Риштонда намойишга йўл қўйилмади
Фарғоналик ҳуқуқ ҳимоячиларининг билдиришларича, “Ўтюраклар“ клуби Қирғизистон мухолифатини қўллаб-қувватлаш мақсадида, инсон ҳуқуқлари вазиятининг яхшиланмаётгани муносабати билан ва суд-ҳуқуқ тизимидаги адолатсизликлар туфайли Фарғона вилояти хокимлиги ва вилоятдаги туман хокимликлари олдида норозилик намойишлари уюштиришни ва биринчи намойишни 29 март куни соат 14 да Риштон тумани марказида ўтказишни режалаган эди.
Лекин ҳуқуқ-тартибот идоралари бу тадбирга йўл бермай, жойларда, айниқса Риштонда ўз ходимларини оёққа турғаздилар, намойиш ташкилотчиларидан бири, “Ўтюраклар“ клубининг рахбари Мўътабар Тожибоева эса Фарғона вилояти ИИБ да эрталабдан кечгача ушлаб турилди.
Шунгача “Ўтюраклар“ клуби томонидан ОАВлар ва хорижий ташкилотларнинг ваколатхоналарига тарқатилган баёнотда «“Ўтюраклар“ клуби – фуқаролик жамияти» деган ҳалқ харакатини тузишга қарор берилгани ва унинг биринчи намойиши Қирғизистон билан чегарадош Риштон туманида ўтказилиши таъкидланган эди.
Гарчи Риштонга намойишда қатнашиш учун келганларга маънавий тазъйиқ ўтказилиб, ортларига қайтариб юборилган бўлсалар-да, лекин милиция уларга зўравонлик қилмади.
Вилоят ИИБдан олинган маълумотга кўра, “Ўтюраклар“ клуби тақдим этган талаблар расмийлар томонидан ўрганилмоқда экан.
This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.
Fikr bildirish