Қутлов! Азиз устозимиз Жаҳонгир Муҳаммадни пайғамбар ёши билан табриклаймиз!

Бугун, 1 сентябрь – азиз устозимиз, тилшунос олим, атоқли ёзувчи, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, Мустақил Ўзбекистоннинг биринчи парламенти – Олий Кенгашнинг собиқ Халқ депутати, давлат ва сиёсат арбоби Жаҳонгир Муҳаммад АҚШда оиласи, яқинлари, дўстлари ва шогирдлари даврасида ўзининг муборак 63 – Пайғамбар ёшини қарши олмоқда.

Шу улуғ айём муносабати билан қадрли устозимизни чин дилдан қизғин муборакбод этамиз!

Жаҳонгир Муҳаммад – бутун умр ўзининг қиличдек ўткир сўзлари, метиндек мустаҳкам иродаси билан адолат йўлида тиним билмай курашиб келаётган халқимизнинг мард ва жасур, фидойи фарзандидир.

Устоз адиб Жаҳонгир Муҳаммад (Жаҳонгир Маматов) 1955 йилнинг 1 сентябрида Самарқанд вилоятининг Самарқанд туманида дунёга келган.

1980 йилда оила қурган. Тўрт фарзанди ва беш набираси бор. Умр йўлдоши тилшунос.

Жаҳонгир Муҳаммад 1972 йилда Самарқанд туманидаги 24-ўрта мактабни аъло баҳолар билан битирган.

1973-1979 йилларда Тошкент Давлат Университети Журналистика куллиётида ўқиган ва 1981 йилга тилшунослик ва журналистикада этика бўйича илмий изланишлар олиб борган.

Меҳнат фаолиятини 1973 йилда “Тошкент ҳақиқати” газетасида корректорликдан бошлаган.

1974-1979 йилларда республика “Қишлоқ ҳақиқати” газетасида масъул котиб ўринбосари лавозимида ишлаган.

1976-1978 йилларда Армияда хизмат қилган.

1979-1981 йилларда Ўзбекистон радиосининг қишлоқ хўжалик бўлимида редактор лавозимида ишлаш билан бирга қишлоқ хўжалик ва қишлоқ маданияти муаммоларига бағишланган махсус “Табаррук замин” дастурига муҳаррирлик қилган.

1981-1982 йилларда Самарқанд вилоятининг Жомбой туманидаги Улуғбек давлат хўжалигида Маданият масалалари бўйича директор ўринбосари бўлиб ишлаган.

1982-1985 йилларда Самарқанд вилоят “Ленин йўли” (“Зарафшон”) газетасининг «Қишлоқ хўжалиги” ва “Партия турмуши” бўлимларини бошқарган.

1985-1990 йилларда “Совет Ўзбекистони” (“Ўзбекистон овози”) газетасининг Самарқанд вилоят бўйича махсус мухбири бўлиб фаолият кўрсатган. Айни пайтда “Муштум” журнали ва “Қишлоқ ҳақиқати” газеталарининг жамоатчи мухбири бўлган. Шу йилларда унинг мингдан зиёд фелъетонлари, танқидий ва таҳлилий мақолалари эълон қилинган. Баъзи асарлари “Ёшлик” алманахи ва “Беғубор тонг”, “Самарқандни титратган 525 кун” китобларида нашр этилди.

Қайта қуриш йилларида ошкоралик муаммолари ҳақида ёзилган “Қуръон ва Қурол”, “Ёнаётган аёл”, “Ёпиқ эшикнинг очилиши” каби туркум таҳлилий очерклари Ўзбекистон ҳамда Иттифоқ Журналистлар уюшмаларида биринчи ўринни эгаллаган.

1990 йилда 35 ёшли Жаҳонгир Маматовга “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист” унвони берилган.

Шу йили у Самарқанд вилоят Жомбой туманидан Ўзбекистон Халқ депутати этиб сайланган.

1990-1993 йилларда у Ўзбекистон Олий Кенгашида Ошкоралик қўмитаси раисининг ўринбосари бўлиб ишлаган ва “Матбуот ҳақида”ги илк қонун лойиҳасининг муаллифидир.

Жаҳонгир Муҳаммад Олий Кенгашда “Ташаббус” депутатлар гуруҳи фаолиятини бошқарди, Парламентнинг “Халқ сўзи” газетасини тузиш ишига бошчилик қилди.

