Бузилган ҳуқуқ ва эркинлигини суд орқали тиклаши ортидан жиноятчига «айланган» Бойсунлик маҳалла котиби тарихи

Акбарали Абдураҳимов турмуш ўртоғи ва фарзандлари билан

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни Францияга расмий ташрифи муносабати билан «Ўтюраклар Клуби» инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти мурожаатномасини эълон қилгандик.

Бизлар Ўзбекистон ҳукуматини фуқаролик жамияти вакиллари билан мулоқот қилишга ва биз кўтараётган долзарб муаммоларга эътибор қаратишга чақириш мақсадида 9 октябрь куни Париж шаҳри марказида пикет ўтказишимиз ҳақида билдириб, рухсатномани ҳам олгандик.

Лекин, айни шу паллада бизларга алоқага чиқиб, ўзларини Ўзбекистон ҳукуматига яқин деб таништирганлар пикетни тўхтатишимизни ва биз кўтарган муаммоларни ҳукумат назоратига олиши таклифини билдиришди.

Бизлар бу таклифни қабул қилдик, айтилган гапларга тўлиқ ишонганимиз учун эмас, консруктив мулоқот бошлаш ҳақидаги биринчи таклифни рад қилмаслик учун. Бизни мурожаатимизда кўтарилган муаммолар устида ишлаш бўйича мен билан шартнома тузган адвокат орқали ушбу мурожаатнома 9 октябрь куни Европа вақти билан 10.00да Президет қабулхонасига топширилди.

Ўзбекистон ҳукумати бизнинг мурожаатномамизда кўтарилган муаммоларни назоратга олганлиги ва мурожаатномада кўтарилган муаммолар ўз ечимини топиши устида фаолият олиб борилиши яхши албатта, лекин ўша бизлар кўтарган муаммоларни ечимини топилишига қаршилик қилгувчи кучлар, жойлардаги коррупционер мансабдорлар индамай, сукут сақлаб кутишармикан, қачон бизларни фош қилишади деб?!

Йўқ албатта! Улар ўзларининг жиноий қилмишларини хаспўшлаш илинжида куйиб ёнадилар, тўлғонадилар, ўз жиноятлари фош бўлмаслиги учун улар яна янги ва янги жиноятларга қўл урадилар. Бойсунлик “Пулҳоким” маҳалла фуқаролар йиғини котиби Акбарали Абдураҳимов мисоли шунга мисол бўла олади.

Биз ўз мурожаатимизда бошқа мухим муаммолар қаторида бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ёки президент порталига ёзиб ҳимоя қилишга ҳаракат қилаётган жабрдийдаларга нисбатан босимлар бўлаётгани, уларни жиноий ёки маъмурий жавобгарликка тортиш мақсадида Ўзбекистон куч ишлатар тизимларига хизмат қиладиган енгил табиат аёллар, лохмачлар, маҳаллалар фаоллари ва бошқа кимсалардан фойдаланишларига чек қўйишни ҳам талаб қилгандик.

Бугун ҳудди шу масаладаги далилларни жамоатчиликка тақдим қилишга қарор қилдик!

Абдураҳимов Акбарали Нормаматович “Жавобгар Бойсун туман ҳокимлиги (Ҳоким Тўраев Ўктам Исмоилович), Бойсун туман “Пулҳоким” МФЙ раиси Эшали Неъматович Алимовларга нисбатан Бойсун туман “Пулҳоким” МФЙ раисининг 2018 йил 30 январдаги 1-сонли қарорини, “Пулҳоким” Маҳалла фуқаролар йиғинининг 1-сонли вакиллар йиғилиши баёнини, Бойсун туман ҳокимининг 2018 йил 06 февралдаги ФК 29-сонли Фармойишларини ҳақиқий эмас деб топиш, ишга тиклаш, мажбурий прогул вақтлари учун иш ҳақи, мехнат дафтарчасини олмаганлиги учун компенсация  5 миллион сўм маънавий зарар ундириш ҳақида”ги даъво ариза билан судга мурожаат қилган.

2018 йилнинг 14 август куни фуқаролик ишлари бўйича Бойсун туманлараро судининг очиқ суд мажлисига раислик қилувчи судья О.Бердиев Акбарали Абдураҳимовни фойдасига хал қилув қарори чиқарди ва унинг ҳуқуқларини бузилишига сабаб бўлиб, унга етказилган 6 334 503 сўмни жавобгарлар томондан тўлашга қарор қабул қилинди.

