Ҳалқ Демократик Партиясини Хода думлилар Партияси деб атаганман – Шу фикримда қатъий қоламан!
Сени ўзинг партиянгни қайси иши билан мақтана оласан? Ҳалқ учун нима қилдинг? Мен давлатга қарши қаерда, қачон, қандай намойиш ўтказдим? Қайси чет элликни топшириғини бажардим? Мени характеримни яхши биласан, нималарга қодирлигимни ҳам биласан.
Мени қамоқда ўлдириб юборишмаса, қачондир озодликка чиқсам, албатта ўша куни ўзим ва тарафдорларим билан кейинчалик Мухаммад Даминов томонидан менга яширинча қайтариб берилган Хода Думлар Партияси билетини очик ошкора ёқаман.
Мен ўз эътиқодимга содиқман ва Хода Думлилар Партияси билан алоқамни узганимдан фахрланаман.
17.01.2006 йил
Фарғона. Шамсуддинов кўчаси. Халқ Демократик Партияси Фарғона вилоят Кенгаши рахбари Муҳаммадали Исақовга;
Нусхаси: Марғилон шаҳар Мустақиллик кўчаси 450-уй. Ҳалқ Демократик Партияси Марғилон шаҳар Кенгаши котиби Муҳаммаднуъмон Эгамбердиевга;
Нусхаси: Тошкент. Матбуотчилар кўчаси 32 уй. Ўзбекистон Халқ Демократик Партияси Марказий Кенгаши рахбари Аслиддин Рустамовга ва «Ўзбекистон Овози» газетаси таҳририятига;
Фарғона шаҳридаги 10–сонли тергов хибсхонаси махбусаси – «Ўтюраклар» Клуби номли инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти рахбари, мустақил журналист, «Фуқаролик жамияти»Ҳалқ харакати асосчиси, Ҳалқаро Нобель мукофоти номинанти Мўътабар Тожибоевадан
О Ч И Қ Х А Т
Бугун «Ўтюраклар» Клубининг ташкил топганига роса 6 йил тўлди. Бу давр ичида неча марта ташкилотнинг ҳам, менинг ҳам шаънимиз, қадр-қимматимиз тахқирланиб, узлуксиз тухматларга қолиб келдик.
«Ўтюраклар» Клубининг ташкил этилиши тарихи айнан Халқ Демократик Партияси – узр, Хода Думлилар партияси билан боғлиқ бўлганлигидан бугунги кунда неча маротаба афсус чекиб ўтирибман.
Ўзи аъзо бўлган партияни обрўсини тўққан кўрнамак деб эса менга ҳеч қачон таъна қила олмайсизлар.
Жаноб Аслиддин Рустамов!
2004 йил 6 ноябр куни Тошкентда бўлиб ўтган Ўзбекистон Ҳалқ Демократик Партиясининг IV-қурултойида Сиз маъруза қилгансиз ва унда «… Ўз ХДП мақсад-муддаоси, ўз олдига қўйган асосий нуқтаи назаридан ҳам сўл йўналишдаги сиёсий куч, сўллик позициясида турган партиядир …» дегансиз.
Яна сиз «… Партиямиз фақат қонун доирасида фаолият кўрсатувчи, конституциявий тузумни хурмат қилувчи ва ҳалқ манфаатларига хизмат қилувчи мухолифат тарафдоридир. Бундай мухолифатнинг ривожланишига фойда келтиришга ишонамиз…» дегансиз.
Сиз мени жуда ҳам яхши танийсиз. «Ўтюраклар» Клубининг олиб борган ишларидан ҳам яхши хабардорсиз. Мени 2002 йилда партия сафидан қонунга зид равишда ҳайдалиб, «Ўтюраклар» Клуби фаолияти ғайриқонуний тарзда тугатилганида Марказий Кенгаш аралашуви билан ушбу ғайриқонуний чиқарилган қарорлар бекор қилинган ва қонунга зид қарорлар қабул қилган Муҳаммадали Исақов «Хайфсан» жазоси олган эди.
