Толиб Ёқубов: Ҳукумат ва мафия

Веспасианлик, бошқача айтганда, давлат қароқчилиги даврининг асосий қирраларидан бири давлатни, айниқса унинг иқтисодий ҳаётини бошқара олмай қолган ҳукуматнинг мафия, яъни уюшган жиноятчилар гуруҳлари билан бирлашиб кетишидан иборатдир.

Бунда Давлат бошлиғи, Бош вазир, Бош прокурор, Бош миршаб ва бошқа “бош”ларни қўятурайлик, ҳар бир ҳоким ва ҳокимча, ҳар бир прокурор ва прокурорча, ҳар бир суд раиси ва раисчаси (ва ҳ.) у ёки бу мафия гуруҳининг бошлиғига айланади. “Қўятурайлик”дан олдинги раҳбар шахслар қанчалик катта ёки кичик, қанчалик кучли ёки кучсиз мафиоз гуруҳни бошқаришига ўзингиз ақлингиз билан етишаверинг.

Асримизнинг 69-79 йилларида Рим империясининг империатори Тит Флавий Веспасиан ҳам ўзининг ҳукмдорлик йилларининг ниҳоясида худди шу аҳволда бўлган. Империя аҳолиси империяни қўриқлайдиган, янги ҳудудлар ва халқларни босиб олиш ва бўйсундириш учун ҳаракатда бўлган баҳайбат армияни муттасил боқишдан чарчагани сабабли империянинг гоҳ у ерида, гоҳ бу ерида халқ қўзғолонлари ҳукуматни мафия билан бирлашишга ундаган.

Мафиянинг ягона мақсади янги ва кўпроқ бойлик орттириш бўлгани учун унинг адолат билан иши бўлмайди, давлат қонунлари мафияни қизиқтирмайди, одил суд тамоман бирлашган ҳукумат ва мафия хизматида бўлади.

Ўзбекистон ҳозир ўша дамларни бошидан кечираяпти. Мафия билан бирлашган ҳукуматга қарши курашиш ниҳоятда қийин. Мафия шаънига: “Фалончабой аканинг қўли саҳоватли, у етим-есирнинг бошини силайди, мана яқинда у етимхона болаларига тўлиқ уст-бош қилиб берди” деган мақтовлар ёғдирадиган одамлар ҳам кам эмас.

Мафия билан чамбарчас алоқада ишлаётган давлат мулозимлари топаётган пуллари ҳисобига нафақат ўзлари бойимоқда, балки давлатни қўриқлайдиган беҳисоб ҳокимият, милиция, махсус хизматлар, армия, солиқ, божхона, чегара (ва б.) ходимларини  ҳам боқмоқда, бунинг натижасида эса мамлакатда қашшоқчиликни оширмоқда, етим-есир ва етимхоналарнинг кўпайишига олиб келмоқдалар.

Қуйида илова қилинаётган икки ҳужжатни эълон қилиш билан мен “ҲУКУМАТ ва МАФИЯга қарши кураш тарихидан лавҳалар” номли рукнни муҳтарам ўқувчилар диққатига ҳавола этмоқчиман. Мазкур рубрикани юритишда ҳар қандай виждони тоза инсонлар ўз ҳужжатлари билан қатнашишига мен ишонаман.

Толиб Ёқубов

1-лавҳа

ЮНУСОБОД ТУМАНИ ПРОКУРОРИ ЎРИНБОСАРИ  А.С.ТОЙИРОВга

Нусхаси:

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ БОШ ПРОКУРОРИ (Информация тариқасида)                   Р.Х. ҚОДИРОВга

фуқаро Толиб Якубовдан

——————————————–

100093, Тошкент, Юнусобод-4, 15-уй, 27-кв.

тел/факс 124-82-47;  тел 121-74-47

БИЛДИРИШНОМА ва ТААЖЖУБНОМА

Муҳтарам прокурор ўринбосари!

