Мўътабар Тожибоева: Жаноб Каримов! Қийноқлар қўллаётган мансабдорларга қонуний чора кўринг!
Абдураҳимов Улуғбекни зиммасига қўйилган қотиллик жиноятининг ҳақиқий айбдори эса ўта оғир жиноят устида қўлга олиниб, қотиллиги ҳам фош бўлиб, қамоқ жазосига хукм қилинди.
«Ойни этак билан ёпиб бўлмайди» деган ҳалқ мақоли бежиз айтилмаган. Биз барибир ҳақиқатни юзага чиқариш учун барча имкониятларимизни ишга соламиз.
Қабиҳликни келтириб чиқарадиган шароитларга тегмай туриб, ҳақиқат талаб қилиш, ёмғир ёғаётганда тош ётқизилмаган кўчада лой бўлмаслигини талаб қилиш билан баробардир.
Д.И. Писарев
Тошкент. Шоҳкўча б уй Президент девонига. Президент Ислом Каримовга;
Нусхаси: Тошкент. Шевченко кўчаси б уй. Бирлашган Миллатлар ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонасига:
22 июнь 2005 йил
«Фуқаролик Жамияти» Халқ харакатининг, «Ўтюраклар» Клуби номли, «Ҳуқуқшунослар қийноқларга қарши», «Ҳалқпарвар», ва «Тезкор журналистлар» номли инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотларининг Мамлакат Президенти Ислом Каримовга, хукумат, нохукумат идораларига, сиёсий партияларга, журналистларга, Халқаро ташкилотларга ва Бирлашган мшллатлар ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонасига ва Қийноқлар бўйича махсус маърузачиси Тео Ван Бовенга
М У Р ОЖ А А Т Н О М А С И
Жаноб Тео Ван Бовен!
Сиз 2002 йил ноябрь ойида «Қийноқлар ва бошқа турдаги шавқатсиз, ноинсоний ёки тахқирловчи харакатлар» юзасидан Ўзбекистонга қилган ташрифингиздан кейин Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Иқтисодий ва ижтимоий Кенгашининг Инсон ҳуқуқлари кўмитасини эллик тўққизинчи сессиясида қилган хисоботингизда Ўзбекистондаги қийноқлар кенг кўламда эканлигини баён қилгансиз.
Ушбу хисоботнинг 2-«Қийноққа тутиш амалиётлари, амалиёт доираси ва мазмуни»бобининг 43-44 бандларида эса қуйидагиларни маълум қилгансиз:
43. Махсус Маърузачининг киритган маьлумотларга мувофиқ жиноий тергов жараёнида ёки махкамаларда қатнашиш учун ҳимоячиларга турли ҳил тўсқинликлар бўлган. Айтишларича, терговчилар гумон остидаги шахснинг ҳимоячиси билан учрашиш ёки учрашмаслигига ва қачон учрашишини белгилашга таъсири ўта кучли. Махсус Маьрузачига гумондор 10 кун давомида ҳимоячи билан учрашишга эришгани тўғрисида фақат саноқли ишлар айтилди.
Бундан ташқари шахсий ҳимоячилар айрим ҳолларда, ҳимоя остидаги шахснинг қаршилиги инобатга олинмай, давлат томонидан тайинланган ҳимоячига алмаштирилган. Бундай ҳимоячиларнинг кўпчилиги, айтишларича, терговчилар билан бир ёқадан бош чиқариб, келишиб ишлайдилар, гўёки уларнинг айримлари тергов жараёнидаги ноқонуний харакатларнинг шоҳиди бўлишган ва бунга аралашишмаган, кейинчалик эса маҳкама жараёнида улар қийноқлар борасидаги судланувчилар томонидан кўрсатилган даъволарини рад қилишган.
