳодиса бўларди. Нима учун 20 ёшлардаги туркман аскари бувиси тенги аёлга бу қадар шафқатсизлик билан муомала қилди?
Бу ерда Ўзбекистоннинг Хоразм ва Туркманистоннинг Дашоғуз минтақалари дохил бўлган Хива хонлиги халқининг икки юз йиллик ўтмишига саёҳат қилиб ўтиришга ҳожат йўқ, деб ўйлаймиз.
Совет даври хиваликлар ва туркман қабилалари ўртасидаги кураш кескинлигини анча сусайтирган. Бироқ большевиклар ҳудудий тақсимот шаклида секин портловчи минани ўрнатиб кетганлар. Пировардида Ўзбекистондаги қишлоқда яшовчилар ҳозир Туркманистон тиканли сими ортида жойлашган аждодлар қабрига ҳасрат билан боқадиган бўлганлар.
Ўзбекистон ўтган асрнинг 90-йиллари ўрталарида миллатчилик гирдобидан зўрға чиқиб олган. Туркманистон эса мустақилликка эришиши билан моноэтник давлат қуришни бошлаб юборган. Дастлаб ўша пайтда Тошҳовуз деб номланган вилоятда яшовчи ўзбеклар (улар вилоят аҳлининг ярмидан кўпини ташкил қиларди) ғалвирдан ўтказилди.
Ўзбекча фамилиялар туркманчага алмаштирилди. Икки ўзбек газетаси тугатилди. Ўрни келганда айтиш керакки, бу ерда рус тилидаги газета ҳам чиқмай қўйган. Давлат хизматчиларининг қарийб ҳаммаси ҳозир туркманлар.
Аксилўзбек қатағонининг авж палласи собиқ президент Сапармурод Ниёзовга қарши амалга оширилган дудмол суиқасддан кейин бошланди. Афтидан, ўша пайтда туркманбошининг обрў-эътиборини кўтариш учун ошиғич душман керак бўлиб қолган бўлса керак. Ва у туркман мухолифати ва маҳаллий ўзбеклар тимсолида топилди. Келажаги буюк мамлакатнинг элчихонаси ходимлари ҳам бундан бенасиб қолмади: Туркманистон махсус хизматлари дипломатик дахлсизликка ҳам тупуриб, Ўзбекистон элчиси қароргоҳини тинтув қилишди.
Таҳқирланган ўзбек расмийлари чегара яқинига зенит тўплари ва радиолокацион станцияларни жойлаштириб, озроқ пўписа қилган бўлдилар. Жанговар ўзбек армиясидан Ниёзов қўрқиб кетмади. Уруш ўз йўлига, аммо бу ерда аҳамиятга молик газ қувури ва бошқа майда-чуйда манфаатлар бор эди.
Бу тахмин тўғрилигини 2004 йилда икки давлат ўртасидаги чегара делимитацияси тўғрисидаги ҳукуматлараро шартноманинг имзоланиши ҳам тасдиқлагандек. Ўшанда Туркманистон майдонига яна 18 минг гектар ер қўшилди. Бу ерни бир вақтлар совет Ўзбекистони қардош республикага ижарага бериб турарди.
2006 йили ўзбекларни оммавий равишда депортация қилиш бошланди. Кейин эса туркманларнинг Ўзбекистон фуқаролари бўлган хотинларини овлаш авжига чиқди ва ҳ. Ўзига тобеъ расмийларга «халқларимизнинг маънавий ва маданий жиҳатдан янада яқинлашишига сезиларли ҳисса қўшаётган санъат усталари ва кенг жамоатчилик иштирокида дўстлик фестивалларини ўтказиш» билан юпанишни амр этган президент Каримов буларнинг ҳаммасини унутишга мажбур.
Ҳар икки мамлакатнинг чегараолди туманлари аҳолисига қўшни давлатдагилар билан дилдан суҳбатлашиш учун ойда уч кун муҳлат берилади. Улар қўшни мамлакатда меҳмон бўлинажак уч куннинг ҳар кунини ҳамма ерда ҳозиру нозир Миллий хавфсизлик қўмитаси назорати остида ўтказадилар…
Халқларнинг ўзаро яқинлашиши қийин кечмоқда. Баъзан Ўзбекистон назорат-ўтказиш масканида туркман чегарачилари ва божгирлари ғалвиридан ўтиш учун (айрим ҳолларда бунга ҳам муваффақ бўлинмайди) 300 нафаргача киши 5-6 соатлаб навбат кутади. Қизиғи, «рус» дейиладиган славянлар, корейслар, татарлар алоҳида диққат билан текширилади ва махсус идораларнинг маълумотлар базасига киритиш учун суратга олинади.
«Муҳит кўнгилни айнитадиган даражада ёмон, – дейди Ўзбекистоннинг чегараолди Урганч шаҳридан бўлган ўқитувчи Эркиной Жуманиёзова. – Бизда ҳам чақимчилик ва эҳтиёткорлик авжида. Бироқ Тошҳовузда (ўзбеклар Дашоғузни ҳали ҳам шундай атайдилар) ҳавонинг ўзи гумонсираш билан тўйинган бўлиб, буни бутун танангиз билан ҳис қилиб турасиз».
Дашоғузда яшовчи собиқ совет зобити эса вазиятни қуйидагича шарҳлайди: «Бир қарашда бизнинг ҳеч қанақа фуқаролик ҳақ-ҳуқуқларимиз камситилмаётгандек. Ўзбеклар газ, электр, бензин ва бошқа нарсаларга пул тўлашда имтиёзлардан фойдаланаяпти. Аммо барибир иккинчи навли одаммиз ва бизни кўпинча Каримовнинг «бешинчи колонна»си, деб атайдилар. Биз эса ўзимизни хоразмлик ўзбеклар, деб ҳисоблаймиз. Ҳудуд нисбатида эмас, маданият ва зеҳният нуқтаи назаридан. Янги президент Бердимуҳаммедовга бекор умид боғлаган эканмиз, унинг даврида ҳам ҳеч нарса ўзгаргани йўқ. Энди ўзбеклар олдида битта йўл қолаяпти – ассимиляция».
Хўш, бу борада Ўзбекистоннинг позицияси қандай? Уни ғарб нашрларидан бирига берган интервьюсида тошкентлик сиёсатшунос Қаҳрамон Алиев дангал айтган: «Туркманистондаги ўзбеклар ўша шароитда ҳаёт кечиришга ўрганишлари керак бўлади».
Тунов куни туркман аскаридан мушт еган қари аёл ҳайтовур омон қолди. Ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоллари келтираётган қайғули статистикага кўра, чегарадаги нохуш ҳодисаларда нобуд бўлган фуқаролар сони юзга яқинлашиб қолган…
Fikr bildirish