Домком Насиба опа орқали юборган чақирув қоғозидаги «Узрсиз сабабларга кўра кўрсатилган вақтда келишдан бош тортган тақдирингизда Ўзбекистон Республикаси ЖПК 261-264 моддаларига мувофиқ, туман ИИБ ходимлари томонидан мажбурий тарзда келтирилишингизни билдираман» деган ёзувни ўқиб, “қўрққанимдан” ушбу Билдиришномани ёзишга қарор қилдим.

Гарчи чақирув қоғозида гап коммунал ва эксплуатация тўловлари ҳақида кетаётган бўлса-да, Сиз мени потенциал жиноятчи деб ҳисоблаётганингиз таажжубли. Дарҳақиқат, Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 261-моддаси «Жиноят ишини юритиш муносабати билан …» деган сўзлар билан бошланади.

Демак, Сиз мени коммунал ва эксплуатация тўловлар масаласида гаплашамиз, дея алдаб, аслида мени менга маълум бўлмаган қандайдир жиноят иши бўйича терговга чақираётгандирсиз?

Ўзбекистон Республикаси ЖПК 262-моддасининг 1-қисмида мажбурий келтириш лозим бўлган шахслар категориясига гумон қилинувчилар, айбланувчилар, жабрланувчилар ва гувоҳлар кириши кўрсатилган. Назарингизда мен шу тоифанинг қайси бирига кираман? Нега буни аниқ ёзмадингиз?

Шу модданинг 2-қисмида «Гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчини олдиндан чақирувсиз мажбурий келтириш улар суриштирув, дастлабки тергов ва суддан яшириниб юрган ёки турар жойи тўғрисида маълумот бўлмаган тақдирда йўл қўйилади», дейилган.

Кўрдингизми, ҳамма вақт эмас экан, коммунал ва эксплуатация тўловлар масаласида мажбурий келтиришга йўл қўйилмас экан. Адресимни бехато ёзганингизга қараганда, менинг турар жойим Сизга маълум экан. Яшириниб юриш масаласига келганда эса, шуни баралла айтмоқчиманки, мен ҳеч қачон ва ҳеч кимдан яшириниб юрган эмасман ва яшириниб юриш ниятим ҳам йўқ.

Менга ушбу чақирув қоғозини юборишингиз иккита нарсанинг натижаси бўлиши мумкин: ё Сиз қонунларни тушунмайсиз, ёинки Сизда ғаразли мақсад бўлиб (менга нисбатан), қонунларни менсимаган ҳолда ўзингизни тушунмаганликка соласиз.

Биринчи вариантга мен ишонмайман. Агар ҳақиқатан ҳам Сиз қонунларни тушунмасангиз, у ҳолда прокуратура Сизнинг иш жойингиз бўлмаслиги керак. Иккинчи вариант қолади, холос. Ҳар икки ҳолатда ҳам Сиз хавфли одамсиз. Фақат мен учун эмас, давлат учун ҳам.

Менинг эшитишимча ва билишимча, Сиз яшириниб юрасиз, Сизнинг олдингизга фуқаро дардини айтишга бемалол кира олмайди. Сиз атрофингизни темир панжара билан ўраб олгансиз, эшик олдига инсон қадри ва ҳуқуқларини чақага ҳам илмайдиган қўриқчилар қўйиб қўйгансиз. Бу гап фақат Сизга тегишли эмас, балки барча прокуратуралар ходимларига ҳам тегишли.

Гап қуруқ бўлмаслиги учун бир мисол келтираман. Мен Сирдарё вилоят прокурори Азимжон Эргашев билан бир маҳаллада туғилиб ўсганман. Оталаримиз бир-бири билан қадрдон дўст эди. 1998 йили Азимжон Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг 1-ўринбосари бўлиб ишлаб турган пайтда мен унинг қабулига 4 (тўрт) марта киришга борганман (қабул кунлари ва соатларида). Қабул қилмаган.

Тўртинчи марта борганимда (1998 йил 1 декабрь куни) қабул қилмагач, мен қабулхона бошлиғи (агар адашмасам) Ҳамид Зиёвутдиновга: «Мен бу ердан кетишим учун милиция чақирасиз, менинг қўлимга кишан солиб, олиб чиқиб кетишса, кетишим мумкин, акс ҳолда кетмайман», дедим. Азимжон қабул қилди.