Ушбу суднинг қарорида қуйидагича баён қилинган:

“… Бойсун тумани, “Пулҳоким” МФЙнинг 2018 йил 30 январдаги 1-сонли қарори, “Пулҳоким” Маҳалла фуқаролар йиғини вакиллар йиғилишининг 2018 йил 06 февралдаги 1-сонли баёни ва Бойсун туман ҳокимининг 2018 йил 06 февралдаги ФК 29-сонли фармойиши ҳақиқий эмас деб топилсин.

Абдураҳимов Акбарали Нормаматович Бойсун тумани, “Пулҳоким” маҳалла фуқаролар йиғини маъсул котиби вазифасига ишга тиклансин.

Бойсун тумани ҳокимлиги ҳисобидан Абдураҳимов Акбарали Нормаматович фойдасига мажбурий  бекор юрга ақтлари учун 5 486 132 сўм иш ҳақи ундирилсин.

Бойсун туман ҳкомилиги ҳисобидан Абдураҳимов Акбарали Нормаматович фойдасига 848 371 сўм миқдорида маънавий зарар ундирилсин.

Даъвогарнинг мехнат дафтарчасини олмаганлиги учун компенсация ундириш ҳақидаги талаби рад қилинсин.

Бойсун туман ҳокимлиги хисобидан лавоат фойдасига 595 070 сўм давлат божи ундирилсин.

Хал қилув қарорининг ишга тиклаш қисми дарҳол ижрога қаратилсин”.

Ушбу фуқаролик ишлари бўйича Бойсун туманлараро судининг хал қилув қарори устидан жавобгарлар томонидан на аппеляция, на кассация шикояти ёзилмаган, яъни суднинг ушбу қарори қонуний кучга кирган, лекин амалга оширилмаган. Демак Акбарали хали ҳамон лавозимига тикланмади ҳам, унинг ҳуқуқларини бузилишига сабаб бўлиб, унга етказилган 6 334 503 сўмни жавобгарлар томонидан тўланмади…

Аксинча 7 апрелда судга тақдим қилинган мана шу даъво ариза фуқаролик судида рўйхатга олинган кунидан бошлаб Абдураҳимовлар оиласига шундай кулфатлар туша бошладики, Акбаралини ҳуқуқ ва эркинликларини бузган мансабдорларни ғайриқонуний хатти-ҳаракатларига суд орқали ҳуқуқий бахо бериш талаби айнан қонунлар устиворлигини таъминлашни ўз зиммасига олган мансабдорлар томонидан оёқ ости қилинишини, ўзибўларчиликни яққол тимсолидир.   

Бу ҳақда давлат идораларига тинимсиз мурожаатлар қилаётган Абдураҳимов Акбарали қуйидаги қилмишлардан шикоятлар қилмоқда:

“Ушбу шикоят аризамни ёзишдан мақсадим шундаки, мени 2018 йил 5 июл куни  кеч соат 18ларда мени олдимга милиция формасидаги бир шахс келиб, ўзини “Бойсун туман ИИБ худуд профилактика нозири ўрнида вақтинча ишлаётган милиция лейтенанти Маҳамадиев Илхом” деб таништирди. У мени зудлик билан Бойсун туман ИИБга етиб боришим кераклигини, ИИБ бошлиғи номига мени устимдан шикоят ариза тушганлигини айтди.

Айни шу куни кеч бўлгани сабабли мен эртасига, 6 июль куни эрталаб Бойсун туман ИИБ биносига етиб бордим. Маҳамадиев Илҳом мени кутиб олди ва ИИБ биноси ичкарисига олиб кирди. Ичкарида ўзини ҳудуд профилактика катта нозири Алиқулов Лазиз деб таништирган ИИБ ходими қўшним Фармонов Ғулом менинг устимдан шикоят ариза ёзганлиги ҳақида баён қилди.

У менга Фармонов Ғуломнинг менга туҳмат қилиб ёзган шикоят аризасини кўрсатиб, «Сен Ғуломнинг хотини билан телефонда гаплашгансан ва эри йўқ пайтида уни қўрқитиб зўрлагансан. Унинг хотини ҳам шу гапларни тасдиқлаб, тушунтириш хати ёзиб берди. Сен Ғуломни жамоат жойида ҳақорат қилгансан. Агар шуларни бўйнингга олиб тушунтириш хати ёзиб бермасанг ташқарида турган хотинингни олиб кириб, кўз олдингда мен ҳам уни зўрлайман, уйингдаги қизингни олиб келиб, уни ҳам олдингда зўрлайман» деб мени уриб, оғизга олиб бўлмайдиган сўзлар билан ҳақорат қила бошлади.

