Менинг қамалишимга асосий сабаб, бу – АНДИЖОН ҚАТЛИОМИ! (Қийноқлар ороли асираси – Зулмат қаърида. № 5)

* * *

МЕНИНГ ҚАМАЛИШИМГА АСОСИЙ САБАБ, БУ – АНДИЖОН ҚАТЛИОМИ!

7 октябрь куни эса мени Ирландияга кетишимни олдини олиш учун далиллар етарли бўлмаса-да, ҳибсга олишга мажбур бўлишган. Ҳусан ва Тоҳирларга аудиоплёнкага ёзиб олинаётганда қандай гапларни гапириш ва нималар дейиш кераклигини ўргатиш учун ҳам мени ҳибсга олишни яна бир кунга қолдиришгандир эҳтимол… Бироқ энг муҳими бу эмас… “товламачилик” жиноятини содир этишда айблаш мени ҳибсга олишлари учун шунчаки бир баҳона эди, холос…

Аслида мен Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари бузилиши ҳолатларини баралла ошкор этиб келган ҳуқуқ ҳимоячи сифатида 2005 йил май ойида Андижондаги тинч намойиш иштирокчиларини ўққа тутилишини қатъий қоралаб чиқдим.

Чунки Андижон фожиаси содир бўлишидан бир йил аввал, яъни 2004 йилдан буён Андижондаги оммавий ҳибсга олишлар ва унинг ортидан юзага келаётган ўта оғир сиёсий-ижтимоий вазият юзасидан ўзим мустақил журналист сифатида журналистик суриштирувлар ўтказаётгандим. Мен асос солган ва бошқараётган “Ўтюраклар Клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти томонидан ҳам ушбу масалада мониторинглар олиб бораётгандик.

АЛБАТТА БАРЧАНИ БИР САВОЛ ҚИЙНАЙДИ:

«АНДИЖОНДА НИМАЛАР БЎЛГАНДИ?»

Аср фожиаси хисобланмиш “Андижон қатлиоми”ни ўзбек ҳукумати «террористлар ҳужуми» деб атаса, Халқаро жаҳон ҳамжамияти “Ўзбекистон ҳукумати томондан тинч намойишчиларга қарши қирғин” деб атамоқда.

Мен 13 май, Андижон воқеалари  бошланган кундан то 17 май кунига қадар ҳеч қандай ҳужжат расмийлаштирилмаган ҳолда Фарғона вилоят Ички Ишлар Бошқармасида ҳибсда ушлаб турилганман.

Шу сабабли Андижонга бора олмаганман ва Андижон фожиасининг тафсилотлари гувоҳи бўлмаганман. Гувоҳ бўлмай туриб, бирон-бир фикр билдиришга маънан ҳаққим йўқ деб ҳисоблайман. Лекин мен Андижон фожиалари нечун содир бўлгани, бунга кимлар ва қайси давлат органлари кўпроқ айбдорлигини билардим. Буни исботловчи маълумотлар, яъни далиллар, ҳужжатлар менда мавжуд эди. Улар бир йил давомида олиб борилган журналистик суриштирувлар ва мониторинглар натижасида тўпланган далиллар эди.

Буюк алломалардан бири Д.Писаров: «Қабиҳликни келтириб чиқарадиган шароитларга тегмай туриб, ҳақиқатни талаб қилиш – ёмғир ёғаётганида тош ётқизилмаган кўчада лой бўлмасликни талаб қилиш билан баробардир», – деган.

«Андижон фожиаси нима учун содир бўлди?» деган саволга бу фожиани бошланишига асосий айбдорларнинг қилмишлари ҳақида қўлимдаги рад қилиб бўлмас ҳужжатларга асосланган ҳолда жавоб бера олардим.

* * *

Менинг Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди аппеляция судлов хайъатига тақдим қилганим илтимоснома-аризаларимни таниқли ҳуқуқ фаоли Шуҳрат Аҳмаджонов интернет нашрларида чоп қилиб борган экан.

Шулардан бири Суд залидан: – 2006 йил: Йиғлаб – йиғлаб ўқилган Илтимоснома” номи билан чоп қилинган экан.

СУД ЗАЛИДАН: ЙИҒЛАБ–ЙИҒЛАБ ЎҚИЛГАН ИЛТИМОСНОМА

Шуҳрат АҲМАДЖОНОВ:

Ўлдирилиш, майиб-мажруҳ қилиниш, қамоққа тиқилиш, алданиш хавфи уюшган жиноятчиликдан эмас, айнан махсус хизматлардан таралади.

ВОДОЛEEВ Г. (1942), СИДОРEНКО С. (1948)

Маълумки, 2006 йил 17 май кунидан буён Жиноят ишлар бўйича Тошкeнт вилоят судида таниқли инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Мўътабар Тожибоева устидан аппeляция суди давом этмоқда.

Мўътабар Тожибоева судлов ҳайъати номига йигирмата илтимоснома билан мурожаат қилди. Лeкин бирортаси инобатга олинмади.

Қуйида Мўътабар 2006 йил 22 май куни ўқиб бeрган битта илтимосномани кeлтирмоқдаман.

У ушбу илтимосноманинг иккинчи қисмини йиғлаб–йиғлаб ўқиб бeрди. Уни ўқиб бўлгач, ўзини ёмон ҳис этди ва суд раисига мурожаат қилиб, валeрианка дорисини бeришларини илтимос қилди. Дорини ичгач, панжара ортида бeҳол ўтириб, сохта суд жараёнини кузатди.

Суд ажрими бугун – 2006 йил 22 май куни соат учда ўқилиши кутилмоқда.

* * *

МЕНИ ЎҒИРЛАБ, ТАҲҚИРЛАГАН АНДИЖОН ФОЖИАСИ АЙБДОРЛАРИГА ҚОНУНИЙ ЧОРАЛАР КЎРИЛСИН!

“Жиноят ишлари бўйича Тошкeнт вилоят Суди апeлляция судлов ҳайъатига

Судланувчи Мўътабар Тожибоевадан

АРИЗА ИЛТИМОСНОМА

Мен 2006 йил 6 март кунги чиқарилган ғайриқонуний айблов ҳукми юзасидан аппеляция Судлов ҳайъатида давлат айбловини қувватлаб, иштирок этаётган Тошкент вилоят прокурори ўринбосари ва Тошкент вилоят прокурори ёрдамчиси тимсолида Ўзбекистонда қонун устиворлигини таъминловчи, фуқаролик жамиятини ривожлантиришга энг биринчи ўринда масъул бўлган Ўзбекистон Республикаси Прокуратурасини кескин рад қиламан.

Чунки буюк мутафаккирлардан бири Цецерон: «Ғазабланган гувоҳнинг сўзларига ишониш мумкин эмас», – деган. Менга нисбатан жиноят иши қўзғаган, қалбаки тергов ҳаракатларини бошқарган, айблов хулосасини тасдиқлаган, менга қарши даъво ариза билан чиққан, биринчи инстанция судида давлат айбловини қувватлаган Фарғона вилоят прокурорининг биринчи ўринбосари Ориф Аҳмаджоновнинг ўзи ушбу кўрилаётган жиноят иши муҳокамасида жабрланувчим сифатида иштирок этиши керак эди.

Бундан ташқари, тергов пайтида менга қарши қўзғатилган «Туҳмат» ва «Ҳақорат қилиш» жиноят иши эпизодлари бўйича Республика бош прокурори Рашид Қодиров ҳам мени жабрланувчим ҳисобланади. Ғазабланган гувоҳнинг сўзларига ишониш мумкин бўлмаса, ғазабланган жабрланувчи – давлат айбловчилари, жабрланувчимга тобе бўлган Тошкент вилоят прокуратураси вакиллари менга нисбатан қўзғатилган жиноят иши материаллари юзасидан ўтказилаётган суд жараёнида холис ва беғараз бўла олмайдилар.

Бу фикрларимни исботи тариқасида қуйидагиларни билдираман:

Мен 2005 йил 7 октябрь куни кечаси Ирландияда инсон ҳуқуқлари бўйича ўтказиладиган Халқаро анжуманга кетишим арафасида қонунга зид равишда ҳибсга олиндим.

Мен асос солган ва бошқариб келган «Ўтюраклар Клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти 2000 йил   17 январь кунидан бошлаб фаолият кўрсатиб келган.

