Ухлаб ётган шерни уйғотманг

Снимок,,,,,,,

Ухлаб ётган шерни уйғотманг,
Йўқ, ташламанг олдига ул–бул.
Тахқир-мазаҳ билан сўз қотманг,
Тилингизни тийинг, — шу — маъқул!

Кенгликларнинг шоху султони
Қафас ичра мудраб ётса жим,
Дея кўрманг «Совубди қони,
Тугабди» деб чиқарманг хукм.

Тошкент вилояти Янгийўл шаҳри Ш.Рашидов кўчаси 1–уй.
Инсон Ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Ҳалқаро жамияти Ўзбекистон секцияси рахбари Марат Тешаевич Зохидовга
ва журналистларга

Нусхаси: Адвокатларим М.Тожибоева, С.Ғофуров, Д.Нурматова, Х.Махбубов, М.Жумаеваларга

Фарғона шаҳридаги 10–сонли тергов изолятори махбуси Мўьтабар Тожибоеванинг

М У Р О Ж А А Т И

30–ноябрь 2005 йил

Мухтарам қадрдонларим!

Бугун мени ғайриқонуний йўллар билан хибсга олинганимга 55 кун бўлди. Айнан шу муносабат билан Ўзбекистон қамоқхоналарида азоб чекаётган инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари, журналистлар ҳамда эркин фикрловчи бўлганлиги сабабли қамоққа олинган барча махбусларга ёзган мурожаатимни Ҳалқаро матбуотлар орқали кенг жамоатчиликка етказишларингизни сўрайман.

55 кундирки менга, мени яқинларимга, мени хурмат қилган ҳар бир инсонга узлуксиз қийноқлар қўлланилиб, мени инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Ҳалқаро жамияти аъзоси, мустақил журналист сифатидаги, ўзим бошқарган «Ўтюраклар» Клуби инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти ҳамда менинг ташаббусим билан ташкил этилган «Фуқаролик Жамияти» Ҳалқ харакатини олиб борган ишларини қоралаш, мени шаъним, қадр қимматимни булғаш учун бутун бошли механизм ишламоқда.

Бугунги кунда Ўзбекистонда демократияни ривожлантириш учун бахоли қудрат жамиятга наф келтирган кўплаб инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ҳамда журналистларимизни жойларимиз қамоқхоналарга айланди. Носир Зокир, Сайиджахон Зайнобиддинов, Санжар Умаров…

Бу рўйхатни истаганча давом эттириш мумкин. Ҳақиқатни дадил айтгани учун қамоққа олинган маҳаллий журналист Ортиғали Номозов, ёш журналист Собиржон Ёқубовларни тегирмонга солинган буғдойни эзғилаб, мажақлаб ташлаганларидек бизни ҳам рухан синдириш, келажагимизни барбод қилиш учун уюштирилаётган фитналарни кенг жамоатчилик билиб турибди.

Лекин буюк мутафаккир Робиндранад Тагор айтганидек «Ёлғон кучга кирган вақтда ҳам барибир ҳеч вақт ҳақиқатга айланмайди».

Жан Пол эса «Майда кулфатлар ғазабимизни қўзғайди, катталари эса ақлимизни жойига келтиради, дарз кетган қўнғироқдан сўник товуш чиқади, уни иккига бўлсангиз яна тиниқ овоз беради» деган.

Азизларим, биз барчамиз сохта айбловлар билан хибсга олиндик, демак биз дарз кетмадик, бўлиндик. Бизни овозимиз тиниқлашди. Яна бир аллома «доимо қўрқиб юргандан кўра даҳшатли ўлим яхши» деган экан. Биз ўз фаолиятимиз туфайли хаётимиз барбод бўлишини билардик, лекин адолатсизликка қарши курашни давом эттирдик.

Шу ўринда ҳалқаро матбуотларда фаолият юритувчи журналистлар дўстларимдан шоир Охунжон Хакимовнииг «Ухлаб ётган шерни уйғотманг» номли шеърини тўлиғича эфирга қўйишларини сўрайман.

«Ухлаб ётган шерни уйғотманг»

Ухлаб ётган шерни уйғотманг,
Йўқ, ташламанг олдига ул–бул.
Тахқир-мазаҳ билан сўз қотманг,
Тилингизни тийинг, – шу – маъқул!

Кенгликларнинг шоху султони
Қафас ичра мудраб ётса жим,
Дея кўрманг «Совубди қони,
Тугабди» деб чиқарманг хукм.

Асли эди у довлардан дов,
Юрар эди эркин чарх уриб.
Уни хароб айлади алдов,
Уни хароб айлади фириб!

Ётар энди кўзи ним юмуқ,
Тутқунликлар жонидан ўтиб.
Юмуқ кўзда аммо ёнар чўғ,
Чўғ эмас у, интиқом ўти.

Титкиламанг хотиротини,
Қила кўрманг бўлар–бўлмас гап.
Агар минса ғазаб отини
Қафасларни ташлар парчалаб!

Хузур қилинг жимгина боқиб,
Боқинг шундоқ ёввош тортириб,
Ҳазил мазаҳ қилиб ё нўқиб
Олманг бошга бало орттириб!
Қўрқинг-қўрқинг унинг қаҳридан,
Хазир бўлинг панжаларидан!

Ўз ҳолига қўйинг Сиз уни,
Сен нима-ю, нима деманг ер,
Бўлса ҳамки қафас тутқуни
Шерлигича қолаверар ШЕР!

Қадрдонларим! Сиз ва бизлар қафасдаги шерлармиз. Қора қузғунлар учун қафасда бўлсакда хавфлимиз.

Буюк ишларни амалга ошириш учун киши худди ҳеч ўлмайдигандек яшаши керак экан. Бундан роса 7,5 ой аввал, яъни 15-апрель куни Тошкентда ўғирлаб кетиб, таҳқирлашга буйруқ берган Республика миқёсидаги амалдорлар фаолиятимга чек қўймасам ўзимни ҳам, яқинларимни ҳам ҳаёти дўзахга айланишини ваъда бергандилар. Улар ўша ваъдаларини бажардилар.

Мана шу воқеадан кейин мен ҳам «Ҳаётим бир кундан кейин якун топишини олдиндан билсам, ўша охирги кунимни ҳам адолатсизликка қарши курашга бағишлайман» деб баёнот бергандим.

Бизни асир олдилар, энди бизни узоқ йилларга қамарлар, балким қамоқлардан тирик чиқиш бизларга насиб қилмас.

Биз қандай вазиятда бўлмайлик ҳар қандай разилликни ҳам мардонавор кутиб оламиз, чунки бизлар қафасга тушган шерлармиз ва ҳалқнинг ёдида абадий қоламиз.

Ҳалқ бизни унутмайди. Сизларга бардамлик тилайман.

Мўътабар Тожибоева

(Изоҳ: Мўътабар Тожибоева 2005 йил 30–ноябрь кунги Тошкент вилояти Янгийул шаҳри Ш.Рашидов кўчаси 1–уйга, Инсон Ҳуқуқларини Ҳимоя қилиш
Ҳалқаро Жамияти Ўзбекистон Секцияси раҳбари Марат Тешаевич Зоҳидовга ва журналистларга ёзган мурожаатномасини 1–декабрь куни тергов хибсхонаси рахбариятига манзилга юбориш учун топширган эди.

Лекин бу мурожаатнома ҳеч бир сабабсиз манзилга юборилмади. Тожибоевага бу мурожаатномани жўнатмаслик сабаби тушунтирилмади ҳам)

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.