Айни шу вақтда, яъни Алиқулов Лазизни менга қийноқлар қўллаётган пайтида Бойсун туман халқ қабулхонаси бошлиғи, Мехрангиз Темировани қариндоши Аббос Холмўминов Алиқулов Лазизга телефон қилди. Кейин билишимча ўшанда телефон қилганида у нима қилиб бўлсада мени қонунбузар сифатида расмийлаштириб, жавобгарликка тортиб, 15 суткалик маъмурий қамоқ расмийлаштириб, ИИБ ертўласига тиқиб қўйишини буюрган экан.

Телефондаги сухбатдан кейин Алиқулов Лазиз менга қараб «Кўрдингми? Сени қамалишингни катталар хохлашяпти. Агар мен уларни айтганини қилмасам бўлмайди» деди ва шу телефон сухбатидан кейин менга қилаётган босимларини, ҳақоратларини кучайтирди. Тўрт соат ичида мени ўзи истаганидек тушунтириш хати ёзишга мажбур қилди. Тушунтириш хатини олиб бўлганидан икки соатлар ўтиб, Алиқулов Лазиз мени ва Фармонов Ғуломни Маҳамадиев Илҳом билан биргаликда ўзининг машинасида маъмурий суд биносига олиб борди.

Алиқулов судяни олдига кириб кетди ва бироздан қайтиб чиққанидан кейин «Мен судя билан гаплашдим, сен учун судяга ялиндим, кўрдингми қабулхона бошлиғи, Аббос Холмўминов 15 суткага қамат деганди, судяни 8 суткага қамашга кўндирдим» деди. У мени маъмурий ҳуқуқбузарлик содир қилганим ҳақидаги хеч бир ҳужжат билан танишишга бермади. «Судя сўраганида фақатгина «Айбимга иқрорман» дейсан» деб тайинлади.

Шундан кейин мени суд залига олиб кирди ва суд бошланди. Маъмурий ҳуқуқбузарлик баённомаси расмийлаштириш пайтида ҳам, суд жараёни пайтида ҳам мени маъмурий ҳуқуқбузар сифатида қандай ҳуқуқ ва мажбуриятларим борлиги ҳақида тушунтириш беришмади. Маъмурий баённомада эса ҳуқуқ ва мажбуриятларим тушунтирилмаган бўлсада тушунтирилди деб ёзилган сохта баённомага имзо чекишимга мажбур қилганди.

Маъмурий баённома қалбаки эканлиги шундаки баённомада маъмурий ҳуқуқбузар Абдураҳимов Ғулом эканлиги баён қилинган, лекин бу қалбаки ҳужжатдаги қўпол қонун бузилиш холати судяни бу маъмурий ҳуқуқбузарлик буюртма ишини кўришни рад қилмади.

Бойсун тумани маъмурий судида раислик қилувчи судя С.Қодиров, суд котиби Ў.Шарипов, ИИБ тизими ходимлари Алиқулов Лазиз, Маҳамадиев Илҳом, мен ва Фармонов Ғулом жаъми бўлиб олти киши қатнашдик. Судя биринчи бўлиб Ғуломни сўроқ қилди. Ғулом судга «Аҳмадалиев Акбар мени кўчада устимга машина хайдаб бостирмоқчи бўлди ва хотинимга телефон қилган» деди. Мен унинг гаплари ёлғонлигини айтсам, Алиқулов Лазиз менга «Мен сенга мен нима дегандим, гапирма деган эдимку. Жим бўл, бўлмаса ўзингга муаммони кўпайтирасан» деди.

Фармонов Ғуломни Бойсун туман ИИБ бошлиғи Тоҳир Хурматов номига 26 июнь кунги ёзган шикоят аризасида қуйидагиларни баён қилган:

“Менинг оилам Темурова Меҳрангизнинг қўл телефонига собиқ котиб Абдураҳимов Акбарали тинмай телефон қилиб, ўзи билан танишишини ва юришини таклиф қилиб, мунтазам таклиф қилиб келган. Бу холат 2018 йил март ойида бошланган. Бу ҳақида Муродов Худойберди ва Пардаев Боймирзаларнинг хабари бор.

