Маҳмуд Раҳимов ҳақида фикр билдирувчилар икки гуруҳга ажралди (ёки uzbek.fm сайтида эълон қилинган мақолага жавоб)
Ўтган ҳафтада Қирғизистон фуқароси Маҳмуд Раҳимовнинг Истанбул шаҳрида полициячилар томонидан ҳибсга олингани ва унинг “Ўзбекистонга депортация қилиниши” ҳақида бир қатор хабар агентликлари ёзди.
“Жараён” сайти ҳам ушбу мавзу билан қизиқди ва олинган маълумотлар асосида 16 феврал куни “Маҳмуд Раҳимовнинг Ўзбекистон фойдасига ишлагани айтилмоқда” сарлавҳали мақоласини эълон қилди.
“Ўзбеклар бирлиги” раиси Адем Чевик 18 феврал куни uzbek.fm онлайн радиосига интервью бериб,“jarayon.com иддаолари – туҳмат” деган ва агар бунинг учун кечирим сўралишини талаб қилган.
Мақолани ўқигач, биз Маҳмуд Раҳимов масаласида аввал интервью қилганимиз шахс билан телефон орқали қайта боғландик.
Суҳбат асносида “Жараён” мухбирига Маҳмуд Раҳимов тўғрисида маълумот берган шахс “Ўзбеклар бирлиги” вакили эмас, балки Туркияда яшаётган ўзбекистонликлар ва Марказий Осиё ўзбекларига ҳуқуқий, моддий ёрдам кўрсатиб келаётган бошқа ташкилот – “Туркистонликлар” ташкилоти вакили экани маълум бўлди.
Шу ўринда 16 февраль кунги суҳбатдан парча келтирмоқчиман.
Жараён: Ассалому алайкум, бу ўзбеклар ташкилотими?
Суҳбатдош: Ваалайкум ассалом. Ҳа, ўзбекларга ҳуқуқий ва моддий ёрдам бериш ташкилоти бу.
Жараён: Мен ташкилот раиси билан гаплаша оламанми?
Суҳбатдош: Раис йўқлар, муҳим тадбирда қатнашаяптилар, нима масалада гаплашмоқчи эдингиз, буюринг, мен ёрдам қила оламанми?
Жараён: Мен Маҳмуд Раҳимов, яъни Истанбулда ҳибсга олинган ва Ўзбекистонга депортация қилиниши кутилаётган йигит ҳақида баъзи саволлар билан телефон қилаяпман…
Ана шу ўзаро суҳбат давомида исми айтилмаган шахс билан 15 февраль куни интервью қилиб, эртаси – 16 февраль куни мақоламизни эълон қилгандик.
Шу ерда “Жараён” жамоаси ва “Ўзбеклар бирлиги” ташкилоти ўртасида англашилмовчиликка сабаб бўлган муҳим бир масалага тўхталмоқчиман.
Ўша суҳбат чоғида Маҳмуд Раҳимов билан боғлиқ ўзидаги маълумотларни берган суҳбатдошимдан мен: “Ўзбеклар бирлиги” ташкилотига телефон қилаяпманми?” деб сўраш ўрнига “Бу ўзбеклар ташкилотими?” деб сўраганим ва яна “Адем Чевик билан гаплаша оламанми?” деб савол бериш ўрнига “Ўзбеклар бирлиги” раҳбарига ҳурмат нуқтаи назаридан “Раис билан гаплаша оламанми?” деб мурожаат қилганим, аммо мақолада бу нуқталарга диққат қилмаганим кейинги чалкашликларга сабаб бўлган.
Албатта бу ерда менга Маҳмуд Раҳимов ҳақида маълумот берган киши ҳам, “Ўзбеклар бирлиги” ташкилоти ва унинг раҳбари Адем Чевик ҳам, “Жараён” жамоаси ҳам айбдор эмас. Бу ерда менинг ўз ишимни пухта бажармаганим мана шундай қалтис вазиятни вужудга келтирди – бунинг учун юқорида номи тилга олинган шахслар ҳамда ташкилотлардан узр сўрайман. Шу ўринда мен “Ўзбеклар бирлиги” ташкилоти раҳбари Адем Чевикка қўнғироқ қилиб, у кишига шахсан вазиятни тушунтирганим ва узр сўраганимни қўшимча қилмоқчиман.
