Мўътабар бону: «Қувғинда ёзилган тарихий хикоя – Садоқатнинг қадри»
Мўътабар бону – «Қувғинда ёзилган тарихий хикоя – Садоқатнинг қадри»
Заринани тутиб келтирдилар. Унинг нимжон-нозик қўл оёқларига боғланган оғир зил кишанлар озор берарди. Зарина эса кишанлардан тортаётган азоби ҳақида ўйламасди. Ҳатто у бу кишаннинг оғирлигини ҳам хис эта оладиган даражада эмасди.
Уни қийнаётган нарса сарой аҳлининг, шаханшоҳнинг Заринани ҳалқига, ватанига бўлган садоқатига шубҳа билан қараётганлиги, уни ҳиёнатда, хоинликда айблаётганликлари эди.
У яқин ўтмишда ҳаётининг энг бахтли дамларини ўтказган шох саройига занжирбанд этилган ҳолда келтирилди. Сарой аёнлари-мулозимлар қўл қовуштирган ҳолда фитналари меваси бўлмиш фожеали воқеанинг гувоҳи бўлиб турибдилар. Ҳа, улар букун Заринадан буткул ҳалос бўладилар. Шундагина уларнинг ҳалқ орасида қилаётган жиноятларидан шоҳ хабар топмайди ва Заринанинг касрига ҳеч бир мулозим саройдан қувғин қилинмайди.
Зарина занжирбанд ҳолича юраги тўла ғам-ғусса билан шаханшоҳга рўбаро келди. Унинг юрагидан ўтказаётган изтиробларини, дарду-аламларини фақатгина ўзи билади. Занжирбанд ҳолида ҳам мағрурлигини йўқотмай, бошини баланд кўтарган ҳолда келаётган Заринанинг бу холати нафақат шаханшоҳни, балким сарой аҳлини ҳам лол қолдирди.
Шу лаҳзада сафда турган мулозимлардан бири «ур хоинни» деб бақирдида, қўлидаги каттагина тошни Заринага қарата отди. Тош зарб билан келиб Заринага тегди ва унинг чеккаси қонай бошлади. Зарина оқиб тушаётган қонни кўзидан артиб ўша тош отган мулозимга тикилди. Мулозим дарҳол ўзини панага олди. Зарина эса қаҳрли нигоҳи билан мулозимни узоқ таъқиб қилди.
Шаханшоҳ тахтдан тушиб келдида, Заринани ёнида тўхтади.
– Зарина сенга қўйилаётган айбларни тан оласанми? Сен саройга яқинлашиб, давлат сирларини ўзга бир мамлакат айғоқчиларига етказишни, уларнинг давлатимизга бостириб келишлари учун тузган режаларини амалга ошириш учун ёрдам берганинг тўғрими?
– Шаханшоҳим, мен ватанимга ҳам, ҳалқимга ҳам, сизга ҳам ҳиёнат қилганим йўқ.
– Алдама муртад! Шаханшоҳим бу жодугарни ёлғонларига ишонманг.
У чет эл айғоқчилари билан ҳам, бошкалар билан ҳам нафақат оғиз бурун ўпишади, балким улар билан дон олишиб ҳам юради, у фоҳиша, бузуқ. Унга ўлим жазоси беринг. Унинг ёлғонларига учманг. Мени қўлимда Заринанинг хоинлиги, фоҳишалиги ҳақида етарли фактларим, далил исботларим бор. Мана буларни Заринанинг уйидан топдик.
Вазири аъзам шундай дея шаханшоҳнинг қўлига бир даста қоғозни тутди.
Вазирнинг қўлидан олган хужжатларга кўз югиртирар экан, шоҳнинг ранги гоҳ қизарар, гоҳ бўзарарди.
– Бизни ёлғиз қолдиринг!
– Ахир, шоҳим…
– Бизни ёлғиз қолдиринг!!!
