Россияда ўзбек муҳожири “погонли махлуқлар”нинг қурбонига айланди

“Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти Россия Федерациясидаги ўзбекистонлик Абдуллажон Ғофуров тақдири юзасидан хавотир билдирмоқда.

Айни пайтда асли фарғоналик бўлган 40 яшар Абдуллажон Ғофуров Москва вилоятининг Волоколамск тумани ички ишлар бўлими тергов изоляторида сақланмоқда. Россияда у қотилликка буюртма берганликда айбланмоқда.

Россиялик терговчиларга кўра, Абдуллажон Ғофуров бир ўзбекка бошқа бир ўзбекни ўлдиришга буюртма берган. Қотилликни содир этган шаҳс гўёки буюртмани бажарган ва жабрланганни бошига бутилка билан уриб, уни ўлдириб қўйган. Вақт ўтгач эса ўлган ўзбекнинг жасади топилган, ўз навбатида, унинг ўлимини Ғофуровнинг бўйнига илиб қўйишган, дейди “Жараён”га ўзбек меҳнат муҳожири билан тергов изоляторида учрашган россиялик адвокат Илларион Васильев.

– Бу ишда қотиллик ижрочиси сифатида қамалиб чиққан бир ўзбек келтирилмоқда, у терговчилар томонидан ўйлаб топилган версия бўйича Абдуллажон Ғофуровга туҳмат қилмоқда. Яна бир гувоҳ бор, у ҳам Ғофуровга қарши кўрсатма берган. Шунингдек, Ғофуровнинг адвокат олдида берган гувоҳлиги ҳам бор. Адвокатнинг ҳатти-ҳаракатларидан у тергов органлари билан ҳамкорлик қилгани кўриниб турибди. Ғофуров ўғирлаб кетилган пайтда унинг гувоҳлиги ёзиб олинган видео ҳам бор, – дейди адвокат Васильев.

Сўнгги тўққиз йил мобайнида Абдуллажон Ғофуров Россияда яшаган ва бу мамлакатда турар-жой бинолари подъездларини таъмирлаш ва уйлар қурилиши билан шуғулланиб келган. 2014 йилнинг май ойида Россияда кўриниши осиёлик бўлган номаълум кишилар Абдуллажон Ғофуровни ўғирлаб кетишган.

– Иккита эркак унинг машинасига ўтиришган, электрошокер билан бўйнига қарата уришган, Абдуллажон ҳушидан кетган. Маълум вақт ўтгач ҳушига келган Абдуллажон қандайдир чуқурга кўмиб қўйилгани, қўл ва оёғи арқон, оғзи эса скотч билан боғланганини сезган. Уни ўғирлаб кетган кишилар эса Абдуллажон уларга 16 миллион рубль қарз бўлиб қолганини иддао қилишиб, ундан ўша пулни қайтаришини талаб қилишган. Кейин одам ўғрилари Абдуллажонни номаълум дала ҳовлисига олиб боришган ва ўша ерда саккиз кун давомида сақлашган.

Ўша ерда Абдуллажон авваллари ўзи билан бирга ишлаган қурувчилар бригадаси бошлиғи, қирғиз миллатидан бўлган Қўшмурод Ғоиповни кўриб қолган. Ғоипов Абдуллажоннинг бошига тўппонча ўқталган ҳамда ундан пул қарздор бўлиб қолгани, бундан ташқари тўрт нафар инсонни ўлдиришга буюртма бергани ҳақида тилхат ҳам ёздириб олган, – дейди Париждаги “Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти раҳбари Мўътабар Тожибоева.

Унинг айтишича, Абдуллажонни ўғирлаб кетган кишилар номаълум дала ҳовлисида уни қаттиқ дўппослашган, қийноққа солишган. Буларнинг барчаси Дмитровск касалхонасидан олинган тиббий маълумотномада қайд қилинган. Абдуллажон Ғофуровнинг қариндошлари уни номаълум кишилар қўлидан озод қилиш учун одам ўғриларига 12 минг АҚШ доллари миқдорида пул ҳам тўлаганлар.

– Бизнинг қўлимизда Абдуллажонни озод қилиш учун тўланган пул жўнатмаларининг ҳужжатлари, Абдуллажоннинг ўғирлаб кетилишини ташкиллаштирган ва ундан катта пул талаб қилиб таҳдид қилгани ёзиб олинган Қўшмурод Ғоиповнинг телефон сўзлашувлари ҳам бор, – дейди Мўътабар Тожибоева.

Унга кўра, Абдуллажон Ғофуровнинг ҳибсга олиниши ягона мақсадда – ўзбек меҳнат муҳожиридан катта пул ундириш учун амалга оширилган.

– Абдуллажон Ғофуров ва унинг қариндошларини ҳибсга олган полиция ходимлари Ғоипов Қўшмуроднинг йўлланмаси асосида иш кўришган. Чунки Қўшмурод полициячиларга Абдуллажон Ғофуровда 16 миллион рубль борлигини маълум қилган. Абдуллажонни ҳибсга олиш пайтида полиция ходимлари у билан бирга кватирада бўлган қариндошларини ҳам қаттиқ дўппослашган, қийноққа солишларини, узоқ йилга қамаб юборишларини айтиб таҳдид қилишган ва Абдуллажондан уларга ўша 16 миллион рубльни беришини талаб қилишган. Алоҳида айтиб ўтиш жоизки, полиция ходимлари томонидан содир этилган тартиббузарлик чоғида квартирада Абдуллажоннинг икки нафар вояга етмаган фарзанди ҳам бўлган, полициячилар уларга ҳам куч кўрсатишган. Митиши туман полициячилари Ғофуровнинг уйидан пул қидиришган ва беш кун давомида уни ноқонуний равишда ички ишлар бўлими ертўласида сақлашган, – дейди Мўътабар Тожибоева.

Ҳуқуқ фаоли айни пайтда Абдуллажон Ғофуров ҳибсда ноқонуний равишда сақланаётгани ва Москва вилоятининг Митиши тумани ички ишлар бўлими ходимлари ўзбек меҳнат муҳожирининг ҳуқуқларини қўпол равишда бузаётганларини айтади.

– Бизда Россия Ички ишлар вазирлигининг Москва вилояти бўйича раҳбарияти Митиши тумани оператив ходимларининг қонунбузарликларига кўз юмаётгани ҳақида маълумотлар бор. Бундан ташқари, Митиши туман полициячилари ўта безори ва хавфли эканликлари тўғрисидаги маълумотлар ҳам бор. Моҳиятан, уларни бир банда деса ҳам бўлади. Қўшмурод Ғоипов Ўзбекистон прокуратурасининг собиқ ходими экан ва унинг ақли жойида эмас, аммо Россия ва Ўзбекистонда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларини сотиб олишга пули етарли. Аслини олганда, ўзбек прокуратурасининг собиқ ходими ва Россия полициячилари бир бегуноҳ ўзбек меҳнат муҳожиридан пул ундириш мақсадида уни қамаб қўйишган, – деди ҳуқуқ фаоли Мўътабар Тожибоева.

Айни пайтда “Ўтюраклар клуби” раҳбари Россия расмийларига ариза билан мурожаат қилиб, улардан Ўзбекистон фуқароси Абдуллажон Ғофуровнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишни ҳамда Москва вилояти Митиши тумани полициячилари томонидан содир қилинган қонунбузарлик юзасидан текширув ўтказишни ва айбдорларни жавобгарликка тортишни сўрагани маълум бўлди.

Мубина САФАРОВА

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.