Таваллуд кунингиз муборак бўлсин Мўътабар опа!
25 август куни таниқли ўзбек ҳуқуқ фаоли, “Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилотининг асосчиси ва раҳбари Мўътабар Тожибоеванинг таваллуд топган куни.
Дунёдаги энг шафқатсиз режимлардан бири – президент Ислом Каримов режимига қарши очиқ ва ҳеч бир қўрқувсиз курашиб келаётган ўзбекистонлик ҳуқуқ фаолларидан бири бўлган Мўътабар Тожибоева бугун 51 ёшни қаршилади.
Шу муносабат билан биз Мўътабар опани чин қалбдан муборакбод этамиз ва у кишига узоқ умр, мустаҳкам соғлиқ, оилавий тотувлик ва бахт ва албаттаки, касбий фаолиятида кўплаб зафарлар тилаб қоламиз!
Мўътабар Тожибоева узоқ йиллар давомида ўзи туғилиб ўсган Марғилон шаҳрида оддий одамлар ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиб, ҳақиқат қарор топишида уларга ёрдам бериб келди.
2006 йили ўзбек расмийлари Мўътабар опани 2005 йили Андижонда тинч намойишчиларни ўққа тутгани учун ҳукуматни танқид қилгани сабабли саккиз йилга қамаш ҳақида ҳукм чиқарди. Ҳуқуқ фаоли икки йилу саккиз ой қамоқ жазосини ўтагач, шартли равишда озодликка чиқарилдилар.
Қамоқда Мўътабар опага нисбатан шафқатсиз қийноқлар қўлланилди. Буларнинг барчаси унинг соғлиғига салбий таъсир қилмай қолмади. Қамоқдалик пайтида Мўътабар опа оғир жарроҳлик амалиётини бошдан кечирди.
Кейинчалик ҳуқуқ фаоли Франциядан сиёсий бошпана олди ва оила аъзолари билан Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлди. Бироқ чет элдаги ҳаёт уни ватани ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишдек ҳаётий маслакдан асло йироқлаштиргани йўқ.
Аксинча, мусофирчиликда, Ўзбекистондан минглаб километр узоқликда Мўътабар опа ватани ва ватандошларининг озодлиги ва ҳақ-ҳуқуқлари учун янада ғайрат билан кураша бошлади. У амалдаги ўзбек режими томонидан ҳуқуқлари топталаётган юзлаб кишиларга ёрдам қўлини чўзди ва чўзмоқда.
Азиз Мўътабар опа, биз Сизни қадрлаймиз ва кун келиб элимиз Сизнинг Ўзбекистон ва дунё бўйлаб инсон ҳуқуқлари вазияти яхшиланиши учун ҳар куни амалга ошираётган ишларингиз, шарафли ва осон бўлмаган меҳнатингиз қадрига етишига астойдил ишонамиз!
Ўзбек халқининг Сиз каби Мўътабар ва Муҳтарам, Мунис ва Мушфиқ қизлари бор экан, Ўзбекистон узра албатта бир кун Ҳурлик қуёши балқажак!
Яна бир бор самимий табрикларимизни қабул қилинг!
“Жараён” веб-сайти таҳририяти.
Fikr bildirish