Кейинчалик мен бир неча йиллар давомида бошқариб келаётган “Ўтюраклар Клуби”ни ғайриқонуний фаолият юритган ташкилот сифатида эътироф этилди. Ушбу эпизод бўйича ҳам менга қарши жиноят иши қўзғатилди. Адолатсиз суднинг ҳукмига асосан “Ўтюраклар Клуби” мамлакатда таъқиқланган ташкилот мақомини олди.

Уйимдан қонунга зид равишда олинган ўн саккиз коробка ҳужжатлар ичида «Ўтюраклар Клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотини қонуний фаолият юритишини исботлайдиган ҳужжатлар мавжуд эди. Шунингдек ташкилотнинг раҳбари сифатида турли давлат идораларига юборган мурожаатлар, телеграммаларимга, буюртма хатларимга ҳукумат идораларидан, энг кўпи Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасидан келган жавоб хатлари мавжуд эди.

Бир неча марта Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов номига юборган телеграммаларимиз важларини ўрганиш учун Республика бошқарув органларидан, Президент Девонидан, Республика бош прокуратураси ва бошқа бошқарув органларидан махсус комиссиялар Фарғонага бориб, биз келтирган важларни ўрганишган.

Ҳатто 2003 йилнинг октябрь ойида шахсан Ислом Каримов топшириғи билан Президент Давлат Маслаҳатчиси Турсунхон Ҳудойберганов бошчилигидаги махсус комиссия Фарғонага ташриф буюриб, хизмат текширувлари ўтказганлар, менинг ўзим билан суҳбатлар ўтказганлар.

Текширув якунида эса барча фитналарнинг бошида турган – Фарғонадаги фоҳишалар ва қўшмачилар армиясини биз ҳуқуқ фаоллари ва журналист аёлларга қарши ташлаган Фарғона вилоят Ички Ишлар Бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарган Аминжон Тошхўжаевни лавозимидан шармандаларча олиб ташлаш билан якунланган.

Йиллар давомида “Ўтюраклар Клуби” фаолиятидан хабардор бўлган, ташкилот томонидан кўтарилган муаммолар ёзилган мурожаатларимизга расмий жавоблар бериб келган, мурожаатларимизни атрофлича ўрганиш мақсадида махсус комиссиялар тузиб, текширувлар ўтказиб келган Республика куч ишлатар тизимлари нега айнан бугунга келибгина ташкилотни ғайриқонуний фаолият юритиб келганини “билиб” қолдилар? Нима учун олдинлари бу “ғайриқонуний” фаолият юритиб келаётган ташкилот билан мулоқотлар қилиб келдилар? Ташкилотнинг кўтарган муаммолари юзасидан текширувлар олиб бордилар?

Нима учун Республика Бош прокуратураси амалдорлари ва уларнинг буюртмаси билан Фарғона вилоят прокуратураси амалдорлари менинг уйимда қонунга зид равишда тинтув ўтказиб, “Ўтюраклар Клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотининг олти йиллик фаолиятига тегишли архив ҳужжатларни ғайриқонуний тарзда олиб кетдилар? Уларнинг назаридан ҳаттоки, қоғоз чиқиндилари солинадиган махсус ахлат челакдаги қоғоз бўлакчалари ҳам четда қолмаган.

Ҳибсга олинган пайтимда уйимдан олиб кетилган ҳужжатлар орасида Андижон фожиаларига алоқадор икки юз вароқлик ҳужжатлар нусхалари ҳам бор эди. Бундай ҳужжатлар жамламасининг бир нусхаси архив ҳужжатлари орасида бўлса, иккинчиси сафарга отланиш учун тайёрлаб қўйганим чемоданни ичида эди.

Ушбу хужжатлар нусхаларини эса Андижондаги МХХ вакиллари томонидан содир қилинаётган хунрезликлар ҳақида 4 апрель кунги Президент Ислом Каримов номига жўнатилган телеграмма нусхаларини барча давлат бошқарув органларига буюртма хат қилиб жўнатган палламда қўшиб жўнатгандим. Яъни мени уйимдан олиб, йўқ қилинган ушбу ҳужжатларни нусхалари барча давлат идораларида мавжуд эди. Мени қўлимдаги нусхаларини эса мана шу айбдор идоралар амалдорлари ўз манфаатларини кўзлаб йўқ қилганлар.

Чунки менинг уйимдан олиниб, йўқ қилинган ҳужжатлар 2005 йил 13 май куни ва ундан кейинги воқеалар ҳақида эмас, фожиа юз бергунча содир бўлган ҳодисалар, мансабдорларнинг жиноятлари, ваҳшиёна қийноқлар ҳақида, яъни Андижон фожиасига сабаб бўлган омиллар ҳақида гувоҳлик берарди.

Нима учун Андижон фожиаларига алоқадор ўта муҳим ҳужжатлар ашёвий далиллар сифатида уйимдан олиб чиқиб кетилган бўлсада, кўздан кечириш баённомаларга ёзилмаган?

Нега у ҳужжатлар ҳеч бир изсиз ғойиб бўлган?

Бунинг бир нечта сабаблари бор:

2005 йилни 20 сентябрь куни Тошкентда, Республика Олий судида Андижон фожиасига тегишли тарихий суд жараёни бошланди.

Суд жараёни пайтида Андижон фожиаларини уюштирганликда  айбланиб, маҳкаманинг қора курсисида ўтирган ўн беш нафар Андижонлик судланувчиларга қарши Ўзбекистон Республикаси бош прокуратураси тергов органи томонидан тайёрланган айблов хулосасини Республика бош прокурори ўринбосари Анвар Набиев ўқиб эшиттирди.

Халқаро ташкилотлар, матбуотлар ҳамда чел эл элчихоналари вакиллари иштирокида бўлиб ўтаётган ушбу суд жараёнида ўқиб эшиттирилган айблов хулосасининг дастлабки вароқларидаёқ мен Андижон фожиаларининг айбдорларидан бири сифатида талқин қилинганман.

Бу каби айбловлар Андижон фожиалари бўйича қўзғатилган ҳар бир жиноят иши айбловларида ҳам такрорлаб келинган.

20 сентябрь кунги Олий суд биносида ўқиб эшиттирилган айблов хулосасидаги менга тегишли матнини келтираман:

«… Шунингдек, пухта режалаштирилган бу уйдирмаларга ҳаққоний тус бериш учун суд жараёнида йигирма уч нафар «акромийлар» терговда берган кўргазмаларидан қайтиб, улар аслида тадбиркорлик билан шуғулланувчи, барча мусулмонлар қатори динга эътиқод қилувчи фуқаролар эканлиги ҳақида ёлғон баёнотлар берганлар.

… Бундан ташқари 2005 йил 5 апрель куни Матлуба Азаматова электрон нашрларда «Ҳуқуқий Жамият» Халқ Ҳаракати ҳақида мақола чоп этиб, унда «Ўт юраклилар» Клуби раиси Таджибаева Мўътабардан интервью олган.

Ушбу интервьюда Таджибаева Мўътабар «Ҳуқуқий Жамият» Халқ Ҳаракати тузганлигини, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар айбсиз фуқароларни жиноий жавобгарликка тортаётганлигини, Олий Мажлисда Инсон Ҳуқуқлари бўйича Вакили (Омбудсман) фуқаролардан келиб тушган аризалардан жуда кам миқдорда кўриб чиқаётганлигини кўрсатиб, қирғиз мухолифотини ва қирғиз инқилобчиларини қўллаб–қувватлашга ва Қирғизистон фуқароларидан ўрнак олиб намойишлар қилишга даъват қилган…»

* * *

Аслида биз Анвар Набиев айтганидек «Ҳуқуқий жамият» ташкил этмаганмиз, менинг ташаббусим билан 26 мартда, яъни Қирғизистондаги инқилобдан бир кун ўтиб, «Фуқаролик жамияти» Халқ Ҳаракати ташкил этганмиз ва бу ҳақда баёнот тарқатганмиз.

Ушбу ҳақида фаолларимиз билан атрофлича муҳокама қилгач, «Ўтюраклар Клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти қўшни Қирғизистон Республикаси мухолифотини қўллаб-қувватловчи «Фуқаролик жамияти» Халқ Ҳаракатини тузишга қарор қилди” номли баёнотимизни қабул қилиб, Республикадаги тўқсондан ортиқ давлат бошқарув органларига, нодавлат ташкилотларига, маҳаллий ва халқаро матбуотларга, шу жумладан Республика бош прокуратурасига ҳам буюртма хатлар орқали юборганмиз.