Вазирлару, мулозимлар барча-барчаси эгилиб, букилиб таъзим бажо айлаб шоҳ саройини тарк этдилар.
– Зарина сен нечун ҳалқни исёнга бошладинг? Нечун ўз юртингга ҳиёнат қилиб ўзга юртдаги айғоқчилар билан оғиз бурун ўпишиб юрибсан? Мен сенга қачонлардир менга ҳиёнат қилишинг учун ишонганмидим?
– Мен юртимга ҳам, сизга ҳам хиёнат қилганим йўқ.
– Сен саройга келганингдан буён фақат шу гапни такрорлаяпсан. Мана бу далиллар эса сени гапингни тескарисини айтаяпти. Ахир бу хужжатлар сени уйингдан топилган-ку, тўғрими?
– Ҳа, бу хужжатлар менга тегишли, лекин мен хоин эмасман.
– Ҳали «фоҳиша ҳам эмасман» дерсан? Унда мана бу хатга нима дейсан? «Азизим. Мен сенинг парвонанг эдим, сен эса қоронғу зулматдек бўлган ҳаётимни ёритган шамим эдинг. Мен дунёни чароғон қилгувчи қуёшу, ойлардан сени – шамни афзал кўрардим.
Чунки шамнинг шуъласи зулматни ёриб, кесади, қоронғилик оламини забт этади. Сен менинг шамим эдинг, мен эса сени парвонанг эдим. Сенинг нуринг мени ўзига маҳлиё қилиб қўйганди ва ёнингдан кетолмай қолгандим. Парвонанг бўлиб сенинг нурингни ўчириш учун довул бўронлар турса нимжон, нозик қанотлариим билан сенга қарши эсаётган довул, бўронларни йўлига пешвоз чиқардим, уларни хужумини кесишга интилардим.
Лекин… Баъзан сени атрофингда парвона бўлиб, қалб қанотим сенинг нуринг туфайли қўйса, «У билмасдан, мени эркалаб туриб қанотимни куйдириб қўйди. Мени қанотимни куйишини истамаган эди» деб ўзимни ишонтирардим. Ўргамчаклар тўрига илиниб қолган паллаларимда ҳам «У мени ўргамчик тўридан қутқариб қолади» деб ишонардим, лекин сендан дарак бўлавермагач, ўз жонимни ўзим сақлардим.
Шунда ҳам ўзгаларни сени садоқатли эканлигингга ишонтирардим ва бу ёлғонларимга ўзим ҳам ишониб кетганимни ўзим сезмай қолардим. Яна ўзимни ишонтирардимки «У ўзи истаган ҳолатда ҳам мени қутқариш учун ёнимга келолмайди. Чунки унинг қўл оёғи махкамланган, у жойидан қимирлай олмайди» деб. Мана мен сендан умрбодга узоқлашаяпман.
Сен ўз нурингни таратиб, навбатдаги сен учун жон фидо қилгувчи парвоналарга нур таратиб бағрингга чорлаяпсан. Мен эса куйган қанотлариим билан сендан йироқлашаяпман. Энди сени атрофингда чарх ургувчи парвоналар орасида ҳеч қачон, ҳа, билгинки, ҳеч қачон сенинг нуринг тафти туфайли қаноти куйган парвона бўлмайди. Алвидо, азизим».
– Бу хатнинг эгаси ким? Айт, бу хатни кимга атаб ёзгандинг? Бу дастхат сенга тегишли-ку.
– Мени қанчалар номимни булғаб хоин, фоҳиша деб атамасинлар, буларни барчаси тухмат.
– Зарина, сен мана бу ёзган хатинг эгасини севасан-а? Сен у билан пинхона учрашиб айш-ишрат қилиб юрибсан. Сен фоҳишасан.
– Йўқ. Мен фоҳиша эмасман. Мен жондан ортиқ севган ёримга садоқатлиман. Мен унингсиз яшай олмайман. Унинг соғинч билан менга интилишини, меҳр тўла кўзларини қайтиб кўра олмаслик мени азобга солмоқда. Мени фоҳиша деб номимни булғаманг.
