Жиззахлик фаррош аёл ҳуқуқлари учун курашмоқда
Жиззах вилояти “Жиззахдонмаҳсулотлари” очиқ турдаги акциядорлик жамиятида фаррош бўлиб ишлаб келган Мукаррам Исломова, шу корхонада тегирмончи бўлиб ишлаган унинг ўғли Давлат Исломов ва қизи Нодира Исломовалар 2011 йилнинг май ойида корхона раҳбари томонидан ишдан ҳайдалган. Бугунги кунда уларни ишдан ҳайдаган раҳбарнинг ўзи ҳам вазифасидан озод этилганига қарамай, Исломовлар ҳали ҳам аввалги ишига тиклана олмаяптилар.
Мукаррам Исломованинг айтишича, у мазкур корхонани бир неча йилдан буён бошқариб келган Акмал Сатторовнинг юлғичлиги ва ишчи аёллар номусига тажовуз қилганидан хабар топгач, раҳбарнинг бу ҳаракатларига чек қўйиш мақсадида керакли идораларга шикоят аризаси билан мурожаат қилган.
“Мен бу корхонада фаррош бўлиб ишлардим. Корхонада бўлаётган қонунбузарликларга бефарқ қарай олмадим”, – дейди ишдан ҳайдалган аёл.
Мукаррам Исломованинг таъкидлашича, унинг бу хатти-ҳаракати “Жиззахдонмаҳсулоти” раҳбари Акмал Сатторовга ёқмаган, пировардида фаррош аёл ва унинг шу корхонада меҳнат қилиб келган икки фарзанди ишдан бўшатилган.
“Аризамга биноан тафтиш ишлари бошланганидан кейин корхона раҳбари Сатторовнинг 54 миллиард сўмлик камомади юзага чиқди”, – дейди Мукаррам Исломова.
Аёлнинг айтишича, текширув ишларидан сўнг Акмал Сатторов эгаллаб келган лавозимидан бўшатилган, раҳбарга нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 167-моддаси “б” банди билан айблов эълон қилиниб, ҳозирги кунда бу борада суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Сатторов вазифасидан олингач, Мукаррам Исломова ва унинг икки фарзанди бекор қилинган меҳнат шартномаларини қайта тиклаш мақсадида ҳозирда Жиззах вилоят фуқаролик ишлари бўйича судига мурожаат қилишган.
Фаррош аёл ва унинг фарзандлари берган даъво аризаси Фуқаролик ишлари буйича Жиззах вилоят судида жорий йилнинг 12 декабрида кўриб чиқиши кутилмоқда.
Fikr bildirish