Анвар Набиев ушбу баёнотда номлари зикр этилган қонунбузар амалдорларнинг кўпчилиги ўз лавозимларидан четлатилганликлари ҳақида чурқ этмаган.

Энг муҳими “Фуқаролик Жамияти” Халқ Ҳаракатининг биринчи мақсади амалдаги сиёсий тузумни йиқитишга эмас, уни мустаҳкамлашга хизмат қилишини ёзилгани ҳақида ҳам лом-мим демаган.

Ушбу айблов хулосасини ўқиб берган Анвар Набиев Олий Мажлисда Инсон Ҳуқуқлари бўйича Вакили (Омбудсман) фаолиятидаги сусткашлик ҳақида 2004 йил 27 ноябрь кунги «Ҳалқ сўзи» газетасида чоп этилган «Комиссия йиғилиши» номли мақоладаги холат юзасидан Омбудсманнинг фаолияти қониқарли эмаслиги ҳақидаги танқидий фикримни ҳам қоралаган.

“Комиссия йиғилиши” деб номланган ушбу мақолада Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон Ҳуқуқлари бўйича Вакили (Омбудсман) хузуридаги Инсонларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этилиши бўйича комиссиянинг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтгани ёзилган.

Ушбу мақолада қуйидагилар баён қилинган:

«2000–2004 йиллар мобайнида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилига йигирма беш мингга яқин мурожаат келиб тушди.

Келиб тушган мурожаатларнинг беш мингдан зиёди назоратга олинган, шулардан бир минг беш юздан кўпроғи ҳисобот даврида ижобий ҳал этилган, қолганлари эса ижрода…

Мурожаатларнинг аксарияти қонунийлик ва ҳуқуқ тартибот, ижтимоий ҳимояни таъминлаш, мехнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалаларига тааълуқлидир…» дейилган.

Агар газетада чоп қилинган материалга ишониладиган бўлса ва Омбудсманга тушган шикоят хати йигирма беш мингта бўлса, уларнинг атига бир минг беш юзтаси ижобий ҳал қилинган, қолганлари беш йилдан буён ижрода бўлса, бу ижобий ҳал этилган шикоятлар саккиз фоизни ташкил қилади холос. Қонунийлик ва ҳуқуқ тартибот, ижтимоий ҳимояни таъминлаш, меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари ҳанузгача ижрода бўлса Омбудсманнинг фаолиятини ким ҳам мақтарди, кўкларга кўтарарди?!

* * *

ПРОКУРАТУРА ТЕРГОВЧИСИНИНГ “АЛОҲИДА ТОПШИРИҒИ” СИРИ НИМАДА?

Мени 2005 йил 7 октябрь куни товламачилик жинояти содир этганликда айблаб, ҳибсга олдилар. Ҳибсга олинганимдан бир хафта ўтиб, яъни 14 октябрь куни Фарғона вилоят прокуратураси Иқтисодий Жиноятчилик ва Коррупцияга Қарши Курашиш (ИЖКҚК) Бўлими бошлиғи Бахтиёр Маматов Фарғона вилоят МХХ бошқармаси бошлиғи А.Қурбонов ҳамда Фарғона вилоят ИИБ бошлиғи Ш.Иноғомов номига «Алоҳида топшириқ» берган.

Ушбу “Алоҳида топшириқ”да тажрибали тезкор ходимларни жалб қилиш орқали бир қанча тезкор суриштирув ишларини амалга оширишни, мазкур топшириқ юзасидан сифатли ва ҳар томонлама тезкор суриштирув ҳаракатини амалга ошириш топширилган. “Алоҳида топшириқ”ни якунида унинг натижалари ҳақида 25 октябрь кунига қадар ёзма равишда вилоят прокуратурасига маълум қилишни топширган.

Ушбу «Алоҳида топшириқ» талаблари ўн икки банддан иборат бўлиб: Бешинчи топшириқда «Мўътабар Тожибоеванинг жиноий фаолиятига ҳар томонлама моддий ва маънавий кўмак берувчи, унга маълумотлар йиғиб берувчи ва шундай ҳаракатлар қилишга даъват қилувчи шахслар доирасини ҳамда улар тўғрисида  тўлиқ маълумотларни аниқлаш лозим», – дейилган.

Менинг уйимдан олинган ҳужжатларни кўздан кечириш жараёнини 2005 йил 6 – 19 декабрь кунлари амалга оширилди, дея тергов баённомасида расмийлаштирганлар. 

Аслида эса ҳибсга олинганимдан кейиноқ ҳужжатларни қонунга зид равишда кўздан кечириб, Андижон фожиасига алоқадор ўта муҳим далилларни – “Акромийлик” диний экстремистик оқимни ташкил этиш ва унда фаолият юритишда айбланган корхоналар, кичик корхоналар ва фирмалар раҳбарлари бўлмиш бу йигирма уч нафар Андижонлик ишбилармон-тадбиркорларни айбсиз эканликларини исботловчи далилларни йўқ қилганлар.

Қонунга зид равишда йўқ қилинган икки юз вароқлик ашёвий далиллар ичида қамоқда бўлган бу ишбилармон-тадбиркорларга қарашли корхоналар, фирмалар ва кичик корхоналарда МХХ бошқармаси, Вилоят Назорат Тафтиш бошқармаси ва Вилоят Солиқ бошқармалари ҳамкорликда ўтказган текшируви натижалари баён қилинган далолатномалар, аудиторлик хулосалари нусхалари бор эди.

Шунингдек уларни Республика Тадбиркорлар палатаси ташаббуси билан ҳар йили ўтказиладиган «Ташаббус» кўрик танловларининг Андижон шаҳар, вилоят ва Республика босқичларида қатнашиб, ғолибликни қўлга киритганликлари ҳақидаги дипломлар, газеталарда чоп этилган мақолалар ҳам аслида ўта муҳим далиллар сирасига кирарди. Бир неча йиллардан буён ушбу ишбилармон-тадбиркорлар маҳаллий ҳокимият ва маҳалла фуқаролар йиғинлари билан биргаликда шаҳарда ўтказилган хайрия тадбирларида қилган улкан миқёсдаги ҳомийликлари ҳақидаги маҳаллий ва марказий матбуотларда чоп этилган мақолалар, очерклар ҳам бор эди.

Бу йўқ қилинган ҳужжатлар ичида судланаётган ишбилармон-тадбиркорларнинг оила аъзолари, яқинлари ҳамда корхоналар, фирмалар, кичик корхоналарнинг юзлаб ишчи-хизматчилари номидан Республика бошқарув идораларига ёзиб жўнатилган бир қанча шикоят-аризалар, бу шикоятларга турли давлат идораларидан берилган жавоблар, шунингдек бошқа фактлар ҳам бор эди. Бир йилдан ортиқ муддат давомида олиб борилган журналистик суриштирувлар ва мониторинглар натижасида қўлга киритганим ушбу ҳужжатлар тўплами судланаётган йигитларни халқ манфаати йўлида фаолият юритганларини, қонунни бузмаганликларини исботларди.

Юқори давлат идораларига юборилган барча ариза- шикоятлар ва уларга бириктирилган далиллар эса ушбу тадбиркорлар устидан олиб борилган тергов ҳаракатлари тўлиғича жисмоний ва руҳий қийноқлар қўллаш, босимлар ўтказиш асосида олиб борилганлиги ҳақида гувоҳлик берарди.

Масалан:

Ҳусанбой Рўзиевни оила аъзолари томонидан турли давлат идораларига уни қонунга зид равишда ҳибсга олиб, уни сохта айблар билан маъмурий жавобгарликка тортганликлари, МХХ ертўласида ушлаб туриб, қийноқлар қўллаб, кома ҳолатига тушар даражага олиб келган МХХ ва милиция идоралари вакилларига нисбатан қонуний чоралар кўришни талаб қилиб ёзган шикоят-аризаларини мисол қилиб келтириш мумкин.

