Мухтарам Президент! Ўзбекистон Республикаси Конституциясига кўра Сиз мени ҳуқуқ ва эркинликларим кафолатисиз.
ТЕЛЕГРАММА МУРОЖААТНОМА
Тошкент. Матбуотчилар кўчаси 6–уй.
Президент девонига. Президент Ислом Каримовга
Махбуса Мўтабар Тожибоевадан
29.10.2005 йил
Мухтарам жаноб Президент!
Олий мажлис йиғилишида тасдиқланиб, Сиз томондан имзо чекилган Ўзбекистон Республикаси Жиноят Ижроия Кодекси, Хукумат қарорлари ва Сиз имзолаган Фармонларга асосан ушбу телеграммани сизга юбориш учун Фарғона шаҳридаги 10–сонли тергов изолятори маъмуриятига топширмоқдаман.
Ушбу телеграммамни сизга етиб бормаслиги ва «Президентга, хукуматга хизмат қилаяпман, хукуматнинг ривожи, давлатнинг равнақи учун мехнат қиляпман» дея ўзини ҳам, давлатни ҳам, хукуматни ҳам алдаётган кимсалар давлат идораларида ишлаб, хукумат сиёсатига қарши фаолият олиб бораётганларидан далолатдир.
Мени 7–октябрь куни Ирландияда бўладиган Ҳалқаро Конференцияга кетиш арафасида ғайриқонуний тарзда хибсга олиндим.
Мана 22 кундирки Фарғона вилоят прокуратураси амалдорлари ва вилоят ИИБ ИВС рахбарлари ҳамда 10–сонли тергов изолятори амалдорлари ўртасидаги сансалорчиликлар туфайли Москвага бориш–келишга олинган аэрофлот билетини пулини кайтариб олишим учун ўзим хоҳлаган одамга ишончнома расмийлаштириб берилмаяпти.
Бунинг натижасида мени ҳимоям билан шуғулланаётган адвокатларимни ҳар бири мен билан учрашишга киришларига янгидан ордер расмийлаштирилишини талаб қилиб мени ҳуқуқ ва эркинликларимни қасддан бузмоқдалар. Ҳар сафар адвокатларга ордер учун ҳақ тўлашга эса менинг оила аъзоларим имконияти етарли эмас.
ЖПКнинг 50–моддаси 4–қисмига ва Олий Суд Пленумининг 2003 йил 19–декабрь кунги «Гумон қилинувчи ва айбланувчини ҳимоя ҳуқуқи билан таъминлашга оид қонунларни қўллаш бўйича суд амалиёти тўғрисида»ги 17–сонли қарорини 31–қисмига кўра адвокатлар Сентур Ғофуров, Мухаррам Тожибоева, Дилафрўз Нурматова ва Мухаббат Жумаеваларга менга кўрсатаётган юридик ёрдамлари учун ҳақ тўлашдан озод қилишни сўраб қилинган мурожаатлар ҳам оқибатсиз қолдирилмоқда.
Мухтарам Президент!
Ўзбекистон Республикаси Конституциясига кўра Сиз мени ҳуқуқ ва эркинликларим кафолатисиз.
Ушбу телеграммамда баён қилинган қонунбузилишларни чек қўйишни ўз назоратингизга олиб, мени ушбу бузилаётган ҳуқуқимни тиклашга амалий ёрдам бериб, айбдорларга нисбатан қонуний чора кўришингизни сўрайман.
Махбус Мўтабар Таджибаева: имзо
29.10.2005 йил
ИЗОҲ: Ушбу телеграмма Мўтабар Таджибаеванинг адвокатлари Мухаррам Тожибоева ва Дилафрўз Нурматовалар томонидан жўнатилди.
This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.
Fikr bildirish