Мен: «Сен кимсан ўзинг? Бўлсанг, Бош прокурорнинг 1-ўринбосарисан, бироқ мен учун сен Урдуш амакининг ўғли бўлиб қолаверасан. Агар кўчадан ўтиб кетаётиб, шу бинода Азимжон ишлайди-я, бир кириб, бола-чақасининг саломатлигини сўраб кетай, деб бурилганимда ҳам мени қабул қилишинг керак», деганман. Пайти келганда Азимжондан сўрашингиз мумкин.

Мен уни охирги марта 1998 йил 1 декабрида, ўша учрашувда, кўрганман, холос. У яшириниб юради, одамлардан қўрқади, инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилмайди, бироқ одамлар биздан қўрқади, дея мағрурланиб юрса ажаб эмас. Бу гаплар фақат Азимжонга тегишли эмас, албатта.

Коммунал ва эксплуатация тўловлар масаласида мен Сизнинг олдингизга бормайман, чунки бу масала прокуратура шуғулланадиган масала эмас. Маълумингиз, прокуратуранинг иккита функцияси мавжуд, холос. Биринчиси ва асосийси, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, инсон жиноят содир этса, прокуратуранинг иккинчи функцияси – жазолаш – ишга тушади. Инсон ҳуқуқини ҳимоя қилиш ҳам, жазолаш ҳам қонунлар асосида амалга оширилади.

Сизнинг ниятингиз ҳам бузуқ экан. Ниятингиз тоза бўлганда, менга бундай чақирув қоғозини юбормаган бўлар эдингиз. Бундан шундай хулоса қилиш мумкинки, Сиз одамларни алдаб чақириб, қамаб юборавергансиз. Ҳамма ҳам найрангни тушунавермайди.

Такрор айтаман, прокуратуранинг иккита функцияси мавжуд, холос. У ер ҳайдаш, пахта чопиғи ва терими, кўча супуриш, коммунал ва эксплуатация тўловлар ва шу каби масалалар билан шуғулланмайди. Давлат сиёсати зўравонликка асосланган бўлса – шуғулланади, демократик принципларга асосланган бўлса эса – шуғулланмайди.

Қонунни билмайдиган ёки уни сурбетларча бузадиган одам билан гаплашиш хавфли. Ўзбекистон Республикаси ЖПК 97-моддасининг 2-қисмида: «Чақирув қоғозида шахс [масалан, мен] ким сифатида, қайси манзилга ва кимнинг ҳузурига чақирилаётганлиги … кўрсатилган бўлиши керак», дейилган.

Сизни қонунни билмайди, дейишга қийналаман. Сиз, чамаси, қонунбузар бўлсангиз керак. Сиз чақирув қоғозингизда энг асосий нарса – мен ким сифатида чақирилаётганимни атайлаб ёзмагансиз. Қонунни атайлаб бузганингиз учун Сизни хавфли одам, деб ҳисоблаш керак. Ўзбекистон прокуратураси органларида Сиз ягона эмассиз.

Коммунал ва эксплуатация тўловлар масаласига қайтамиз. Мен Кишинёвда аспирантурада ўқиб юрганимда бир москвалик профессорнинг ажойиб лекциясини эшитганман.

У кишининг айтишича (буни олимлар исботлашган!), инсон туғилгандан то 18 (балоғат) ёшига етгунгача давлатдан (туғруқхона, боғча, мактаб, медицина хизмати ва ҳоказолар учун) кетган харажатларни  А билан белгиласак, шу инсон мустақил ишлай бошлагач, 35 ёшга етганда ана шу А харажатни давлатга қайтарар, 35 ёшдан кейин эса у давлатга текин ишлар экан. Бу – ноэффектив (самарасиз) иқтисодга асосланган мамлакатларда ўринли.

Совет давлатининг иқтисоди эффектив иқтисод бўлган эмас, ҳозирги Ўзбекистоннинг иқтисоди эса бундан ҳам самарасиздир. Шундай қилиб, давлатдан менинг ҳеч қандай қарзим йўқ.