Ўзбекистон Олий Кенгашида 1990 йилнинг 20 июнида Кенгаш котибиятининг раиси этиб сайланган Жаҳонгир Маматов мазкур сессиянинг кун тартибига Ўзбекистон Мустақиллиги Декларациясини қабул қилиш масаласини киритишга муваффақ бўлди. “Эрк” демократик партияси ва “Бирлик” Халқ Ҳаракати тақдим этган лойиҳалар асосида янги бир лойиҳа ёзиш учун тузилган беш кишилик комиссия таркибига кирган Жаҳонгир Маматов сессияда қабул қилинган Ўзбекистон Мустақиллик Декларацияси матнини ёзган.

Бекобод, Бўка воқеаларидан кейин Паркентда Месхет турклари билан юз берган қонли ҳодисаларни ҳукуматнинг ўзи уюштирганини иддао этган Жаҳонгир Маматов сафдошлари билан бирга мазкур масалада Олий Кенгаш комиссиясини туздиришга муваффақ бўлди. Ўзи ҳам мазкур комиссия таркибига сайланган Жаҳонгир Маматов ҳақиқатдан ҳам Паркент воқеалари ортида КГБ турганини исботловчи ҳужжатларни ўртага чиқаришга муваффақ бўлган ва шундан кейин қувғинга учраган.

Ўзбекистон Компартияси Марказий қўмитаси Жаҳонгир Муҳаммадни Президент Каримовни ва Олий суд раисини телевидение орқали ҳақорат қилишда айблаб, устидан иш очиш учун рухсат сўраб Олий Кенгаш раёсатига мурожаат қилди, аммо депутатларнинг фаоллиги боис бундай рухсатни ололмади.

Ж.Муҳаммад Олий Кенгашда ташкил этишга киришган “Юзма-юз” газетаси билан боғлаб унинг масаласи раёсатда муҳокама этилди ва яна ҳукумат ўз мақсадига эриша олмади.

1991 йилнинг 19 август куни демократия учқунларини ўлдириш учун уюштирилган Давлат тўнтариши – ГКЧП жараёнидаги қонунбузарликларга қарши у бир неча сафдоши билан бирга Олий Кенгаш биноси ёнида Коммунистик партия билетини ёқиб, ўз норозилигини ошкор билдирган эди.

У Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг раиси этиб сайланганда эса ҳукумат сайлов натижаларини бузиб эълон қилиш билан унинг йўлини тўсди.

Жаҳонгир Муҳаммад ишлаган Ошкоралик қўмитаси Олий Кенгашнинг қудратли кучига айланди. Шу сабаб ҳам Каримовнинг топшириғи билан бир неча марта бу қўмитани ёпишга уриндилар, аммо Жаҳонгир Маматов тарафдорлари бунга йўл бермадилар. Охир оқибатда Олий Кенгаш ҳақидаги қонунлар қўпол бузилган ҳолда бу қўмита ёпилди. Мақсад Жаҳонгир Маматовни четлатиш эди. Уни четлатгач, қўмитани қайта очишди.

1991 йилда Жаҳонгир Маматов ўз сафдошлари билан бирга Президент Каримовнинг диктаторона ҳаракатларини жиловлаш масаласини Олий Кенгашнинг 7-сессияси кун тартибига кирита олди.

Ташаббускор депутатларнинг талаби билан Ўзбекистон Президенти ва Халқ депутатлари фаолиятини мувофиқлаштирувчи бўлим очилди ва Жаҳонгир Маматов мазкур бўлимга мудир бўлди. Кейин у Ўзбекистон телевидениесига раҳбар этиб тайинланди.

1992 йилнинг 16 январида Тошкент талабалар шаҳарчасида юз берган қонли воқеалардан кейин мазкур ҳодисаларни Ўзбекистон телевидениесида ошкора ёритиш имкониятлари чеклангани ва мамлакатда диктатура ўрнатилганини эълон қилиб у ўз вазифасидан истеъфо берди. Бу воқеа Ўзбекистон тарихида ҳукумат таркибида туриб, ҳукуматга норозилик билдирган, диктатура ўрнатилганини очиқ, ёзма равишда эълон қилиб ўз вазифасидан истеъфо этган илк воқеа эди.

Жаҳонгир Маматов ўзбек демократик мухолифатини бирлаштириб, диктатурага қарши туришга йўналиб 1992 йил 28 март куни «Эрк» партияси биносида ўтган Ўзбекистон Демократик кучлари форумининг ташкилотчиларидан бири бўлди.