– Зарина, ахир мана шу саройда неча бора мен билан ҳамсухбат бўлгансан. Мамлакат тараққиёти йўлида режалаштирган ишларимиз наҳотки ёдингдан кўтарилди? Сен хандон отиб кулган паллангда сарой устунлари қахқаханг зарбидан ларзага келарди. Кўзларинг доимо қувончдан порлаб турарди.
– Кўзимдаги қувонч, лабимдаги кулгулар мени тарк этганига анча бўлди. Шаханшоҳим, сиз ўзингиз ҳам мени бир саволимга жавоб беринг. Сиз ўзингиз нима айбим учун мендан юз ўгирдингиз, айтинг? Нечун фитначиларнинг ёлғонларига ишониб мендан гумонсирадингиз? Наҳотки иккимиз биргаликда ўтказган ўша лаҳзаларни осонликча унутиб юбордингиз? Нечун бизни дўстлик торимиз сиз истаган паллада узилиши керак эди? Мени кўнглим, мени изтиробларим, мени орзу-умидларим билан нечун хисоблашмадингиз? Сиз ўзингиз-ку мени жарлик сари итарган. Энди биз бир биримизга бегонамиз.
– Зарина! Сен менга ҳиёнат қилдинг. Сени қатл этиш учун фармон берурман.
– Шоҳим, мен ўлимга тайёрман.
– Ўлиминг олдидан айт, кўнглингни забт этган кимса ким?
– Мени севар ёрим дунёдаги ягона олийжаноб инсон. Қани энди имконим бўлса эди, ғурурим йўл қўйса эди, унинг ҳар бир соч толасидан тортиб тирноғигача кўзимга суртар эдим. У менинг ҳаётим мазмуни, қалбим қувончи эди.
– Бас, етар ошиғингни таърифлашни бас қил. Сени қалбингни шунчалар забт эта олган ўша маккор ким? Номини айт! Сен уни шунчалар севар экансан, нечун у сени қутқариш учун саройга келмаяпти? Нечун у сени ҳимоянг учун бош кўтармаяпти, айт? Уни саройга чақир, бир бора унинг башарасини кўрай-чи.
– Сиз уни хозир мен сизни кўриб тургандек ҳеч қачон кўрмайсиз. Сиз мени махбубимни суратини ёки аксини кўришингиз мумкин холос.
– Фоҳиша. Бас қил! Сени қатл эттираман.
– Шаханшоҳим. Мен сизнинг хукмингиз ила қатлга тайёрман. Лекин ҳар баҳорда қабрим узра очилажак гулу-лолалар боқий мухаббат ҳақида, менинг махбубимга садоқатим ҳақида достонлар айтадилар. Уларнинг шивир-шивирлари ошиқ кўнгилларни забт этади ва менинг қабрим девонавор ошиқлар учун садоқат, вафо аҳдининг маконига айланади.
– Йўқ, мен бунга йўл қўймайман. Сени ўт оловда ёндиришга фармон бераман. Токи жисми жонинг олов ичра ёниб кулга айлансин. Сенинг юрагингга ўрнашган ўша мухаббатинг ҳам олов ичра ёниб кулга айлансин.
– Шаханшоҳим! Илтифотингиздан бағоят шодман. Ахир мен олов фарзандиман-ку. Агар олов фарзанди бўлмасам, бунингдек оташин мухаббат соҳибаси бўла олармидим? Майли мени танамни оловда ёндиринг. Кулимни эса шамолга сочинг, чунки оловли мухаббатнинг кули ҳам олов сингари тафтли бўлади. Истардимки, ошиқ диллар ана ўша олов тафти ила бир бирлари билан қовушсинлар. Токи менга армон бўлган мухаббат, мен етолмаган висол дамларига бошқалар етишсинлар. Ҳар бир хонадонда ёнган олов менинг садоқатим, оташин мухаббатим ҳақида қасида ўқисин.
