Азам Формонов: Васила опани хотирлаб…
Хеч эсимдан чиқмайди. Балки умрбод эсимдан чиқмаса керак…
2016 йилнинг 18 август куни менга қарши сохта айблов билан озодликдан маҳрум қилинган 9 йиллик қамоқ муддатим тугади.
Шу паллада мени озод қилиш ўрнига сохта ҳужжатлар асосида яна 5 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилиндим. Ўзимни ҳимоя қилиб, судда қанча далилларни келтирмай, мени умуман эшитмай, қўшимча жазо муддати қўшиб беришди.
Адолатсизликка учраб, руҳий жиҳатдан жуда қийналиб юрган шундай палламда мени муассаса мансабдорлари суҳбатга чорладилар ва мен билан суҳбатлашишга тўпланган 3 нафар ҳодимлардан бири тўсатдан “Васила Иноятова сенга ким бўлади?” деб сўраб қолди.
Қўққисдан берилган бу саволни ўз хаёлимда турлича талқин қилдим. Бироз сукутдан сўнг далиллик билан “Ҳамкасбим ва опам бўлади” деб жавоб бердим.
“Унга айтадиган қандай гапларинг бор бўлса аввал биз эшитишимиз керак” деди муассаса бошлиғи ёрдамчиси.
Ўз-ўзидан билдимки мени йўқлаб Васила опа шунча йўлдан Жаслиққа келган экан. Мен “Васила опага айтадиган гапларимни ҳеч қачон олдин сизларга айтмайман” дедим.
Шундан сўнг мени маҳкумларнинг учрашувлар хонасида Васила опа ва Абдураҳмон Ташанов билан учраштиришди.
Шу учрашув менга қанчалар руҳий кўмак берганлигини мен ҳозир сўз билан ифодалаб беролмайман. Уларни мени йўқлаб келганликлари мени яқин орада озодликка чиқишга бўлган ишончимни, келажакка бўлган умидимни янада оширди.
Чунки Жаслиқ тарихида илк бора сиёсий маҳкум билан ҳуқуқ ҳимоячиларининг учрашуви эди бу. Нафақат сиёсий маҳкумлар, Жаслиқ қамоқхонаси тарихида бирор бир маҳкум ўз адвокатлари билан бирон маротаба учрашувига руҳсат берилмаганди.
Бу воқеа бутун Жаслиқда “Формоновни адвокатлари ва ҳамкасблари учрашувга киришга муваффақ бўлишибди” деган шов-шув тарқалиб кетди.
Ҳамма мени табриклар, “Демак озодликка чиқиб кетишингизга оз қолибди” дейишарди.
“Учрашувга келишга, Сиз билан юзма юз бўлишга имкон қилибдими, демак сизни озодликка ҳам олиб чиқиб кетишни уддасидан чиқади бу опа!” деб Васила опани таниганлар кўп бора айтишди.
Ҳақиқатан ҳам бу учрашувдан 14 ой ўтиб, яъни 2017 йил 3 октябрь куни Васила опа ва Абдураҳмон Ташанов Жаслиққа келишиб, мени озодликка олиб чиқиб кетишди.
Куни кеча Васила опани сўнгги манзилга кузатар эканмиз “Яна шундай мард ва довюрак аёл дунёга келармикан?” деб ўйланиб қолдим.
Васила опа сўнгги икки йилда мен каби ўнлаб сиёсий маҳкумларни озодликка чиқиши йўлида тинимсиз курашди.
Бутун Европа давлатларида сиёсий маҳкумлар масалаларини кўтариб, уларни озодликка чиқариб, ўз оилалари бағрига қайтарди.
Васила опани йўқотиш биз ҳуқуқ ҳимоячилари учун жуда оғир.
Лекин инсон дунёга қайтиш учун келган экан барчамиз бу дунёда ўткинчимиз. Жойингиз жаннатда бўлсин.
Васила опани порлоқ хотираси ҳамиша бизни қалбимизда ва юрагимизда абадий қолади.
Азам Формонов
Ҳуқуқ ҳимоячиси,
собиқ сиёсий маҳкум
Fikr bildirish