44. Маҳкамагача ушлаб туриладиган жойларнинг бошлиқлари гўёки қамоқда сақланаётганларнинг қариндошларига терговчидан расмий тасдиқловчи хужжат бўлган тақдирда учрашишга рухсат беришларини айтишган. Қонунга мувофиқ маҳкамадан олдин қариндошлар хибсда сақланаётган билан учраша оладиларми ёки бу фақат терговчининг рухсати билан амалга ошадими, бу нарса ҳамон ноаниқ қолмоқда. Махсус Маърузачининг ишонишича, хибсда сақланаётган шахс билан ҳеч бир тўсиқсиз учрашиш унинг мандатида келтирилаётган харакатларга қарши мухим кафолатдир».
Мухтарам жаноб!
35 вароқдан иборат хисоботингизнинг 71 та бандида турли ҳил қийноқлар муаммолари ҳақида фикр юритгансиз биз ана шулардан фақат иккитасинигина мисол тариқасида олдик ва сизнинг Ўзбекистонга қилган ташрифингиз Ўзбекистондаги қийноқларга барҳам бериш эмас, заррача камайтиришга ёрдам қилмаганлигини ачиниш билан сизга маълум қилмоқчимиз.
Бир йил давомида Ўзбекистон туманининг Яйпан шаҳрилик Номоз Усмонов ва Иқбол Сатторовлар қотиллик ва ўғрилик, Охунбобоев тумани Пахтакор қишлоғилик Нуриддин Сохибоев номусга тегиш, Охунбобоев тумани Оқтепа қишлоғилик Салимбек Рахимов котиллик, талончилик, босқинчилик, фирибгарлик, товламачилик, Фарғоналик Абдурахимов Улуғбек қотиллик, Охунбобоев тумани Муллақайрағоч қишлоғилик Шокиров Отабек босқинчилик жиноятлари содир этганликда айбланиб, чидаб бўлмас қийноқлар қўлланилганлиги звазига уларнинг барчаси зиммасига бу ўта оғир жиноятлар юклатилиб бўлинганди.
Уларнинг кўпчилигининг ҳимояси учун поркуратура ва ички ишлар бўлимларининг «штатли» адвокатлари терговчилар томонидан жалб қилинганди ва айбланувчилар бу ўта оғир жиноятларни содир этганликларини «адвокатларининг» саъйи харакатлари билан «тан олгандилар». Уларнинг иқрорлик кўргазмалари видеотасмаларга ҳам олинган эди. Баъзилари эса ўзлари хоҳлаган одам ҳимоячи сифатида ишда иштирок этмагунча ҳеч қандай кўргазма бермасликларини айтиб, фикрларида қатъий тургандилар.
Юқорида номлари санаб ўтилган фуқароларни ҳимоя қилишни сўраб бизнинг ташкилотимизга уларнинг оила аъзолари қилган мурожаати эвазига уларнинг қонуний ҳимоячиси бўлиб бевосита ишга аралашдик. Уларнинг барчаси ҳеч қандай жиноят содир этмаганликлари аниқланиб, улар жуда узоқ муддатларга қамоқ жазосидан қутилиб қолдилар ва натижада улар озодликка чиқарилдилар. Терговчилар ва «штатли» адвокатлар эса фош бўлдилар.
Юқоридаги барча фуқароларнинг қутилиб қолишларига Мамлакат Призиденти ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонасига ёки тўғридан тўғри сиз жанобга қилган мурожаатларимиз ёрдам қилганлигини тан олмасдан иложимиз йўқ. Бугунги кунда яна хукумат рахбариятининг ва Сизнинг ёрдамингизга муҳтож бир фуқарони қийноқлар, азоблар ва адолатсизлик чангалидан қутқариб қолишга амалий ёрдамларингизни аямайсизлар деб умид қиламиз.
Мухтарам жаноб!
2005 йилнинг З март куни вилоятнинг Бувайда тумани бўлими биносига яқин жойда Ички ишлар бўлими рахбар ва ходимларининг дам олиш оромгоҳи сифатида эътироф этиб келинган Янгиқўрғон қишлоғининг М.Қориев кўчасида жойлашган кўп қаватли уйлардан бирида, аниқроғи 8 уйда жойлашган Бувайда туман прокурори Эркин Ғофуров ва Ички Ишлар бўлими раҳбарларининг ҳомийлигидаги қўшмачихонанинг қўшмачиси «Суйдипачоқ» лақаби билан танилган рўйхатда турмай ҳеч қандай хужжатсиз ижарада яшовчи Абдуллаева Суйди ўта ваҳшийларча ўлдирилган.
