Белига белбоғ боғлаб курашга отланган ориятли, ғурурли эркаклар (!) ҳали Ўзбекистонимизда топилади
Фарғона шаҳар Хокими Р.Балтобаевга
О Ч И Қ Х А Т
Мухтарам Хоким жаноблари!
Белига белбоғ боғлаб курашга отланган, қизини, синглисини, ўзбек аёлини Сизлардан ва шерикларингиздан ҳимоя қила оладиган ориятли, ғурури тоғча ЭРКАКЛАР (!) ҳали Ўзбекистонимизда топилади, улар уйғоқ ва хушёрдирлар.
Мен, Мўтабар Тожибоева «Биз жамиятимизда учрайдиган ҳар қандай иллатга қарши кескин курашамиз – Биз огоҳмиз!» шиори остида фаолият юритгувчи «Ўтюраклар» Клуби фаоллари номидан ва мустақил журналист сифатида Сизга очиқ хат билан мурожаат қилиб, Сиз орқали пана-панада туриб менга тош отаётган барча рахбарларга юрагимдаги гапларимни очиқ-ошкора баён қилмоқчиман.
3 июль 2003 йил
Бу очиқ хатни матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари байрами муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А.Каримовнинг 27 июнь кунги байрам табригидан цитаталар келтириш билан бошлашга қарор қилдим.
«…Лўнда қилиб айтганда, бугун ахборот учун ҳеч қандай чегара йўқ, эркин сўзга чегара қўйиш учун ҳар қандай интилиш ва харакатлар бутунлай бефойда ва бесамар эканини, ўйлайманки, ҳар бир ақли расо одам англаб етади.
Бундай вазият, бугунги замон, ўз навбатида, матбуот асли олдига янги ва ўта маъсулиятли вазифаларни қўймоқда.
Оммавий ахборот воситалари воқеаликни акс эттириш борасида фақатгина ёритувчи ва ифодаловчи бўлиб қолмасдан, авваламбор одамлар манфаатларининг ҳимоячиси бўлиши, журналистлар эса бу ўта оғир, кучли иродани талаб қиладиан жабхада том маънода фидойилик кўрсатмоғи лозим…
Шуни ҳам очиқ айтишимиз зарурки, бизга бу борада баъзан шижоат етишмаяпти. Етмиш йил давомида қон-қонимизга, суяк-суягимизга сингиб кетган, одатлар, яъни хокимият фаолиятига танқидий кўз билан қарашнинг йўқлиги, ҳаётда амалдорларнинг айтгани айтган қабилидаги эскича кўникмаларидан халос бўлиш оғир кечмоқда.
Шунинг учун ҳам бугун журналистлардан ишимизга ҳалақит бераётган ана шундай асоратларни бартараф этиш, жамиятимизда эркин фикр муҳитини қарор топшириш йўлида белни маҳкам боғлаб хизмат қилиш талаб этилмоқда…»
Ҳа, раҳбар жаноблари, мен бир ўзбек журналист аёли сифатида Мамлакатимиз Президенти айтганидек жамиятимиз равнақига ҳалақит бераётган асоратларни бартараф этиш ниятида, белида белбоғи йўқ порахўру, коррупционерларга қарши курашиш учун белимни белбоғ билан махкам боғлаганман.
Мен 27 май куни ана шундай иллатларга қарши курашиш учун Фарғона шаҳрида 6 июнь куни 500 кишилик намойиш, яъни тинч йўл билан кўча юриши ўтказишга Фарғона шаҳар хокимидан, яъни сиздан рухсат сўраган эдим. Лекин мени ушбу талабимга Сизнинг 674-1 рақамли жавоб хатингиз ўта кулгули бўлди.
Не эмиш: «Фарғона шаҳар хокимлиги Сизнинг аризангизни ўрганиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 33-моддасига асосан «Хавфсизлик нуқтаи назаридан» (!!!) намойиш ўтказишни таъқиқлайди» дейиш билан чегаралангансиз.
