Мўътабар Тожибоевага қўйилган айбловлар сонини кўпайтириш ҳаракатлари давом этяпти
Шу кунларда Фарғона вилояти ички ишлар бошқармаси ҳибсхонасида сақланаётган инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Мўътабар Тожибоевага қарши шикоятлар сонини кўпайтириш ҳаракатлари кўрилмоқда.
Бу ҳақда фарғоналик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Абдусалом Эргашев маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, вилоят ИИБ ходими Равшан Сотиволдиев Тошлоқ туманилик Насиба Қамбаровадан М.Тожибоева ундан пора олгани тўғрисида шикоят аризаси ёзиб беришни талаб қилган. (М.Тожибоеванинг опаси Муҳаррам Тожибоева бу аёлнинг эри билан ажрашиш масаласидаги судда унга адвокат бўлган). Н.Қамбарова М.Тожибоевани танимаслигини айтиб, ариза ёзишдан бош тортган.
19.10.2005
Шайбон
Шундан кейин Р.Сотиволдиев унга вилоят прокуратурасига боришни тайинлаб, чақирув қоғози ташлаб кетган.
Бу маълумотни М.Тожибоеванинг ҳимоячиси Муҳаррам Тожибоева ҳам тасдиқлади.
“Р.Сотиволдиев М.Тожибоева энди қамоқда чириб кетишини айтиб, Н.Қамбаровадан шикоят ариза ёзиб беришни сўраган. Рад жавобини олгач, Р.Сотиволдиев прокуратурада у билан бошқача гаплашишини айтиб, чиқиб кетган”, – деди Муҳаррам Тожибоева.
Муҳаррам Тожибоева ўзининг қонуний ҳимоясидаги синглиси билан учрашишга йўл қўйилмаётганини таъкидлади. Унинг айтишича, ҳибсхона бошлиғи М.Тожибоевани адвокати билан учраштирмаслик ҳақида юқоридан буйруқ борлигини маълум қилган.
М.Тожибоева балиқчилик хўжалигида ёлланма ишчи сифатида ишлаган шахснинг шикоят аризаси асосида 8 октябрь куни тунда ҳибсга олинган эди.
Муҳаррам Тожибоеванинг таъкидлашича, опаси балиқчилик хўжалиги ҳомийси бўлган ва иш юритиш учун каттагина маблағ сарфлаган. Аммо кейинчалик етиштирилган балиқнинг аксар қисми хўжалик ишчиси томонидан пуллаб юборилгани аниқланган. Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси ўзлаштирилган пулнинг ҳаммасини эмас, ўзи ҳомий сифатида сарфлаган маблағни қайтариб беришни талаб қилган. Ишчи аввал 350 минг, эртасига 250 минг сўмни олиб келганида М.Тожибоева ҳибсга олинган.
This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.
Fikr bildirish