Ҳалқ орасида «Суйдипачоқ» ёш, вояга етмаган қизчасини алдаб қўшмачихонага олиб келиб туманнинг амалдорларига қўшиб берганлиги ва қизчаси хомиладор бўлиб қолганлигидан аламзада бўлган оталардан бири ўлдирган деган миш-миш тарқалган. Лекин бундай тахминлар текширилса ҳақиқий қотил топилса ва унинг бунингдек вахшийлик қилишига сабаб бўлган омил аниқлангудек бўлса на туман прокурори Эркин Ғофуров на Ички Ишлар бўлими рахбари Мансур Мамадалиев бирор кун ҳам лавозимларда қолмасликларини ўзлари жуда ҳам яхши биладилар. Шунинг учун ҳақиқий қотилни топишдан кўра содда ва гўл бир фуқарони топиб алдаб, қўрқитиб қотилликни бўйнига қўйиб юборавериш ўзларини офатдан қутқариб қолишини билган бу амалдорлар айбсиз фуқарони зиммасига қотиллик жиноятини қўйишмоқда.
Бунинг учун улар айнан қотиллик жинояти содир этилган пайтда Бувайда тумани Сил касалликлар шифохонасининг 2-бўлимида даволаниб ётган бемор «Суйдипачоқ»нинг қўшниси М. Қориев кўчаси 8 уй 5-хонадонда яшовчи Обидов Зафарни зиммасига қўйиш учун Обидов Зафар 9 июнь куни Тозагул исмли қўшмачи, фоҳишани хақорат қилиб майда безорилик содир этди деб қалбаки хужжатлар расмийлаштирганлар.
Прокуратура ва Ички Ишлар тизими амалдорларининг жиноятларини доимий равишда бостириб келиб ўрганган Жиноят ишлари бўйича Бувайда туман суди раиси Замира Ҳайдарова Обидов Зафаржонни 9 июнь куни майда безориликда айблаб ишни одилона ҳал этмай, далилларга таянмасдан 17617 сўм жаримага тортган. Бу ҳам етмагандек 15 сутка қамоқ жазосига маҳкум қилган. Судянинг бундай ғайриқонуний ҳатти харакатининг сабаби бу маъмурий ҳуқуқбузарлик иши Обидов Зафаржонни қисқа муддатга бўлсада қамоқ жазосига тортиб уни ҳимоя ҳуқуқидан маҳрум қилиб туриб уни зиммасига қотиллик қўйиш бўлган.
Обидов Зафаржоннинг онаси Истарахон Обидова «Ўтюраклар» Клуби инсон ҳуқуқлариниг ҳимоя қилиш ташкилотига ёзган аризасида қуйидагиларни баён қилган:
«…Мени уғлим Обидов Зафаржонни туманимизда бўлган қотилликда айблаб милиция ходимлари мени йўқлигимда оиламизга ҳеч қандай хабар бермасдан тумандаги «Сил касалликлари шифохонасида касал бўлиб ётган жойидан гумондор деб олиб кетиб 10 кунлар чамасида ушлаб олиб кетиб, Ички ишлар бўлимида ҳеч қандай сабабсиз бир нечта болалар билан биргаликда олиб бориб қамаб қўйиб сўроқ жавоб қилишиб, ўн кундан кейингина қўйиб юборишди. Чунки қотиллик жинояти содир бўлган куни яъни 2005 йил З март куни айнан мени ўғлим «Сил касалликлари шифохонаси»да даволаниб ётганди.