Хўш, «хавфсизлик нуқтаи назаридан (!) деганингизда кимни хавфсизлигини назарда тутдингиз? Конституцион ҳуқуқлари топталиб соат сайин, дақиқа сайин паймонаси тўлиб бораётган халқними, ёки ўзингиз каби раҳбарларними?
Сиз намойиш ўтказишга рухсат бермаганингиздан кейин 9 июнь куни Вилоят прокуратураси биноси рўпарасида Конституцион тузумга ва давлат сиёсатига қарши фаолият юритаётган, яъни Фарғоналик порахўру-коррупционерларни қўллаб-қувватлаб, ҳалқ манфаатини кўзлаб Президентнинг ният режаларини амалда бажаришга интилган рахбарларни вазифасидан четлатиб, бундан ҳам қониқмасдан уларни Фарғонадан бадарға қилган Республика бош прокурори Рашид Қодировнинг ва Фарғоналик чаласаводу, порахўр судьяларнинг ҳомийси Республика Олий суди раисаси Фарруха Мухиддинованинг истеъфосига чиқарилишини ва уларга нисбатан Жиноят Кодексининг 159-моддаси билан жиноят иши қўзғашни талаб қилиб пикет ўтказаётган палламизда ўша ерда бошқа раҳбарлар қатори Сиз ҳам бор эдингиз.
Сизнинг ўринбосарингиз, хотин-қизлар Кенгаши раисаси (шаҳардаги маҳалла фуқаролар йиғинлари иш фаолиятини назорат қилгувчи (!) Фарғоналик энг «ҳалол»(!) судьялардан бири Карим Толиповнинг қизи Раъно Бойқўзиева эса ўзига бириктирилган хайбатли хизмат автомашинасидан тушмасдан бизни узоқдан кузатган эди.
10 июнь куни яна пикетда иштирок этиш учун қарор қилган Рўзиева Юлдузхонни «экстремист» деб маҳалладан айғоқчи қўйиб, шу куниёқ уйидан наркотик модда «қидириб» тинтув қилинганидан, Қува туманидаги 20-сонли умумтаълим мактабдан пикетда иштирок этиш учун 28 нафар ўқитувчиларни пикетга келтирмаслик учун мактаб биноси тўлиғича маъмурий органлар томонидан қамал қилинганидан албатта хабарингиз бўлса керак.
Шу куни адолатсизликка қарши курашиб, вилоят прокуратураси биноси рўпарасида пикетни давом эттираётган 2 тагина аёлни овозини ўчириш мақсадида маъмурий органлар амалдорлари топшириқлари билан шаҳар кўчаларини тақа тақ беркитиб, нафақат автомашиналарни, балким пиёда йўловчиларни ҳам пикет бўлаётган жойга ўтказмадинглар.
Айни шу паллада «Фарғона ёғ-мой комбинати»дан оқ ёғ ўғирлаб чиқиб сотувчи, ноқонуний дори-дармонлар ва наркотик моддалар сотувчи «кўча гуллари»ни, яъни Фарғоналик қўшмачи ва фоҳишаларни қўшин сифатида бизга қарши ташладингизлар. Бу юксак топшириқни бажариш айнан шу худуд маҳалла фуқаролар йиғини раисаси Мавлудахон опамиз зиммасига юклатилди.
Мамлакат Президенти олиб бораётган давлат сиёсатига қарши бўлган «ҳалол» рахбарларнинг ишончини тўлиқ оқлаш учун Мавлудахон опамиз жонбозлик кўрсатиб маҳалласидаги борки қўшмачи ва фоҳишалардан ташкил топган командасини бизга қарши ташлади ва бу наркотик модда истеъмол қилиб олган фоҳишалар қонунчиликни ҳимоя қилгувчи идора рахбарлари кўзи ўнгида босқинчилик жиноятини содир этдилар.
