Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовга очиқ хат телеграмма

Снимок,,,,,,,

Мухтарам жаноб Президент!

Сиз яқинда ислоҳотларнинг боришини кўриш мақсадида Фарғона водийсига ташриф буюрдингиз. Сизнинг Фарғона водийсига ташрифингиз ҳақида Ўзбекистон Республикаси телерадиокомпаниясининг 1–дастури «Ахборот» кўрсатуви ва Республика газеталари орқали танишдик.

«Ахборот» кўрсатуви журналисти тайёрлаган лавҳада «Фарғона вилоятида фуқаролар билан бўлган сухбатда юртбошимиз «Сиз ҳаётингиздан розимисиз? Сизни бахтли яшашингиз учун мен мамлакат президенти сифатида қандай ишларни амалга оширай?» деган саволига фарғоналиклар жавоб бера олмадилар» деб ғурурланиб гапирди.

Аслида фарғоналиклар сиздан бундай саволни кутмаганликлари учун саволингизга қандай жавоб беришни билмай қолганликлари тўғри, чунки бундай саволга маҳаллий рахбарлар тайёр эмасди ва улар колхозчиларга бу саволга қандай жавоб беришни ўргатмагандилар.

Колхозчи бечоралар «имконият бўлиб қолди, бор ҳақиқатни, йиллаб ойлик маош ололмаётганлигимизни, ҳуқуқларимиз маҳаллий рахбарлар томонидан қасддан паймол этилаётганлигини, барча дарду-хасратларимизни шартта президентга айтиб берайликми? Айтиб берсак маҳаллий рахбарлар кейин бизга тинчлик берармикин?» деган ўйда иккиланиб қолганликларига ишонамиз.

Сиз «далада мехнат қилаётган ҳар бир киши бугунги меҳнатининг эртанги самарасини хис қила билиши, унга ишониши керак» деб таъкидладингиз. Фарғона вилоят хокими, Олий мажлис депутати Алишер Отабоев албатта Олий мажлис сессияларида Сизнинг ҳар бир чиқишингизни, гапларингизни маъқуллаб қарсак чалганидек, шу гапларни айтган пайтингизда ҳам гапларингизни маъқуллаб тургани шубҳасиз.

Вилоят хокимининг Фарғона ташаббуси сифатида Республикага ёйса бўладиган бир ажабтовур «ихтироси» бор эди, негадир уялди шекилли, айтмади. Хокимнинг вилоятдаги ташкилотларни дебитор ва кредитор қарзларини схема бўйича протокол билан ёпиш юзасидан чиқарган Фармойиши ва унинг ижроси билан танишсангиз мамлакатимизни иқтисодий «юксалиши»га ҳисса қўшгувчи бу Фармойиш ташаббускорларини «тақдирлашингиз» шубхасиз.

Қува туманидаги М.Обидов жамоа хўжалиги аъзолари билан сухбат жараёнингизда «соха мутахассисларининг фикрича бу йил хўжалик 500 миллион сўмга яқин даромад олиши кўзда тутилмоқда» деб яна сизни алдашди. 2001 йилги пахта мавсумида 2–августда пахта теримини бошлаб, 31–август куни Мустақиллик байрами арафасида давлатга пахта сотиш йиллик режасини Ўзбекистонда биринчи бўлиб ортиғи билан бажарган Олтиариқ туманининг Оқбўйра Жамоа хўжалиги 65 миллион сўм зиён билан чиққанда қувалик пахтакорлар қандай қилиб бундай улкан муваффақиятга эришарканлар, билмадик. Ўтган йили–чи, қанча даромад олдилар экан, қизиқиб кўрдингизми? Фарғона вилоятида қишлоқ хўжалик соҳасидаги кўзбўямачиликлар, қўшиб ёзишлар сабабли колхозчиларнинг қора қозони ҳам қайнаши қийинлашиб кетгани ҳеч кимга сир эмас-ку.