Давлат идораларига узлуксиз равишда ёзиб жўнатилган шикоятларга Республика бош прокуратураси ҳамда бошқа бошқарув органларидан йўлланган жавоб хатлари, қонунга зид равишда ҳибсга олинган Ҳусанбой Рўзиевни қалбаки ҳужжатлар асосида маъмурий жавобгарликка тортиш, кейинчалик эса бу қарорни бекор қилиш ҳақидаги суднинг қарори ҳам бор эди.

Шунингдек Хусанбой Рўзиевга нисбатан қўлланилган қийноқларни тасдиқловчи бошқа далиллар, жумладан Избоскан туман марказий шифохонаси жонлантириш бўлими докторлари Хонтўраева Насибахон ва Юлдашева Муҳаббатхонларни Андижон вилоят ҳоким ўринбосари – Хотин-қизлар Кенгаши раисаси номига ўз қўллари билан ёзган тушунтириш хатлари ҳам мавжуд эди. Шифокорлар ўз тушунтириш хатларида ишбилармон- тадбиркорларга қарши кўргазма беришга мажбур қилиниб, қийноқларга тутилгани боис аҳволи оғирлашиб, жонлантириш бўлимига ётқизилган Ҳусанбой Рўзиевнинг вазияти ҳақида баён қилгандилар.

Бу ҳужжатлар ичида бир неча кун давомида кома ҳолатидан чиқмасдан, ўлим билан олишиб ётган Ҳусанбой Рўзиевни Избоскан туман марказий шифохонаси жонлаштириш бўлимига МХХ вакиллари томонидан қай аҳволда олиб келиб ташлаганликлари, уни қийноқлар қўллаш натижасида олган жароҳатлари батафсил ёзилган касаллик тарихи баённомаси ҳам бор эди.

Бундай ҳужжатлар мени қўлимга қандай тушиб қолганлигини аниқлаш учун юқоридаги «Алоҳида топшириқ»да менга маълумотлар йиғиб берувчи шахслар доирасини, ҳамда улар тўғрисида тўлиқ маълумотларни аниқлашга жон-жаҳдлари билан киришгандилар.

2005 йилнинг 15 апрель куни мени ўғирлаб кетишга, жирканч кимсаларнинг таҳқирлашларини уюштирган ва шароит яратиб берган Республика куч ишлатар тизимлари амалдорлари Андижон фожиалари содир бўлишидан манфаатдор бўлганлар деган фикримда ҳанузгача собитман.

Биринчидан, Андижонда содир бўлган фожиани тасодифан содир бўлган “террористик  акт” дея талқин қилиб, ўзбек халқи ўғлонларини қамаб, халқни қўрқитиб олдилар.

Иккинчидан, “Террористик акт”да бевосита ёки билвосита иштирок этган, дея қоралаб, юзлаб, балким минглаб эркин фикрловчи фуқаролардан, журналистлар ва ҳуқуқ ҳимоячиларидан мамлакатни тозалаб олди. Энг асосийси, ҳукуматнинг асл юзи бутун дунёга намоён бўлди.

«Ислом Халифалигини ўрнатиш илинжида бўлган экстремистлар ҳокимиятни эгаллашга ҳаракат қилганлар», – дея жар солаётган маъмурий органлар амалдорларининг ўзлари вилоятдаги таранглашаётган вазиятни назоратсиз қолдириб, Андижон фожиасини келиб чиқишига сабабчи бўлганлар.

“Андижон қатлиоми” содир этилганидан кейин  Парламент ташаббуси билан фожиа юзасидан текширувлар ўтказиш учун Ўзбекистон ҳукумати махсус комиссия тузди. Бу комиссия вакили, сенатор Маъруф Усмонов қатлиомнинг келиб чиқиш сабабларини, айбдорларини аниқлаш ўрнига, мени Андижон фожиасининг ташкилотчиларидан бири сифатида талқин қилишга тушиб кетди.

Ҳибсга олинганимдан бошлаб, аёллар қамоқхонасида менга қўлланилган ноинсоний қийноқларни бошқариб турган Маъруф Усмоновни исми-шарифи менга қарши қўзғатилган жиноят ишида “жабрланувчим” сифатида талқин қилинган. Унинг мени “жабрланувчим” бўлганлиги айблов хулосамда, ҳукмда, ва Олий суднинг ажримларида ўз аксини топган.

Ушбу комиссия хулосасига кўра, яқинлашиб келаётган хавфни олдини олмаганликда, сеза билмаганликда айбланиб, Андижонлик бир қанча раҳбарлар, жумладан тергов ҳибсхонаси раҳбарлари, Жазони ижро этиш муассасаси вакиллари, милиция ходимлари жиноий жавобгарликка тортилдилар.

Лекин Андижон фожиасини олдини олмай, фақат ҳукумат амалдорлари «террористлар» деб атаётган юзлаб инсонларни, балким Андижон шаҳар прокурорини, Жиноят ишлари бўйича Олтинкўл туман суди судьяси Манноновни, милиция ходимларини, аскарларнинг ўлимига айбдор раҳбарлар ҳам, улар ким бўлишидан қатъий назар ўз жиноятлари учун бутун дунё олдида жавоб беришлари керак.

* * *

Дарвоқе, нима учун Андижон фожиаларига алоқадор жиноят ишлари айблов хулосаларига мени тиқиштиришди ва нима учун сохта айбловлар билан ҳибсга олиндим?

Бунинг жуда катта сабаби бор!

Мен 2005 йилнинг март ойи ўрталарида Андижон вилояти Олтинкўл туманилик Арапова Гўёхон, Абдуллаев Ҳабибулло ва Акромовлар оиласининг нотариал идора орқали расмийлаштирган ишончномаси асосида ҳимоячиси сифатида судда иштирок этиш мақсадида Жиноят ишлари бўйича Андижон вилоят судига бордим. У ерда норасмий диний уюшма, экстремистик гуруҳ тузиш, диний ақидапарастлик ва иқтисодий жиноятлар содир этганликда айбланаётган йигирма уч нафар ишбилармон тадбиркорларнинг суди бўлаётган эди.

Суд биноси рўпарасида юзлаб йигитлар, қизлар, отахон-онахонлар, судланувчиларнинг яқинлари, улар қўлида ишлаб, оиласини боққан корхоналар, кичик корхоналар ва фирмаларнинг ишчи-хизматчилари савлат тўкиб, сукут сақлаган ҳолатда адолатсиз тарзда ўтаётган суд жараёнига ўз норозиликларини билдириб турардилар.

Бу ишбилармонларнинг иши бўйича 2004 йилдан буён шуғулланаётгандим ва уларнинг баъзиларини адвокатларини танирдим. Шунинг учун ҳам судланувчиларнинг ота–оналари, яқинлари билан тергов ишларини олиб борилиш жараёнида айбланувчиларга нисбатан руҳий ва жисмоний қийноқлар қўллаш йўли орқали қилмаган жиноятларини бўйнига олишга, гувоҳларни ҳам бу тадбиркорларга қарши кўргазмалар бериб, уларни жиноятчи дея талқин қилишга мажбур қилинганликлари ҳақида гапирдилар.

Мен билан суҳбатлашган инсонларнинг айтишларича суд жараёни пайтида ҳам судланувчиларни ҳимоя ҳуқуқлари ўта қўпол тарзда бузилаётган, бошқа қонун бузилишлар ҳам содир этилаётган экан. Бу ҳақда барча давлат идораларига ёзилаётган ариза, шикоятлар ҳар доимгидек оқибатсиз қолаётгани ҳақида арз қилиб, уларни ҳам ҳимоя қилишга ёрдам беришимизни сўрашди.

Мен судланаётган тадбиркорларнинг яқинларига Республика Олий Суди Пленумининг 2003 йил 19 декабрь кунги «Гумон қилинувчи ва айбланувчини ҳимоя ҳуқуқи билан таъминлашга оид қонунларни қўллаш бўйича суд амалиёти тўғрисида»ги 17–сонли қароридан кўчирма чиқариб бердим.

Уларга судланувчиларнинг оила аъзолари ҳам тергов ва суд жараёнларида мана шу Олий суд Пленуми қарорига асосан ҳимоячи сифатида иштирок этишлари мумкинлигини, бунинг учун тергов органига ва судга ариза билан мурожаат қилишлари кераклигини тушунтирдим. Судланаётганларнинг ота-оналари бўлмиш қарияларнинг кўз ёшлари, изтиробли сўзлари туфайли мен уларга ёрдам беришга сўз бердим.