Жаҳонгир Муҳаммад шундан кейин ноҳукумат “Турон” ташкилотига Президентлик қилди. Гарчи қонунларда ташкилотни ёпиш ваколати судга берилган бўлсада, қонунлар оёқости қилинган ҳолда Адлия вазирлигининг ҳукми билан шошилинч тарзда бу ташкилот бекитилди, мол-мулки мусодара қилинди.

Жаҳонгир Маматов шу даврда Каримовнинг қилмишлари ҳақида “Сарой ўйинлари” китобини ёзди. Бу китобнинг қўлёзмалари ҳукумат томонидан мусодара қилинганига қарамай унинг нусхалари тарқалиб кетди ва «Эрк» газетасининг 1994 йилги сонларида нашр этилди ҳам.

1993 йилнинг 3 январ. Жаҳонгир Маматов «Эрк» партиясининг мафкура масалалари бўйича котиби ва “Эрк” газетасининг Бош муҳаррири этиб сайланди. Бундан ҳукумат ваҳимага тушди.

1993 йил 6 январ. «Эрк» партияси биноси яқинида у суиқасддан қутулиб қолди. Воқеанинг кейинги куни Москвада чоп этиладиган “Известия” газетасида Лебедева имзоси билан чиққан мақолада суиқасд ортида ҳукумат тургани ёзилганди.

1993 йил 7 феврал. Ҳукумат қонунга хилоф равишда у бош муҳаррири бўлган газетани ёпди.

1993 йил 13 феврал. Унинг Тошкентдаги уйи тортиб олинди ва у куч билан Самарқандга кўчирилди.

1993 йил 21 март. У Озарбайжонда ўтказилиши керак бўлган Турк дунёси қурултойига «Эрк» партиясининг вакили сифатида йўл олди. Қурултой Туркияга кўчирилди ва у мазкур қурултойда «Эрк» партияси ва раҳбарияти бошига келган қатағонлар, Ўзбекистонда диктатура авж олгани ҳақида баёнотлар тарқатди. Мамлакатга қайтиши билан 1993 йил 17 апрел куни Жаҳонгир Муҳаммад Самарқандда қўлга олинди.

Жаҳонгир Маматовнинг халқ орасидаги обрўйидан қўрққан ҳукумат бу ишни амалга ошириш учун шу куни Самарқандга Республика Бош прокурори Бўритош Мустафоев, Адлия вазири Алишер Мардиев, Ички ишлар вазири Зокир Алматовни юборди ва вилоят ҳокими Пўлат Абдураҳмонов бошчилигида махсус амалиёт ўтказилиб Жаҳонгир Маматов ва унинг қариндошлари, дўстлари қўлга олинди. У билан таниш бўлган жуда кўплаб шахслар ҳокимият тизимларидан четлатилди. Жаҳонгир Муҳаммаднинг депутатлик ваколати тўхтатилди.

Яхши инсонларнинг ёрдами билан у жаллодлар қўлидан чиқиб кетди. Унинг умр йўлдоши Роҳила Қодировага эридан воз кечиш ва бу ҳақда матбуотга мақола ёзиш талаби қўйилди. Жасоратли аёл буни рад этди. Тинтув пайтида ўзлари паспортини олиб кетганлари ҳолда тўрт фарзанднинг онасини паспорт режимини бузганликда айблаб суд қилишди ва икки йил жазо беришди.

1993-1994 йиллар орасида Жаҳонгир Маматов Озарбайжон, Туркманистон, Гуржистон жумҳуриятлари орасида сарсон-саргардончиликда кун кечирди. “Эрк” газетасиннг хориждаги бир қанча нашрига жамоатчилик асосида, ҳақ олмай муҳаррирлик қилди. Кейинчалик “Ҳаракат” журналига ҳам хайриҳохлик асосида ёрдам берди.

Оиласини ҳам Ўзбекистондан олиб чиққандан кейин 1994 йилдан эътиборан Туркияда яшай бошлаган Жаҳонгир Маматов 1994-1998 йилларда Истанбул шаҳридаги Коч университетида, “Туркия” газетасида ишлаш баробарида Би-Би-Си жаҳон хизматининг Ўзбек бўлимига мухбирлик қилди ва “Озодлик” радиосининг ҳам ҳамкори бўлди.

У хорижга чиққандан кейин Каримов шахси ва режимининг моҳиятини очиб ташлаган “Қувғин” романини ёзди. Бу китоб Ўзбек адабиёти тарихида содда ва янги услубда ёзилган ҳамда қўлма-қўл ўқилган, турли йўллар билан қишлоқларга қадар етиб борган асар бўлди.