Мен 35-40 ёшимда давлатдан қутулганман, кейин эса текин ишлаганман. Сиёсий ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш фаолиятим учун 1992 йил 30 ноябрида мени ишдан ҳайдашди ва мен салкам 10 йил нафақасиз юрдим (ёшим етмагани сабабли).

Нафақа ёшига етгач, мен икки йил давомида принципиал равишда, ўз хоҳишим билан, давлатдан нафақа олмадим. Дастлаб мен 23.000 сўм нафақа олганман, ҳозирда эса 37.000 сўм оламан. Ўрта ҳисобда 30.000 сўмдан бўлса, мен давлатдан 720.000 сўм олмаганман, яъни шу пулни давлатга берганман.

Билишимча, математик мантиқ (математическая логика) фани бўйича ўзбек тилида китоб ёзган мен ягона одамман. Мен университетлар ва педагогика институтлари математика факультетларининг студентлари учун иккита китоб ёзганман (1983 ва 1996-йиллар). Менинг китобим бўйича Ўзбекистоннинг барча университетларида студентларга дарс ўтилади.

1996 йилда чоп этилган китобимни давлат 300.000 сўмдан ортиққа сотди (кетган харажатни билмайман), менга эса 3259 (уч минг икки юз эллик тўққиз) сўм гонорар берди, холос. Фарқни тасаввур қилаяпсизми? Тахминан 100 баравар! Мен китобим билан ҳам давлатга пул ўтказиб қўйганман.

Ҳозирги кунда менинг давлатдан тахминан 300.000 – 350.000 сўм ЙЎҚ «қарзим» бор (коммунал ва эксплуатация тўловлари бўйича). Менинг икки йилда давлатга ўтказган пулим бундан икки марта куп. Мен мутлақо ўзимни қарздор, деб ҳисобламайман. Бироқ, 2002 йилга қадар барча тўловларни тўлаб келганман.

Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг аъзоси ва у унинг барча Конвенциялари, жумладан, «Ҳаммабоп уй-жой конвенцияси» [Конвенция о доступном жилье, 1951 йил] ни ҳам имзолаган. Бу Конвенция бўйича СССР пайтида коммунал ва эксплуатация тўловлари учун фуқародан унинг иш ҳақининг 13% ушлаб қолинган.Бу пул коммунал ва эксплуатация тўловлар учун етмаса, қолганини давлат кўтарган. Оилада бир неча одам ишласа, коммунал ва эксплуатация тўловлари учун уларнинг маошлари йиғиндисининг 13% и ушлаб қолинган, қолганини давлат кўтарган.

Ҳозир Россияда бу рақам 20% ни ташкил қилади, Ўзбекистонда эса – 25%. Шундай бўлишига қарамай, Ўзбекистонда одамлардан коммунал ва эксплуатация тўловлари 100% ундирилмоқда, яъни давлат коммунал ва эксплуатация тўловларининг ҳеч қандай қисмини кўтармаган ҳолда одамларни, хусусан, мени таламоқда. Муҳтарам прокурор ўринбосари! Айтингчи, менинг давлатдан коммунал ва эксплуатация тўловлари бўйича қарзим борми ёки йўқми?

Бироқ мен Ўзбекистон президентини ҳурмат қиламан ва ватанпарварман. Андижон воқеаларидан кейин у киши қийин аҳволга тушиб қолдилар. Дунё демократик ҳамжамияти томонидан санкциялар эълон қилинди, Россия ва Хитойга ишониш қийин – уларнинг ўзи пулга муҳтож.Президентлик сайловларига эса оз вақт қолди. Президент мамлакат Конституцияси йўл қўймаса ҳам ҳозирги вазифаларида қолишга ҳаракат қиладилар. Сайловни ўтказиш учун катта пул керак, хазинанинг салмоғи енгил.