«Ўзбекистон Овози» газетасига ёзган аризам бўйича журналистик суриштируви ўтказган Сайида Сайхун диктофонга ёзиб олаётганида «Маъмурий органлар рахбарлари Мўътабар Тожибоевани партия сафидан хайдаб, «Ўтюраклар» Клуби фаолиятини тўхтатасан» деб тазйиқ ўтказишгани учун бу сохта қарорларни чиқаришга мажбур бўлдим» деб гапирган гапларига, иқрорликларига гувоҳ булган инсонлар хали тирик. Муҳаммадали Исақовнинг жирканчликлари туфайли бугун Сиз бошкараетган Партияга очиқ-ошкора тупураман. Ўзбек ҳалқининг куни шунингдек қўғирчоқ партиялар рахбарлари қўлига қараб қолганидан надоматлар чекаман.
Муҳаммадали Исақов ва Мухаммаднуъмон Эгамбердиевлар!
Сенларга айтар сўзим шуки, сенлар каби жирканч махлуқлар билан бир шаҳарда туғилиб, бир шаҳар хавосидан нафас олганимдан ор қиламан. Сенлар Марғилон эркаклари номига, шаъни-ғурурига номуносиб кимсалардирсан. Сенларнинг ўзинг нима-ю, сенлар бошқарган Партиянг нима бўларди?!
Сенларни эсингдами, мени Партиядан ҳайдаб, «Ўтюраклар» Клуби фаолиятини тўхтатганинг ҳақида мен Дўрмон қишлоғи молхоналарида декабр ойининг изғиринида яшириниб юришга мажбур бўлган бир пайтимда мени партиядан хайдалганим ва “Ўтюраклар” фаолиятини тўхтатишга қарор қилинганлиги ҳақида «Озодлик» радиосига интервью бергандинг.
Кейинчалик эса, тазйиқларга дош бера олмай, Республика Ички Ишлар Вазирлигидан келган амалдорларни топшириқларини бажаришга мажбур бўлганлигингни айтиб такрор ва такрор кечирим сўрагандинг.
Сенлар бошқараётган партияларнинг бош вазифаси – энг аввало демократик қадриятларни, кишиларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишдан иборат. Мен сенларга бутун бошли партиянинг қўлидан келмаган ишларни, биргина фаоли, яъни мен амалга ошира олган эканман, яъни партия дастурида баён килинган коррупцияга қарши курашни амалга оширган эканман, (Бундай фикрни мен ўзимдан чиқариб айтаётганим йўқ.
Эсингда бўлса Тошкентдан, ЎзХДП Марказий Кенгашидан Фарғонага ташриф буюрган Собиров билан биргаликда Ўзбекистон телевидениесида намойиш қилинган“Ўтюраклар” Клуби фаолиятига ва менга бағишланган 20 минутлик “Озод юрт одамлари” номли махсус кўрсатувни биргаликда томоша қилганимизда Собиров ва сен шундай эътироф этгандинглар) партия ҳеч қачон мендан воз кеча олмайди, мен партиядан юз ўгираман дегандим. Лекин партия сафидаги мен билган ҳалол инсонлар ҳаққи хурмати сенларни қилган жирканчликларингни кечиргандим, партияни обрўсини тўкмагандим.
Бугун эса тергов хибсхонасида ўтириб баралла айтаман, сенлар сингари иккиюзламачи, мунофиқ кимсалар бошқарадиган партиянгга тупураман. Бутун дунё билсинки, Ўзбекистонда ҳақиқий сиесий партиялар йўқлиги туфайли Ўзбекистон чўкиб бораётган «Титаник» кемасига ўхшайди.
