Марғилон МХХ вакиллари билан тўқнашув
2003 йил 8 февраль
2003 йил 30 январь куни Ҳалқаро ташкилотларга, чет эл элчихоналарига ва Ҳалқаро матбуотларга, инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларига, журналистларга ёзган мурожаатномамда мени тайзиққа олинганлигимнинг асосий сабабчиси деб Миллий Хавфсизлик хизмати идорасидагиларни билишимни айтган эдим.
2003 йил 1 февраль куни мен Тошкентдан қайтдим ва ўзим катта бўлган ота-онамнинг хонадонига Марғилон шаҳар Зарафшон кўчаси 286 уйга бордим. Эртасига, яъни 2 февраль куни кундуз соат 16-ларда Марғилон шаҳар худудий Миллий хавфсизлик хизмати ходими Мамадалиев Равшан хонадонимизга ташриф буюрибди.
Мамадалиев Равшанни бу ташрифи биринчи бора эмаслигини, яқин 1-2 ой ичида у бизнинг хонадонга турли баҳоналар билан 4-5 маротаба келганлигини, ҳар келганида мен ҳақимда маълумот олишга интилганлигини оила-аъзоларимиз билдиришди. Улар Мамадалиевнинг бу суриштирувларини шунчаки қизиқиш деб билганликларини, шунинг учун у сўраган саволларга ҳеч бир гумонсиз жавоб бераверганликларини айтишди.
Равшан Мамадалиев охирги икки марта хонадонга келганида мени қизим Пўлатова Маҳлиёга дуч келган ва у билан сухбатлашган. Равшан қизимга «адвокат Мухаррам опани (Мухаррамхон мени опам) қизимисиз?» деб сўраганида қизим унга «Йўқ, Мухаррамопа мени холам, мен Мўътабархонни қизиман» деганида Равшан қўлга тушиб қолган ўғридек ўзини йўқотиб қўйган экан.
Мамадалиев 2 февраль куни ҳам келганида уни олдига қизим чиққан ва «Холам уйда ўқлар, лекин аям уйдалар. Хозир кутиб туринг аямни чақираман. Сизни бу ерга келаётганингиз билан аям қизиқаётган эдилар» деса Равшан шошилганича ит қувган соқовдек жуфтакни ростлабди.
Мени ХДПдан ноқонуний тарзда ҳайдашга ва «Ўтюраклар» Клуби фаолиятини тўхтатиш учун ноқонуний қарор чикаришга Марғилон шаҳар ХДПсининг 1-котиби Муҳаммадали Исақовни мажбурлаган ҳам худди мана шу Мамадалиев Равшан эканлиги боис 4 февраль куни вилоят МХХ бошқармасининг умумий назорат бўлими бошлиғи Зохиджон Махмудовга (тел:24-52-80) қўнғироқ қилиб ушбу масала юзасидан ойдинлик киритишни сўрадим.
Чунки мени ноқонуний хибсга олишлар жиноятчи деб эътироф этишга уринишлар айнан Марғилон шахар МХХ ходимлари Дўрмон қишлоғилик Мамадалиев Алимуҳаммадни ўлдирганликларини 2002 йил 14 март куни Фарҳона вилоятига хизмат сафарига келган «ББС» мухбири Бахтиёр Имомовга айтганлигим ва бу ҳақидаги радиорепортаж шу куниёқ эфирга узатилгандан сўнг кучайди.
Шунингдек 2002 йил 3, 20, 24 сентябрь кунлари вилоят МҲХ бошқармасига террористик гуруҳлар вакилларини қўллаб-қувватлаб келаётган хукумат идоралари вакиллари ҳақидаги маълумотномалар ва уларни тасдиқловчи 80 вароқдан иборат хужжатларни ўз номимдан ёзган талабномамга қўшиб топширган бўлсамда, ханузгача жавоб бермаётганликлари сабабини сўрадим.
Ундан жўяли жавоб ололмагач, Марғилон шаҳар худудий МҲХ бўлими бошлиғига 33-37-77 рақамли телефонга қўнғироқ қилиб, ушбу масалага ойдинлик киритиш учун мени қабул қилишини сўрадим.
5 февраль куни кундуз соат 11га учрашишни келишдик ва белгиланган муддатда Марғилон МҲХ идорасига бордим. Марғилон МҲХ идораси рахбари ўзини Ғофур Жабборов деб таништирди. Бизни сухбатимиз 1 соатдан ортиқ давом этди. Мен унга партиядан ўчирилишимга алоқадор хужжатларни ва «Ўтюраклар » Клуби томонидан қилинган ишлар ҳақидаги хисоботни, Клуб фаолияти ХДП Марғилон шаҳар Кенгашининг 2002 йил 16 январь кунги Пленумида мухокама қилиниб намунали иш фаолиятини Республика бўйлаб тарғиб қилиш ҳақида қабул қилинган қарорни ва «Ўтюраклар» Клуби фаолияти ҳақида Республика матбуотларида яқин вақтларда чоп этилган мақолалар ва очеркларни кўрсатдим.
Ғофур Жабборов Равшан Мамадалиевга мени масалам бўйича ҳеч қандай топшириқ бермаганлигини айтди. Шундан сўнг Равшан Мамадалиевни хонасига таклиф этишини ва рахбарининг топшириғисиз мен билан шуғулланаётганлиги сабабини мухокама қилишни талаб қилдим. Ғофур Жабборов бу таклифимга кўнмади.
Мен ХДП Марғилон шаҳар Кенгашига, вилоят ХДПсига ва бизни хонадонимизга қўнғироқ қилишини, улардан бу масала бўйича сўраб суриштиришни талаб қилдим.
Телефондаги сухбатлардан бироз бўлсада сирлари фош бўла бошлаганини билган Ғофур Жабборов зудлик билан сухбатни тўҳтатди ва «… ҳадиги чўпдан» деган ҳалқ мақоли бор, айбингиз йўқ бўлса нега хадиксираяпсиз?» деди.
Мен унга «Ҳалқ мақолини тўлиғига айтмадингиз «Иштонсизнинг ҳадиги чўпдан» дейилади. Агар мен хадиксираганимда эди сизнинг идорангизга ўз ташаббусим билан келмас ва ходимингиз билан юзма-юз қилишингизни талаб қилмас эдим» дедим.
Жабборов «Сизга бошқа гапим йўқ, хонани бўшатиб қўйинг» деганди мен Марғилон МХХ идорасидан чиқиб кетдим.
Мўтабар Тожибоева
This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.
Fikr bildirish