Қозоғистонда қўлга олинган ўзбекистонлик одам савдосида гумонланмоқда
Қозоғистоннинг Қўстанай шаҳрида одам савдоси билан шуғулланганликда гумонланмиш ўзбекистонлик ушланди.
Исми ошкор қилинмаётган 42 ёшли наманганлик фуқаро Ўзбекистон милициясининг сўрови билан қўлга олинган.
Маълум бўлишича, Остонада ишлаб кетган 4 нафар наманганлик вилоят ички ишлар бошқармасига мазкур шахс уларни ишлатиб, иш ҳақини бермаганликда айблаб, ариза ёзган.
Қўстанай вилоят ички ишлар департаменти жиноят-қидирув бўлими раҳбари Қайрат Сейтмағамбетовнинг айтишича, жабрланувчилар Наманган милициясига гумондорнинг тахминий яшаш жойини ҳам билдирган.
– Ўзбекистондаги ҳамкасбларимиз юборган ҳужжатда ёзилишича, у Ўзбекистонда одамларни ишга ёллаган ва уларга яхши маош ваъда қилиб, Остонага олиб келган. У ерда қурилишда ишлатиб, ҳақини бермаган. Меҳнат муҳожирлари Ўзбекистонга қайтгач, гумондорнинг устидан ариза ёзишган, – деди Қайрат Сейтмагамбетов.
Гумондорга нисбатан 2013 йилнинг май ойида жиноий иш очилган ва қидирувга берилган.
У 16 октябр куни Қўстанай шаҳридаги бир аёл танишининг уйида қўлга олинган.
Қозоғистон томони қидирувдаги шахснинг ҳибсга олингани борасида Ўзбекистон Бош прокуратурасини огоҳ этган. Қозоқ расмийларига кўра, Ўзбекистон Бош прокуратураси экстрадиция ҳақида сўров юбориши билан гумондор шахс Ўзбекистонга юборилади.
Қозоғистонда ўзбекистонликларнинг қулликка тушиб қолиши биринчи марта кузатилаётгани йўқ.
– Қишлоқдан бир танишимиз 120 кишини Остонага олиб келди. Корейс миллатли бир тадбиркорнинг қўлида ойига 300 доллардан келишиб, уй қура бошладик. Бир ой ўтди, икки ой ўтди – ойликдан дарак йўқ. “Бермайсанми, уйга юборишимиз керак” деган саволимизга: “Мен сенларни ҳар бирингни 100 доллардан сотиб олганман, мана паспортларинг”, деган жавоб олдик”, – деди одам савдоси қурбони бўлган сирдарёлик Акмал.
Асоратга тушиб қолган Акмал ва унинг шериклари полицияга мурожаат қилмаган, балки ўзлари яшайдиган жойдаги обрўли шахсларни ишга солиш орқали муаммони ечишга ҳаракат қилишган.
– У акахонлар анча толковий одамлар эди. Келиб, ҳалиги тадбиркорга бизнинг ҳақимизни бермаса, ёмон бўлишини тушунтиргандан кейин 3 ойлик маошимизни олиб, Ўзбекистонга қайтганмиз, – деди Акмал.
Аммо Қозоғистонга ишлаш учун келаётган меҳнат муҳожирларининг ҳаммаси ҳам Акмал ва унинг шериклари каби ўз ҳақини ундиришга муваффақ бўлолмайдилар.
Иқтисодий шароити яхшироқ бўлган Қозоғистонга Ўзбекистондан келаётган 100 минглаб меҳнат муҳожирининг ҳақ-ҳуқуқлари қонун томонидан ҳимояланмаган. Шу боис бу одамлар кўпинча асоратга тушиб қоладилар.
Шунга қарамасдан, Ўзбекистондан Қозоғистонга ишлаш учун келувчиларнинг сони камаяётгани йўқ.
Уйғун ҚЎШНАЗАР
Fikr bildirish