Улуғбек Бакиров: Ўзбекнинг виждони – миллат чинори! Ўзбекистон халқ шоири Шукрулло билан эксклюзив радиосуҳбат

Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофоти лауреати, «Дўстлик» ва «Эл-юрт ҳурмати» орденлари соҳиби, Ҳамза номидаги Республика Давлат мукофоти совриндори, ўзбек халқи қалбидан юксак жой эгаллаган истеъдодли шоир, драматург ва носир Шукрулло 1921 йил 2 сентябрда Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур даҳасида дунёга келган.

Дастлабки ўрта таълимни олгач, педагогика билим юртида, сўнгра Низомий номидаги Тошкент Давлат педагогика институтида, Давлат университети қошидаги аспирантурада таҳсил олган. Шоир турли газета ва журналларда, бадиий адабиёт нашриётларида ишлади, ўқитувчилик ҳам қилди. Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмасида адабий маслаҳатчи бўлди.

Устоз адиб Шукруллонинг дастлабки шеърлари урушдан олдин яратилган бўлса ҳам, у ижоднинг катта йўлига 1940-йилларнинг охирларида чиқиб олди. Унинг биринчи шеъри 1939 йилда дастлабки шеърий тўплами «Биринчи дафтар», «Қалб қўшиқлари» эса 1949 йилда нашр этилган. Шоир 1948 йилда чоп этилган «Чоллар» достонида янги ерларни ўзлаштиришга киришган замондошлари образини яратди. Кейинчалик яратилган «Икки қоя», «26-тонг отари» (1970) каби достонлари билан ўзбек достончилик ривожига муносиб улуш қўшди.

Шукрулло ижодида маънавий-ахлоқий масалаларни тасвирлаш асосий ўринни эгаллайди. Хусусан, унинг «Ҳаёт илҳомлари», «Умрим борича», «Инсон ва яхшилик» (1961), «Инсон — инсон учун» (1964) каби шеърий тўпламларига кирган кўпчилик шеърларида инсондаги энг муҳим маънавий-ахлоқий фазилатлар улуғланади, кўз-кўз қилинади.

Шунингдек, кейинчалик яратилган «Зарралар» (1973), «Суянчиқ» (1977), «Яшагим келади» (1978), «Сенинг бахтинг» (1988) каби шеърий гулдасталарида ҳам ҳазрати инсонга таъзим бош ўринда туради. Айниқса, унинг «Зарралар» тўпламидан жой олган кўпчилик рубоийлари инсон ҳақидаги мадҳия, инсон ҳақида битилган гоҳ мунгли, гоҳ шодон қўшиқни эслатади.

Отахон адибимиз Шукрулло драматург сифатида ҳам қалам тебратиб келади. Унинг «Хатарли йўл», «Табассум ўғрилари» (1977), «Ўғрини қароқчи урди» (1984) каби драмалари Республика театрлари саҳналарида намойиш этилган.

Шукрулло домла моҳир публицист ва носир сифатида ҳам кенг китобхонларга маълум. Бу ўринда унинг адабий-фалсафий мақолаларидан ташкил топган «Қасосли дунё» (1994) китобини эслаш кифоя. Чунки, ундаги публицистик мақолалари турли йилларда ёзилган бўлса ҳам, улар замондошимиз маънавиятини мустаҳкамлашга хизмат қилиши, уни камолот сари етаклаши табиийдир.

Адибнинг — носир деганда, унинг уч асарини эслаш етарли. Бири — «Жавоҳирлар сандиғи» (1983) қиссаси, иккинчиси — «Кафансиз кўмилганлар» (1989) хотира-романи, учинчиси Убайдулла Хўжаев тўғрисидаги «Тирик руҳлар» (1999) роман-хроникасидир.

Улар маълум маънодаги автобиографик асар бўлганлигидан ўз маъно ва мазмунига кўра бир-бирини тўлдиради. Бу асарлар инсон ҳақидаги, инсонга хос ва уни безаб турадиган фазилатлар тўғрисидаги фожеавий қасида дейиш мумкин.

Шукрулло домла болалар учун ҳам асарлар яратган. Унинг «Баҳор совғаси» (1962), «Юлдузлар» (1964) каби шеърий тўпламларида болаларнинг такрорланмас ички дунёси, орзу-истаклари, интилиш ва мақсадлари Ватанга бўлган муҳаббат туйғуси билан уйғунлашиб кетади. Уларда дўстлик, она табиат тасвири етакчилик қилади.

Шукрулло Карло Гоццининг «Бахтиёр гадолар» пьесаси, Ш.Петефи, Т.Шевченко, Қ.Қулиев ва бошқа шоирларнинг шеърларини ўзбек тилига таржима қилган. Унинг асарлари рус, араб, турк, озарбайжон, қорақалпоқ, қозоқ, қирғиз тилларида нашр этилган.

Шукрулло Сталин қатағонлик даврининг иккинчи тўлқини жабрини чеккан, Сибирга бадарға этилган ўзбек ижодкорларидан бири, Шўро ҳукумати лагерларида оғир азоб-уқубатларни ўз бошидан кечириб, омон қолган адибдир.

Унинг «Кафансиз кўмилганлар» романи ана шу воқеаларнинг бадиий ифодасидир.

Отахон адиб Шукрулло Ўзбекистон Президентлик Кенгаши аъзоси вазифасида фаолият кўрсатган жамоат арбоби ҳамдир.

********
Дастурда фойдаланилган материаллар:

Шукрулло домланинг янги сурати журналист Карим Баҳриевнинг «Facebook» саҳифасидан олинган;
Видеотасвир «YouTube»дан олинган;
У.Бакировнинг шахсий архивидан олинган интервью (Замондош ТВ, 2011 й.);
Абдуҳошим Исмоилов, «Шодиёна» мусиқаси;
Зулайҳо Бойхонова, «Инсон азиз» қўшиғи.

********
Дастур давомийлиги: 38 дақиқа 56 сония.

Ziyo NUR студияси маҳсулоти.

Муаллифлик ва бошқа ҳуқуқлар Ziyo NUR студиясига тегишли.

Муаллиф ва суҳбатдош: Улуғбек Бакиров (Норвегия)

Техник муҳаррир ва монтажчи: Зиё Нур (Ҳолландия)

E-mail: ubakirov@gmail.com

(Изоҳ: Видео сифатини “480p” га мосласангиз, тасвирлар янада тиниқлашади)

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.