Мўътабар Тожибоева товламачиликда айбланмоқда
Фарғона вилояти ички ишлар бошқармаси ходимлари томонидан бир неча кун муқаддам ҳибсга олинган “Ўтюраклар” клуби раҳбари Мўътабар Тожибоева товламачиликда айбланмоқда.
М.Тожибоева 8 октябрь куни соат 23 лар чамасида ўз уйида ҳибсга олинган эди. Ҳуқуқ ҳимоячиси бу пайтда Тошкентга кетиш, у ердан Москва орқали Дублинга учишга тараддуд кўраётганди.
11.10.2005
Бу ҳақда “Озодлик” радиосига Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати раҳбари Светлана Ортиқова маълум қилди. Унинг сўзларига қараганда, инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси устидан Жиноят кодексининг 165-моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилган.
С.Ортиқова тергов сири бўлгани учун М.Тожибоева қандай кўринишдаги товламачилик билан айбланаётгани ҳақида маълумот бера олмаслигини билдирди.
Тасдиқланмаган маълумотларга қараганда, М.Тожибоева ишида фарғоналик адвокатлардан бири ҳимоячи сифатида иштирок этишга уринган. Аммо нима сабабдандир у тезда ниятидан қайтган. Шундан сўнг Фарғона вилояти прокуратураси ҳуқуқ ҳимоячисига давлат адвокатини тавсия этган, бироқ М.Тожибоева унинг хизматини рад қилган.
М.Тожибоева ишида адвокат Ҳусан Маҳбубов ҳимоячи сифатида қатнашиши айтилмоқда. Лекин адвокат мазкур иш билан тўлиқ таниш эмаслиги, мижозига тегишли ҳужжатлар билан танишишга энди киришишини билдирди.
М.Тожибоева 8 октябрь куни соат 23 лар чамасида ўз уйида ҳибсга олинган эди. Ҳуқуқ ҳимоячиси бу пайтда Тошкентга кетиш, у ердан Москва орқали Дублинга учишга тараддуд кўраётганди.
Маълум бўлишича, ҳибсга олиш чоғида ўтказилган тинтув давомида М.Тожибоеванинг уйидан унга тегишли барча ҳужжатлар ва компьютер олиб қўйилган.
Тошкентда Андижон воқеаларида фаол иштирок этишда айбланаётган фуқаролар устидан ўтказилаётган суд жараёнида М.Тожибоева шаънига ҳам айбловлар янграганди. Жумладан, у Ўзбекистон халқини қирғизлардан ўрнак олиб, инқилоб қилишга чорлагани билдирилганди.
Айрим кузатувчилар М.Тожибоеванинг ҳибсга олинишига айнан унинг инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси сифатидаги фаолияти сабаб бўлганини таъкидламоқда.
М.Тожибоева “Нобель мукофотига номзод минг аёл” лойиҳаси доирасида дунёда энг нуфузли мукофотга номзодлар рўйхатига киритилган.
This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.
Fikr bildirish