«Дўстинг кимлигини айтсанг, мен сенга кимлигингни айтиб бераман» деган экан донишмандлардан бири. Бу қўшмачи-ю, фохишалар маъмурий органларнинг жондан яқин дўсти, ишонган тоғи, ҳамтовоғи эканликлари ҳеч кимга сир эмас. Вилоят Ички Ишлар Бошқармаси тизимида 20 мингта хизматчи оддий ҳалққа қарши фаолият юритади. Шулардан 10 мингтаси форма кийган милиционерлар бўлса, қолганлари «кўча гуллари». Хокимият тизими ҳам қачон бу «гуллар»нинг шеригига айланиб улгурди экан, билолмадим.
Сиз раҳбарларнинг яқинда «ихтиро этган» ҳамтовоқларингиздан яна бири, яъни Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Мустақил ташкилотининг «Фарғона вилоят кўмитаси рахбари» Вилоят Наркология Диспансерида сурункали алкогол билан касалланганлиги учун хисобда турувчи Иномжон (ПИЁНЖН) Турсунов исмли шахс 1990 йиллар бошида қип яланғоч қилинган ҳолда кенг далага ташлаб кетилгани, ўша йили Тошкентдаги «ЎЗБЕКИСТОН» меҳмонхонасида яланғоч ҳолатда бошқа эркак билан эркакликка зид амал билан шуғулланаётганида милиция ходимлари томонидан фош этилганлиги нахот ёдларингиздан кўтарилган бўлса.
Агар бу воқеалар «ёдингизда бўлганида» эди бундай разил ва бир қадаҳ спиртли ичимлик учун нафақат орини, ғурурини балким Ватанини ҳам сотишга тайёр бундай жирканч кимсаларни шундай оғир бир вазиятда ғайриинсоний тузумга қарши курашаётган инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларига қарши ташлашдан уялган бўлар эдинглар.
Иномжон Турсунов «ишлаётган» ЎИХМТнинг «рахбари» Михаил Ардзинов ва унинг қўл остидаги «ходимлари»нинг Ўзбекистон ҳалқига нисбатан қилаётган хиёнатини тушуниб етган Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчиси жаноб Крейг Мюррей 12 июнь куни Адлия Вазири Полвонзодага ёзган хатида Михаил Ардзиновни Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси сифатида тан олмаслиги ва у билан умуман мулоқотда бўлмаслигини билдирганлиги, шунингдек Ўзбекистонда фаолият юритаётган барча чет эл элчихоналарига Буюк Британия элчихонаси қарорини қўллаб-қувватлашларини сўраганлиги ҳақидаги юридик хужжат бизда мавжуд.
11-июнь куни факс орқали ва ЎИХМТнинг яна бир «фаоли» Исмоил Одилов» орқали бутун Ўзбекистонга тарқатилаётган 10-июнь кунги ўтказган пикетимиз ва бизга шерикларингиз қилган хужум ҳакида Иномжон Турсунов ва унинг сохта ташкилоти томонидан тайёрланган навбатдаги бўҳтон ва тухматдан иборат ёзишмани ўқиб, беихтиёр ёдимга ярқ этиб «пес песни панада топибди» деган ҳалқ мақоли келди, ва Сиз рахбарлар бечораларга ачиниб кетдим.
Ахир мени оддий ҳалқ орасида шаънимни оёқ ости қилиш, қадр-қимматимни тўкиш мақсадида ҳали «жиноятчи» деб, ҳали «бузуқ-фоҳиша» деб, ҳали «террорист-экстремист» деб, ҳали «товламачи» деб ва яна «хизб-ут-тахриру, вахобийлик оқими аъзоси» деб тарқатаётган миш-мишингиз, интернет сайтларини безаётган тухмат ёзишмаларингиз Сизларни ким эканлигингизни яна бир бора барчага намоён қилаётганлиги ҳеч кимга сир эмас-ку.
Сиз рахбарлар ва Сизларнинг шерикларигиз «Тожибоевани калтаклатсак ва тухмат бўҳтонга ёғдириб, иғво гаплар билан кўмиб ташласак, бошқалар ҳам чўчиб қолади ва халқ ундан узоқлашади» деб қилган хом ҳаёлларингиз пучга чиққанини ҳар бир дақиқада ўзларингиз ҳам хис этиб турибсизлар, албатта.