Буни яхши тушунган ҳолда яқинда мен давлатга коммунал ва эксплуатация тўловлари бўйича «қарзим» учун 200.000 сўм тўладим. Жонажон давлат учун инсон нималарни қилмайди, дейсиз! Айтгандай, куни кеча ахлат (мусор) учун яна 2500 сўм тўладим ва ундан бутунлай қутилдим. Президент сайловлари ўтгунча коммунал ва эксплуатация тўловлари учун пул тўлаб бораман, у ўтгач, яна тўламасликка ўтаман. Мен давлатдан қарз эмасман. Ё Сиз бошқача фикрдамисиз?

Агар ҳақиқатан Сиз мен билан коммунал ва эксплуатация тўловлари ҳақида гаплашишни истаган бўлсангиз, нега қарзингизни тўламаяпсиз, демоқчимидингиз? Ёки мени дўқлаб, пўписа қилиб, қўрқитиш ниятида эдингизми? Мендан бошқа Юнусобод тумани аҳолисидан яна қанча одам прокуратурага чақиртирилди? Коммунал ва эксплуатация тўловлари бўйича туман ҳокимияти мени судга беришга ҳақли, Сиз чақиртиришга ҳақли эмассиз.

Мени коммунал ва эксплуатация тўловлари бўйича судга чақиришларини кутиб юрибман. Ўзбекистоннинг демократик одил суди мени тушунса керак, деган умидим бор. Агар Сиз ёки прокуратуранинг бошқа ходимлари судга босим ўтказса, кўп ҳолларда кузатилганидек, суд қонунбузарлик билан қарор қабул қилиши мумкин. У ҳолда, мен масалани БМТ даражасига олиб чиқаман.

Таажжуб, коммунал ва эксплуатация тўловларини ундириш прокуратурага юкланган давлатни қандай баҳолаш керак? Мен жуда кўп демократик мамлакатларда бўлганман, бироқ бирортасида прокуратура бу вазифани бажараётганини кўрган эмасман.

Прокуратура ўзининг асосий вазифаси – инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш функциясини унутиб, фақат жазолаш органига айланса, бу мамлакатда ҳукумат ўз обрўсини йўқотади ва ҳатто коммунал ва эксплуатация тўловларини йиғишни прокуратурага топширишдан бошқа йўли қолмайди. Бундай мамлакатда келажак бўлмайди.

15.04.2006

 

 ЮНУСОБОД ТУМАНИ ПРОКУРОРИ ЎРИНБОСАРИ А.С.ТОЙИРОВга

Нусхаси: ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ БОШ ПРОКУРОРИ

(Информация тариқасида) Р.Х. ҚОДИРОВга

фуқаро Толиб Якубовдан

——————————————–

100093, Тошкент, Юнусобод-4, 15-уй, 27-кв.

тел/факс 124-82-47;  тел 121-74-47

БИЛДИРИШНОМА ва ТААЖЖУБНОМА

(15.04.06 кун йулланган БИЛДИРИШНОМА ва ТААЖЖУБНОМАга қўшимча)

Муҳтарам прокурор ўринбосари!

Мен президент сайловларига қадар давлат мендан қарз эканини Сизга пайдар-пайт билдириб туришга қарор қилдим ва буни 15.04.06 куни Сизнинг номингизга йўллаган БИЛДИРИШНОМА ва ТААЖЖУБНОМАга қўшимча сифатида амалга оширавераман. Бу – биринчиси.

Мен Юнусобод-4, 15-уй, 27-квартира манзилли хонадонни 1975 йил 18 январь куни олганман. Шу санага ҳам, мана, 31 йил бўлди. Шу уйда мен бола-чақалик бўлдим. Олдинги хатимда ёзганимдек, мен 2002 йилгача барча коммунал ва эксплуатация тўловларини тўлиқ тўлаб келганман.

Мен бир нарсани аниқ биламан.  Мен пул тўлаб келган ЖЭК ҳар 3 (уч) йилда менинг квартирамда бир марта оралиқ (текущий), ҳар 10 (ўн) йилда эса капитал таъмирлаш ўтказиши шарт эди. Бироқ, 1975 йил 18 январидан то ҳозирги кунгача ЖЭК бирор марта (тагига чизган ҳолда айтаяпман!) на оралиқ ва на капитал таъмирлаш ўтказмаган.

