Қирғизистон махсус хизматлари Павлюк ўлимида айбланмоқда, Соиповнинг қотиллари ҳамон ушланмаган

Қирғизистонда махсус хизматларнинг Геннадий Павлюк ўлимига алоқадорликда гумонланаётган икки зобити қўлга олиниб, тергов изоляторига ташланди.

Бу ҳақда 8 апрель куни Қирғизистон Бош прокуратураси матбуот хизматига таянган ҳолда “Озодлик” радиосининг қирғиз хизмати хабар қилди.

Қирғизистон Бош прокуратураси маълумотларига кўра, 5 апрель куни уларнинг қозоғистонлик ҳамкасблари Қозоғистон суд органлари томонидан журналист Геннадий Павлюк ўлимида айбланувчи сифатида жавобгарликка тортиш ҳақида қарор чиқарилган Қирғизистон Давлат Миллий хавфсизлик қўмитасининг (ДМХҚ) амалдаги ходимларига нисбатан жиноий иш материалларини Бишкекка йўллаганлар.

Қирғизистон Бош прокуратураси таниқли журналист Геннадий Павлюк ўлими бўйича текширувни давом эттириш учун тергов гуруҳи тузилганини ҳам маълум қилган.

Эслатиб ўтамиз, 2011 йилнинг 10 октябрь куни Олмаота туманлараро суди Қирғизистон ДМХҚ собиқ ходими Алдаяр Исманқулов ҳамда Қозоғистон фуқаролари Алмаз Игиликов ва Шалқар Ўразалинга нисбатан ҳукм чиқарганди.

Олмаота суди ҳукмига мувофиқ, Қозоғистон фуқаролари Алмаз Игиликов 10 йилга, Шалқар Ўразалин 11 йилга, ДМХҚ собиқ ходими ва Қирғизистон фуқароси бўлган Алдаяр Исманқулов эса 17 йилга қамалганди. Уларнинг уччаласи ҳам мазкур иш бўйича айбловларни бўйинларига олмаганлар.

2009 йилнинг декабрь ойи ўрталарида ўз ишлари билан Олмаотага борган қирғизистонлик журналист Геннадий Павлюк шаҳар марказидаги кўп қаватли уй подъезди томидан ўлик ҳолда топилганди.

Кейинроқ Олмаота ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари қирғизистонлик журналист бу уйнинг олтинчи қаватидан ташлаб юборилгани, пастга қулаётганда унинг қўл-оёқлари боғлиқ ҳолда бўлгани ҳақида маълум қилгандилар. Полиция журналистга нисбатан буюртма қотиллик содир этилганини билдирган.

Олмаота марказий клиник касалхонасида ҳушсиз ётган Геннадий Павлюк бир неча кундан кейин олинган жароҳатлар туфайли жон таслим қилганди.

Ҳаётлик чоғида Геннадий Павлюк “Аргументи и Факти” ва “Комсомольская правда” каби рус нашрларининг Қирғизистондаги ваколатхонасини бошқарган, сўнгра эса “Белий Пароход” деб номланган интернет нашрга асос солганди. Ўз материалларини Павлюк Ибрагим Рустамбек тахаллуси остида эълон қилган. Павлюк Қирғизистоннинг собиқ президенти Қурмонбек Бакиев режимини кескин танқид қилиб келган.

Қайд этиш жоизки, Бакиев ҳукмронлиги даврида Қирғизистонда фуқаролик жамияти вакилларига ҳужумлар ва мустақил журналистлар ўлими каби ҳолатлар кўпайиб кетган.

Дейлик, 2007 йилнинг 24 октябрида Ўш шаҳридаги ўз офиси олдида 26 ёшли журналист Алишер Соипов отиб кетилганди.

Жасоратли ёш журналист “Америка овози” радиоси учун Марказий Осиёдаги сиёсий воқеаларни ёритиб борган. Бундан ташқари, у ўзбек тилида чиқадиган оммабоп “Сиёсат” газетасининг асосчиси ва бош муҳаррири эди. Алишер Соипов Ўзбекистон президенти Ислом Каримов режимини тез-тез кескин танқид қилиб турган.

Гарчи журналист Алишер Соипов ўлимида айбланган Абдуфарит Расулов исмли шахс беш йилдан буён қамоқ жазосини ўтаётган бўлса-да, журналистнинг яқинлари унинг сохта қотил эканига, Соиповнинг ҳақиқий қотили ва буюртмачилар ҳали-ҳамон озодликда эканига аминлар.

“Жараён” мухбири билан суҳбат чоғида журналист Алишер Соиповнинг укаси Шоҳруҳ Соипов уларнинг оиласи акасининг ўлимида, энг аввало, Қирғизистон жанубида бемалол ҳаракатланаётган Ўзбекистон махсус хизматларининг қўли бор, дея тахмин қилаётганини айтади.

– Бу бизнинг тахминимиз, холос. Аммо биз буни “худди шундай бўлган” дея таъкидлай олмаймиз. Чунки бизда бошқа тахминлар ҳам бор. Бу ишдан бизнинг давлатимиз ҳам манфаатдор бўлиши мумкин. Қирғизистон махсус хизматлари ўша пайтдаги фурсатдан фойдаланиб, бу қотилликни уюштирган бўлишлари ҳам мумкин. Мен акамнинг ўлимига оид иш Қирғизистоннинг Ўзбекистон билан муносабатлари туфайли очилмай қолди, деб ҳисоблайман. Ўзбекистонда вазият ўзгармагунча, бу иш очилишига шубҳа қиламан, – дейди Шоҳруҳ Соипов.

У Алишер Соипов ўлимида Қирғизистон махсус хизматлари ходимлари ҳам ёрдамлашган бўлиши мумкин, деган фикрда.

– Қирғизистон махсус хизматлари бу жиноятнинг буюртмачиси ва ижрочиси ким эканини аниқ биладилар, – деди Шоҳруҳ Соипов.

Бу орада қирғизистонлик айрим сиёсатчилар амалдаги расмийлар Қурмонбек Бакиев даврида сиёсий қувғинга алоқадор бўлган куч ишлатар тизими ходимларидан ҳалигача қутулолмаганларини қайд этмоқдалар.

– Қирғизистон Давлат Миллий хавфсизлик қўмитасида ҳалигача Бакиев давридаги кадрлар ишлаяпти. Уларнинг ҳаммаси аввалги ҳокимият пайтида тадбиркорлар, сиёсатчилар ва журналистларни қўрқитиш билан шуғулланганлар, уларга қарши компромат йиққанлар, уларга босим ўтказганлар.

Афсуски, бизнинг ДМХҚ қотилликларда, фундаментал инсон ҳуқуқларини бузганликда гумонланаётган ходимлардан ҳанузгача қутула олмади. Билъакс, уларнинг айримлари мансаб пиллапоялари бўйлаб юқориламоқда, – деди Қирғизистондаги “Ата Мекен” социалистик партияси лидери Ўмурбек Текебаев “Озодлик” радиосининг қирғиз хизматига берган интервьюсида.

Гўзал АҲМЕДОВА

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.