Хозирги пайтда менинг рўзғорим бузилиш арафасида. Ушбу холатни кенг жамоатчилик ўртасида ўрганиб чиқиб, мени оиламни бузилишдан сақлаб қолиш чорасини кўришингизни ва Абдураҳимов Акбаралига нисбатан тегишли чора беришингизни талаб қиламан”.

Маъмурий иш ҳужжатлари ичидаги Темирова Меҳрангиз ва унинг эри Фармонов Ғуломларни номидан расмийлаштирилган тушунтириш хатларини ҳудуд профилактика катта нозири Алиқулов Лазиз томонидан ёзилган.

Темирова Меҳрангиз номидан Бойсун туман ИИБ бошлиғи Т.А.Хурматов номига Алиқулов Лазиз томонидан ёзилган тушунтириш хатида қуйидагилар баён қилинган:

“Менга 2018 йилнинг май ойининг охирларига менга нотаниш бўлган +998912317731 телефондан қўнғироқ қилди, мен кўтардим, кимлигини билиш мақсадида гаплашдим, кейин уни кимлигини билдим. У  маҳалланинг эски котиби Абдураҳимов Акбар экан. Мен унга “Қўнғироқ қилма” десам у менга “Олдин мен билан гаплашганларингни эринг ва ҳаммага айтаман, яъни онангникига тиқиб юбораман” деб айтди.

Мен қўрққаним учун Акбар билан гаплашдим, лекин мен у билан учрашганим йўқ, ҳеч қандай муносабатга киришганим йўқ. Мен оилам бузилмасин деб, турмуш ўртоғим билмасин деб мажбуран гаплашиб юрдим”.

Фармонов Ғулом Омонович номидан Бойсун туман ИИБ бошлиғи Т.А.Хурматов номига Алиқулов Лазиз томонидан ёзилган тушунтириш хатида қуйидагилар баён қилинган:

“… 2018 йил март ойида қўшним Муродов Худойберди менга телефон қилиб, “Сенга бир гап айтаман. Сен уни тўғри тушун, мен сени оилангни бузиш ниятим йўқ, сен буни билишинг керак. Турмуш ўртоғинг Темирова Мехрангизга Абдураҳимов Акбар телефон қилиб, гаплашяпти” деди.

Кейин мен оилангиз Темирова Мехрангизга телефон қилиб, “Сенга нима учун Акбар телефон қиляпти?” деган эдим “Мехрангиз менга оиламизга аралашманг деб айтди…

Турмуш ўртоғим Меҳрангиз мени ургани ҳам йўқ, ҳақорат қилгани ҳам йўқ…

Жанжал 2018 йил 25 июнь куни бўлган эди… Жанжал бўлган пайтда атрофда Муродов Худойберди ва Пардаев Бойназарлар бор эди. Жанжал бўлган пайтда атрофда МФЙ вакиллари ҳам бор эди.  

Акбар мени турмуш ўртоғим Меҳрангизни Бойсун шаҳридан машинасида уйга олиб келганди. Такси пулини бериш учун Акбарни уйига борганда Акбар менга “Пулни нима учун хотининг Мехрангиз олиб келмади” деб мени ҳақорат қилди, лекин ургани йўқ. Мен Акбарни урганим йўқ, ҳақорат ҳам қилмадим.”

Судья маъмурий баённома ва унга бириктирилган ҳужжатларни қалбаки эканлигини, воқеалар содир бўлган саналар ва холатлар ҳақидаги аризада ва тушунтириш хатларида бир бирини рад қилишига қарамасдан, кўриб била туриб ҳам мени Ўзбекистон Республикаси Маъмурий Жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 183-моддасига асосан “Майда безорилик” содир этганликда айблаб, 8 суткалик маъмурий қамоқ жазосига тортишга ҳамда маъмурий қамоқ жазосининг ҳар бир суткаси учун 25 836 сўмдан, жаъми 206 688 сўм давлат даромадига ундириш ҳақида ғайриқонуний қарор қабул қилди.

 

Судья залдан чиқиб кетаркан «Қўлига телефон бериб қўйинглар хотини билан гаплашиб ётсин» деб мени калака қилди. 10 дақиқагина давом этган суд жараёни менинг бузилган ҳуқуқ ва эркинликларимни суд орқали ҳимоя қилиш учун бошлаган ҳаракатим маъмурий қамоқ билан бошланди.

