Толиб Ёқубов: Ўзбекистонда қийноқлар феномени

26 июнда бутун прогрессив инсоният“Қийноқлар қурбонларини қўллаб-қувватлаш халқаро куни”ни нишонлайди.

Бу кун Ўзбекистонда нишонланмайди, чунки мамлакатнинг ҳар бир куни қийноқларга тўлиб-тошган.

2008 йилнинг 12 декабрида «Project Syndicate» (АҚШ) ўзининг “Қийноқлар Каримов режимининг ички сиёсатдаги ажралмас қисмидир” номли мақоласида қуйидагиларни ёзган эди:

“Президент Ислом Каримов режими Ўзбекистонда 19 йил давомида яшаётганида мустабидлик ва қийноқлар катта роль ўйнади – ҳеч қандай жиноят содир этмаган одамлардан иқрорлик олиш, сиёсий мухолифининг руҳини синдириш ҳамда уларга қўшилишни ўйлаётганларнинг ҳар бирини қўрқитиш учун милиция булардан кенг фойдаланиб келди”. (Парча тугади).

Дарҳақиқат, қийноқлар Каримов режими ички сиёсатининг ажралмас қисмидир. Қийноқлар ҳукуматга аҳолини қўрқув ва итоатда тутиб туришга имкон беради. Постсовет ҳудудида фақат Ўзбекистонда қийноқлар феномени юз берди. Бу феноменни тушунтириш ягонадир: Ислом Каримов мамлакатни авторитар усулда бошқариш мақсадида, ҳар бир авторитар давлатда қўлланилгани каби, давлатнинг ички ва ташқи душманлари сифатида мамлакатдаги мусулмонлар ҳамжамиятини танлади. Унинг бу танлови АҚШ ва Россия каби буюк давлатларнинг мусулмонларга нисбатан эгаллаган позицияларига тўлиқ мос келар эди. И.Каримовнинг мусулмонларни душман сифатида танлови:

1) уларни сон жиҳатдан ҳам, давомли вақт нуқтаи назаридан ҳам оммавий қамашларни;

2) таъқиб қилиш, қамаш, ўлдириш ва “ишончлироқ” бўлиши учун терактлар содир этиб туришда кучли ирода намоён этишни;

3) концентрацион лагерлар типидаги жазони ижро этиш муассасалари (ЖИЭМ) тизимини шакллантиришни;

4) садистликка мойил бўлган (одамларни қийнашдан ҳузурланадиган) терговчилар ҳамда ЖИЭМ ходимлари армиясини тузишни;

5) РСФСРнинг 1924 йилдаги кодекслари каби жиноят, жиноят-процессуал ва жиноят-ижроия репрессив кодекслар ишлаб чиқишни назарда тутган эди.

Бу ва шу каби бошқа ишлар 1994 йил сентябрида якунланди. Оммавий репрессиялар бошланишининг дастлабки куни сифатида шу кунни танлаш мумкин бўлса-да, аслида бу кунни И.Каримовнинг коммунистик ҳукумати Ўзбекистон “Бирлик” халқ ҳаракати уюштираётган халқ митинглари ва кўча юришларини куч билан бостираётган пайт – 1989 йилнинг кузига суриш мумкин.

Ўзбекистонда юз берган қийноқлар феномениҳақидаузлуксизгапириш мумкин. Ўйлайманки, қийноқ қурбонларини қўллаб-қувватлаш халқаро кунидақийноқларнинг кўлами ва турлари ҳақида тасаввур ҳосил қилиш учун ака-ука Ҳафизулла ва Ҳабибулла Носировларнинг онаси, 1-гуруҳ ногирони Валияхон Носированинг Ўзбекистон Республикаси президенти ИсломКаримовга 2003 йил 29 декабрида йўллаган ОЧИҚ ХАТИни келтириш етарлидир.

Айни шу куни бу бахтсиз, жони ҳалқумига келиб қолган қария-онахон, Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти офисига И.Каримов номига ўзбек тилида ёзилган ўз хатлари матнини халқаро ташкилотлар ва халқаро демократик ҳамжамият эътиборига етказиш учун интернет орқали тарқатишни сўраб олиб келдилар.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ И.КАРИМОВга ОЧИҚ ХАТ

ЖИЭМ УЯ 64/46 да сақланаётган маҳбус Ҳафизулло Носировнинг онаси, 1-гуруҳ ногирони Валияхон Носировадан

Жаноб Президент!

