Тожикистонлик ўзбеклар жамоаси фаолининг жасади Ўзбекистон ҳудудидан топилгани айтилмоқда
Тожикистон Ички ишлар вазирлигининг 18 июль куни тарқатган маълумотига кўра, Салим Шамсиддиновнинг жасади Ўзбекистон ҳудудидан топилган.
Тожикистондаги Ўзбеклар жамиятининг Хатлон вилояти бўлими раҳбари, 58 ёшли Салим Шамсиддинов шу йилнинг 15 март куни эрталаб уйидан чиқиб кетганча, дараксиз йўқолган эди.
Тожикистон Ички ишлар вазирлигининг Хатлон вилоят бошқармаси бошлиғи Анвар Тағоймуродов пайшанба куни журналистларга берган матбуот анжуманида Салим Шамсиддиновнинг жасади Сурхандарё вилоятидаги Амузанг каналидан апрел ойидаёқ топилганини маълум қилган. Тожик расмийсининг айтишича, бу ҳақда Ўзбекистон томони ўтган ҳафта бошида мактуб йўллаган.
“Бизга ўзбекистонлик ҳамкасбларимиздан шу мазмундаги маълумот келиб тушди. Унда жасаднинг кийим-боши, тишлари, сочлари, умуман жасаднинг қиёфаси баён қилинган. Биз Шамсиддинов яқинларини чақиртириб, электрон хатга бириктирилган расмни уларга кўрсатдик. Жасад Амузанг каналидан апрел ойида топилган”, дер экан тожик мулозими Анвар Тағоймуродов жасад Салим Шамсиддиновники эканига ишонишини қўшимча қилган.
Тожикистон Ички ишлар вазирлиги масъули Тағоймуродов дастлабки маълумотларга таянган ҳолда, жасадда қийнаб ўлдириш аломатлари йўқлигини ҳам билдирган.
Айни пайтда Салим Шамсиддиновнинг яқинлари электрон почта орқали йўлланган расмдан жасад Шамсиддиновникими ёки йўқми – аниқ бир нарса дейишга қийналаётганларини айтганлар.
“Жасад топилгандан кейин уни ўн кун музхонада сақлаб, сўнгра кўмиб юборишгани учун уни таний олмадик. Жасаднинг акам Салимга тегишли эканинига ишониш қийин. Аммо суратдаги спорт кийими у ўша куни эрталаб кийиб кетган спорт кийимига ўхшайди”, деган Шамсиддиновнинг синглиси Хайринисо Ёрова маҳаллий журналистларга.
Шамсиддиновнинг яқинлари жасадни кўздан кечириш мақсадида Ўзбекистонга боришлари учун виза расмийлаштираётганини қайд этган Тожикистон Ички ишлар вазирлиги масъуллари бу ишда уларга яқиндан ёрдам бераётганларини ҳам маълум қилганлар.
Хатлон вилоят Ўзбеклар жамияти раиси Салимбой Шамсиддиновнинг дараксиз йўқолгани ҳақида даставвал Социал-демократлар партияси раиси Раҳматулло Зоиров Тожикистон тегишли идораларига ёзган расмий мактуби ва Фейсбукдаги ўз саҳифасида ёйинланмиш баёноти орқали эълон қилганди.
Зоировнинг айтишича, дараксиз йўқолиб қолишидан аввал Салим Шамсиддинов Тожикистон ҳуқуқшунослик консорциумининг Хатлон вилояти бўйича вакиллигини ўз зиммасига олиши режалаштирилганди.
“Шамсиддинов йўқолиб қолишидан аввал Хатлон вилоятидаги ўзбекларнинг маҳаллий мулозимлар томонидан таҳқирланаётгани ва уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари поймол қилинаётгани ҳақида матбуот анжумани беришга тайёргарлик ҳам кўраётганди. У ғойиб бўлишидан бир неча кун аввал менга қўнғироқ қилиб, вилоят хавфсизлик ходимлари пайига тушганидан шикоят қилди. Шамсиддиновни хавфсизлик ходимлари ўғирлаб, Душанбега юборган. Унинг дараксиз йўқолиши сиёсий хусусиятга эга”, дея ёзган эди Фейсбук орқали тарқатган ўша баёнотида Зоиров.