Мақоламизни эълон қилишдан олдин мен билан интервью қилган суҳбатдошимга ҳам телефон қилиб, вазиятни тушунтирдим ва узр сўрадим.
Суҳбатдош: “Бундай вазият, табиий, ҳаммада бўлади, фақат сайтда раддия берсангизлар етарли” дер экан, Истанбул полиция идорасида ҳозиргача ушлаб турилган Маҳмуд Раҳимов ҳақида янги маълумотлари борлигини айтди.
– Биз Маҳмуд Раҳимов тақдири билан қизиқишда ва у ҳақида маълумот тўплашда давом этаяпмиз. Маҳмуд Раҳимов ҳақида гапираётганлар ҳозир икки гуруҳга бўлинган. Ўзбекистонликлар ва қирғизистонликлар Маҳмуд Раҳимов Ўзбекистон хавфсизлик хизматига ишлагани ва бир-икки кишини сотгандан кейин ўзбекистонлик йигитлар шикояти билан полиция томонидан қўлга олинганини айтаяпти. Бироқ тожикистонликлар бунинг тескарисини айтаяптилар. Улар: “Маҳмуд унақа бола эмас, у ҳеч қачон Ўзбекистон учун ишламаган, бу унга туҳмат, унинг ота-онасини ҳам таниймиз, улар жуда яхши одамлар”, деган гапларни айтишаяпти, – деди суҳбатдошимиз.
– Сиз аввалги интервьюнгизда Маҳмуд Раҳимов сизнинг ташкилотингиз юборган адвокатни рад қилганини айтгандингиз…
– Тўғри, мен ташкилотимиз Маҳмуд Раҳимовга адвокат юборгани ва у буни рад қилганини айтганман. Мен айтган гапларимдан тонмайман. Албатта адвокатни қабул қилиш-қилмаслик унинг шахсий иши. Сизга ўзимдан тўқиб чиқарган эмас, балки Туркияда яшаб ишлаётган ва Маҳмуд Раҳимовни яхши таниган кишилардан олинган маълумотларни бераяпман, – деди суҳбатдош.
– Яхши, агар Маҳмуд Раҳимовнинг ҳеч қандай айби бўлмаса, у ҳолда, нега Истанбул полицияси ҳозиргача уни қўйиб юбормади, унинг айбсизлиги ва Ўзбекистонга ишлагани ҳақидаги гаплар унга нисбатан туҳматлигини айтаётган тожикистонликлар нима деб жавоб беряпти бу саволга?
– Улар (тожикистонликлар назарда тутилаяпти – таҳр.) Маҳмуд Раҳимовнинг минтақадан Туркияга келган фуқароларни Сурияга жиҳод учун тайёрлаган ва юборганликда гумонланиб ҳибсга олинганини айтаяпти, лекин бу ҳам ҳали тахминий гаплар, – дер экан исми очиқланмаган суҳбатдошимиз “Жараён” сайти учун берилган барча маълумотлар Маҳмуд Раҳимовни яқиндан таниган ўзбекистонлик, қирғизистонлик ва тожикистонлик муҳожирлардан олинганини, аммо расман тасдиқланмаганини бир неча марта такрорлади.
Қирғизистон фуқароси Маҳмуд Раҳимовнинг ҳибсга олиниш сабабларини ўрганиш учун Истанбул шаҳар полиция идораси билан боғланишга оид уринишларимиздан ҳозирча бирор натижа чиқмади.
Гулнора РАВШАН
Таҳририятдан: “Жараён” жамоаси Қирғизистон фуқароси Маҳмуд Раҳимовнинг кейинги тақдирига оид воқеаларни кузатишда давом этади.
Fikr bildirish