Хода думлилар Партиясининг дастури ва Низомида Партия ўз аъзосининг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоялаши ҳақида ёзилган. Сен эркак номига, Партия рахбари лавозимига номуносиб жирканч кимса нима учун ўз фаолингни қайта ва қайта ҳимоя қилиш ўрнига оғзи қон бўриларга ем қилиб беряпсан?
«Ўтюраклар» Клуби ташкил этилгандан буён 50 мингдан зиёд ҳуқуқ ва эркинликлари бузилган фуқаролар, шафқатсиз қийноққа солинган ва содир этмаган ўта оғир жиноятларни зиммасига қўйилган айбсиз – айбдор фуқароларни, камбағал-бечораларни, хиссадорларни, мол-мулкидан айрилган мулк эгаларини, зиёлиларни, хайдовчиларни, ногиронларни, аёлларни, номуси топталган қизларни, колхозчиларни, қишлоқ ва маҳаллалар аҳолисини, милиция ходимларини, вояга етмаган мактаб ўқувчиларини, оилавий зўравонлик қурбонларини, адвокатларни, фермерларни, тадбиркорларни ва бошқа барча мурожаат қилган инсонларни ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиб, уларнинг ҳуқуқий билими ва саводхонлиги ошишига муносиб хисса қўшганлигимдан фаҳрланаман.
Мени қонунга зид равишда хибсга олишиб, узлуксиз равишда жисмоний ва руҳий қийноқ қўллаб, тинимсиз равишда азоблашаетган пайтда яна сенлар – ҳамшаҳарларим уялмай-нетмай яна мени шаънимни булғаб, терговда гувохлик беришибсан.
Бир томондан партия рахбарларининг, яъни сенларнинг бунингдек жирканч харакатларинг тергов хужжатларида акс этиб, мухрлангани яхши. Чунки келажакда бугунги куннинг сиёсий партияларига баҳо бериш учун сенларни бу гувоҳлик кўргазманг муҳим хужжат сифатида фойдаланилади.
Сенларни гувоҳлик кўргазманг юзасидан Оллоҳ насиб этса судда юзма-юз гаплашамиз. Лекин сенларни қуйидаги фикрларингни кенг жамоатчилик билиши керак деб хисоблайман.
Муҳаммаднуъмон Эгамбердиев кўргазмасидан: «… Маҳаллада «Ўтюраклар» Клуби аъзолари ёрдамида фоҳишабозликка карши, жанжалкаш оилаларни тинчитиш ва наркомания билан шуғулланувчи ёшлар билан иш олиб борган ва ижобий натижаларга ҳам эришган.
Мўтабар Тожибоева партия сафидалигида шаҳарда ўзини кўрсатиб яхши ишлаган деб айта оламан. Унинг томонидан 2001 йилда «Ўтюраклар» Клуби огоҳ этади, огоҳ этади, огоҳ этади!» шиори остида «Огоҳ бўлайлик» номли китобчасини ҳам босмадан чиқарган. Бу китобча асосан юртдошларга огоҳ бўлиш маъносида – чақирув усулидаги рисоладир.
Шунга ўхшаш ижобий ишларни М.Тожибоева маҳалла худудида ва шаҳарда амалга оширган, унинг қилган ишлари бошқаларга ибрат қилиб кўрсатилган. Лекин кейинчалик М.Тожибоева берилаётган мақтовлардан ўзини йўқотиб қўйган. У Низомда кўрсатилган вазифаларни бажармасдан, бошқа томонга бурилиб кетган…»
Тухмат бўҳтонга учраб, қамоққа олинган, қийноқларга солинаётган аёлни, ҳамшаҳрини ҳимоя қилиш ўрнига думини хода қилиб панага писган чўнтак партия хисобланмиш – Хода Думлилар Партияси Фарғона вилоят Кенгаши рахбари Муҳаммадали Исақов қуйидагича кўргазма берган: «… М.Тожибоева партия сафидалигида шаҳарда ўзини курсатиб, яхши ишлаган деб айта оламан. Кейинчалик М.Тожибоева Марғилон худудидан вилоят ҳудудига чиқа бошлади.