Суддан кейин мени залдан олиб чиқиб, ертўлага қамадилар. Орадан ярим соатлар ўтганидан кейин Алиқулов Лазиз ва Илҳом Маҳамадиевлар мени Бойсун туман ИИБнинг вақтинчалик сақлаш ҳибсхонасига олиб бориб қамадилар. Мен 8 суткалик маъмурий қамоқ жазосини ўтаб, давлат даромадига тўлашга белгиланган суммани тўлаб, 14 июль куни озодликка чиқдим.

Мен маъмурий қамоқ жазосини ўташ давримда Алиқулов Лазиз мени олдимга келиб, «Ака хафа бўлманг, 8 сутка ўтиб кетади. Маҳалла раиси Алимов Эшали бир йилдан буён сизни жазолашимни талаб қилиб, мени тинч қўймади. Қолаверса халқ қабулхонаси рахбари Аббос Холмўминов ҳам шуни талаб қилди, мана эшитинг» деб қабулхона рахбарининг телефон орқали ўзига мени қамаш ҳақидаги топшириғи ёзиб олинган овозли ёзувни қўйиб эшиттирди. Сўнгра «Мен сизга ёрдам қилдим, судяга ҳам сиз учун ялиндим. Қамоқдан чиққанингиздан кейин менга битта қўзи берасиз» деди.

Ўша пайтда худуд профилактика нозири вазифасида ишлаган Аъзамов Шавкат ҳамда маҳалла фуқаролар йиғини раиси Эшали Алимовлар 19 июл куни мени турмуш ўртоғим Жамила Абрайқуловани маҳаллага чақиртириб, унга “Эрингни қаматдик, энди сенга навбат келди, сен ҳам қамалиб кетасан” деб босим қилганлар ва уни ўз жонига қасд қилишга мажбур қилганлар.

Мен маъмурий қамоқдан чиққанимдан кейин эса Алиқулов Лазиз мендан у сўраган қўзини беришимни талаб қила бошлади. Мен унинг қўзи беришимни талаб қилаётган қонунсиз талаби ёзиб олинган дискни илова қилиб, 20 июль куни Сурхандарё вилоят ДХХ бошқармасига шикоят ариза билан мурожаат қилдим.

Менинг ёзган шикоят аризам асосида Сурхандарё вилоят Ички Ишлар Бошқармасининг инспекцияси томонидан Алиқулов Лазиз ва Аъзамов Шавкатлар устидан хизмат текшируви тайинланди ва ишни кўриб чиқиш учун Бойсун туман прокуратурасига жўнатилди.

Мени ушбу шикоят аризам бўйича суриштириш ишлари олиб бориш учун чақиртирган прокуратура терговчиси Аллоёров Бахриддин менга «Сен ўзинг Алиқулов Лазизга пора бермоқчи бўлгансан. Устингдан ЖКнинг 211-моддаси билан жиноят иши қўзғатаман» деб менга босим қилди.

Мен терговчига вилоят ДХХ бошқармаси бошлиғи номига шикоят ариза билан мурожаат қилганимни, Алиқулов Лазиз менга хеч қандай ёрдам қилмаган бўлса, аксинча қалбаки ҳужжатлар расмийлаштириб, маъмурий қамоқ жазосига ва жаримага тортган бўлса, нима учун унга пора бераман?» деб айтдим.

Терговчи эса сохта айблар билан жавобгарликка торттиргани ва қонунга зид равишда судланганим ҳақида айтган фикрларимга умуман эътибор қаратмади. Мен қонунлар устиворлигини таъминлаши керак бўлган прокуратура терговчининг қонунга зид қилмишлари сабабли у билан тортишиб қолдим.

Мен терговчига агар мамлакатдаги қонунни ҳимоя қилиш ташкилотлари ҳуқуқларимни тиклаш ўрнига босим қилишни давом эттираверса унда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотларидан ёрдам сўрашга мажбур бўлишимни айтдим.

Прокуратура терговчиси эса менинг бу норозилигимга жавобан «Хохлаган жойингга мурожаат қил, ўзингни айблаб, бўйнингга бир қанча моддалардаги жиноятларни илиб ташлайман, мени ишимга хеч ким аралаша олмайди» деди. У ўзининг қилмишларини ханузгача давом эттириб келмоқда ва ўтказилган хизмат текшируви хулосасидан нусха беришини доимий равишда талаб қилиб келаётган бўлишимга қарамай, менга бермаяпти.

