Намойишчилар амалдорларнинг маҳкамага тортилишини талаб қилиб чиқишди
6 март куни Марғилон туманлараро фуқаролик суди биноси олдида Фаргона вилояти, Охунбобоев туманида истиқомат қилувчи 30 га яқин фуқаро «Ўтюраклар клуби» раҳбари Мўътабар Тожибоева бошчилигида норозилик чиқиши ўтказган.
«Улар 1998 йили қабул қилинган виждон эркинлиги тўғрисидаги қонунга зид равишда фаолият кўрсатаётган вилоят рахбарларидан норози эканликларини билдириб, норозилик чиқишига вилоятдаги амалдорларнинг оддий фуқароларга бўлган муносабатлари сабаб бўлганини маълум қилишди», – дейилади хабарда.
Охунбобоев тумани «Пахтакор» фуқаролар йиғинида яшовчи одамлар туман масжидини 6 йилдан буён давлат рўйхатидан ўтказолмаётганликларини, бунга Фарғона вилоят хокимининг ўринбосари Мирзарасул Ғофуров, Фарғона вилоят адлия бошқармаси, Охунбобоев туман прокуратураси, Охунбобоев туман хокимияти ҳамда «Пахтакор» қишлоқ фуқаролар йиғини раиси Мақсудали Халиловларнинг айбдор эканини айтишган. Улар суд мулозимларидан бу амалдорларни жавобгар сифатида судга мажбурий равишда келтиришни талаб қилишган.
Қишлоқ фуқароларининг жамоатчи химоячиси Султон Қурбонов суднинг бир неча бор сабабсиз қолдирилаётганини, гарчи қонун бўйича суд мулозимлари шикоят аризасини 10 кун ичида кўриб чиқишлари лозим бўлса-да, ишнинг 1 ойдан буён чўзилаётганини гапириб, вилоят рахбарлари учун Ўзбекистон қонунларининг ҳеч қандай аҳамиятга эга эмаслигини таъкидлайди. Норозилик чиқиши қатнашчиси, 67 ёшли Жўравой Маматхалиловнинг фикрича эса, суд ходимлари оддий инсонлар тақдирига ахамият беришмайди.
Хабарда норозилик билдирган фуқароларнинг талабларига суд мулозимларининг берган жавоблари телба-тескари бўлгани билдирилади. Жумладан, Марғилон туманлараро фуқаролик судининг раиси Зокиржон Хотамов жавобгарларнинг махкамага келишмагани суд мулозими Усмон Норматовнинг айби билан содир бўлганини билдирган бўлса, суд котибаси Одина Мадрахимова судьянинг Фарғона вилоят ва Охунбобоев туман хокимиятларини ҳамда туман прокуратурасини жавобгарликдан озод этиш тўғрисида ажрим чиқармоқчи бўлганини ва шу сабабли жавобгарларга чақирув қоғози жўнатмаганини таъкидлаган.
Хабарда маълум қилинишича, пикет иштирокчилари судга ўзларининг намойиш ўтказиш ниятларини маълум қилишганидан сўнг суд раиси Зокир Холматов суд жараёнининг 11 март куни бошланишини ва барча жавобгарларга чақирув қоғози жўнатилишини билдирди. Хозирда ҳуқуқларини талаб қилаётган Охунбобоев туманилик фуқаролар бунинг қандай натижага олиб келишини кутишмоқда.
2004 йил, 8 март
МУСУЛМОН ЎЗБЕКИСТОН
This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.
Fikr bildirish