Шубҳаланиб олиб кетишгач, оғир аҳволдаги касал бўлган ўғлимни ҳар томонлама текшириб, унга тиббий ёрдам кўрсатмасдан, ўзларининг аёвсиэ услубларидан фойдаланган ҳолда жазолаб, яъни уни қўл бармоқларидан из олиб, ундан ҳеч қандай далил топиша олмагач, унга руҳан тайзиқ ўтказиб, алдаб, наша билан қаматиб юбориш билан қўрқитиб, «қотилликни бўйнингга олсанг қисқа муддатларда ўзимиз қутқариб оламиз, зато қамоқда ҳақиқий эркак сифатида ўтирасан, турмада сани ҳамма хурмат қилади, қамоқдан чиққанингдан кейин жуда кўп миқдорда пул берамиз, оилангни тиклаб оласан», деб алдашган.
Лекин ўғлим бу таклифларга узил кесил рад жавобини берган. Бундай усулларидан наф чиқмаганлиги туфайли уни бўшатиб юборишди. Ўғлим яна шифохонага қайта ётиб даволаниш муолажаларини олди. Чунки ўғлим хозиргача кам қувват, жисмонан носоғлом эди.
Буниси ҳам етмагандек, болам ўта саводсиз ва гўл эди. Бундай болалар қонунда белгиланган ҳуқуқларини билмай туриб, ўқишни билмай туриб савол жавобга юзланиб, бирорта юридик хужжатларга ҳимоячининг иштирокисиз имзо чекиши мумкинми? 10 кун ғайриқонуний қамоқда олиб ўтириб зиммасига жиноятни қила олмасдан мажбуран қўйиб юбориб, яна З ойдан кейин она, отаси, укалари, оиласига билдирмаган ҳолда алдаб милиция органларига олиб кетишлари мумкинми?
Мен оила бошлиғиман. Ўғлим мени қарамоғимдаги касал фарзанд. Уй эгаси уйда бўлмаган пайтда ордерсиз кимсасиз уйга кириб уйни тинтув қилишга кимнинг ҳаққи бор? Мана шу харакатлар қайси қонунда белгилаб қўйилган? Биз оми ҳалқ энди кимдан нажот кутайлик. Албата мен энди сизга ва сиз қатори инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчиларга таянаман ва дардимни сизларга айтаман.
Ўша қотиллик бўлган даврдан З ой ўтказишиб тумандаги устаси фаранг ҳалқ ҳимоячилари айнан мени йўқлигимни, яъни узоқ шаҳар Навоийга кетганлигимдан фойдаланиб, 9 июнь куни ўғлим тоза ҳаво олишга чиққан вақтди уни олиб кетишган. Милициядаги ходимлар ашаддий ойимчаларини ишга солишиб, улар билан тил бириктиришиб, уюштирган ҳолда ўғлимни олиб кетишган. З ойда топилмаган қотилни З кун ичида топишиб, ҳаттоки онаси йўқлигидан, отаси бехабарлигидан фойдаланган ҳолда уни қамаб олиб қотиллик айбловини уриб калтаклаб, азоблаб бўйнига қўйишган.
Буни қарангки «ватанпарвар» «ҳалқпарвар» жонкуяр «қонун ҳимоячилари» ҳаттоки 2 кун ичида ёлланган чўнтак адвокатлари иштирокида видеосёмка ҳам қилишга улгуришган. Уйимизни тинтив қилиб, ўзлари жойлаб қўйган ошёвий далилларни олиш учун видекамералар ва ёлланма адвокат билан ўғлимни олиб келишганида қўшниларимнинг айтишлари бўйича ўғлим ваҳшийларча калтакланганлиги яққол билиниб турган экан, юз кўзлари, баданлари аёвсиз калтакланишлар зарбига моматалоқ бўлиб ётган экан.
Ўзи эса оғир тан жароҳати олган одамдек букчайиб юрган эмиш. демак улар ўғлимни ичаклари, жигарлари, ва қовурғаларига тепиб калтаклашган. Ўғлимнинг ўша аянчли аҳволини кўргудек бўлсам маъмурий органлар рахбарларини тинч қўймаслигимни билганликлари учун ҳам ўғлимни мени йўқлигимни олиб келишибди. Лекин мен онаси бўла туриб ҳали ханузгача ўғлим ҳақида бирор бир хабар олганимиз йўқ. Мени ўзим ўғлимни олиб кетишганига З кун бўлганида уйга келганман.