Лекин унинг қарашлари ўзгариб кетди. У илгариги иш фаолиятини ташлаб, бутунлай ғайридемократик оқимга кириб, бирон-бир нарсадан манфаатдор бўлса, ишни ташлаб ҳам кетадиган бўлди. Чет элликлар билан танишди ва уни ғоявий идеологияси ҳам ўзгарди.
Хукуматни, Республика рахбарларини обрўсини тўкиш учун турли ҳил намойишлар ўтказиш, пикет қилиш ишлари билан шуғулланди. Буларни ҳаммасини чет элликларни топшириғи билан амалга оширган. Уни бир ўзи бундай ишга қодир эмас эди.
Шунингдек Низомда кўрсатилган вазифаларни бажармасдан, Низом ваколатидан четга чиққанлиги учун «Ўтюраклар» Клуби 2002 йил 10 июль куни «ЎзХДП» Марғилон шаҳар Кенгаши ижроия бюросининг қарори билан тўхтатилган ва ўзи ҳам партия сафидан чиқарилди…»
Муҳаммадали Исақов ўз кўргазмаси якунида Ўзбекистондаги сиесий партияларнинг маъмурий органлар қўлида қанчалар даражада қўғирчоқ эканлигини исботлаб берган.
«… “Ўтюраклар” Клуби ХДП қошида ташкил этилганида ва уни фаолияти тўхтатилгандан кейин ҳам жамоат ташкилоти сифатида адлия идораларидан рўйхатдан ўтганини билмайман. М.Тожибоева норасмий жамоат ташкилотини давлат рўйхатидан ўтказмагани учун бизни ташкилот кўп марта даккиларга қолдик. Бунга сабаб «Ўтюраклар» Клуби деса, бизни ташкилотимизни эсга олишади ва барча биздан сўрашади. Мен кўп марта бу масалада савол-жавоб қилишимга тўғри келди.
Мен аниқ айтаман М.Тожибоевани ташкилоти норасмий фаолият кўрсатган ва адлия идораларидан рўйхатдан ўтмаган. Биз уни идорага чақириб, «Сизни орқангиздан биз кўп гап эшитяпмиз, адлия идораларига ариза бериб, рўйхатдан ўтиб олинг» деб огоҳлантирганмиз. Лекин М.Тожибоева мени таклифимга норозилик билдириб, ўзим биламан деб чиқиб кетган. Шундан сўнг мени ва бизни ташкилотни ҳар ҳил гаплар айтиб, интернетда ёмонлаб чиққан.»
Эй манфур кимса, шунчалар ҳам жирканч бўласанми? Суф сенга эркак номи!!!
Бирор бир нарсадан манфаатдор бўлганимни қачон кўрдинг ёки эшитдинг?
Мен юқорида 50 мингдан ортиқ фуқароларни ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилганимни ёздим. Қоғозга тушмаган ҳуқуқий ёрдамларим ҳақида оғиз очганим йўқ.
2004 йил феврал ойида Қурбон хайити арафасида, яъни жума куни Фарғона шаҳридаги бюджет ташкилотлари вакиллари, хусусан ўқитувчилар ва шифокорлар вакиллари якшанба куни Қурбон ҳайитини ўтказиш учун савдо-сотиқ килишлари кераклиги, ойлик маош эса йўқлигидан нолиб оғзаки шикоят қилишди. Уларнинг вакиллари билан Касаба уюшмалари Фарғона вилоят Кенгашига кириб, у ерда Республика Марказий Банки рахбарлари билан телефон орқали гаплашиб, ўша куннинг ўзида 150 миллион сўм ойлик маош учун нақд пулни Фарғонага ажратилишига эришдим.