Улар суди бўлаётган йигитлар ва уларга қарашли бўлган корхона, фирма, кичик корхоналарда ишлаган оддий инсонларнинг, ишчиларнинг ҳуқуқлари оммавий равишда бузилаётганини исботловчи, уларнинг бузилаётган ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишни сўраб, давлат идораларига ёзган шикоятлари ва бу шикоятларда баён қилинган важларни исботлайдиган ҳужжатлардан бир нусхадан менга тақдим қилишди.

Қўлга киритганим бу янги ҳужжатлар билан ҳам тўлиқ танишиб чиқдим. Ушбу ҳужжатлар ҳам бошқа ишбилармон-тадбиркорларнинг қонунга итоат этгувчи инсонлар эканликлари, улар зиммасига қўйилган айбловларни қалбаки эканлигини исботларди.

Давлат идораларига тинимсиз равишда қилинаётган мурожаатлар, шикоят аризалар ҳам умуман инобатга олинмаётган, уларда келтирилган важлар эса бири биридан хавотирли, ташвишли эди.

Шундай шикоятлардан бири, 2005 йилнинг 25 март кунги барча давлат идораларига уч юз эллик нафар Андижонликликлар имзо чеккан вилоятда содир этилаётган хунрезликлар юзасидан қилган мурожаатлари эди ва бу мурожаатда ҳам ўта муҳим, долзарб муаммолар кўтарилганди.

* * *

АНДИЖОНЛИКЛАРНИНГ ТИНГЛАНМАГАН НОЛАСИ!

«Тартибсизликлар – бу ўз вақтида тингланмаган инсонлар овозидир» Америкалик буюк инсон ҳуқуқи ҳимоячиси ва руҳоний Лютер Кинг.

2004 йилнинг май-июнь ойларида Андижон вилоятида фаолият кўрсатиб келган корхоналар, кичик корхоналар, фирмалар раҳбарлари бўлмиш йигирма уч нафар ишбилармон-тадбиркорлар норасмий диний уюшма, экстремистик гуруҳ тузиш, диний ақидапарастлик ва иқтисодий жиноятлар содир этганликда айбланиб, Андижон вилояти Миллий Хавфсизлик хизмати (МХХ) томонидан ҳибсга олингандилар.

Олий судда Анвар Набиев томонидан янграган “Айблов хулосаси”да баён қилинганидек, улар суд жараёнидагина эмас, режага асосан эмас, уйдирмаларга ҳаққоний тус бериш учун эмас, аксинча бу ишбилармон-тадбиркорларни ҳимояси учун уларнинг оила аъзолари, ота-оналари, ака-укалари, хотин, бола-чақалари, уларга қарашли ташкилотларда ишлаб, кўмакларидан баҳраманд бўлиб инсонлар, барча-барчаси адолатсизликка, разолатга чек қўйишни сўраб, давлат идораларига тинимсиз шикоятлар, аризалар билан мурожаатлар қилиб келаётгандилар.

Андижон шаҳрида фаолият кўрсатиб келган бу тадбиркорларни ҳимояси учун юзлаб инсонлар имзоси билан Президент Ислом Каримовга, Вазирлар Маҳкамаси, Республика Бош прокуратураси, Ички Ишлар Вазирлигига, Омбудсманга, ҳукуматнинг маъмурий идораларига, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ директори Акмал Саидовга ва бошқа давлат идораларига ёзиб, жўнатилган ўнлаб шикоят аризаларда келтирилган важлар юзасидан умуман текширувлар ўтказилмаётганди.

Андижонликлар ҳукумат раҳбарларига, Республика Бош прокурори ва бошқа давлат идораларига қандай шикоят аризалар билан мурожаатлар қилиб келганликларини 2005 йилнинг 25 март кунги уч юз эллик нафар Андижонликлар имзо чекиб давлат идораларига юборган шикоят аризаси тимсолида кўриш мумкин.

«… МУРОЖААТНОМА

Ушбу мурожаатимиз ўз халқининг ғамини чекаётган муҳтарам юртбошимиз ва ҳукумат бошлиқларини бефарқ қолдирмайди деб ишонамиз. Биз Андижон вилоятида фаолият кўрсатиб келган йигирмага яқин корхона, элликдан ортиқ тадбиркор ва ишбилармонларнинг ҳимояси учун шуларни ёзиб маълум қиламизки, Андижон вилоят Миллий Хавфсизлик Хизмати томонидан 2004 йил май-июнь ойларида норасмий диний уюшма, экстремистик гуруҳ ва диний ақидапарастлик жиноятларини содир этганликда айбланиб, корхоналар, фирмалар раҳбарлари ва тадбиркорлар ҳибсга олинганлар.

Аслида Андижон вилоят Миллий хавфсизлик Хизмати, вилоят Назорат-тафтиш ва Солиқ бошқармалари билан ҳамкорликда ўтказган молиявий-хўжалик текширув натижасида бу корхоналар фаолиятлари қонун асосида олиб борилганлиги ва чет элдан ҳеч қандай молиявий ёрдам олмаганликлари аниқланган. Аудиторлик хулосалари ижобий деб топилган.

Уларнинг иш фаолиятлари ривожланиб кетаётгани ва юрт равнақига ўз ҳиссаларини қўшиб келаётганликларини кўра олмаётган, адовати бор баъзи кимсалар томонидан уюштирилган бу туҳмат Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамияти олдидаги обрўсига путур-зиён етказиши муқаррар. Шуниси ачинарлики, бу инсонлар аслида ўз юртининг ҳақиқий фидойиларидир. Уларнинг кўпчилиги шаҳар, вилоят ва Республика тадбиркорлар палаталари томонидан ташкил қилинган кўрик-танловларда иштирок этиб, “Ўз соҳасининг етакчи мутахассислари” деб тан олиниб, нуфузли ўринларни эгаллаганлар. Шу билан бирга, ҳукуматимизнинг хайрия тадбирларида ҳам фаол иштирок этиб келганлар. Бу ҳаммага маълум, халқ вакиллари уларнинг моддий ва маънавий кўмакларидан доим баҳраманд бўлиб келганлар..

Шундай халқпарвар ишбилармонларни қонунга зид равишда ҳибсга олиб, уларга қарши тергов ҳаракатлари олиб бориб, маънавий ва жисмоний тазйиқ ўтказиш йўллари билан қилмаган гуноҳларини бўйнига олишга мажбур қилинаётган ҳолати кўпчиликни ҳайратга солмоқда. Бундай инсонларни қўллаб-қувватлаш ўрнига, уларни йўқотишга ва йиллар давомида қилиб келган эзгу ишларини йўққа чиқаришга ҳаракатлар қилиниб, ҳаққи ҳуқуқлари тинимсиз бузилмоқда.

Булардан айримларини келтириб ўтамиз:

Тадбиркор Артиқов Шокиржонни МХХ ходимлари яланғоч қилиб, бошига қоп кийгизиб, тўрт-беш киши ўртага олиб, токи ҳушидан кетгунча уришган, дўппослашган. Артиқов ҳушига келганидан кейин, МХХ ходимлари унга: «Мана бу қоғозларга имзо чекасан, имзо чекмасанг ҳолингни бундан беш баттар аҳволга соламиз. Қўшимчасига хотинингни ҳам олиб келиб, нималар қилишимизни биласан-а?» – дея таҳдид қилганлар.

Уларнинг хотинини олиб келиб, зўрлашлари ҳақидаги таҳдиддан кейин Артиқов: «Ундай қилманглар, нимага қўл қўй десаларинг, қўйиб бераман» – деган.

Артиқов судда ўзига нисбатан қўлланилган қийноқлар, қилмаган жиноятини бўйнига олишига асос бўлган таҳдидлар ҳақида очиқ-ойдин айтиб берди ва тергов пайтида қийноқ асосида берган кўрсатмаларини инкор этди.

Тадбиркор Нодиров Дадахонга ҳам МХХ ходимлари жисмоний куч ишлатиб, жинсий органларига шавқатсизларча тинимсиз уришган.