Менга қарши уюштирилаётган туҳматлар ва босимлар кучайиб бораётганидан хавотирланиб, ўзим узоқ вақтлардан буён фаолиятини ижтимоий тармоқлар орқали кузатиб келадиганим “Ўтюраклар Клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти Президенти Мўътабар Тожибоевага мени бузилган ҳуқуқ ва эркинликларимни ҳимоя қилишга кўмак беришини илтимос қилиб мурожаат қилдим ва 20 сентябрь куни унинг номига 3 йил муддатга ишончнома бердим.

Мен Мўътабар Тожибоевага ўз вақтида мурожаат қилган эканман ва яхши ҳамки унинг омига ишончнома расмийлаштирибман. Шундан бир неча кун ўтгач, аниқроғи 29 сентябрь куни  Фармонов Ғулом, унинг опаси ва хотини Мехрангиз Темировалар менга қарши навбатдаги туҳматларини уюштирдилар. Менга улар хужум қилиб, тан жарохати етказдилар, лекин мени ўзларига тан жарохати етказди дея, суд тиббий экспертизасидан сохта хулосалар расмийлаштириб, мени қамоққа тиқиш учун барча сохталикларни амалга оширдилар.

Мени ўз хотини билан дон олишганликда айблаган Ғулом Фармонов мени 9 синфда ўқийдиган қизимни ўзига хотинликка беришни талаб қила бошлагани ортидан чиққан жанжал қасддан уюштирилгани ва бу фитнада нафақат маҳалла фуқаролари йиғини раиси, туман хокимияти вакиллари, балким тумандаги куч ишлатар тизимлар мансабдорлари ҳам иштирокчи эканликларига гумоним ортиб бормоқда.

Мени вояга етмаган қизимни хавфсизлигидан хавотирланганим сабабли мактабга юборишга қўрқиб қолдим. Қизимнинг хавфсизлигидан чўчиганим боис уни мактабга юбора олмаслигим ҳақида мактаб директорини ёзма равишда огоҳлантирганман.

Лекин менга Жиноят Кодексининг 109 моддаси билан жиноят иши қўзғатилгани ҳақида ҳабар бераркан терговчи мени қизимни мактабга юбора олмаганим сабаби ва буни айбдори ким эканлигига аниқлик киритиш ўрнига мени қизимни мактабга юбормаганим учун энг кам иш ҳақининг 20 баробари миқдорида жаримага тортишини билдириб, менга босим ўтказган.

Қолаверса суднинг 6 июль кунги маъмурий қамоқ жазосига тортиш ҳақидаги қарори ва унга тааълуқли ҳужжатларни 4 октябрь кунигина олишга эришдим холос. Суд ушбу қарори ғайриқонунунийлиги сабабли ҳам бу суд қароридан устидан шикоят қилмаслигим учун менга қонунда кўрсатилган муддатида менга тақдим қилмаган.

Мўътабар Тожибоева кўрсатган йўл йўриққа асосланиб, маъмурий судга мени қалбаки ҳужжатлар асосида маъмурий қамоқ жазосига тортганликларига алоқадор суд қарори ва ушбу маъмурий қамоққа тегишли барча ҳужжатларни кўчирмаларини тақдим қилишларини талаб қилдим. Тўғриси мен бу қонуний тарзда ёзилган талабномани қаноатлантиришларига ишонмагандим. Лекин талабнома ёзганимни эртаси куниси, яъни 4 октябрда суднинг қарори ва бу қарорни чиқарилишига асос бўлган барча қалбаки ҳужжатларни суддан олдим.

Суднинг ушбу маъмурий қамоқ жазоси менга қарши уюштирилган фитнанинг бир кўриниши эканлиги сабабидан ҳам бекор қилиниши ва мени маъмурий қамоққа тортиш ва бошқа фитналарнинг барчаси ишга тиклаш ва бошқа бузилган ҳуқуқ эркинликларимни суд орқали тиклаш учун қилган қонуний ҳаракатларим сабабли содир бўлганлигини Фуқаролик ишлари бўйича Бойсун туманлараро судининг хал қилув қарори мени фойдамга чиққанлиги билан ҳам исботлайди.

Мен шу муносабат билан менга ва оила аъзоларимни ҳуқуқ ва эркинликларини бузадиган хатти ҳаракатлар содир қилган барча мансабдорлар ва бошқа айбдорларни барчасини қонун олдида жавоб беришларига эришиш, менинг ҳуқуқ ва эркинликларимни тиклашни талаб қиламан

Адолат, ҳақиқат тикланиши илинжидаги Акбарали Абдураҳимов”.

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.