Менинг ўғлим Носиров Ҳафизулло Сурхондарё вилоятининг Денов туманида зиёли оиласида туғилган. Кучли билимга эга эди. Отаси барвақт вафот этганлари, мен қўлимда етти ёш болам билан қолганим туфайли у ёшлигидан ўзининг ҳалол меҳнати билан нон топиб, оила боқувчисига айланди. Ўз билимларини тинимсиз ошира бориб, Ҳафизулло ислом таълимотини яхши ўзлаштирди.

Ўғлимни 1999 йил 8 октябрида “Ҳизб ут-Таҳрир”га аъзоликда айблаб, Тошкентда ҳибсга олишди. У 4 ой давомида ИИВ ертўласида даҳшатли қийноқлар остида сақланди. Унинг қаердалигини узоқ вақт биздан яширишди, олдига адвокатни киритишмади. Кейинчалик унга нисбатан ушбу қийноқлар қўлланилгани маълум бўлди:

– тирноқлари тагига нина тиққанлар;

– омбур билан тирноқлари ва соғ тишларини суғурганлар;

– резина таёқ билан тери ва эт бўлаклари учиб чиққунча, суяк кўриниб қолгунча товонига уришган;

– электрошок билан қийнаганлар;

– шипга қўли ва оёғидан осиб қўйишган;

– полга михланган стулга боғлаб, узоқ вақт калтаклашган ва ҳ.

Фақат 2000 йилнинг февралида у УЯ 64/ТИ-1 тергов изолятори (“Тоштурма”)га ўтказилган ва у ерда Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳрида март ойида бўлиб ўтган судга қадар сақланган. Мазкур судда судланувчи сифатида 12 одам иштирок этган. Суд мажлислари оралиғида судланувчилар даҳшатли калтакланганлар. Судланувчиларнинг қариндош-уруғлари олиб борган озиқ-овқатлар, гарчи уларни пора ҳисобига конвойчилар орқали киргизилган бўлса-да, судланувчиларга етиб бормаган, шу сабабли судланувчилар оч қолишган.

Менинг ўғлимни 156 (2, “д”), 156, 159 (3, “а”, “б”), 177 (3, “а”, “б”), 242 (1), 216, 2441 (3, “а”), 2442 (2), 246 (1) моддалар билан айблашди ва суд уни 18 йилга озодликдан маҳрум этди. Апрель-май ойларида у УЯ 64/СИ-13 (Ховос ш.) тергов изоляторида, июнь ойида УЯ 64/65 (Зангиота қўрғ.) да сақланди. Сентябрда Ҳафизулло УЯ 64/CИ-9 (Нукус ш.) га жўнатилди ва у ерда 2,5 ой якка-ёлғизлик камерасида ўтирди. Бу вақт оралиғида камеранинг эшик ва деразалари совуқ ҳаво ва елвизак бемалол эсиб туриши учун атайлаб очиб қўйилган. Шундай қилиб, икки ярим ой давомида Ҳафизулло зах, совуқ, елвизакли камерада сақланган ва бунинг натижасида унда бронхиал астма бошланган, бадани йирингли яра билан қопланган, мускуллари ҳар қандай нарса сал тегиб кетса ҳам зирқираб оғриқ берган. Унинг ўлимига бир қадам қолган. Чамаси, мақсад уни жисмоний йўқ қилиш бўлган.

Ўша ноябрь ойлари менинг кичик ўғлим Ҳабибулло Носиров “Жаслиқ” қўрғончаси яқинида жойлашган ЖИЭМ УЯ 64/71да муддат ўтаётган эди. Таъқиқларга қарамасдан у намоз ўқиганлиги учун уни ўлдиришди. Бу қотилликни кўрган гувоҳлар бор. Уни ваҳшиёна калтаклашаётганини одамлар кўришган. Унинг жасадини Нукусдан 2000 йилнинг 23 ноябрида уйга олиб келишди, ўша куни Ҳафизуллани Тошкентдаги турма-қамоқхона УЯ 64/18 (Сангород)га ўтказишган. У укаси ўлдирилганини билмаган. Ҳабибуллонинг бадани шу қадар дабдала қилинган эканки, уни таниб олиш қийин бўлди. Калтаклар зарбидан унинг қорни йиртилиб кетган, ичаклари эса қаттиқ зарарланган, унинг қулоқлари кесиб олинган (тўлиқ кесиб олинган ва сўнгра ўз жойига тикиб қўйилган), боши пачоқ қилинган, суяклари синдирилган.