У ҳам қийноқлар зарбига дош бера олмасдан, талаб қилинган ҳужжатларга Артиқов Шокиржон сингари ҳатто ўқиб ҳам кўрмасдан, имзо чекиб беришга мажбур бўлган. МХХ ходимларини ўзига нисбатан қўллаган қийноқлари натижасида соғлиги кескин ёмонлашгани, лекин бугунги кунга қадар ўзига зарурий медицина ёрдами кўрсатилмаётгани сабабли аҳволи жуда ёмонлиги ҳақида Нодиров судда айтиб, тергов пайтида қийноқлар остида берган кўрсатмаларини инкор этди.

Рўзиев Ҳусанбойни дўстлари билан ўтирган жойидан МХХ ходимлари: «Ўн беш дақиқада келасиз, сизга бир оғиз гаnимиз бор», –  деб уни олиб кетишган.

Ҳусанбойга: «Раҳбарингга қарши кўргазма берасан», – дейишганида, у: «Йўқ нарса билан туҳмат қиладиган инсон эмасман», – деб рад этган.

Уйига қайтиб келмаган Ҳусанбойни оиласидагилар безовталаниб, қидирганларида дўстлари: ­«Ҳусанбойни оқ Дамас машинасида келган ва “Биз Миллий хавфсизликданмиз» деб таништирган нотаниш шахслар олиб кетишди”, дейишган.

Ҳусанбойни қидирган яқинлари уни Избоскан туман марказий касалхонасининг жонлантириш бўлимида кома ҳолатида ётганда топишган. Кейинчалик ўзига келган Ҳусанбойни айтишича, МХХ ходимларининг қонунга зид талабларини бажармаганидан кейин, уни қийнаб, уриб, чала ўлик ҳолатга солишган. Сўнг, касалхонанинг жонлантириш бўлимига ташлаб кетишган.

МХХ ходимлари шифокорларга: «Унга ҳеч қандай ёрдам кўрсатманглар», – дейишган. Ҳусанбойнинг аҳволи оғирлигини кўрган Марказий касалхона жонлантириш бўлими шифокорлари Хонтўраева Насиба ва Юлдашева Муҳаббатлар «Биз Гиппократ қасамини ичганмиз», – дея Ҳусанбойнинг ҳаётини сақлаб қолганлар.

(Асосли ҳужжатлар илова қилинади)».

Устига – устак корхона раҳбарларига қарши кўрсатма бериш учун бир қанча ишчи ходимларга МХХ ходимлари томонидан руҳий ва жисмоний тазйиқ ўтказиб, нотўғри кўрсатмалар беришга мажбур қилинган ва шу кўрсатмалар асосида суд жараёни олиб борилмоқда. Бунинг оқибатида корхоналар ва фирмалар иш фаолиятлари тўхтаган. Натижада бир неча юзлаб ишчи ўринлари йўқолиб, аҳоли ишсиз қолган. Бу ҳолат жамиятимиз равнақига салбий таъсир кўрсатмасдан қолмайди. Ишсиз аҳолининг юзлаб оилалари ижтимоий ва иқтисодий таъминотдан маҳрум бўлдилар.

Давом этаётган суд жараёнида бу айбланувчилар олдинги кўрсатмаларини инкор этишди. Буларнинг ҳаракатида Давлатга, Президентга, Ҳукуматга, Конституцион тузумга қарши ҳеч қандай ҳаракатлар бўлмаган. Аслида бу тадбиркорларнинг фаолиятининг асосий мақсади Республикамизни ижтимоий ва иқтисодий ривожланишига ўз ҳиссаларини қўшиб, аҳолининг турмуш фаровонлигини ошириш, ҳамда Ўзбекистонимизни дунё ҳамжамиятида етакчи ўринларга олиб чиқиш эканлиги яққол кўриниб туради. МХХ ходимларининг тинч аҳолига нисбатан ўрта аср инквизицияси усулида тутаётган бу ҳаракатлари инсон ҳуқуқларини пaймол этилиши ва Ўзбекистон Конституциясидаги шахс эркинлиги ва амалдаги ҳуқуқий қонунларга зид келиши, аҳоли орасидаги ҳукуматга қарши норозилик кайфиятларининг кучайишига олиб келмоқда.

Биз, мурожаатчилар, вилоятимизда содир этилаётган бу хунрезликларни тўхтатиш ва Ватанимизнинг равнақига ҳисса қўшиб келган фидокор ўғлонларни озодликка чиқариб, корхоналаримиз фаолиятини тиклаш учун қатъий чоралар кўрасиз деган умиддамиз.

25 март 2005 йил.

Мурожаатчилар. Имзолар илова қилинади (350 та имзо)».

Юқоридагидек баён қилинган ва бир неча юзлаб инсонлар томонидан имзо чекилган шикоятларни узлуксиз равишда ҳукумат идораларига юбориб, қонунларни оёқ-ости қилаётган Андижонлик МХХ ходимларининг ғайриқонуний қилмишларига чек қўйиш ва уларни қонун олдида жавоб беришларини таъминлашни илтижо қилиб, сўраб келганлар.

Бундай ариза-шикоятларни диққатга сазовор жойи шундаки, кейинчалик террорчилик жинояти содир этганликда айбланган юзлаб Андижонликлар 2004 йил май-июнь ойидан бошлаб, Андижон фожиаси юз бергунча тинимсиз равишда қонунбузарликлар эвазига аҳоли орасида ҳукуматга қарши норозилик кайфияти кучайиб бораётганлиги ҳақида ҳукуматга маълум қилиб, огоҳликка чақириб келганлар.

* * *

Андижонда бир йилдан ортиқ муддат ичида содир этилаётган адолатсизликларга қарши ўз муносабатимизни билдириш ва уларга чек қўйишни талаб қилиб, 2005 йилнинг 4 апрель куни “Ўтюраклар Клуби” Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти, “Фуқаролик жамияти” Халқ Ҳаракати ҳамда “Ҳуқуқшунослар қийноқларга қарши” Ташаббус Гуруҳи номидан «Ўзбекистонлик ишбилармон ва тадбиркорларга қарши ҳужум кучайиб, улар қийноққа солинмоқдалар…” деб аталган  баёнот қабул қилдик.

Ушбу баёнотни Республика Президент Девонига, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов номига телеграмма шаклида (ўн икки минг сўмлик) ўз номимдан юбордим.

Шунингдек йигирмадан ортиқ ҳукумат идораларига:

Жумладан;

Ўзбекистон Республикаси Бош Вазири Шавкат Мирзиёевга;

Республика бош прокурори Рашид Қодировга;

Республика Ички Ишлар Вазири Зокиржон Алматовга;

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Омбудсман Сайёра Рашидовага;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги судьяларни танлаш, лавозимларга тавсия этиш олий малака комиссиясига;

Ўзбекистон Республикаси Олий Суди Пленумига;

Ўзбекистон Республикаси Миллий Хавфсизлик хизмати Қўмитаси раиси Рустам Иноятовга;

Ўзбекистон Ишбилармонлар ва Тадбиркорлар Либерал Партияси Марказий Кенгашига; 

Республика Телерадиокомпанияси раиси Абдусаид Кўчимовга;

“Халқ сўзи” газетаси бош муҳаррири Аббосхон Усмоновга;

«ХХ1 аср» газетаси бош муҳаррири Муродил Абдураҳмоновга;

Ўзбекистон товар ишлаб чиқарувчилар ва тадбиркорлар Палатаси Бошқарувига;

Республика Оқсоқолллар Кенгаши ва «Маҳалла» Жамғармаси Бошқаруви раиси Аъзам Гадойбоевга;

Республика Соғлиқни Сақлаш Вазири Феруз Ғофуровга;

«Андижоннома» газетаси бош муҳаррири ва Андижон вилоят Телерадиокомпанияси раиси номига буюртма хатлар ва хатларга тиркалган ҳужжатлар нусхаларини юбордим.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳамда давлат бошқарув идоралари раҳбарлари номига йўллаган телегерамма ва буюртма хатларимда 25 март кунги уч юз эллик нафар инсонлар имзо чеккан ариза шикоят якунидаги «МХХ ходимларининг тинч аҳолига нисбатан ўрта аср инквизицияси усулида тутаётган бу ҳаракатлари инсон ҳуқуқларини поймол этилишига ва Ўзбекистон Конституциясидаги шахс эркинлиги ва амалдаги ҳуқуқий қонунларга зид келиши, аҳоли орасидаги ҳукуматга қарши норозилик кайфиятларини кучайишига олиб келмоқда», – деган огоҳлантирувларига алоҳида урғу бергандик ўшанда. 