30 йил ичида менинг квартирамни камида 10 марта оралиқ ва 3 марта капитал таъмирланиши учун ажратилган пул қаерга кетди?15-уйда 40 та квартира бор, бироқ нафақат менинг квартирам, балки бошқа квартиралар ҳам бирор марта таъмирланган эмас. Келинг, муҳтарам прокурор ўринбосари, иккаламиз (балки мутахассислар ёрдамида) фақат 15-уйнинг 30 йиллик ЖЭК ҳужжатларини ўрганайлик. «ЖЭКлар мафияси»ни эшитганмисиз? Яшанг! Бу – кучли мафия.

Мафияга қарши инсонлар курашганми? Албатта. Натижа нима бўлган? Яхши бўлмаган. Бир мисол келтираман. Мен Жиззахда Ҳамроқулов Муҳитдин деган йигитчани 9-синфда ўқитганман. Менинг ўқувчиларимдан шу йигит математик бўлди ва Жиззахдаги бир мактабда ишлади.

Мустақиллик йилларининг бирида у иш маоши негадир кам чиқаётганини сезган ва туман халқ таълими бўлими бухгалтериясига мурожаат қилган. Текшириш натижасида, ҳақиқатан унга ойлик маош кам тўланаётгани маълум бўлган ва бухгалтерия унга қанчадир миқдорда пул тўлаган.

М. Ҳамрокулов математик бўлгани учун бўлса керак, ҳисоблай бошлаган: «Мактабимизда 60 та ўқитувчи ишлайди, ҳар биридан шунчадан пул уриб қолинса, шунча бўлади. Туманда шунча мактаб бор, ҳар бирида тахминан шунчадан одам ишласа, ва уларнинг ҳар биридан шунчадан … Туман бўйича шунча бўлар экан. Вилоят миқёсида қанча булади?». Унинг ҳисоб-китобига кўра, 60 миллиондан ошар экан.

Муҳитдин солиқ инспекциясига шикоят ёзган. У ердан комиссия келиб, текшириб, Муҳитдинга яна пул чиқариб беришган ва унинг ўз ҳисоб-китобига ишончи янада ошган. У вилоят халқ таълими бўлимига шикоят ёзган, бироқ натижа чиқмаган.

У Ўзбекистон маориф вазирлигига мурожаат қилган. Вазирликдан одам келиб, бутун мактабни унга қарши оёққа турғизган ва уни ишдан ҳайдашган. У газетага мурожаат қилгач, мухбир келиб,ўз текширувини ўтказган ва инкор қилиб бўлмайдиган ҳужжатлар асосида М.Ҳамрокулов ҳақ эканлигини исботлаган. Ўша газета менда бор, ўқийсизми?

Натижа чиқмаган. Муҳитдин президент девонига шикоят топширган, натижа бўлмаган. Бироқ у такрор ва такрор аппаратга учрашавергач, охирги марта борганда уни у ерда урганлар. Муҳитдинни ёнида хотини бор бўлганлиги уни қутқариб қолган (у оғир касал ҳолида юрар эди). Муҳитдин ўзи билмаган ҳолда «маориф мафияси» манфаатларига қарши чиққан. Муҳитдин чекинишга мажбур бўлди ва ҳозирги кунда, оғир хасталик ҳолатида, оғир кун кечирмоқда.

Ана, кўрдингизми? Мен ҳар бир хатимда навбатдаги мафия ҳақида айтиб ўтаман. Менинг коммунал ва эксплуатация тўловларини тўламаслигимга қарши эмас, мафияга қарши курашиш прокуратуранинг муқаддас бурчидир. Сиз ЖЭК бошлиқларини бирор марта чақирганмисиз? Уларнинг найранглари (махинациялари) устидан бирор марта (яшовчилар фойдасига) жиноий жавобгарлик иши қўзғатганмисиз?

Кўрдингизки, бу томондан ҳам давлат мендан хийла қарз экан.

Ҳар иккала хатимга жавоб кутаётг

Толиб Якубовман.

14.07.2006

 

 

Мақола “Жараён” сайти учун махсус ёзилган

 

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.