Мен ўғлимни қаердан излаб энди кимга ишонай? Мени огоҳлантирмай туриб ўлимни қамаб олган «қонун ҳимоячилари»гами ёки ўғлимни қаматиб олиб «мана бу хужжатларга қўл қўйсанг сени ўзим қутқариб оламан» деб алдаб уни ҳаётини барбод қилган ёлланган оқловчигами? Бас энди бундай ўйинлар, энди мен ҳам ўз фарзандимни ҳуқуқини ҳимоя қилиш учун Ўзбекистондаги барча иймони бут инсонларга, Ҳалқаро миқёсдаги ташкилотларга кучимни борича талпинаман ва керак бўлса ўғлимни, туҳмат балосидан қутқариш учун бутун оналик қувватимни сарфлаб, ҳаётимни қурбон қилиб бўлсада ўғлимни қутқараман.
Бас ўғлим тухмат балосига йўлиққан экан, бу тухматдан ўғлимни қутқариб қолиш учун, адолатни тиклашга ёрдам беришларини сўраб барча хукумат идораларига мурожаат қилдим, лекин ҳеч ким ёрдам қўлини чўзмади, сизлар ҳам ёрдам бермас экансизлар мен оилам билан, ўз тарафдорларим билан биргаликда барча ҳуқуқи паймол бўлган инсонларни жалб қилиб кўча бўйлаб юриш қиламан.
Хозирда маъмурий жавобгарликка тортилиб Фарғона вилоят Ички Ишлар Бошқармасининг Вақтинча ушлаб туриш изоляторида сақланаётган Зафар Обидовнинг қотиллик жинояти содир этганлиги юзасидан қалбаки тергов харакатлари олиб бориляпти. Унинг оила аъзоларига ҳеч қандай хабар берилмаяпти. Зафар Обидовни ҳимоя ҳуқуқини бузиб, у умуман танимаган, билмаган кимсани тергов пайтида ҳимоячиси сифатида қатнаштиришяпти.
Умуман саводсиз бўлган ўғли Зафар Обидовнинг зиммасига қилмаган жиноятларини илиш учун харакат қилишаётганлигидан чўчиган онаси Истарахон Обидова терговчилар томонидан ёлланган адвокатдан воз кечишларини ва ўғлини ҳимоя қилишни сўраб «Ўтюраклар» Клуби инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотига ёзма ариза билан мурожаат қилди ва нотариал идора орқали З йил муддатга ўғли Обидов Зафарни ҳимоя қилишга Мўътабар Тожибоева номига ишончнома расмийлаштирди. Ушбу ишончномага асосан Зафар Обидов билан учрашишга рухсат бермаётганликлари, унинг ҳимоя ҳуқуқи бузилаётганлиги ҳақида вилоят прокурори Хамид Неъматов номига 17 июнь куни талабнома ёзиб топширдик.
Бундан ташқари адвокатлар Мухаррам Тожибова ва Дилафрўз Нурматовалар ҳам Зафар Обидовнинг оила аъзолари билан тузилган шартномага асосан Обидов Зафар билан учрашиш учун Ички Ишлар бошқармасига қўлларидаги ордерлари бир неча маротаба бордилар. Лекин З та ҳимоячининг биронтасини ҳам Зафар Обидов билан учраштиришга тўсқинлик қилиб қонунни оёқ ости қилишмоқда.
Вақтинча сақлаш изолятори рахбари Рахматжон Рахмонов З кунгача судя Замира Ҳайдаровадан Зафар Обидов билан учрашишга расмий рухсатнома олиб келишларини, шундан кейингина киритишини билдирди. Жиноят судининг рахбарлари эса маъмурий ҳуқуқбузарлик иши кўриб бўлинганидан кейин ҳуқуқбузар Ички Ишлар бошқармасининг ихтиёрига ўтказилиши, судьянинг ҳеч қандай алоқаси йўқлигини маълум қилишди. Вилоят прокурорига расмий талабнома берилганидан кейин Зафар Обидовнинг аҳволи яна оғирлашди.
