Шаън, қадр қиммат ва ишчанлик обрў эътиборни ҳақоратловчи материалларни тарқатганлик учун судга даъво ариза

Снимок,,,,,,,

Риштон туманлараро фуқаролик судига

Даъвогар: Марғилон шаҳар “Зуҳро” кўчаси 31 уй 31 ва
32- хонадонларда яшовчи “Ўтюраклар” Клуби
Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти
рахбари, мустақил журналист Мўътабар
Тожибоева

Жавобгар: Жиноят ишлари бўйича Олтиариқ туман
суди раиси Тожиддин Вахобов

Жавобгар: Олтиариқ туман Молия бўлими маъмурияти

Д А Ъ В О   А Р И З А

(Бадном қилувчи, шаън, қадр киммат ва ишчанлик обрў эътиборни ҳақоратловчи, ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотлар тарқатганлик учун рад қилиш ва ҳақиқатга тўғри келмайдиган, қадр қимматни ерга урувчи, ишчанлик обрўсига путур етказувчи маълумотларни хизмат хужжатларида ёзиб тарқатганлик,
конституция билан белгиланган ҳуқуқ ва эркинликларни бузганлиги, яъни қонунга хилоф равишда маъмурий жавобгарликка тортганлик орқасидан етказилган маънавий зарар 10 (ўн) миллион сўм ва етказилган моддий зарар 8 (саккиз) минг сўм, жаъми 10 миллион 8000 (ўн миллион саккиз минг) сўм ундириш ҳақида)

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий Жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 302-моддасида “Маъмурий жавобгарликка қонунга хилоф равишда тортилганлик натижасиа фуқарога етказилган зарар маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриб чиққан (мансабдор шахс) органнинг айбидан қатъий назар давлат томонидан тўлиқ хажмда тўланади. Зарарни қоплаш ҳуқуқи ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш тугатилган тақдирдагина вужудга келади” дейилган.

Шунингдек Фуқаролик Кодексининг 991-моддасида “Суриштирув, дастлабки тергов, прокуратура органлари ва суднинг қонунга зид харакатлари туфайли етказилган зарар учун жавобгарлик белгиланганлиги, яъни фуқарога келтирилган зарар суриштирувчи, дастлабки тергов, прокуратура органлари ва суднинг мансабдор шахслари айбидан қатъий назар қонунда белгиланган тартибда давлат томонидан тўланади” дейилган.

Фуқаролик Кодексининг 1021-моддасида ҳам “Маънавий зарар уни етказувчининг айбидан қатъий назар қопланади, агар зарар фуқарога уни қонунга хилоф равишда жавобгарликка тортиш, фуқаронинг шаъни, ва қадр қимматини камситадиган, ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотлар тарқатиш, ор номус, қадр қиммат ва ишчанлик обрў эътиборини ҳақоратловчи маълумотларни тарқатиш туфайли етказилган бўлса қопланади” дейилган.

Олтиариқ туман Ички Ишлар бўлими рахбарлари томонидан фитна уюштирилиб, қалбаки хужжатлар расмийлаштирилиб, Маъмурий жавобгарликка тортиш ҳақидаги баённома ва бошқа хужжатларни синчиклаб кўрмасдан, қонун бўйича ўзимни иштирокимни таъминламасдан Жиноят ишлари бўйича Олтиариқ туман суди раиси Тожиддин Вахобов 2003 йил 11 ноябрь куни суд қарори билан мени маъмурий ҳуқуқбузар деб топган ва 16320 сўм жарима солган.

Ушбу ноқонуний қарор кучга кирмасдан туриб, яъни менга қарор нусхасидан олиб шикоят қилишим муддати бўлишига қарамай 24 ноябрь куни маъмурий жавобгарликка тортилганлигим ҳақидаги қарор нусхасини менга юбориш билан биргаликда, шу куниёқ қонуний кучга кирмаган қарор бўйича мендан 16320 сўм жарима ундириш ҳақида, яъни мана шу ғайриқонуний қарорни ижросини таъминлашни сўраб ёзилган алоқа хатини Марғилон шаҳар суд ижро бўлинмаси катта ижрочисига 22-1 рақамли хат билан жўнатган.

Судьянинг ғайриқонуний қарори ва алоқа хатига асосан Марғилон шаҳар суд ижрочилар бўлинмаси ходими Х.Умурзақов хукумат амалдорлари томонидан мени жисмоний йўқ қилиш мақсадида автоавария уюштирилиб, мен оғир аҳволда ётган пайтимда, яъни 2003 йил 18-декабрь куни ижро ишини қўзғаш ҳақида қарор чиқарган. Қўзғатилган 3978-сонли ижро ишига асосан мендан зудлик билан давлат фойдасига 16320 сўм тўлашни талаб қилишган. Автохалокат натижасида шифохонада даволанаётган палламда бу хабар мени янада соғлигимга, ҳаётимга хавф соладиган даражада соғлигимни йўқотишимга сабаб бўлди ва аҳволим оғирлашиб қолди. Оила аъзоларим қўрқиб кетишди. Ўзимни эса хукуматга нисбатан бўлган нафратим кучайиб кетди.