8–март арафасида ҳам яна 150 миллион сўм нақд пулни бюджет ташкилотлари учун ойлик маошга ажратилишига ўз хиссамни қўшдим. 300 миллион сўмлик ойлик маошларни олган ўқитувчилар ва шифокорлар мен туфайли ўз вақтида олганларини билганлари ҳам йўқ.
Фарғона нефтни қайта ишлаш заводида уюштирганим иш ташлашлар оқибатида 2 миллиард сўмдан ортиқ талон-тарож қилинган хиссадорлар мулклари қайтарилди-ку!
Ёки Ўзбекистон туманидаги «Шўрсув» комбинати хиссадорларининг очлик эълон қилишлари оқибатида паймол этилган ҳуқуқлари тикланганидан кўз юмасанми?
2004 йил апрель ойида Ўзбекистон туманининг Тюль қишлоғидаги колхозчиларга ойлик маош бериб, съёмка қилиб, кейин пулларни йиғиштириб олган, лекин Ўзбекистон телевидениясининг «Ахборот» дастурида ёлғон маълумот берган журналист Муҳаммаджон Обидовни ва вилоят рахбарларини фош қилганимиздан кейин Тюль қишлоғига ичимлик суви (40 миллион сўмлик), электр энергияси келтирилганидан, колхозчиларнинг 3-4 йилдан буён олишмаган ойлик-маошлари кечаси-ю кундузи тарқатилиб, аҳолининг турмуш тарзи яхшиланганидан мен қандай манфаат кўрдим?
Сени ўзинг партиянгни қайси иши билан мақтана оласан? Ҳалқ учун нима қилдинг?
Мен қаерда, қачон, қандай намойиш ўтказдим? Қайси чет элликни топшириғини бажардим?
Мени характеримни яхши биласан, нималарга қодирлигимни ҳам биласан.
Мени қамоқда ўлдириб юборишмаса, қачондир озодликка чиқсам, албатта ўша куни ўзим ва тарафдорларим билан кейинчалик Мухаммад Даминов томонидан менга яширинча қайтариб берилган Хода Думлар Партияси билетини очик ошкора ёқаман.
Мухаммадали Исақов!
Ёшинг мендан улуғ бўлсада, сени сиз дейишга тилим айланмади.
Сенга айтар сўзимни 2002 йил 22 октябр куни вилоят рахбарларига ёзган расмий билдиришимдаги фикрларимни такрорлайман, холос.
… Мен Мўътабар Тожибоева – адолатсизлик, разолат, жаҳолатга қарши курашга чиққан жангчиман. Бу кураш жараёнида балки энг қадрли, менинг учун азиз бўлган инсонларимдан айрилишга тўғри келар, балким давлатимизни ривожланишига, Ўзбекистон Республикасини ҳуқуқий демократик давлатлар сафига қўшилишини истамайдиган амалдорлар – корчалонлар мени жонимга қасд қиларлар, мен бундан асло чўчимайман.
Буюк мутафаккирлардан бири «Буюк ишларни амалга ошириш учун киши ҳеч ўлмайдигандек яшаши керак» деган бўлса», И.Гёте «Кимки курашса гар, эрк деб, ҳаёт деб, Ўшанга лойиқдир, эрк ҳам, ҳаёт ҳам» деган.
Мен ўз эътиқодидан қайтадиган, эътиқодини сотадиганлар тоифасидан эмасман.
Ўз эътиқодимни қадрлайман ва унга содиқман. Ана ўша эътиқодимга содиқлигим боис ҳалқни қийнаётган, жабр–ситам кўрсатаётган баъзи амалдорлар пайтавасига қурт тушиб, мени йўқ қилишга тинимсиз интилмоқдалар…..”
Бундан 3 йил олдин ёзган ўша расмий билдиргимдаги фикрларимда қоламан.
Мен ўз эътиқодимга содиқман ва Хода Думлилар Партияси билан алоқамни узганимдан фахрланаман.
Мўътабар Тожибоева
This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.
Fikr bildirish