УЯ 64/18 ЖИЭМда бир ой давомида Ҳафизуллага ҳеч ким қарамаган, уни даволашмаган. Тамоман ниқувига етган одамни УЯ 64/46 ЖИЭМ (г. Навоий)га ўтказишган. Бу зонада у уч йилдан бери сақлаб турилибди. Худди шу ерда у одам ақли бовар қилмайдиган ҳақоратлар, таҳқирлашлар ва хўрликларга дучор қилинган. Шулардан баъзиларини айтиб ўтаман:

1)Зонадаги ҳожатхона шундай қурилганки, ундан оқаётган барча нажас ҳожатхона ёнида кавланган ўрага келиб тушади. 2001 йил февралида ўғлимни шу ўрага энгагигача ботирганлар. Зонанинг ҳайвонсифат бир ходими оёғи билан унинг бошига тепган ва уни бутунлай чўктирган.

2)Ҳафизуллони ҳар куни энг оғир ишларни бажаришга мажбурлашган:

– кувалда билан катта-катта тошларни майдалатишган;

– чиқиндилар (тошнинг майдалари)ни, тошларни майдаловчи машинадан чиққан пориларни тўплашга, чиқинди ва пориларниғалтакка солиб, узоқ масофага ташишга мажбурлашган.

Ўғлимни бир неча марта “БУР”га (барак усиленного режима ёки тартиби кучайтирилган ётоқхона – Т.Ё.) ташлашган, у ерда маҳбусларни бир ҳафтадан олти ойгача сақлашади. “БУР” “ШИЗО”га (штрафной изолятор ёки жарималаш изолятори – Т.Ё.) нисбатан даҳшатлироқ, уни ўлим камераси дейиш мумкин. У “ШИЗО” ва “БУР”дан ташқарида ҳам зона бошлиғи ва бошқа ходимларининг муттасил жисмоний ва руҳий босими остида бўлган. Маҳбуслар шикоятлари бўйича зонага комиссия келганда унинг аъзолари билан учраштирмаслик учун Ҳафизуллони “ШИЗО”да яширишар экан. 2003 йилнинг 4 мартидан 4 сентябрига қадар, яъни олти ой мобайнида у “БУР”да сақланган. Биз бу ҳақда билмаганмиз. 10 март Ҳафизулло яқинлари билан бир суткалик учрашиш учун қонуний кун эди ва мен амал-тақал пул тўплаб, ўғлимга ейдиган у-бу харид қилиб, Деновдан Навоийгача бўлган йўлни 10 соатда босиб ўтиб, унинг олдига жўнадим.

Мен 1-гуруҳ ногирониман, икки қўлтиқтаёқ билан юраман, бир ўзим юра олмайман, кимдир мени ҳамма вақт суяб юриши керак. Менинг бу аҳволим зона ходимларига яхши маълум. Ўша куни улар менга: “Сизга бошқарма одамлари ўғлингиз билан кўришишга рухсат беришмади”, дейишди. Мен ўғлимни кўра олмасдан ортга қайтдим. Тез орада ўғлимни кўришга рухсат олиш учун мен Тошкентга бордим (йўлга 12 соат вақт кетади, қайтишга ҳам шунча), бироқ ЖИЭББ бошлиғи илтимосимни рад қилди. Сентябрнинг бошидагина, яъни охирги кўришувдан бир йил ўтгач, мен ўғлим билан учрашдим. Қонуний бир суткалик учрашувдан олдин уни нима сабабдан “БУР”га ташлаганларини мен энди тушундим.

2003 йил 12 ноябрь куни Ҳафизулло тош майдаловчи машина олдида ишлаётган пайтда унда пайвандлаш иши олиб борилаётган бўлган. Гарчи бундай пайтда тош майдаловчи машина олдида ишлаётган одамларни хавфсиз масофага кўчириш лозим бўлса-да, бироқ менинг ўғлимни ишни давом эттиришга мажбур қилишган. Тепадан унинг бошига вазни 4 килоча бўлган металл парчаси тушиб кетган. Ҳафизулло қаттиқ шикастланган, бош чаноғи синган, ўзи ҳушидан кетган. Тиббий бўлимда амал-тақал қилиб, ярани тикишган. Бироз кундан кейин охиригача даволанмаган Ҳафизуллони яна оғир тош майдалаш ишига ҳайдашган. Эртаси куни унинг соғлиғи кескин ёмонлашган ва яна ўша тиббий бўлимга ётқизишган. Ўғлим билан учрашишга рухсат олиш учун мен яна Тошкентга, ЖИЭББ раҳбарлари олдига жўнадим. 19 декабрь куни ўғлим билан учрашишга эришдим.