Бунга биргина мисолни келтириш мумкин. Европа Тараққиёт ва Тикланиш Банкининг форумида иштирок этиш учун Ўзбекистонга келган Вашингтонлик журналистлар Доктор Клиффорд ва Фиона Хиллар 7–май куни Фарғонага бориб Боғдод тумани Охунбобоев ширкат хўжалиги далаларида плёнка остига пахта экаётган колхозчилар билан қилган сухбатларида Америкалик журналистларнинг «Охирги марта қачон ойлик маош олгансизлар?» деб берган саволига колхозчилар баралла кулиб юборганликлари ва «Нима, сизларда колхозчилар ойлик маош оладиларми? Биз нечанчи йили охирги ойлик маош олганимизни ҳам эслолмаймиз» дегандилар. Бу гапда ҳақиқат бор. Билмадик, бу маҳаллий рахбарлар сизни яна қачонларгача шундай йўллар билан алдаб келаркинлар?!

Сиз «Мени шиорим «Аёл омон бўлса, оила омон, оила омон бўлса, жамият омон, жамият омон бўлса, давлат омон бўлади» дедингиз. Биз сизга шу шиорингизга бирозгина ўзгартириш киритишингизни, яъни «Аёл тинч бўлса, оила тинч, оила тинч бўлса, жамият тинч, жамият тинч бўлса, давлат тинч бўлади» дейишингизни сўрар эдик. Бундай дейишимизга сабаб эса айнан сиз Фарғонада юрган пайтингизда бир гуруҳ фарғоналик аёллар Тошкентда Республика Олий суди биноси рўпарасида белида белбоғи йўқ, яъни халҳига ҳам, хукуматга ҳам ҳиёнат қилаётган фарғоналик порахўр ва коррупционер рахбарларнинг кирдикорларидан дод солиб, уларга қарши курашиш учун белига белбоғ боғлаган ҳолда пикет ўтказаётган эди.

Сиз яна «Кварц» Акциядорлик Жамиятига ҳам қадам ранжида қилдингиз. Фарғона вилоят МХХ бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган ва 2000 йилда Марғилон шаҳар Баҳрин маҳаллалик Умаралиев Хасанни, 2001 йилнинг сентябрь ойида Яйилма маҳаллалик Хуршид Ориповни, 2001 йилнинг ноябрь ойида эса Охунбобоев туман Дўрмон қишлоғилик Алимуҳаммад Мамадалиевни «ҳизб-ут тахрир» диний норасмий оқимга аъзоликни мажбуран бўйнига қўйдириш жараёнида ўлдиришга, Дўрмон қишлоғилик Алломиддин Ҳомидовни эса орқа пешовига арматура тиқиб қийнашга топшириқ берган Алишер Ғофуров юқорида санаб ўтилган ва саналмаган кўплаб жиноятлари учун «жазоланиб», ҳозирги кунда айнан сиз борган 6 миллиард сўм миқдорида қарзга ботган «Кварц» Ҳиссадорлик Жамияти директорининг режим бўйича ўринбосари лавозимига қўйилиб «жазоланаётганидан» албатта хабардор бўлсангиз керак.

Сиз ташриф буюрган кун Фарғона аҳолиси ўзининг шахсий иши билан ҳам кўчага чиқа олмади. Ҳаттоки шу куни вафот этган фуқарони ўлигини кўмиш учун таъзияга одам тўпланишига ҳам рухсат беришмади. Сабаби битта: «Фарғонага Каримов келяпти».

Фарғонанинг сиз қадам ранжида қилган худудларидаги бир қисм фуқаролар сизни ташрифингиз муносабати билан ойлик маош ва нафақа олиш бахтига муяссар бўлсалар, кўпчиликни ташкил этувчи бошқа фарғоналиклар худди Европа Тараққиёт ва Тикланиш банки Форуми ўтказилган кунлардек ҳатто ногиронлар нафақа пулларидан маҳрум бўлдилар.