-Йўқ, йўқ. Мен сени совуқ денгиз қарига чўктиришга фармон бераман. Токи сени на қабрингдаги гулу-чечак, на ўт-олов эслатмасин.
– Шохим. Фармонингиз қутлуғ бўлсин. Майли мени совуқ сув ўз бағрига олсин. Мен унинг бағрига пешвоз чиқажакман. Мени совуқ сув ўз бағрига олар экан, мен буни севар ёримнинг қайноқ бағри деб хис этаман. Севар ёримни кўзларидаги меҳрга тенгзийман ўша совуқ сувни. Севар ёримнинг қучоғида бахтдан энтикиб, унинг сочларидан силаш учун ҳеч қачон қўлим етмаган. Унинг меҳр тула кўзларига тўйиб тўйиб тикилгим келган, ғурур йўл қўймаган. Мен денгизни севар ёримнинг қучоғи дея қабул қилурман ва умрбод унинг бағрида қолажакман. Сиз мени қидирган паллангизда денгиз қирғоғига боринг. Унинг асов тўлқинлари менинг бебошлигимни эслатса, қирғоқ бўйлаб урилаётган садолар эса менинг шодон кулгуларимни ёдингизга солгай.
– Жаллод! Олиб чиқинг! Бўйнига тош осиб денгиз қарига улоқтиринг уни!
– Алвидо, шоҳим. Охирги сўзимни тингланг. Мен фоҳиша ҳам, хоин ҳам эмасман. Сиз кўришни истаган инсонни эса ҳеч қачон ўзини кўра олмайсиз. Сиз унинг аксини ёким суратини кўра оласиз холос. Мен жону жаҳонимни куйдирган оташин мухаббатим билан бирга кетажакман.
Шоҳ шунчалар жахлга минган эдики, Заринаниинг охирги сўзларини эшитмаслик илинжида қулоқларини беркитди. Лекин Заринанинг, ўзининг Заринасининг жарангдор овозини нафақат эшитди, балким бу товуш жисми жонини тешиб ўтди.
Эртасига эрта тонгда ўзга юртдан элчилар ташриф буюрдилар. Уларнинг айтишича шу юртнинг бир фуқароси элчиларга юртнинг шоҳи одиллиги, ҳалқпарварлиги ҳақида тушунтиргач, бунингдек одил шоҳ бошқараётган мамлакат билан алоқа қилишга қарор қилибдилар.
Элчилар рахбари шаханшоҳга қарата:
– Юртингизда ҳалқига, ватанига садоқатли инсонлар борлигидан қувондик. Биз сиз билан дўстона алоқа ўрнатишимизга ҳисса қўшган фуқароингизга ўзимизнинг совғамизни келтирдик. Зарина қаерда, уни саройга таклиф этинг, илтимос. Бизнинг шоҳимиз Заринага махсус совға юборди.
«ЗАРИНА! Наҳотки Зарина мамлакат учун, ҳалқ учун, мен учун жон куйдирган бўлсаю, мен уни қатл қилдирган булсам? Нечун мен унга ишонмадим? Нега?»
Шоҳ Зарина чўктириб юборилган денгиз бўйига борди. Кўз ёшлари юзини юваётган шох юзини муздек сувда ювмоқчи бўлди ва сувга энгашди. Шу паллада у сувда ўз аксини кўриб кўзи ярқ этиб очилди. Ахир Заринаси «Мен жони жаҳоним билан севган инсонни сиз ҳеч қачон ўзини кўрмайсиз, аксини ёки суратинигина кўра оласиз» дегандику. «Жаҳолат, фитна, тухмат, бўхтонлар кўзимни кўр қилиб қўйган экан. Заринам мени кечир!»
Мўътабар бону.
8 декабрь 2002 йил. Дўрмон қишлоғи
This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.
Fikr bildirish