Унинг ҳолати оғир экан: мия чайқалиши туфайли боши сурункали оғрир, бош айланиш тинмас экан, оёқда зўрға юради, иштаҳаси йўқ, мутлақо кучсиз. Тошмайдалагич олдида бўлган ҳодисада ўғлимнинг ўзини айблашибди, оғир шикастланишни енгил, деб ҳужжатлаштиришибди. Менга маълум бўлишича, маҳбусларни тошмайдалагичда ишлаш муддати меъёрий ҳужжатлар бўйича 8-12 ой бўлса-да, менинг ўғлим уерда уч йилдан бери ишламоқда. Нимага эришмоқчилар? ЖИЭББ раҳбарларининг мақсади нима? Жавоб аниқ: менинг иккинчи ўғлимни ҳам ўлдириш.

Ҳозирча менинг ўғлимни ҳақсиз-ҳуқуқсиз қулга айлантиришди. Менинг ўғлимни суд истаган манзилга бориб-келиш ҳуқуқидан маҳрум қилган, шунинг учун ҳам у ЖИЭМда сақланмоқда-ку! “Озодликдан маҳрум этиш” юстиция тилида истаган манзилга бориб-келиш ҳуқуқидан маҳрум этишни билдиради, бироқ қийноққа солиш, ваҳшиёна калтаклаш, иззат-нафсини таҳқирлаш, ҳақоратлаш, “ШИЗО” ва “БУР”га қамаш, нажас йиғиладиган ўрага ботириш эмас-ку! Бу қачонгача давом этади, жаноб Президент?

Менинг ўғилларимнинг ягона эътиқоди Аллоҳга сиғиниш, Унинг ҳар бир мусулмонга буюрганларини сўзсиз бажариш ва У маън этган нарсаларни қилмаслик эди. Очиқ-ойдин бўлмоқдаки, ўзларининг эътиқодлари учун Сизнинг ҳукуматингиз уларни “террорчи” ва “халқ душмани”га айлантиришди. Уларнинг қуроли бўлмаган, улар ҳеч кимни ўлдиришмаган, ҳокимиятга тажовуз қилишмаган. Менинг ўғилларим ислом таълимоти ила кучли эдилар, ким чидамлилик билан

Унинг талабларини бажараётган ва Ундан ажр кутаётган бўлса, Аллоҳ Ўз нури билан ўшаларни маъмур қилишига сўзсиз ишонар эдилар. Улар одамларни фақат яхшилик қилишга ва ёмонлик қилмасликка даъват қилишар эди. Мен ҳақиқий муслима сифатида шу пайтгача чидаб, ун чиқармай ишониб келдим. Энди менинг чидамларим тугади ва бундан кейин овоз чиқармай юрмоқчи эмасман. Дунё яхши одамларсиз эмаслигини мен биламан. Мен яна бир нарсани биламан: ИИВ, МХХ, ЖИЭББ, прокуратура, судларда ўз халқига, унинг энг яхши ўғил ва қизларига зулм ўтказаётган Сизнинг барча малайларингизни Аллоҳ жазолайди.

Мен бир ўғлини йўқотган она, 1-гуруҳ ногирон сифатида ТАЛАБ ҚИЛАМАН:

1) Ишида халқаро ташкилотлар вакиллари ҳам қатнашган комиссия тузилсин, унинг аъзолари менинг ўғлим Ҳафизулло Носиров билан учрашишсин, у сақланаётган қамоқхона мулозимларининг унга ўтказаётган зуғумлари фактларини аниқлаб, ўрганиб чиқишсин;

2) Ўғлимни калтаклаган, ҳожатхонага ботирган, таҳқирлаган, уни бажариш имконсиз бўлган оғир ишларни бажаришга мажбурлаган мулозимларнинг барчаси жазолансин;

3) Ўғлимнинг жиноий иши қайтадан кўриб чиқилсин ва озодликка чиқарилсин, чунки у АЙБСИЗдир.

4) Менинг ўғлим Ҳабибулло Носировнинг қотиллари топилсин ва улар қатъий жазолансин.

Тўрт йил давомида мен Сиздан ҳеч нарса талаб этмаганман. Сизга: “Ўзбекистонда бу мустабидлик қачонгача давом этади, Сиз ўзингизнинг аксилинсоний сиёсатингизни тўхтатиш ниятингиз борми?” деган саволни бериш фурсати келди, деб ўйлайман.

29 декабрь, 2003 йил

Толиб ЁҚУБОВ

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.