Чунки ўз хисоботингизда ёзганингиздек терговчилар ва амалдорлар томонидан қонунга зид равишда терговга жалб қилинган номаълум адвокат тергов харакатларида қатнашиб, Обидов Зафарнинг зиммасига у қилмаган қотиллик жиноятини қўйдиришга кўмаклашган адвокатга ҳеч қандай тўсқинлик қилишмади, Зафар Обидовнинг ҳуқуқларини ҳимоя қиламан дея бел боғлаган адвокатларга эса ҳеч қандай йўл беришмаяпти. Оила аъзолари билан учрашишга ҳам умуман рухсат йўқ.
Жиноят Процессуал Кодексининг 51-ҳимоячи иштирок этиши шарт бўлган ҳоллар ҳақида моддасининг 4-қисмида жазо чораси сифатида ўлим жазоси тайинланиши мумкин бўлган жиноятларни содир этишда гумон қилинаётган ёки айбланаётган шахсларнниг иши бўйича ҳимоячи иштирок этиши шартлиги кўрсатилган. Обидов Зафарга қўйилаётган айб, яъни Жиноят Кодексининг 97-моддаси қасддан одам ўлдиришнинг 2-қисмига асосан Обидов Зафарни ўлим жазосига хукм қилиниши мумкинлиги қонунда кўрсатиб қўйилган. Вақтинчалик сақлаш изоляторида ваҳшийларча калтакланиб ўта оғир тан жарохатлари олган Зафар Обидовнинг ўта аянчли аҳволи ҳақида адвокатлари ва ҳимоячиси хабардор бўлиб қолишидан қўрқаётган амалдорлар умуман бу қонунларни назар писанд қилмаяптилар.
Вилоят прокурорига гумонланувчи ёки айбланувчи Зафар Обидовнинг ҳимоя ҳуқуқи бузилаётганлиги, бундай қонунбузилишни олдини олишга амалий ёрдам беришни сўраб мурожаат қилганимиздан кейин 20 июнь куни Бувайда туман Ички Ишлар бўлими жиноят қидирув бўлими ходими М. Хидиров томонидан ёздирилган, умуман саводсиз бўлган Зафар Обидов номидан ёзилган Суйдипачоқни ўлдирганлиги, қилган жиноятидан чин кўнгилдан пушаймонлиги, шунинг учун ҳеч қандай адвокат ва ҳимоячи ёрдами керак эмаслиги ҳақидаги аризани бизга кўрсатиб Зафар Обидовга ҳимоячи керак эмаслигини билдиришди.
Зафар Обидов қотиллик жиноятини қилганлигини бўйнига олган бўлса, тергов харакатлари олиб борилаётган бўлса нима учун бу аризани тергов харакатларини олиб бораётган прокуратура терговчиси Зафар Обидовнинг оила аъэолари билан шартнома тузган адвокатлар ёки ишончнома расмийлаштирилган қонуний вакил иштирокида эмас тергов гуруҳига киритилмаган жиноят қидирув бўлими ходими Хидиров томонидан расмийлаштиряпти?
Вақтинча сақлаш изоляторига қўлидаги ордери билан адвокат киритилмаган бир пайтда Хидиров нима учун киритилганини сўраганимизда маъсул мансабдор шахс Рахматжон Рахмонов Хидиров Зафар Обидов учун оила аъзолари бериб юборган дори дармонларини олиб келган пайтида Зафар Обидов ўз ихтиёри билан ушбу аризани ёзиб берганлиги ҳақидаги эртакка барчамизни ишонтирмоқчи бўлди. Ваҳоланки унинг оила аъзолари ҳеч кимга ҳеч қандай дори дармон бериб юборганлари йўқ.