1995 йилда Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик Хизмати талаби билан Ўзбекистон Олий Суди уни “Эрк” газетасини хорижда чоп этганликда, президентни ҳақорат қилганликда, изн олмай мамлакатдан чиқиб кетганликда айблади. Шу зайл уни конститутциявий тузумни ағдаришга уриниш каби уйдирма билан айблаб қидирув эълон қилди.

Шундан кейин режим Жаҳонгир Маматовни йўқотиш учун хорижга уч маротаба суиқасдчиларни юборди. Унинг ҳаёти Туркияда ҳам хавф остида қолди. У Туркия ҳукуматининг босимига учради ва 1998 йилнинг феврал ойида БМТнинг қочқинлар комиссарлиги орқали АҚШдан сиёсий бошпана олди.

2000 йилда Ўзбекистон Олий суди яна бир марта ажрим чиқариб, уни қидирувда деб эълон қилди ва 2001 йил май ойида унинг опа-сингиллари, яқинлари туҳмат қилан қамоққа олиндилар.

Бунга қадар унинг кўплаб китоблари нашр этилди. АҚШда у журналистик фаолиятини давом эттирди ва 1999-2004 йилларда “Америка овози” радиосининг Ўзбек хизматида ишлади. Илгари тингловчилари деярли бўлмаган радиони Ўзбекистонда Би-Би-Си ва “Озодлик” радиолари даражасига кўтарди. Айни пайтда Жаҳонгир Муҳаммад АҚШда чет тиллар мактабларида Ўзбек тилидан дарс берди ва 2001 йилдан эътиборан Халқаро тилшунослик марказида катта илмий ходим вазифасида ишлади.

2005 йилнинг 23 май куни Жаҳонгир Маматов Ўзбек мухолифатини бирлаштириш мурожаати билан чиқди ва узоқ йиллардан кейин илк бор 2005 йилнинг 11 июлида мухолифат лидерлари ва фаолларини бир жойга тўплашга муваффақ бўлди. Шу йилнинг 25 сентябрида Жаҳонгир Муҳаммаднинг ташаббуси билан Демократик Ўзбекистон Конгресси мустақил ноҳукумат ташкилот сифатида шакланганини эълон қилди ва 2009 йилга қадар бу ташкилотни бошқарди.

Шундан бери у сиёсий фаолият билан эмас, балки илмий ҳамда ижодий фаолият билан банд.

Жаҳонгир Маматов 40 га яқин китобларнинг муаллифидир. Унинг АҚШ, Туркия, Озарбайжонда ҳам бир қанча китоблари нашр этилган.

Унинг китоблари АҚШ Конгресси кутубхонаси каталогига кирган.

Жаҳонгир Муҳаммаднинг асарлари ўзи мустақиллиги учун курашган Ватани – Ўзбекистонда тақиқланган.

Жаҳонгир Муҳаммад тилшунослик борасида АҚШда нашр этилган тўртта йирик китобнинг ҳам муаллифидир.

2016 йилда АҚШда ташкил этилган «Америкадаги ўзбеклар» Конгрессининг раиси.

Азиз устозимиз, қадрли Жаҳонгир Муҳаммадни муборак Пайғамбар ёши билан чин дилдан табриклаб, домлага узоқ умр, мустаҳкам соғлиқ-саломатлик, ижодий ишларида куч-қувват тилаймиз!

Ҳурматли янгамиз билан бирга набира-абираларининг камолини кўриб, уларнинг тўйларида ўзлари бош бўлишларини Яратгандан сўраб қоламиз!

МУҲТАРАМ УСТОЗ!

Келаси 65, 70, 80, 90, 100 ёшли тўйларингизни жонажон она Ватанимиз, гўзал Ўзбекистонимизда азиз Халқимиз билан бирга қарши олишлик барчамизга насиб айласин!

Ҳамиша саломат бўлинг!

Биз Сиз билан фахрланамиз!

ТАВАЛЛУД АЙЁМИНГИЗ МУБОРАК БЎЛСИН!

Камоли эҳтиром ила,
сафдош дўстларингиз,
шогирдларингиз ва 
барча ҳамкасбларимиз номидан

Улуғбек Бакир, журналист
“Ўтюраклар клуби” Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш 
Халқаро ташкилоти раҳбари

1 сентябрь, 2018 йил,
Норвегия

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.