Мамадали Маҳмудов: «Қийноқлар ороли асираси» «Кафансиз кўмилганлар»дан ҳам Аянчли, Даҳшатли, Фожеали!

МАМАДАЛИ МАҲМУДОВ ВА ШУКРУЛЛО ОҒАНИНГ «ҚИЙНОҚЛАР ОРОЛИ АСИРАСИ» РОМАН ХРОНИКАСИ ҲАҚИДАГИ СУҲБАТЛАРИ

Шукрулло оға ва Мамадали Маҳмудов

Мамадали Маҳмудов: Менимча, диний-сиёсий маҳкумларни «элакдан ўтказиш» учун давлат миқёсида одил, холис комиссия тузилса, мақсадга мувофиқ бўлади. Шунда, фикримча, 90 фоиз тутқиннинг давлатга хавфсизлиги, жамиятга фойдали экани аён бўлади. Улар уйларига қўйиб юборилади. Бу билан давлатнинг эл орасида ҳурмат, обрўси ошади. Бу билан давлат моддий наф кўради. Бунинг маънавий фойдаси ҳам ҳам чексиз.

Шукрулло оға: Фикрингга қўшиламан.

Мамадали Маҳмудов: Бироқ, мен бунинг ушалишига инонмайман. Қарши кучлар улкан…

Шукрулло оға: Вақт керак.

Мамадали Маҳмудов: Унгача… Э – ҳе!.. ўнглаб бўлмас ҳолга келмайдими?

Шукрулло оға: Сабр керак.

Мамадали Маҳмудов: Сабр ҳам синаяпти…

Шукрулло оға: Худо хоҳласа, яхши бўлади.

Мамадали Маҳмудов: Шунга ўзингиз ишонасизми?

Шукрулло оға: Инсон ишонч билан яшайди.

Мамадали Маҳмудов: Ўзини овутиш яхши, оқсоқол, алдаш ёмон. Баъзан киши саробга ҳам ишониб қолади.

Шукрулло оға: Умидсиз яшаш – ўлим, ноумид бўлма.

Мамадали Маҳмудов: Мен сизга фақат маҳкумлар ҳақида сўзладим. Маҳкумалар ҳаёти ҳам қайғули.

Шукрулло оға: Қаердан биласан?

Мамадали Маҳмудов: Мен элга Тўмарис оти билан танилган Мўътабар хонимнинг «Қийноқлар ороли асираси» асаридан шу фикрга келдим.

Шукрулло оға: Ким у?

Мамадали Маҳмудов: Марғилонлик хотин. Инсон хуқуқлари ҳимоячиси. «Ўтюраклар» ташкилоти асосчиси ҳам бошлиғи. Камоқда ит азобини бошидан кечирган, юз марта ўлиб, юз марта тирилган аёл. Бироқ унинг иродаси синмаган. Чет элда Мўътабар хонимни «миллат қаҳрамони» сифатида эътироф этишади. Ҳозир у Францияда, Парижда яшаяпти ва ўзи танлаган йўлдан дадил бораяпти. Кўрқмас, қайтмас, толмас, ўзгармас, тўғри фаолияти учун хоним халқаро мукофотга сазовор бўлган.

Шукрулло оға: Нимага қамалган?

Мамадали Маҳмудов: Саволингизга Мўътабар Тожибой қизининг ўз сўзи билан жавоб бераман: «Ўзбекистон ҳукуматининг фуқаролик жамиятини ташкиллаштириш давлат сиёсатини қўллаб-қувватлаганим ва мана шу дастурни амалга ошириш мақсадида қилган амалий ишларим учун сохта айбловлар билан адолатсиз судлов сабабли 8 йилга қамоқ жазосига ҳукм қилиндим».

Шукрулло оға: Шундай бўлиши ҳам мумкинми?

Мамадали Маҳмудов: Юз фоиз, Мўътабар хоним таланган, алданган, зўрланган, ноҳақдан қамалган, ваҳшийларча ўлдирилган бегуноҳ кишиларнинг ҳуқуқларини қонун йўли билан ҳимоя қилган. Қутуриб кетган амалдорларнинг порахўрлиги, зўравонлиги, қотиллиги, қонунбузарлигини мунтазам равишда фош этиб борган. Оқибат: ҳаром пулларини дунёга сиғдиролмаётган қаллоблар уни йўқ этиш учун бирлашганлар. Автоҳалокатга йўлиқтирганлар, суиқасд уюштирганлар. Тошкентда ўғирлаб кетиб, номусига тажовуз қилганлар.