Белига белбоғ боғлаб курашга отланган, қизини, синглисини, ўзбек аёлини Сизлардан ва шерикларингиздан ҳимоя қила оладиган ориятли, ғурури тоғча ЭРКАКЛАР (!) ҳали Ўзбекистонимизда топилади, улар уйғоқ ва хушёрдирлар.
«10-июнь кунги Сизлар томондан уюштирилган разилона сахна кўриниши ўзини эрлигини, шерлигини унутмаган ЎЗБЕК йигитларини белидаги белбоғини янада маҳкам қилиб боғлашга сабаб бўлди» десам муболаға бўлмайди.
Мен ушбу очиқ хатим якунида Конституцион тузумга ва давлат сиёсатига қарши фаолият юритаётган порахўр ва коррупционер корчалонларга қарши курашни давом эттириб, Президентимиз айтганидек «одамлар манфаатларини ҳимоячиси бўлиб, бу ўта оғир, кучли иродани талаб қиладиган жабхада том маънода фидойилик кўрсатиш» учун белимдаги белбоғимни янада махкамроқ боғлашга қарор қилганимни яна бир бор сизга ва Сиз рахбарларга билдирмоқчиман.
Агар Сиз Фарғона шаҳар Хокими сифатида Мамлакатимиз Президенти ва хукумат олиб бораётган сиёсатга қарши бўлмасангиз 14-июль куни эрталаб соат 10-00да хукуматга ва ҳалққа ҳиёнат қилиб, Мамлакатимизни сиёсий ва иқтисодий инқирозга юз тутишига асосий айбдор бўлган хукумат идораларидаги баъзи корчалонларни истеъфога чиқишларини ва уларни жиноий жавобгарликка тортишни талаб қилиб, Фарғона вилоят хокимияти биноси рўпарасида белига белбоғ боғлаган юзлаб қатнашчилар иштирокида намойиш, яъни тинч йўл билан кўча юриши тадбири ўтказишга Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунларига биноан рухсат беришларингизни қатъий талаб қиламан.
Мен умид қиламанки, 15 июль куни Марғилон шаҳри марказида, 16 июль куни Қўқон шаҳрида ўтказишни режалаштираётганимиз юзлаб белбоғли қатнашчилар иштирок этадиган намойишлар, кўча юришлари ўтказишга Марғилон шаҳар хокими, Олий Мажлис депутати Аъзамхон Акрамов ва Қўқон шаҳар хокими Абдухаким Ходжаев ҳам расман рухсат берадилар, ва бу харакатлари билан Мамлакат Президентига, хукуматга, ўзбек халқига садоқатларини билдирадилар. Чунки мен ўйлайманки, улар ҳам худди бизлар каби Мамлакатимизни гуллаб яшнашидан манфаатдорлар.
Агар намойишлар, кўча юришлари ўтказишга ноқонуний тарзда тўсқинлик қилиб рухсат бермаганларинг тақдирда «Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини бузадиган ҳатти-ҳаракатлар ва қарорлар устидан судга бериш ҳақида»ги 1995 йил 30 август кунги Олий Мажлисда тасдиқланган Қонунга асосан кўча юришида иштирок этишни режалаштираётган барча фуқаролар биргаликда Сизларни судга беришга мажбур бўламиз.
Шунингдек шу кундан бошлаб аҳоли ўртасида фуқаролик бўйсунмаслик сиёсий акциясини бошлаймиз, яъни коммунал тўловларни – уй, сув, газ ва бошқа тўловлар тўлашдан кейин бош тортиб, норозиликни изҳор этишни айнан шу усулидан фойдаланишни ҳалқ орасида тушунтирамиз ва бу даъватни доимий равишда давом эттирамиз.
Мўътабар ТОЖИБОЕВА
This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.
Fikr bildirish