Россияда ўзбек қочқини Ҳамидқориев ўғирлаб кетилди

9 июнь оқшомида Москвада ўзбекистонлик қочқин Мирсобир Ҳамидқориев ўғирлаб кетилган. Бу ҳақда москвалик адвокат Илларион Васильев ўзбек қочқинининг рафиқаси Элла сўзларига таянган ҳолда «Жараён»га маълум қилди.

Элланинг айтишича, шу кунларда улар қурилиши битмаган уйда яшаётганлари cабабли фарзандлари тез-тез касал бўла бошлаган. Кеча оқшом эр-хотин фарзандини касалхонага олиб бориш учун такси чақирганлар.

Ярим соатдан кейин Лада-Приора русумли кулранг автомобилда етиб келган таксичи ўзини Николай деб таништирган.

Касалхонага кетаркан, Элла таксичидан дори-дармон сотиб олиш учун дорихона олдида тўхташни илтимос қилган. Москванинг Чаплигин кўчасидаги “Старий Лекарь” дорихонасига Элла фарзанди билан бирга кириб кетган, Мирсобир эса боланинг касалхона учун олиб кетилаётган ашёлари билан бирга таксида қолган.

Эллага кўра, дорихонада 5 дақиқа атрофида бўлганини, бироқ у ердан чиққанида таксини ҳам, эрини ҳам тополмаганини айтади.

Шундан сўнг Элла шошиб Мирсобирга телефон қила бошлаган, бироқ эри унинг қўнғироқларига жавоб бермаган.

Кўнгли бир нохушликни сезган Элла ўтган-кетгандан дорихона олдида турган такси ҳақида сўраб-суриштира бошлаган. Ит етаклаган бир аёл кулранг таксини кўрганини, унга икки йигит ўқдай учиб кирганию машина Чистопрудний хиёбони томон учириб кетганини айтган.

Адвокат Илларион Васильев ҳамкорлик қилувчи “Фуқаровий кўмак” ташкилоти содир бўлган воқеа ҳақида Москва шаҳрининг Басманний туман ички ишлар бўлимига хабар берган.

Диний экстремизмда айбланиб, Ўзбекистон расмийлари томонидан қидирувга берилган 37 ёшли кинопродюсер ва ишбилармон Мирсобир Ҳамидқориев ўтган йилнинг 10 июлида Москвада полициячилар томонидан қўлга олинганди.

Ўзбек расмийлари иддаосича, М.Ҳамидқориев 2009 йили бир гуруҳ тошкентликлар билан “Ислом жиҳодчилари” террорчилик ташкилотини тузиб, бу ташкилотга таниқли спортчиларни, ижодкор зиёлилар ва тадбиркорларни жалб этган ҳамда қидирувдаги Нурилло Саидхўжаев етакчилигидаги “ваҳҳобийлар” диний ташкилотининг йиғилишларида қатнашиб турган.

Ўшанда Москва ҳибсхонасида бир ой сақланган ва бу орада Россиядан сиёсий бошпана сўраш ҳақида ариза беришга улгурган М.Ҳамидқориев уни тутиб туриш учун асос йўқлиги сабабли 2013 йилнинг 10 август куни озод қилинганди. Москванинг Головин туман прокуратураси ўша пайтда Ҳамидқориевнинг ҳибс муддатини узайтиришдан бош тортган.

Адвокат Васильевга кўра, ўшанда прокуратура: “Ҳамидқориев озод қилинсин, чунки Россия Адлия вазирлигининг фаолияти таъқиқланган ташкилотлар рўйхатида “Ваҳҳобия” деб номланмиш ташкилот йўқ”, дея ёзиб берган.

“Фуқаровий кўмак” ташкилоти 9 июнь оқшомида ўғирланган ўзбек қочқини Россия Федерацияси чегарасини кесиб ўтиши мумкинлиги ҳақида Россия Федерал хавфсизлик хизмати, Чегара хизмати, Федерал миграция хизмати ва Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилни хабардор қилган.

Шунингдек, ҳуқуқ фаоллари ўзбек қочқини Мирсобир Ҳамидқориев билан содир бўлган воқеа ҳақида Европа судига ҳам хабар йўллаганлар.

“Жараён” ўзбек қочқини М.Ҳамидқориев билан боғлиқ воқеаларни кузатишда давом этади.

Асад БОЙМУРОДОВ

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.