Қарор ғайриқонуний эканлиги боис ва шифохонада оғир аҳволда ётганлигим учун жаримани тўламаганимдан кейин 29-декабрь куни суд ижрочиси Х.Умурзақов жарима жазосини тайинлаш ҳақида қарор қабул қилиб, 16320 сўмни тўламаганим учун 27200 сўм жарима жазоси тайинланганлигини расман билдирди.

9-январь 2004 йил куни эса ижрочи Х.Умурзақов хонадонимга келиб қўни қўшнилар, қариндош уруғлар, аризачиларим олдида мени шарманда қилиб, мол мулкимни рўйхатга олди ва рўйхатга олинган мол мулкимга зиён етказсам жиноий жавобгарликка тортилишим ҳақида ёзма огоҳлантириб далолатнома тузди.

2004 йил 31-январь куни Марғилон шаҳар суд ижрочилари бўлинмаси катта суд ижрочиси Б.Қодиров Марғилон шаҳар ИИБ бошлиғига, “Зуҳро” МФЙ раиси ва менга алоқа хати ёзган.

Ушбу хатда қуйидагилар ёзилганди:

“Жиноят ишлари бўйича Олтиариқ туман судининг 11.11.2003 йилдаги қарздор Тожибоева Мўтабардан давлат фойдасига 16320 сўм жарима ундириш ҳақидаги ҳамда суд қарорини ихтиёрий бажармаганлиги сабабли ижро бўлинмасининг 29.12.2003 йилдаги М.Тожибоевани 27200 сўм жарима қилиш ҳақидаги қарорга асосан қарздор мол мулки рўйхатга олиниб, жарималарни тўламаган тақдирда рўйхатга олинган мулкни мажбурий тартибда олиб чиқиб кетилиши ҳақида огоҳлантирилган бўлсада, жаримани ўз вақтида тўламаганлиги сабабли рўйхатга олинган ушбу мулкларни мажбурий тартибда амалга ошириш 2004 йил 6 февраль куни соат 11.00га Марғилон шаҳар “Зуҳро” кўчаси 31/31 уйга тайинланганлиги маълум қилиб, ижро харакатини амалга ошириш вақтида жамоат тартибини сақлаш мақсадида ўз вакилингизни юборишингизни сўрайди.

Қарздор М.Тожибоева ва унинг оила аъзоларига ижро харакатини амалга оширишда ижро харакатига тўсқинлик қилмасликлари, акс ҳолда уларга нисбатан қонуний чора кўрилиши ҳақида огоҳлантирилади”.

Ноқонуний намойиш ўтказганликда айблаб, ғайриқонуний қарор чиқаришдан тортиб ушбу огоҳлантириш хатини расмийлаштирган мансабдор шахсларнинг ғайриқонуний ёзишмалари туфайли бутун маҳаллам вакиллари олдида шарманда бўлдим, менинг конституция билан қўриқланадиган ҳуқуқларим бузилиб, рухий азоб чекдим.

Қалбаки ёзишмалар қарорлар туфайли хукумат рахбарларидан нафратланиб, 8 минг сўм сарфлаб 2-февраль куни Мамлакат Президенти Ислом Каримовга у бошқараётган хукуматнинг истеъфосини талаб қилиб кўча юришлари, намойишлар ўтказишга қарор қилганлигимни расман билдирдим.

Шу куниёқ, яъни 2004 йил 2 февраль куни Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят судида кассация тартибида ушбу иш кўрилиб, 3-20 сонли қарор билан мени маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этмаганлигим аниқланган. Шунингдек қалбаки хужжатлар расмийлаштирган ва ғайриқонуний қарор чиқарган Ички Ишлар органлари вакилларига нисбатан қонуний чора кўриш вилоят Ички Ишлар Бошқармаси бошлиғига ва Жиноят Ишлари бўйича Фарғона вилоят суди раиси номига 2004 йил 2-февраль куни 3-20 сонли тақдимнома чиқарилган.

Лекин бунгача бутун Ўзбекистон бўйлаб ташкилотимиз фаоллари, ариза ва шикоятлар билан мурожаат қилган фуқаролар орасида, ҳаттоки ўзга Республикаларда ҳам мени мол мулким хатлангани, ўзимни ўзим ҳимоя қила олмаганим, ночор аҳволга тушиб қолганлигим кенг жамоатчилик орасида мухокама қилинди ва мени ишчанлик обрў эътиборимни ҳақоратловчи бу хужжатлар туфайли мени шаъним ва қадр қимматим, ор номусимни хақоратловчи харакатлар қасддан содир этилди.

