Пошнасиз толибалар тақдирига қизиққан тожик журналисти сўроққа тортилди
“Азия плюс” нашрининг штатсиз мухбири Марҳабои Ҳоким 1 апрел куни Душанбе шаҳар Исмоил Сомоний туман ички ишлар бўлимида сўроқ қилинди.
Мазкур агентликнинг ёзишича, журналист бу идорага Садриддин Айний номидаги Педагогика университети ректори Абдужаббор Раҳмоновнинг шикоят аризаси асосида чақиртирилган.
Маълум бўлишича, журналист Марҳабои Ҳоким пошнасиз пойабзал кийган толибалар дарсларга қўйилмаётганига оид маълумотларга аниқлик киритиш мақсадида 1 апрел куни Педагогика унверситетига борган.
“Олийгоҳ биноси ёнида студент қизлардан интервью олдим, фақат яна бир-иккита расм олишим керак эди. Шу пайт катта йўлнинг ўртасида машина тўхтади ва ундан ректор тушди. Мен томон тўғри келаётган ректор тасодифан кадрга тушиб қолди.
Йўлнинг биз турган томонига ўтган ректорга яқин бориб, ўзимни таништирдим. У эса баланд овоз билан менга бақира кетди. Барча техник жиҳозларимни қўлимдан олиб қўйди ва кабинетига бошлаб кирди”, дейди “Азия плюс”нинг штатсиз мухбири Марҳабои Ҳоким.
Шундан сўнг ректор Абдужаббор Раҳмонов Марҳабои Ҳоким устидан Исмоил Сомоний туман милициясига шикоят қилган. Ўз аризасида Раҳмонов ҳуқуқ-тартибот идораси ходимларидан “журналистнинг ноқонуний хатти-ҳаракатларини ўрганиш”ни сўраган.
Абдужаббор Раҳмонов даъвосига кўра, ўзини “Азия плюс” рўзномаси журналисти деб таништирган Марҳабои Ҳоким ўзини “жосус” каби тутган.
“У қиз (журналист Марҳабои Ҳоким назарда тутилмоқда – “Жараён”) жосуслар сингари ҳамма расмларни яширин тарзда олган. У студентларни расмга олади, бирор бегона кишини кўрса, дарров фотоаппаратини яширади. Унинг бу хатти-ҳаракати диққатимни тортди. Шундан сўнг ёнимга чақиртириб, кимлигини сўрадим. У журналист эканлигини тасдиқловчи бирор ҳужжат кўрсата олмади. Менинг тасодифан кадрга тушиб қолганим ҳақида унинг айтганлари ҳам ёлғон”, дейди университет ректори Раҳмонов.
Абдужаббор Раҳмоновнинг иддаосича, Марҳабои Ҳоким “Матбуот тўғрисида”ги қонунга хилоф тарзда иш тутган.
Журналист Марҳабои Ҳоким Абдужаббор Раҳмоновнинг шикоят аризасини шахсан ўрганишга киришган туман милиция бўлими бошлиғи ҳам ўзига нисбатан қўпол муомалада бўлганини айтади.
“Сиз журналистлар жамиятда тартибсизлик чиқаришни хоҳлайсизлар. Ана шу мақсадда ҳар қанақа мақолаларни ёзасизлар. Биз 90-йилларда нималар бўлганини ҳали унутмадик”, деган Исмоил Сомоний туман милиция бўлими бошлиғи.
27 апрел куни Тожикистон Педагогика университетида жорий қилинган янги қоидага биноан пошнасиз пойабзалда дарсга борган толибалар олийгоҳ дарвозасидан ичкарига киритилмаган. Бу ғайриоддий тартиб университет ректори Раҳмоновнинг бевосита буйруғи асосида жорий этилгани айтилади.
Яшин тезлигида мамлакат ичкариси ва ташқарисига тарқалган бу хабар катта баҳслар ва хавотирларга сабаб бўлди.
1 апрел куни айни мавзуни ўрганишга киришган журналист Марҳабои Ҳокимнинг унверситет ректори томонидан милицияга топширилиши Тожикистондаги мустақил оммавий ахборот воситалари вакилларининг норозилигини келтириб чиқарди.
Тожик жамиятида “Ислом ва ҳижоб душмани” сифатида танилган собиқ таълим вазири, ҳозирда университетда ректорлик қилаётган Абдужаббор Раҳмонов журналистлар ишини доим танқид қилиб келган. Хусусан, хорижий хабар агентликларида ишлайдиган журналистларни у катта тадбирларда очиқдан-очиқ “жосус”ликда айблаган.
Айни пайтда Абдужаббор Раҳмоновнинг журналистни жавобгарликка тортишга уриниши билан боғлиқ ҳолат илк бор кузатилмоқда.
Мустақил кузатувчилар мулоҳазасича, Тожикистонда шу йил кузида бўлиб ўтилиши кутилаётган президентлик сайлови олдидан мустақил журналистлар, ҳуқуқ фаоллари ва мухолифатдаги сиёсий партиялар вакилларига нисбатан тазйиқлар кучаяётир.
Fikr bildirish