Ўзбек расмийлари Тўлеқан Исмоиловани Тошкентга киритмадилар
Ўзбек чегарачилари таниқли қирғизистонлик ҳуқуқ фаоли Тўлеқан Исмоиловани Ўзбекистонга киритмадилар.
Қирғизистондаги “Фуқаролар коррупцияга қарши” («Граждане против коррупции») нодавлат ташкилотининг раҳбари Тўлеқан Исмоилова Тошкент аэропортида қўлга олингани ҳақидаги хабарни 25 июнь куни “Фарғона” ахборот агентлиги тарқатди.
Тўлеқан Исмоилова Тошкентга Бишкекдан учиб келган. Аммо унинг Ўзбекистонга нима сабабдан сафар қилмоқчи бўлгани ҳозирча маълум эмас.
Ҳамкасблари ва дўстларига йўллаган электрон мактубида Исмоилова бундай деб ёзади:
“Мени Тошкент аэропортида қўлга олишди. Менга “қора рўйхатда” эканимни айтишди, бошқа ҳеч нарса дейишгани йўқ. Бир полициячи менга бир ҳафтадан кейин депортация қилинишимни айтди”.
Ўзбек томони Тошкент аэропортига қўнғироқ қилиб тушган ҳуқуқ фаолининг ҳамкасбларига Тўлеқан Исмоилова қўлга олингани ва яқин рейс билан Қирғизистонга депортация қилинишини маълум қилган.
Эслатиб ўтсак, бу ўзбек расмийлари ўзлари учун номақбул бўлган шаҳсларни мамлакатга киритмаганлари бўйича биринчи ҳолат эмас. 2005 йили мамлакатга киритилмай, Тошкент аэропортидан москвалик журналист Игорь Ротарь депортация қилинганди. 2012 йили эса ўзбек чегарачилари Ўзбекистонга учиб келган BBC мухбири Наталья Антелава ва Москвада чиқадиган “Новая газета” фотомухбири Виктория Ивлевани ҳеч қандай сабаб келтирмасдан Тошкент аэропортидан ортга қайтариб юборганди.
Fikr bildirish