«Ўзбекистонлик ишбилармон ва тадбиркорларга қарши ҳужум кучайиб, улар қийноққа солинмоқда» дея номланган ушбу баёнотда “Юқорида номлари зикр этилган давлат ва нодавлат ташкилотларидан, сиёсий партиялардан, марказий ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари раҳбарларидан ушбу мурожаатномада баён қилинган далилларга жиддий ёндашиб, ушбу тадбиркор ва ишбилармонларни ҳимоя қилишга чақирамиз” дегандик.

Биз бу баёнотимиз билан ҳукуматни ушбу масалада адолатни қарор топтириш масаласини ўз зиммасига олишини, акс ҳолда ёмон оқибатларга олиб келишини эслатганмиз. Чунки суд идораси олдида тўпланган оломоннинг норозилиги истаган пайтда аланга олиши мумкин эди. Буни сезиш учун эса ўта кучли ақл сохиби бўлиш шарт эмасди.

Бундан кўринадики, Андижон фожиалари содир бўлишидан эллик кун аввал ўша Андижонлик йигирма уч нафар “террористлар”ни яқинлари, уларнинг ҳимоясига отланган юзлаб, минглаб инсонлар, қирқ кун аввал эса мен асос солган ва бошқараётган «Ўтюраклар Клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти, “Ҳуқуқшунослар қийноқларга қарши” Ташаббус Гуруҳи ҳамда Андижон фожиасидан эллик кун аввал  ташкил топган «Фуқаролик жамияти» Халқ Ҳаракати номидан ҳукуматни яқинлашиб келаётган хавф-хатардан огоҳ этганмиз. 

Энди ўзингиз ўйланг: қайси маконда, қайси замонда террористлар ҳукуматни эллик кун аввал огоҳлантириб, кейин террористик ҳужум уюштирганлар?!

Ҳеч бир маконда! Ҳеч бир замонда!

Андижон аҳолиси орасида ҳукуматга қарши норозилик кайфияти кучаяётгани ҳақидаги огоҳнома телеграммада кўрсатиб ўтилган важлар билан бирор-бир давлат идораси қизиқмади, жиддий шуғулланмади.

Фақатгина 4 апрель кунги Президент Ислом Каримов номига жўнатилган телеграммам Президент девонида 12 апрель куни назоратга олиниб, қонуний ҳал этиш учун Республика бош прокуратурасига юборилганлиги ҳақида жавоб хати олдим холос.

Аслида мамлакатда амалда бўлган “Фуқароларнинг мурожаатлари ҳақида”ги Қонун талабларига асосан прокуратура ва бошқа давлат идоралари мансабдорлари юборилган телеграммадаги важлар, шунингдек буюртма хат орқали жўнатилган корхоналар, фирмалар ва кичик корхоналарда ўтказилган текширув хулосалари, Ҳусанбой Рўзиевни Избоскан туман марказий шифохонаси жонлаштириш бўлимида юритилган касаллик тарихини, шифокорларнинг тушунтириш хатлари ва бошқа барча тақдим қилинган муҳим ҳужжатларни синчиклаб ўрганиб чиқишлари шарт эди. Текширув якунларига кўра ЖК 30-моддасидаги жиноятни содир этган МХХ ходимларига нисбатан жиноят иши қўзғатиш учун ҳарбий прокуратурага топшириқ беришлари керак эди.

Ўзбекистон Республикаси бошқарув органлари мансабдорлари мен томондан жўнатилган мурожаатнома ва унга илова қилинган далилларни ўрганиб чиқиб, қонунбузарликлар содир этган маъсул кимсаларга қонуний чоралар кўриш ўрнига, бундай ўта муҳим мурожаат билан ҳукумат амалдорлари ҳаловатини бузган “айбдор”ни, яъни мени 15 апрель куни эрталаб соат тўққиз яримларда Тошкент шаҳрининг шоҳ кўчаларидан бирида, Республика Ички Ишлар Вазирлигида бўладиган матбуот анжуманида иштирок этиш учун таксида кетаётган пайтимда мамлакатдаги куч ишлатар тизимлар мансабдорлари томонидан уюштириб, ўғирлаб кетишди.

* * *

САФАР АБДУЛЛАЕВНИНГ ҚАТАҒОН ҲАҚИДАГИ БАШОРАТИ АМАЛДА

2005 йилнинг 18 март куни интернетда Ўзбекистонда 2005-2007 йилларга мўлжалланган сиёсий қатағон режаси ҳақида сиёсатшунос Сафар Абдуллаев тахаллуси билан эълон қилинаётган мақолаларининг навбатдагиси чоп қилинди.

Ушбу мақолада Ўзбекистондаги куч ишлатар тизимлар томонидан қатағон қилиниши мўлжалланган журналистлар, инсон ҳуқуқи ҳимоячилари ҳамда бошқа фаолларнинг рўйхати эълон қилинганди.

Мана шу мақолада исми-шарифлари келтирилган қатағон қилиниши кутилаётган “қора рўйхат”даги бир нечта журналистлар ва ҳуқуқ ҳимоячиларининг қатъий талаблари билан 2005 йилнинг 15 апрель куни Республика ИИВда матбуот анжумани ташкил этишга  қарор қилингани ҳақида хабар олдик.

Мен журналист дугонам Инера Сафаргалиеванинг 13 апрель кунги таваллуд айёмини биргаликда нишонлаш мақсадида уникига боргандим ва матбуот анжумани ўтказиладиган куни Тошкентда эдим.

“Қора рўйхат”да менинг ҳам исми-шарифим борлиги сабабли Республика Ички Ишлар Вазири Зокиржон Алматов, унинг ўринбосари Алишер Шарофиддинов ва Вазирликнинг бошқа мансабдорлари томонидан ўтказилиши режалаштирилган, эълон қилинган мақолада исми – шарифи санаб ўтилган “қора рўйхат”даги фаоллар иштирок этишлари кўзда тутилган конференцияда қатнашишга қарор қилдим.

Матбуот анжумани пайтида Ички Ишлар Вазири Зокиржон Алматовга тақдим қилиш мақсадида кечаси билан айнан Андижондаги борган сари кескинлашиб бораётган қалтис вазият ҳақида 4 апрель кунги жўнатганим баёнотимизда баён қилинган ҳолатлар бўйича қўлёзма Мурожаат тайёрладим.

Матбуот анжумани пайтида вазирлик мансабдорларига ҳамда журналистларга тарқатиш мақсадида тайёрлаган мурожаатимдан бир неча нусхада принтердан чиқариб олмоқчи бўлдим. Лекин Инеранинг хонадонидаги принтерни ранги қолмагани сабабли кўчадаги бирон-бир интернет кафега кириб, қўлёзмамдан нусхалар чиқариб олиш мақсадида Инера билан Вазирликдаги матбуот анжуманида учрашишга келишиб, ундан бироз аввал унинг хонадонидан чиқиб кетдим. 

Мурожаатномани бир неча нусхасида кўпайтириб олгач, ҳотиржамликда дуч келган таксига ўтирдим ва Республика Ички Ишлар Вазирлигига олиб бориб ташлашини илтимос қилдим таксистдан.

Таксида кетарканман йўлда бир неча марта ДАН ходимлари мен кетаётган таксини тўхтатиб, бу машина ўғирланганлиги ҳақида маълумотга эга эканликлари, шунинг учун машинани техник текширувдан ўтказишлари шартлигини баҳона қилиб, тўхтатавердилар.

Ҳар сафар таксистни тўхтатганларида ўн минут – ўн беш минутлар оралиғида машина мотори, балонлари ва ҳужжатларини синчиклаб текшириб, қўйиб юборишади. Бироз юрганимиздан кейин яна ҳудди шундай гумон билан бошқалари бизни тўхтатиб, яна аввалгидек синчковлик билан текширувлар ўтказишади ва бизни қўйиб юборишади.

Охирги марта бизни тўхтатганларида эса Ички Ишлар Вазирлигида бўладиган матбуот анжуманига кечикаётганимни, тезроқ қўйиб юборишларини сўраб, ёнимдаги ДАН ходимига мурожаат қилдим. У биздан бир неча метр узоқликдаги, бизга тескари қараб туриб, рацияда ким биландир гаплашаётган званияси юқори бўлган ДАН ходимини кўрсатди ва “Бошлиқлар нима деса шу” деди. Мен ўша “бошлиқ”қа яқинлашганимда у рациянинг нариги томонидаги ҳамкасблари билан мени тутиш учун жўнатилган ходимларни тезроқ етиб келишларини муҳокама қилаётганини эшитиб қолдим.