Кўрсатувда телевидение журналисти шунчалик эхтиросга берилиб кетдики, лавҳа якунида «Мамлакат Президенти ҳар сафар Фарғонага борса эсдаликка улкан қурилиш барпо этилади. Бу сафар фарғоналиклар кўнглида Президентга нисбатан улкан мухаббат қасри барпо қилингандек бўлди» деган мазмунда гапирди.

Ҳа, албатта, балки журналист ҳақдир. Лекин бу қасрнинг юзлаб хоналари мавжуд бўлиб, бирида МХХ ходимлари айбсиз фуқароларни қийноқларга соляпти, уриб жағини синдиряпти, бошқа бирида эса прокуратура рахбарлари фуқаролардан пора олиш илинжида қилмаган қотилликлари ва номусга тегиш жиноятларини руҳий ва жисмоний тайзиқ ўтказиб, мажбурлаб бўйнига қўйиб турмаларга тиқяпти. Бир хонада чаласавод ва қасамёдига ҳиёнат қилаётган жиғилдон бандалари судьялар инсонлар тақдирини унинг чўнтагига қараб ҳал қиляптилар.

Битта хонада милиция рахбари наркобаронлар билан оғиз бурун ўпишса, бошқа бирида фохишахоналару, қўшмачихоналар эгалари бўлган маъмурий органлар идоралари рахбарлари маишат қиляпти. Қасрнинг бир хонасида давлат эътиборидан четда қолган ногиронлар, етимлар очин-тўқин қийналса, бошқа бир хонада миллион-миллион сўмлаб давлат бюджети маблағларини талон–тарож қилаётган амалдорлар айшу–ишрат қиляпти.

Бир хонада ишсизлигу, қашшоқликдан қийналаётган ҳалқ вакиллари изтироб чекса бошқа бир хонада колхозчиларнинг йил бўйи мехнат қилиб йиғиб терган пахтасини минг–минглаб АҚШ доллари қилиш учун қалбаки хужжатлар билан чет давлатга чиқариляпти. Яна бир хонада порахўру, коррупционер рахбарларнинг жиноий кирдикорларига қарши курашга отланган эркагу-аёл азобга солинса, бошқа бир хонада маъмурий органларнинг доимий шериклари фохиша-ю, қўшмачилар давру–даврон суряпти.

Бу қасрнинг атрофида эса мардикор аёллар бир кунлик оилани боқиш илинжида «қасрдаги бойваччалар хизматга чақириб қолармикинлар» деган илинжда сарсон-саргардон кезяптилар. Мустақил Ўзбекистон Республикасининг келажаги хисобланмиш ёш гўдаклар эса далаларда бепул ишчи кучи сифатида қулдек ишлатиляптилар.

Қўқонликларни биргина орзуси сиз билан Қўқонда дийдорлашишдир. Чунки Сиз 15 йилдан буён Республика рахбари сифатида бирор марта Хўқанди Латифга ташриф буюрмагансиз. Шунинг учун ҳам қўқонликлар ҳақли равишда «Биз Ўзбекистоннинг ўгай фуқароларимиз» дейишади. Агар Сиз Қўқонга ташриф буюриб қўқонликларнинг хур фикрлари билан танишсангиз фойдадан ҳоли бўлмас эди.

Подшо одил бўлиши учун фақатгина мақтовлар билан кифояланиб қолмаслиги, у гоҳ – гоҳ бўлса ҳам кимлардандир ўз хатоларини эшитиб турмоғи лозим. Илло, биз ҳаммамиз инсонмиз – яъни хато қилгувчи ва яратганнинг олдида ушбу хатолар учун жавоб бергувчилармиз.

Ўзбекистон Демократик кучлар Форуми

«Ўтюраклар» Клуби

Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари Жамияти Фарғона бўлими

Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари «Эзгулик» жамияти Фарғона бўлими

Ўзбекистон «Бирлик» Ҳалқ Харакати Фарғона бўлими

Фарғона вилоятида фаолият юритгувчи адвокатларнинг бир гуруҳ вакиллари

 

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.