Бундан ташқари февраль ойининг ўрталаридан апрель ойининг ўрталаригача сил касалликлари шифохонасида ётган бемор Зафар Обидов шифохонадан чиқиб кетиб Суйдипачоқни ўлдириб қайтиб шифохонага кетган деган фаразларини исботлаш учун Зафар Обидовнинг палатадоши Рахматов Шавкатга куни кеча прокуратура терговчиси тайзиқ ўтказиб, қийноқ қўллаб «Суйдипачоқ ўлдирилган пичоқни Зафар Обидов З март куни шифохонадан олиб чиқиб кетганини кўрганман» деб ёзиб берасан, бўлмаса умрингни қамоқда чиритаман» деб қўрқитганлиги, Шавкат Рахматов қандай жирканчликлар қилишмасин уларнинг тухмат бўхтонларига қўшилмаслигини, чунки З март куни Зафар Обидов эртадан ярим тунгача бирор ёққа чиқмасдан палатада ётганлигини нафақат у шифокорлар, санитаркалар ва ҳамширалар ҳам кўрганликларини, ҳақиқат барибир ғалаба қилишига ишонишини терговчига дангал айтганлиги ҳақида маълумот олдик.
Статистикага мурожаат қилинса Фарғона вилоятидаги ўта оғир жиноятлар айнан маъмурий органлар рахбарларининг ҳомийлигида ташкил этилиб, фаолият юритаётган қўшмачихоналар ва фоҳишахоналарда содир этилади. Бунинг биргина сабаби бу қўшмачихоналар ва фоҳишахоналарда нафақат маиший бузуқликлар, балким наркотик моддалар савдоси ҳам ривожланган бўлиб, айнан маъмурий органлар рахбарлари мана шу наркотик моддалар савдосидан манфаатдор бўлиб, қўлга олинган наркотик моддаларни хужжатлаштириб йўққа чиқариш ўрнига айнан қўшмачилар ва фохишалар орқали қайта савдога қўядилар.
Бу қўшмачи ва фохишаларнинг ҳомийлари погонини юлдузи катта акахонлари бўлганидан кейин уларнинг мушугини пишт дейдиган мард топилиб кўрсин-чи? Маҳалла-чи? Маҳалла қаёққа қарайди дерсиз? Маъмурий органлар эркатойлари бўлган қўшмачи ва фохишаларнинг кирдикорлари туфайли ёш авлоднинг тарбияси бузилаётганлиги, шарафли ўзбек номи булғаниб кетганлиги, маънавиятимиз ўлаётганлигига дош бера олмаган маҳалла фаоллари, фаол фуқаролар маъмурий органлар рахбарлари ва қўшмачи, фохишаларнинг режалаштирган фитналари билан тухматга учраб, жиноий жавобгарликка тортилиб қамалиб кетмоқдалар. Ўзларинииг жуда кўп сирларидан вофиқ бўлиб қолган қўшмачи ва фохишаларни эса ўзлари ёллаган қотиллар орқали ўлдиртириб юбориб, айбсиз фуқароларни зиммасига бу қотилликларни қўйиб, ёлланма қотилларни жазодан қутқариб қолмоқдалар.
Суйдипачоқнинг доимий мижозлари бўлиб келган прокуратура органлари вакилларидан ва Бувайда милициясининг кўпчилик ходимлари Суйдипачоқнинг қўл остидаги ғунчаларининг касрига қолиб сифилис касалига дучор бўлганлар.
Ўзларининг фош бўлишидан чўчиган бу амалпарастлар Олий Мажлисда мухокама қилиниб, тасдиқланган ва Президент Ислом Каримов томонидан имзо чекилган Ўзбекистон Республикаси Жиноят Процессуал Кодексининг 49 ва 53-моддалари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Олий Суди Пленумининг 2003 йил 19 декабрь кунидаги «Гумон қилинувчи ва айбланувчини ҳимоя ҳуқуқи билан таъминлашга оид қонунларни қўллаш бўйича суд амалиёти тўғрисида»ги қарорини бир пулга олишмайди. Ўзларини ҳозирги оғир вазиятда ҳалқнинг хукуматга нисбатан ишончсизлиги кучайиши умуман қизиқтирмайди.