Автоҳалокатда хонимнинг қовурғалари синган, бел, елка, оёқ-қўллари-ю бош қисми жуда қаттиқ чайқалган. Суиқасддан уни: Худо асраган, Йўлдошлари асраган, Эл-улус асраган. Мўътабар хонимни йўлдан олиб ташлолмаган разиллар уни турли туҳмат, ёлғонлар билан юқорига ёмон кўрсатишга киришганлар.

Ниҳоят, олчоқлар қора, тубан, жирканч ниятларига етганлар: Қаматганлар. Қамоққа кириши билан Мўътабар Тожибой қизи руҳий касаллар палатасига ётқизилган. Атайлаб, Қасддан. Мажбуран.

Бу жиноят бошида кўзларини ёғ, мияларини моғор босган улкан-улкан амалдорлар туради. Улар уни маҳв этиш учун қамоқ бошқонларига махфий кўрсатмалар беришади. Бу жиноятга сенатор (исми асарда ёзилган) ҳам аралашган. Аммо Мўътабар хоним ўзини заҳарли уколлардан сақлаган. Шундан сўнг бўғзиларигача коррупция ботқоғига ботган каслар унинг хаётига нуқта қўйишни шипшишади…

Яратганнинг ўзи Мўътабар хонимни инсонийлик туйғуларини йўқотмаган шифокорлар, милиционерлар воситаларида омон сақлайди. Ўзбек: «Қирқ йил қирғин келса, ажали етмаган ўлмайди» дейди. Бу узун-узун замонлар силсилаларида ўз исботини топган гап. Бироқ муттасил қийноқлар билан муттасил изолятор азобларини тортган аёл соғлиғидан айрилади. Лекин унинг иродаси Букилмайди. Синмайди

Бутун куч-қуввати, ақл – идроки билан қонун ниқобига ўралган йиртқич, булғанч, газандалар қинғир, қабиҳ ишларини аёвсиз равишда интернет сайтларида фош этган этаяпти.

Шукрулло оға: Шундай ёвуз кимсалар ҳам бор-а? Ақлга сиғмайди.

Мамадали Маҳмудов: Лекин, бу, Шукрулло оға, тоғ бошини қоплаб турган булутдек ҳақиқат.

Шукрулло оға: Қанчалик паскаш-а булар! Қанчалик жирканч-а булар.

Мамадали Маҳмудов: Шундай, оқсоқол, «Қийноқлар ороли асираси»да бу ўз ифодасини топган.

Шукрулло оға: Шунақа де.

Мамадали Маҳмудов: У «Кафансиз кўмилганлар»дан ҳам Аянчли, Даҳшатли, Фожеали.

Унда қамоқхона «ичи» бор ваҳшати билан ипидан-игнасигача акс этган. Маҳкумларнинг ҳуқуқсизликлари, оч, зорликлари, қонга қотилган қийноқларда эзилаётганликлари, штаб найрангларида бир-бирларини кемираётганликлари, аёллар-аёллар билан эр-хотин бўлиб яшаётганликлари, жунбуший ҳирсларини шайтоний «усул»лар билан қондираётганлари баён этилган. Ишонч билан, Эҳтирос билан, Ёлғондан холи.

Солженициннинг китобларида тиконли симлар орти, тутқунларнинг қиёфалари ҳатти-ҳаракатлари узундан-узоқ тасвирланган. Энг майда тафсилотларигача. Булар одамни зериктиради. Уларда юрак, тўғрироғи юрак қўри сезилар-сезилмас милтирайди. «Раковый корпус» ҳам шунақа. Маромига ҳам етмаган. Солженицинда шовинизм руҳи, ўрисни бошқа миллатлардан юқори қўйиш, ҳатто камситиш кайфияти устун. Бу одамга оғир ботади. Бу одамда нохушлик уйғотади. Бу одамда малоллик туғдиради. Нафрат ҳам…

Маркеснинг романларидан кўнгил қувват олади. Хэмингуэйдан ботирлик туйғуларини туяди. Тагордаги элга, юртга, ёрга, садоқат ҳислари инсонни ёруғ кенгликларга етаклайди. Уларнинг асарлари севиб ўқилади.

Шукрулло оға: Янглишмасам, сен бу суҳбатимиз асосида бир нима ёзмоқчисан?

 Мамадали Маҳмудов: Ҳа.

Шукрулло оға: Ҳақиқатни ёз. Хақиқат – тараққиёт калити. Дунё – хақиқат билан тирик. Хақиқат бўғовланмаган юртда эл:

Эркин яшайди,

Бой яшайди

Гўзал яшайди,

Ақл, онг, тафаккур камол топади.

Давлат қудратга киради…

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.