Менга қарши уюштирилаётган фитнани тушуниб қолиб, дуч келган бошқа таксига ўтириб кетмоқчи бўлгандим, қўлларимдан маҳкам тутиб, ушлаб қолишди. Шу орада етиб келган тўрт нафар нотаниш кимсалар мени тутиб, ўзларига қарашли енгил автомашинага тиқиб, номаълум томонга олиб кетдилар. Мен таксичига йўл хақини бериш баҳонасида дугонам Инерага қўнғироқ қилиб, бўлган воқеани айтиб беришини илтимос қилиб, унга бераётган пулимга Инерани телефон рақамини ёзиб бердим. Буни кўриб қолган мени олиб кетмоқчи бўлаётганлардан бири таксистни қўлидан унга берган пулимни тортиб олиб, тинч яшашни истаса бугунги воқеани унутишини, оғзини бировга очмаслигини, акс ҳолда ўзига ёмон бўлишини уқтирди.

Мени ўғирлаб кетганларини шу куни ўша журналист дугонам Инера Сафаргалиева ва мен танимайдиган, Тошкентлик бир инсон ҳуқуқи ҳимоячиси тасодифан кўриб қолишган.

Бошқа бир таксида Вазирликка қараб кетаётган Инера мени бир нечта нотаниш кимсалар катта йўлни бўйида тўхтаб турган такси ёни бегона кимсалар қуршовида турганимни тасодифан кўриб қолган. У ҳайрон бўлиб, ўзи кетаётган таксини тўхтатиб, ундан тушган ва мени чақирган. Мен эса уни чақирганини эшитмаганман.

Тошкентлик, лекин мен танимайдиган яна бир ҳуқуқ ҳимоячиси ҳам катта кўчада Фредом Хаус (Озодлик Уйи)нинг Тошкентдаги идорасига бора туриб, катта трасса йўлида мени қандайдир ғайритабиий усулда машинага тиққанларини кўриб қолган. У ўзи гувоҳ бўлган воқеани таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси Аъзам Турғуновга айтиб, ўзи исмини билмайдиган, лекин паст бўйли, сочлари калта қирқилган, Аъзам Турғунов билан дўст бўлган бир ҳуқуқ фаоли, аёл кишини ўғирлаб кетганлари ҳақида айтган ва мени олиб кетган машина маркаси, номери ва ранги ҳақида ҳам унга айтган.

Мени ўғирлаб кетган кунларида Республика Ички Ишлар Вазирлигида ўтказилган матбуот анжуманини бошқарган Вазир ўринбосари Алишер Шарафуддинов Сафар Абдуллаев номидан чоп қилинган мақола бўҳтондан иборат эканлигини, ҳеч қандай “қора рўйхат” йўқлигини таъкидлаган.

Лекин айнан матбуот анжумани ўтказилаётган паллада мени ўғирлаб кетиб, олиб борилганим Тоштемир туман ИИБ биносида ҳаққи-ҳуқуқларимни топтаб, ҳақоратлаб, таҳдид қилиб, калтаклаб, бундан ҳам қониқмасдан кўринишидан ваҳший ва инсонлик қиёфасини йўқотган уч нафар кимсалар ўртасига ем қилиб ташлаб бергандилар. Улар эса…

Шундай қилиб, Сафар Абдуллаев келтирган рўйхатдаги фаолларнинг барчамиз турли усуллар билан қатағон қилиндик.

* * *

Ўша мени танимайдиган ҳуқуқ ҳимоячиси кўрган воқеа шундай содир бўлганди: Мени машинага тиқиб қаёққадир олиб кета бошладилар. Қаёққа ва нима учун олиб кетаётганларини айтишларини сўрасам, одил судловдан қочиб юрганим учун судга мажбурий тартибда олиб боришга суд томонидан Ажрим чиқарилганини рўкач қилдилар. Мен ҳеч қандай суддан қочмаганимни, бу гаплар ёлғонлигини айтдим. Машинадагилар эса “Овозингни ўчириб кет, манжалақи” дея мазах қилиб, ҳақоратлар қилиб, устимдан кулишарди.

Шу пайт улардан бирини мобил телефони жиринглади. У телефонда гаплашгач, кимгадир кетаётган кўчамиз адресини айтди. Кейин ҳайдовчига қараб, “Шу ерда кутамиз. Катта келяптилар экан” деди. У “катта” ким эди, уни бу ерда нима иши бор эди билмасдим. Содир бўлаётган воқеаларни ҳам умуман тушуниб етолмаётгандим. Лекин “катта”ни келишини кутиб турган йигитлардан бири келадиган амалдорни исми-шарифини айтганида эшитдим, лекин кейинчалик ёдимдан кўтарилди. Унинг исми-шарифи Вали Шодиев ёки Шоди Валиев эди.

Орадан бир неча ўн дақиқалар ўтгандан кейин мен ўтирган машина орқасига ҳукумат номери тақалган, ойналари қорайтирилган, қоп-қора қимматбаҳо чет эл автомашинаси келиб тўхтади. Мен ўтирган машинадагилар талвасага тушиб, апил тапил машинадан тушдилар ва шоша-пиша орқадаги машина томонга қараб юрдилар. Мен ўтирган машина хайдовчиси эса апил-тапил бориб, иномаркани эшигини очди.

Машинадан ёши элликлардан ўтган, қорин қўйган узун бўйли, савлатидан от хуркийдиган, тепакал, қошлари қоп-қора, кўзлари бўртиб чиққан бир кимса тушиб келди ва атрофига югургилаб борган йигитлар билан нималардир ҳақида гаплаша бошлади. Кейин уларга имо қилиб мени машинадан туширишни буюрди. Мени машинадан туширишди ва мансабдорнинг ёнига қўйиб, ўзлари биздан узоқлашдилар.

Мен билан ёлғиз қолган мансабдор ҳеч бир сабабсиз юзимга тарсаки тушириб: «Қани қанжиқ айтчи, Қирғизистон мухолифатини қўлламоқчимисан? Ҳукуматни ағдарасанми? Қирғизистонда давлат тўнтариши бўлишидан олдин ҳам «Қирғизистон» деб номланган Халқ Ҳаракати ташкил қилинганди. Бизда эса сен Қирғизистон мухолифатини қўллаб-қувватловчи «Фуқаролик Жамияти» Халқ Ҳаракати тузибсан. Орқангда ким турибди?! Кимни ноғорасига ўйнаяпсан?!» – деб ўшқирди.

Мен 2005 йил 26 март кунги «Фуқаролик жамияти» Халқ Ҳаракати тузганлигимиз ҳақидаги юзга яқин давлат идораларига буюртма хатлар тариқасида жўнатганим  баёнотни ўқиб кўришларини, у баёнотда «Фуқаролик Жамияти» Халқ Ҳаракати амалдаги тузумни қулатишга эмас, мустаҳкамлашга хизмат қилиши ҳақида ёзилганлигини айтдим. У эса мени ҳақоратлар, Тошкентдан кетмаганим сабабини айтишимни талаб қилиб, бошимни ёнида турганимиз, ўзи келган машинага урарди.

У мени ҳақорат қила-қила ходимлари  турган томонга қараб, мени итариб юборди. Мен мувозанатни ушлаб қололмай асфальт ерга йиқилдим. Мансабдор ходимларига қараб “Машинага тиқларинг ва ортимдан юрларинг” деди. Қора иномарка йўлга тушди, ортидан мен ўтирган машина ҳам равона бўлди. Энди машинадагилар ҳазил-мазах қилишмас, сукутга чўмгандилар. Уларнинг сукути кучли тўфондан олдинги сукутни эслатарди.

Мен энди мени нималар кутаётганини билмасдим. Кимгадир телефон қилиб, хабар беришимни ҳам имкони йўқ. Чунки мени тутиб машинага тиққанларида биринчи бўлиб қилган ишлари мени сумкамдан телефонни олиб, нафақат ўчириш, балким сим картасини юлқиб олиш бўлганди.

Давоми бор.

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.