Юқоридагиларга асосан Фуқаролик Кодексининг 1021-моддаси ва Маъмурий Жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 302-моддасига асосан ғайриқонуний қарор билан жавобгарликка тортиб, мол-мулкимни мусодара қилиш учун қалбаки хужжатлар расмийлаштирилганлиги туфайли мени шаъним, қадр қимматимни камситадиган, ҳақиқатга тўғри келмайдиган бўхтон маълумотлар тарқатиб, мени Конституция билан кафолатланган бошқа ҳуқуқларимни бузиб, паймол қилингани учун, қонунга хилоф равишда жавобгарликка тортилганим, натижада ор номус, қадр қиммат ва ишчанлик обрў эътиборимни ҳақоратловчи маълумотларни тарқатилиши туфайли бадном қилувчи, шаън, қадр қиммат ва ишчанлик, ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотлар тарқатганлик учун рад этиш ва менга етказилган маънавий зарар 10 миллион сўмни ва моддий зарар 8 минг сўмни, жаъми 10 миллион 8 минг сўмни Олтиариқ туман хокимлиги Молия бўлими орқали давлат бюджетидан ва мени конституцион ҳуқуқимни паймол қилган Тожиддин Вахобовдан ундириб беришингизни сўрайман.

“Судлар тўғрисида”ги Қонунни 73-моддасига кўра суд қарорининг ўзгартирилиши ёки бекор қилинишининг ўзи, суд қарорининг чиқарилишида қатнашган судьянинг, агар у атайлаб қонун бузилишига ёки жиддий оқибатларга олиб келган виждонсизликка йўл қўймаган бўлса, жавобгар бўлишига сабаб бўлмайди” дейилган. Лекин Тожиддин Вахобов атайлаб, қасддан, виждонсизларча иш тутиб, ғайриқонуний қарор чиқарган ва бу ғайриқонуний қарор қонуний кучга кирмай туриб ижрога қаратган. Чунки у 2002 йилда Эргашев Рахимнинг жиноят ишида жабрланувчи сифатида қатнашаётган пайтимда Эргашевлар оила аъзоларидан адвокат Эргашев Қодир орқали пора олганлигини фош қилганлигич учун адвокат Эргашев Қодирни суд жараёни давом этаётан пайтда мени ҳақоратлашига имконият яратиб берган ва уни истеъфога чиқарилишини талаб қилиб, 2002 йил 14-октябрь куни Фарғона вилоятида биринчи марта Жиноят Ишлари Бўйича Олтиариқ туман суди биноси рўпарасила норозилик пикети ўтказишга мажбур бўлганман.

Ушбу менга етказилган моддий ва маънавий зарар мени ноқонуний жавобгарликка тортилганлигим боис етказилганлиги учун Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодексига асосан давлат божи тўлашдан озод қилишингизни сўрайман.

Даъво аризага қуйидаги хужжатларни қўшиб хавола қиламан:

1. Жиноят ишлари бўйича Олтиариқ туман судининг Маъмурий жавобгарликка тортилганлигим ҳақидаги 11 ноябрь 2003 йил кунги қарори – 1 вароқ;

2. Мени маъмурий жавобгарликка тортилганлигим ҳақидаги қарорни ижрога қаратилганлиги ҳақида суд ижро департаментига судья Тожиддин Вахобовнинг хати – 1 варок;

3. Ижро ишини қўзғаш ҳақидаги Марғилон шаҳар суд ижро департаменти қарори -1 вароқ;

4. Жарима жазоси тайинлаш ҳақидаги Марғилон шаҳар суд ижро департаменти қарори – 1 вароқ;

5. 9 январь кунги Суд ижрочилари томонидан тузилган далолатнома -1 вароқ;

6. Президент Ислом Каримовга юборилган телеграмма – 1 вароқ;

7. Телеграмма квитанцияси – 1 вароқ;

8. Президент девонидан телеграммани олганлик ҳақидаги хабар – 1 вароқ;

9. Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят судининг 2004 йил 2 февраль кунги Ҳал қилув қарори – 2 вароқ;

10. Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят судининг 2004 йил 2 февраль кунги Тақдимномаси – 2 вароқ;

11. Олтиариқ туман ИИБ ходимлари томонидан менга қарши тузилган маъмурий баённома – 1 вароқ;

12. Суд ижро департаментининг 3978-сонли хати – 1 вароқ;

13. Олтиариқ туман ИИБнинг 6 ноябрь кунги 2070 сонли судья Вахобовга ёзган алоқа хати – 1 вароқ;

14. Олтиариқ туман хокимиятининг 11-сентябрь кунги 571-0 сонли туман ИИБга ёзган алоқа хати – 1 вароқ;

15. Олтиариқ туман хокимиятининг “Навоий” МФЙ раиси Мавжуда Отақуловага ёзган 5-август кунги 473-сонли алоқа хати – 1 вароқ;

16. Хамза шаҳар хокимлигининг 2002 йил 31-август кунги ўтказган йиғилиши баёни – 4 вароқ;

17. Вилоят прокуратурасининг 2002 йил 26-октябрь кунги 16-329-2002 сонли хати -1 вароқ;

18. Республика Прокуратурасининг 2003 йил 30-май кунги 16-Р-2003 сонли хати – 1 вароқ;

19. Республика ИИВнинг 2003 йил 29-октябрь кунги 17-3-Т-85-ОШ сонли хати – 1 вароқ;

20. Яшаш манзилгохимдан маълумотнома – 1 вароқ;

21. Даъво аризадан 2 нусха 8 вароқ.

Жаъми 33 (ўттиз уч) вароқдан иборат

Даъвогар Мўътабар Тожибоева

02 сентябрь 2004 йил

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.