Amnesty International халқаро ташкилоти ҳам шу йилнинг 26 март куни тарқатган баёнотида Салим Шамсиддиновнинг дараксиз йўқолишини сиёсий одам ўғирлаш, дея изоҳлаган эди.
Amnesty International ташкилоти ходимларининг ёзишича, Шамсиддинов оммавий ахборот воситаларига Тожикистон ҳукумати миллатчилик сиёсатини юритаётгани ҳақида интервью бергани сабабли ҳужумга учраганини билдирган.
Бу нуфузли ташкилот Тожикистон ҳуқуқ-тартибот идора расмийларини мазкур ҳодисага зудлик билан ойдинлик киритишга ва тергов натижаларини эълон қилишга даъват этганди.
Бироқ Тожикистон ҳуқуқ-тартибот идоралари расмийлари Amnesty International халқаро ташкилотининг баёнотига раддия билдириб, “Ўзбеклар жамияти раҳбарининг дараксиз йўқолишига ҳукуматнинг ҳеч қандай алоқаси йўқ”лигини урғулаган ва “хорижий ташкилотлар ҳамда алоҳида шахсларнинг бу масалани сиёсийлаштириши бемаънилик”, дея баҳолаган эди.
Эслатамиз, Салим Шамсиддинов ғойиб бўлишидан роса бир йил аввал ҳам Хатлон вилоятидаги уйи яқинида номаълум кишилар томонидан калтакланган эди.
У калтакланишига Тожикистон ва Ўзбекистон муносабатлари ҳақида “Миллат” мустақил рўзномасига берган танқидий интервьюси туртки бўлганини айтиб, бунда хавфсизлик ходимларини айблаб чиққанди.
“Ўзбекистоннинг Амузангидан топилган жасад ҳақиқатан ҳам Шамсиддиновга тегишлими-йўқми – ҳозирча номаълум. Бунинг атрофида шу кунларда баҳслар қизғин. Лекин олдиндан шошиб бир нарса дейиш қийин. Лекин Салим Шамсиддинов тирик ва у хавфсизлик қўмитаси қамоқхонасида сақланаётгани ҳақида тахминлар ҳам сўнгани йўқ.
Кўпчиликка маълум, Тожикистонда фуқароларнинг хавфсизлик ходимлари томонидан ўғирланиши ва бу борада унинг яқинларини хабардор қилмаслиги ҳолатлари кўп қайдга олинган. Фикримча, бу масалага сўнгги нуқтани қўйиш учун жасад бетараф экспертлар томонидан ўрганилиши керак”, дейди тожикистонлик мустақил таҳлилчи Абдуқаюм Юсупов.
Шу ўринда эслатиб ўтсак, тожикистонлик ўзбекларнинг кўзга кўринган вакили Салим Шамсиддинов дараксиз йўқолиб қолганидан бир ҳафта ўтиб, унинг муовини Равшан Муталибов Россиянинг Краснодар шаҳрида ҳибсга олинган эди.
Социал-демократлар партияси раиси Раҳматулло Зоиров тожикистонлик ўзбеклар жамоасининг яна бир фаоли Муталибовнинг ҳибсга олиниши Тожикистон хавфсизлик кучлари томонидан уюштирилганини даъво қилганди.
“Равшан Муталибов бу иш олдиндан режалаштирилган, деб ҳисоблайди. Унинг айтишича, краснодарлик милиционерлар уни аэропортда кутиб турган бўлган. Аксарияти меҳнат муҳожирларидан иборат 160 йўловчи орасидан Равшан Муталибов микрофон билан чақиртириб олинган.
Бир неча сониядан кейин унинг багажи текширувдан ўтказилган ва жомадонидан 400 грамм героин топиб, мусодара қилинган. Равшаннинг айтишича, жомадоннинг қулфи синдирилган бўлган. У бу иш Душанбе аэропортида ташкиллаштирилганига шубҳа қилмайди”, дея билдирган эди Раҳматулло Зоиров.
Зоировнинг айтишича, шу йил кузида Тожикистонда бўлиб ўтиши кутилаётган президентлик сайловлари арафасида ҳукумат хавфсизлик чоралари баҳонасида сиёсий майдонда танилган тожикистонликларга нисбатан босимни кучайтирган.
Гулнора РАВШАН
Fikr bildirish