23 июнь куни Обидов Зафарни 15 суткалик қамоқ жазоси тугайди, лекин прокуратура ва мархума Суйдипачоқнинг ҳамтовоқлари бўлган Бувайда милицияси мансабдор шахслари 4 ой аввал содир этилган қотиллик жиноятини ҳақиқий айбдорини топиш ўрнига Зафар Обидов зиммасига қўйиш мақсадида уни вақтинчалик сақлаш изоляторидан тўғри турмага олиб бориш учун прокурор санкцияни расмийлаштиришга тайёрлашмоқдалар. Суйдипачоқнинг шериклари бўлган маҳаллий маъмурий органлар вакилларининг ҳеч бир айбсиз фуқарони жиноятчига чиқариш учун ҳар қандай хунрезлик қилишдан қайтмаётганликларини бутун ҳалқ, бутун маҳалла, бутун район билиб турибди.
Мамлакат Президетининг бир гапини биз тез-тез эслаймиз: «Ҳалқ очликка, қийинчиликка чидайди, аммо адолатсизликка чидамайди» дарҳақиқат биргина Бувайда туманида содир этиладиган хунрезлик Бувайдаликларнинг хукуматга нисбатан бўлган ишончини барбод қилишидан чўчиймиз. Агар Зафар Обидов ҳақиқий қотил бўлганида эди, уни нафақат адвокатлари, қонуний вакилидан, ҳаттоки оила-аъзоларидан ҳам бунчалик яширмас эдилар.
Чунки биз қутқариб қолган Номоз Усмонов ва Иқбол Стторовлар қотиллик ва ўғрилик, Нуриддин Сохибоев номусга тегиш, Салимбек Рахимов қотиллик, талончилик, босқинчилик, фирибгарлик, товламачилик, Абдурахимов Улуғбек қотиллик жиноятларини содир этганликларини айнан қийноқлар ва юқоридагидек ҳимоядан ажратиб қўйилган ҳолатда тан олгандилар, лекин бугунги кунда улар озодликдалар. Абдураҳимов Улуғбекни зиммасига қўйилган қотиллик жиноятининг ҳақиқий айбдори эса ўта оғир жиноят устида қўлга олиниб, қотиллиги ҳам фош бўлиб, қамоқ жазосига хукм қилинди. «Ойни этак билан ёпиб бўлмайди» деган ҳалқ мақоли бежиз айтилмаган. Виз барибир ҳақиқатни юзага чиқариш учун барча имкониятларимизни ишга соламиз.
Юқоридагиларни эьтиборга олган ҳолда сизлардан биргина ўтинчимиз бор, ва уни инобатга олишларингизни сўраймиз: Зафар Обидовнинг бошига тушган кулфат юзасидан, яъни унга нисбатан қийноқнинг ўта оғир усуллари қўлланилиб, қилмаган жиноятини зиммасига қўйилаётганлиги, «ўз айбига иқрорлиги» юзасидан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва унинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси Ўзбекистон хукумати вакиллари иштирокида махсус комиссия тузиб, юқорида баён қилинган ҳолатларни атрофлича синчковлик билан текшириб, Зафар Обидовни зудлик билан қамоқдан озод қилиб унга малакали тиббий ёрдам кўрсатиб, унга нисбатан қийноқ қўллаб қилмаган жиноятини зиммасига илиб, одил судловга қарши жиноятлар содир этган прокуратура ва милиция идоралари амалдорларига нисбатан жиноят иши қўзғатилишини таъминлашларингизни талаб қиламиз.
Фарғона вилояти Марғилон шаҳар Зуҳро кўчаси 31 уй 31-хонадонда жойлашган «Фуқаролик Жамияти» Халқ Ҳаракати ва «Ўтюраклар» Клуби, «Ҳуқуқшунослар қийноқларга қарши», «Ҳалқпарвар» ҳамда «Тезкор журналистлар» инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари фаоллари, тарафдорларимиз, Суйдипачоқ ва Зафар Обидовларнпнг қўшнилари ва жабрдийдалар, уларнинг вакиллари номидан «Фуқаролик Жамияти» Халқ Ҳаракати асосчиси, мустақил журналист Мўътабар Тожибоева.
This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.
Fikr bildirish